Мақолалар

ФАХРИДДИН АЛИ САФИЙ ҒИЖДУВОНИЙ ҲАҚИДА

Чоп этилди Iyun 16, 2019 ФАХРИДДИН АЛИ САФИЙ ҒИЖДУВОНИЙ ҲАҚИДАda fikr bildirishni o'chirish

Улар (Абдулхолиқ Ғиждувоний) Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг (сирлари муқаддас бўлсин) халифаларидан тўртинчиси бўлиб, Хожагонлар табақасининг бошловчиси эди. Туғилган ва вафот этган ерлари Бухоро вилоятининг Ғижду­­вон даҳаси бўлиб, Бухородан олти фарсах (бир фарсах 6–7 чақирим) узоқликда эди. Азиз отала­ри­нинг исмлари Абдулжамил бўлиб, “имом” номи билан машҳур эди. Ўзлари Имоми Молик авлодидан. Ўз даврининг улуғи, зоҳирий ва боти­ний илм­ларнинг олими. Румда сокин эди.

Ҳазрат Хожа Абдулхолиқнинг оталари Рум подшоларининг авлодларидан бўлиб, айтишларича, Хизр (алайҳиссалом) суҳбатдоши эди. Хизр (алайҳиссалом) уларга Абдулхолиқнинг туғилиши ҳақида башорат қилган ва шундай деб исм қўйишни буюрган эди. Айём ҳодисот­ла­ри сабабли Абдулжамил ўз аҳли оиласи билан Мовароуннаҳрга келиб, Ғиждувонда яшаб қолдилар. Ҳазрат Хожа Абдулхолиқ бул ерда туғилиб, Ғиждувонда нашъу намо топдилар. Ёшликларида Бухоро шаҳрига келиб, илм таҳси­ли билан машғул бўлдилар.

Устозлари имом Садриддин деган улуғ зот бўлиб, ўша замон уламоларининг машҳурлари­дан эди. Бир куни машғулотлар орасида устоз­лари ёнида тафсир ўқиб ўтириб:

«Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай» (Аъроф сураси, 55) деган оятга етдилар. Абдулхолиқ устозларидан: «Бу хуфянинг ҳақиқати ва йўли қан­дай бўлади? Агар зокир (зикр айтувчи) баланд овоз билан ўқиса ёки зикр айтаётганида бирор аъзосини қимирлатса, ўзгалар бундан хабар то­падилар. Агар дилида махфий айтса:

«الشيطان يجري من ابن آدم مجرى الدم»

(“Шайтон одам болаларининг ичда қон каби оқиб юради”) ҳадисининг мазмунига мувофиқ шайтон бундан хабар топади. Устоз унга: «Бу илми ладуний (Худо тарафидан бериладиган илм)дир, агар Ҳақ субҳонаҳу ва таоло сени бундан воқиф қилишни хоҳласа, сенинг олдинга аҳлуллоҳ (Аллоҳнинг валийлари)дан бирини юборади ва у сенга таълим беради», деди.

Ҳазрат Хожа Абдулхолиқ то Хизр (алайҳисса­лом) билан учрашмагунларича интизорликда юрдилар ва учрашган пайтларида Хизр (алай­ҳиссалом) уларга вуқуфи ададий (зикрни тоқ айтиш)ни ўргатдилар.

«Фасл ул-хитоб» деган китобда зикр этили­ши­ча, Ҳазрат Хожа Абдулхолиқнинг йўллари тари­қат­да ҳужжат ҳисобланади. Улар барча фирқага мақ­бул эдилар ва доимо сидқу сафо йўлида, Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шариати ва суннатига бидъат ва кибру ҳаво йўл топмасли­гига саъю ҳаракатда бўлдилар ва ўз покиза йўлла­рини ғайрларнинг кўзидан ҳамиша пинҳон тут­дилар. Уларга “дил зикри” (қалбан хуфя зикр айтиш)ни Хизр (алайҳиссалом) таълим бергандилар ва улар мазкур сабоққа доимо машғуллик кўргуз­дилар. Ҳазрат Хизр (алай­ҳис­салом) уларни фарзанд­ликка қабул этиб, уларга: «Ҳовузга туш ва кўнгилда: “Ла илаҳа иллал­лоҳу Муҳаммадур расуллуллоҳ” дегин», дедилар. Хожа шундай қилдилар, бу ишга машғул бўлиб, бундан кўп фойдалар топдилар. Ва уларнинг бу йўл­лари аввалдан то охиригача барча хало­йиқ наздида мақбул ва маъқул бўлди.

