Мақолалар

Аллоҳ сизларга насиҳат қилур

Чоп этилди Iyun 15, 2019 Аллоҳ сизларга насиҳат қилурda fikr bildirishni o'chirish

Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз,  деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур” (Наҳл сураси, 90-оят).

Насафий раҳимаҳуллоҳ оятдаги “адл” калимасини фарз, эзгу ишлар деб ўгирилган “эҳсон”ни нафл деб тафсир қилган. Фарз ибодатдаги камчиликни нафл ибодатлар тўлдиради.

Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ “адл”ни Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига иқрор бўлиш, “эҳсон”ни инсонларга яхшилик қилиш ва ёмонликларини авф этиш, деб тафсир қилган.

Шаъровий раҳимаҳуллоҳ оятни бундай тафсир қилади: “Эҳсон – Аллоҳ сенга буюрган амалларга қўшимча амалларни бажаришидир. Масалан, Аллоҳ закот беришга буюрган. Закотга қўшимча бошқа ихтиёрий садақотларни қилишимизда ҳеч қандай монелик йўқ. Намоз ва рўза ибодатлари ҳам ҳудди шундай”.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Жаброил (алайҳиссалом)дан эҳсон ҳақида сўраганларида: Эҳсон – Аллоҳ таолони кўриб турганингдек ибодат қилишинг. Агар сен уни кўрмасанг ҳам, у сени кўради” (Имом Бухорий ривояти) деб жавоб берганлар.

Қариндошларга яхшилик қилишда инсоний ҳақ билан бирга қариндошлиқ ҳақи ҳам бўлади. Абу Бакра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Аллоҳ охиратга олиб қўйиши билан бирга дунёда ҳам жазосини тезлатиб берадиган гуноҳ зўравонлик ва қариндошчиликни узишдир”, деганлар» (Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ривоятлари).

Имом Насафий раҳимаҳуллоҳ оятдаги “фаҳш” бузуқчиликни ҳаддан ташқари ёмон гуноҳ, “мункар”ни ақл инкор этадиган гуноҳ ва “бағий”ни зулм ва кибр билан тажовуз қилиш, деб тафсир қилган. Баъзи муфассирлар “фаҳш”ни зино ва “мункар”ни Аллоҳ дўзах билан огоҳлантирган гуноҳ, дейишган.

“(У) сизларга (доимо) насиҳат қилур”. Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг ояти карималари эсли хушли одамлар учун насиҳатдир. Аллоҳ бизга меҳрибонлигидан, амал қилишимиз керак бўлган ишларга чорлаб, сақланишимиз вожиб бўлган амаллардан огоҳ этган.

Ушбу ояти карима Усмон ибн Мазъуннинг мусулмон бўлишига сабаб бўлган. Усмон ибн Мазъун бундай дейди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан уялганимдан Ислом динига кирган эдим. Чунки у зот менга исломни кўп маротаба таклиф қилгандилар. Оят нозил бўлганида мен у зотнинг ҳузурида эдим. Шудан сўнг имон қалбимга маҳкам ўрнашди. Сўнг буни Валид ибн Муғирага ўқиб бердим. У: “Аллоҳга қасам, унда ҳаловат  ва гўзаллик бор. Унинг боши манфаатли ва охири эса баракотлидир. У инсоннинг сўзи эмас”, деди.

 

Манбалар асосида

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Фарҳод ЖЎРАЕВ тайёрлади