Мақолалар

Манман инсон жоҳилдир

Чоп этилди Iyun 15, 2019 Манман инсон жоҳилдирda fikr bildirishni o'chirish

 

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай огоҳлантирадилар: “Агар сизлар бирор гуноҳ қилмайдиган бўлганларингизда, мен сизларга бунданда каттароғидан қўрққан бўлар эдим.  У ужбдир” (Имом Баззор ривояти).

“Ужб” сўзи луғатда “кеккайиш”, “такаббурлик” ва “фахрланиш” маъноларини англатади.

Роғиб Асфаҳоний: “Ужб – инсон ўзини ҳақли бўлмаган даражага ҳақлиман деб ўйлашидир”, деган.

Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): “Ҳалокат иккита нарсада: “Ужб ва Аллоҳнинг раҳматидан умидни узишда”, деди.

Мовардий (раҳмаҳуллоҳ) айтади: “Кибр ва ужб инсондаги фазилатларни тортиб олиб, ёмон иллатларни шакллантиради”.

Инсонда ужбнинг пайдо бўлишига атрофдаги маддоҳларнинг мақтовлари ва олқишлари ҳам сабабдир. Шу боис оқил инсон атрофидаги маддоҳларнинг олқишларига эмас, балки қалби соф дўстларнинг маслаҳатларига қулоқ солиши лозим. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Мўмин мўминнинг кўзгусидир. Агар унда бирор айбни кўрса, тузатади”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Ужб инсонга кўплаб зарарлар келтиради. Унинг оқибати кибрга олиб боришининг ўзи офат эканига кифоя. Зеро, шайтон Аллоҳга кибри сабаб осий бўлгани барчага маълум.

Имом Ғаззолий (раҳматуллоҳу алайҳ) айтади: “Ужб эгаси қилаётган ибодатларини ва амалларини катта санаб фахрланади. Бу иллатга мубтало бўлгани сари амалининг ёмон оқибат топишини унутиб бораверади. Агар вақтида тўхтамаса, қилаётган ҳаракатларини зое қилади. Ўзини айб ва хатолардан холи деб ўйлайди. Натижада бошқалар билан маслаҳатлашиш ёки бирор билмаган нарсасини сўрашни ўзига ор билади. Хато фикрини тўғри деб, қатъий туриб олади. Бундай ҳолат уни ҳалокатга етаклайди”.

Манбалар асосида

Фарход АБДУСОМАД ўғли тайёрлади