Шундан сўнг Хожа Юсуф Ҳамадоний Бу­хо­рога келиб қолдилар. Хожа Абдулхолиқ улар­нинг суҳбатини топдилар ва Хожа Юсуф Ҳамадо­ний унда «зикри дил» борлигини билдилар. Хо­жа Юсуф Бухорода қанча муддат турсалар, Хожа Абдулхолиқ уларнинг суҳбатларида шунча вақт турдилар. Хожа Юсуф ва уларнинг шайхлари­нинг йўли «зикри алония» (зикрни овоз чиқариб айтиш) усули бўйича эди. Хожа Абдулхолиқ эса Хизр (алайҳиссалом)дан «зикри хуфя»ни сабоқ олиб, шунга машғул эканини Хожа Юсуф билсалар ҳам, бироқ бу йўлни ўзгартиришни бу­юр­мадилар ва: «Сиз улар томонидан шу йўлга буюрилибсиз, шу йўлни давом эттираверинг»,
дедилар.

Ҳазрат Хожа Абдулхолиқ ўзларининг баъзи китобларида қуйидагиларни ёзибдилар: «Йигирма икки ёшимда уйғоқ қалблиларнинг хожаси – Хожа Хизр (алайҳиссалом) мени шай­хи раббоний – Юсуфи Ҳамадоний қўлига топ­шир­ди­лар ва мени тарбият қилишга васият этди­лар, улар Мовароуннаҳрда эканлар, мен улар­нинг хиз­матларида бўлдим ва кўп фойдалар олдим”.

Хожа Юсуф Хуросонга кетганларидан сўнг
Хожа Абдулхолиқ риёзатга машғул бўлдилар. Ҳол (руҳий қувват)ларини доимо пинҳон тутар эди. Валоят (валийлик қуввати) шу даражага етдики, бир намознинг вақтида Каъбага бориб келиш қувватига эга бўлдилар. Шом вилоятида уларга кўп муридлар пайдо бўлди. Хонақоҳ пайдо бўлди ва неча муддатлар иршод (халқни тўғри йўлга йўллаш) мақомида ўтирдилар ва содиқ талаб­горларни Ҳақ йўлига даъват этдилар.

Тариқат одобида уларнинг бир насиҳатнома­лари бўлиб, бу насиҳатномани маънавий фарзандлари Хожа Авлиёи Кабир (қаддасаллоҳу сир­раҳум) учун ёзган эди. Бу насиҳатнома ажо­йиб фойдалар ва ғаройиб манфаатларни ўз ичи­га олган бўлиб, тариқат йўлидаги барча киши­лар­га унга амал қилмасдан илож йўқ.

Хожагонлар тариқати биносининг асоси ҳи­собланган қуйидаги саккиз сўз ҳам Хожа Абдул­холиқнинг калимоти қудсия (покиза, муқад­дас сўзлари)дан ҳисобланади: “Ҳуш дар дам”, “Назар бар қадам”, “Сафар дар ватан”, “Хилват дар анжуман”, “Ёдкард”, “Бозгашт”, “Ни­гоҳ­дошт”, “Ёддошт”. Булардан ўзга нар­салар­нинг барчаси пиндошт, яъни манманлик ва ғурур ҳисобланади…

Махфий қолмасинким, бошқа учта калима ҳам бўлиб, бу калималар мазкур тоифанинг ис­тилоҳларидан ҳисобланади. Улар: “Вуқуфи ададий”, “Вуқуфи замоний” ва “Вуқуфи қалбий”­дир, демак бу калималарнинг ҳаммаси ўн бит­тадир.

Ҳазрат Хожа Абдулхолиқ Хожагонлар ша­жарасининг сарҳалқа (бошловчи)си бўлганла­ри учун юқоридаги истилоҳий калималарни бу ер­да тушунтириб кетиш зарурийдир, чунки бу азизларнинг тариқати (йўллари)ни билиш шу ис­тилоҳларни тушунишга боғлиқдир. Улар қуйидаги рашҳаларда қисқа ё тўлиқ ҳолда уз баёнини топғусидир[2].

БИРИНЧИ РАШҲА. «Ҳуш дар дам»нинг маъноси шуки, ичкаридан чиқаётган ҳар бир нафас огоҳлик ва ҳузур юзасидан бўлиши, ғафлат унга ҳеч йўл топмаслиги керак ҳамда огоҳликка сарф этмоқ лозим. Кимки нафасни асрамаса, у нафасни йўқотди дейдилар, яъни бу йўл ва усул­ни йўқотибди, демакдир.

ИККИНЧИ РАШҲА. «Назар бар қадам» шуки, назари доим оёқ панжаларининг устида бўл­син, токи унинг назари сочилмасин ва кераксиз жой­га тушмасин.

УЧИНЧИ РАШҲА. «Сафар дар ватан»нинг маъноси шуки, солик (тариқаг йўлида юрувчи) одамийликнинг табиатида сафар қилади, яъни одамийлик сифатидан фаришта сифатига ўта­ди, ёмонлик сифатидан яхшилик сифати томон кў­чади.

ТЎРТИНЧИ РАШҲА. «Хилват дар анжуман» ҳақида. Ҳазрат Хожа Баҳоуддиндан (қаддасал­лоҳу сирраҳу) сўрадилар: «Сизнинг тариқат йў­лингизнинг асоси нима?» Жавоб берди: «Хилват дар анжуман, яъни ташқи томондан халқ би­лан, ички томондан Ҳақ билан бўлиш».

Хожа Авлиёйи Кабир айтадиларки, зикр (қад­дасаллоҳу сирраҳ)да машғуллик шу даражага етиб борадики, юракдаги зикр ғалабасидан бо­зорга кирса, ҳеч қандай сўз ва овозни эшит­майди.

БЕШИНЧИ РАШҲА. «Ёдкард», бу зикри лисо­ний (тил зикри) ёки зикри қалбий (дил зикри)дир.

Мавлоно Саъдуддин Кошғарий (қаддасалло­ҳу сирраҳу) айтадиларки, зикрни таълим бериш­нинг йўли шуки, шайх аввал дили билан: «Ла ила­ҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ», дей­ди. Мурид эса диққатини жамлаб, кўнглини шайх­нинг кўнгли рўпарасида тутади, кўзини очиб, оғ­зини маҳкам юмади, нафас олмай, эҳтиром ва кучли ички қувват билан юқоридаги зикрни айта бошлайди. Бу зикрни тили билан эмас, балки кўнг­лида айтади. Ҳибси нафас (нафас ол­мас­лик)­да чидасин ва бир нафасда уч марта айт­син, токи зикр ҳаловати кўнглига етсин…

ОЛТИНЧИ РАШҲА. «Бозгашт» шундайки, зикр айтувчи тили ёки дилида калимаи таййиба (Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ)ни айтгандан сўнг: «Худовандо, менинг мақсудим сенсан», сўзини такрорлайди. “Бозгашт” кали­маси муридларни чалғитувчи турли фикрлардан ха­лос этиб, холис зикр қилишга ёрдам беради.

ЕТТИНЧИ РАШҲА. «Нигоҳдошт» – ҳар хил фикр­лардан халос бўлиш, ташқи оламдан аж­­ра­лишга интилиш бўлиб, калимаи таййибани бир на­фасда неча марта айтса ҳам, шу фурсат ичида диқ­қатни бир жойга жамлаш керак.

САККИЗИНЧИ РАШҲА. “Ёддошт”дан мақсад Ҳақ субҳонаҳу ва таолони доимо завқу шавқ билан ёдда тутиб, огоҳ бўлишдир. Баъзилар уни «ғойиб бўлмайдиган ҳузур» деган ибора билан ҳам айтади. Баъзи ҳақиқат аҳлининг назарида у шундай бир мушоҳададурки, Ҳақ субҳонаҳу ва
таоло муҳаббати кўнгилни бутунлай ўзига қам­раб олади, бу эса ёддоштнинг ҳосил бўлишидан даракдир.

ТЎҚҚИЗИНЧИ РАШҲА – вуқуфи замоний. Хожа Баҳоуддин (қаддасаллоҳу сирраҳу) буюради­лар: «Мурид босиб ўтувчи йўл бўлган вуқуфи замо­ний (замондан воқиф бўлиш) шундайки, банда дои­мо ўз ҳолидан воқиф бўлиши, ҳар бир лаҳза­да унинг сифати ва ҳоли қандай: шукрга лойиқми ёки узргами, бундан огоҳ бўлиши зарур».

ЎНИНЧИ РАШҲА – вуқуфи ададий. Бу зикр­да адад (саноқ)га риоя қилишдан иборатдир. Ҳазрат Хожаи Бузрук – Хожа Баҳоуддин (сирлари муқаддас бўлсин) буюрган эдилар: «Қалб зик­рида ададга риоя қилиш паришон бўлган хаёл­лар­ни қувиб, диққатни бир ерга жамлашдир».

ЎН БИРИНЧИ РАШҲА – вуқуфи қалбий. Бу икки маънони ўз ичига олади. Бири шуки, зикр айтувчининг дили Ҳақ субҳонаҳу ва таолодан дои­мо огоҳ бўлади. Ҳазрат Эшон (Хожа Убайдул­лоҳ Аҳрор) ўзининг баъзи қудсий калималарида айтишича, вуқуфи қалбий дилнинг жаноби Ҳақ субҳонаҳу ва таолодан огоҳ бўлиши ва ҳозир ту­ришидан иборатдир. Шу даражага етиши керак­ки, Ҳақ субҳонаҳу ва таолодан ўзга ҳеч нар­са
дилда бўлмаслиги керак. Бундай огоҳликни шу­ҳуд, вусул, вужуд ва вуқуфи қалбий дейдилар.

Иккинчи маъноси шуки, зикр айтувчи ўз ди­лидан воқиф бўлиши керак. Яъни зикр пайтда мажозан дил деб аталувчи санобар барги шакли­даги бир парча гўштга бутун диққатини қаратиши лозим. Бу парча гўшт чап кўкракда жойлашган бў­либ, уни зикр айтишга мажбур ва машғул қилмоқ керак. Уни зикр ва фикрдан ғофил бўлишига йўл қўймаслик зарур.

[2] Рашҳалар қисқартирилиб берилмоқда.