Мақолалар

Сўраган эдингиз…

Чоп этилди Iyun 16, 2019 Сўраган эдингиз…da fikr bildirishni o'chirish

CАВОЛ: Мен Россиянинг ўрмонларида дарахт кесаман. Овқатни руслар мол гўштидан тайёрлашади. Ана шу таом менга ҳалолми? Шу масалада аниқлик киритиб беришингизни сўрайман?

ЖАВОБ: Сиз ишлайдиган жойда асосан насронийлар яшайди. Уларни динимизда аҳли китоблар, дейилади. Уламоларимиз аҳли китоблар сўйган жонлиқни ейиш жоизлигига иттифоқ қилишган. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти далил бўлади:

الْيَوْمَ أُحِلَّ لَكُمُ الطَّيِّبَاتُ وَطَعَامُ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ حِلٌّ لَكُمْ وَطَعَامُكُمْ حِلٌّ لَهُمْ

яъни: “Бугун сизлар учун покиза нарсалар ҳалол қилинди. Шунингдек, Аҳли Китобларнинг таоми сизлар учун ҳалол ва таомингиз улар учун ҳалолдир” (Моида сураси, 5-оят).

Ибн Аббос, Абу Умома, Мужоҳид ва бошқа эътиборли олимлар разияллоҳу анҳум: “Уларнинг таомлари сўйган жонлиқларидир”, деганлар (“Тафсири ибн Касир”).

Аҳли китоблар сўйган ҳайвонлар, авваламбор мусулмонларга ҳалол бўлган сигир, қўй ва товуқ каби жониворлар бўлиши керак. Кейин эса, жонлиқ сўйиш борасидаги ўз динлари кўрсатмасига амал қилган бўлишлари, жонлиқни бўғизлаётганда Яратувчининг номини тилга олишлари лозим. Сўйилаётган ҳайвон бўғиб, ё уриб ўлдирилса, уларнинг гўшти ҳалол бўлмайди. Ҳайвоннинг шоҳтомирини кесиш ва қонини оқизиш йўли билан сўйилса, ҳалол бўлади.

Агар насроний жонлиқ сўяётган пайтда “Бисмиллаҳи” деса-ю, Ийсо алайҳиссаломни қасд қилса ҳам, гўшт ҳалол бўлади, чунки бундай ҳолатда зоҳирига қараб ҳукм қилинади.

Демак, аҳли китоблар юқоридаги қоидаларга кўра сўйган ҳайвоннинг гўштидан таом тайёрланаётган бўлса, ундан ейишингиз жоиз.

CАВОЛ: Қуръони каримни Мадина босмасида кўрсатилган қоидаларига қараб ўқийман. Ундан бошқа қироат қоидаларини билмайман. Шундай ўқишда давом этаверсам бўладими?

ЖАВОБ: Тажвид илмини ўрганиш фарзи айндир. Аллоҳ таоло бундай буюради:

﴿وَرَتِّلِ الْقُرْآنَ تَرْتِيلًا﴾

Яъни, “…Қуръонни “тартил” билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг” (Муззаммил сураси, 4-оят).

Тажвид – Қуръони каримни Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилганидек ҳар бир ҳарфини махраж ва сифатларига ҳамда ғунна, мад ва бошқа қоидаларга мувофиқ тарзда тиловат қилишдир.

Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта Аллоҳ, бу Қуръонни нозил бўлганидек ўқилишини хуш кўради”, деганлар (Имом Ибн Хузайма ривоят қилган).

Тажвидни билмаган киши бирор ҳарф ёки ҳаракатни бошқасига алмаштириб ўқиб, сўз ва оят маъноларини ўзгартириб юбориши мумкин. Бу катта хато ҳисобланади. Ушбу хато намозда бўлса ва маъно бузиладиган даражада бўлса, намоз ҳам бузилади. Шунинг учун ҳар бир мусулмон киши тажвид илмини ўрганишга ҳаракат қилиш керак.

Ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги барча олий ва ўрта махсус таълим муассасалари қошида Қуръон карим ва тажвидни ўргутувчи ўқув курслари фаолият олиб бормоқда. Қолаверса, тажвид илмини мустақил ўрганувчилар учун махсус қўлланмалар ва уларнинг аудио дарсликлари нашр этилган бўлиб, шулар асосида Қуръон ўқиш қоидаларини ўрганишингиз мақсадга мувофиқ.

CАВОЛ: Мен дорихонада ишлайман. Дори олиш учун келадиган кўпчилик мижозлар “Мана бу дори яхши тузатадими”, “Яхши тузатадиган доридан беринг” деган гапларни ишлатишади. Бу ширк  бўлиб қолмайдими?

ЖАВОБ: “Бу дори мени тузатади” дейиш ширк ҳисобланмайди. Бунда ўша дори касалликни тузатишда восита бўлиши назарда тутилади. Аслида, беморларга ёлғиз Аллоҳ таоло шифо беришини ҳамма билади. Бу каби ҳолат Қуръони каримда ҳам келган:

قُلْ يَتَوَفَّاكُمْ مَلَكُ الْمَوْتِ الَّذِي وُكِّلَ بِكُمْ ثُمَّ إِلَى رَبِّكُمْ تُرْجَعُونَ

“Айтинг: «Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонларингизни олур, сўнгра Раббингиз ҳузурига қайтарилурсиз”, деган (Сажда сураси, 11-оят).

Ваҳоланки, аслида ўлдириш ҳам, тирилтириш ҳам ёлиз Аллоҳ таолонинг феъли ҳисобланади. Ўлим фариштаси эса ҳудди дардни тузалишида дори восита бўлгани каби бир воситачи холос.

CАВОЛ: Нима учун Аллох таоло Қуръони каримдаги баъзи сураларида “Биз” деб мурожаат қилади? Шуни тушунтириб берсангиз.

ЖАВОБ:  Қуръони карим араб тилида нозил бўлган. Унда Аллоҳ таоло “мен”, деб айтган ўринлар ҳам, “биз” деб айтган ўринлар ҳам мавжуд. Масалан:

إِنَّنِي أَنَا اللَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنَا فَاعْبُدْنِي وَأَقِمِ الصَّلَاةَ لِذِكْرِي

“Дарҳақиқат, Мен – Аллоҳдирман! Мендан ўзга илоҳ йўқ! Бас, Менгагина ибодат қил ва Мени эслаганингда намозни адо эт!” (Тоҳа сураси, 14-оят).

إِنَّا نَحْنُ نُحْيِي وَنُمِيتُ وَإِلَيْنَا الْمَصِيرُ

“Албатта, Биз (барча жонзотни) тирилтирурмиз ва ўлдирурмиз. Қайтиш эса Бизнинг ҳузуримизгадир” (Қоф сураси, 43-оят).

Араб тилидан яхши хабардор киши биладики, агар бирор шахс ўзининг шаъни ва мартабаси улуғлигини ифодаламоқчи бўлса олмошни бирлик шаклида эмас, кўплик шаклида келтиради. Яъни, “мен” эмас, “биз”, деб гапиради. Аллоҳ таоло энг олий, энг юксак сифатлар эгаси бўлган Буюк Зотдир. Аллоҳ истаса, “Мен”, дейди, “истаса, “Биз”, дейди. Бироқ, Аллоҳнинг “Биз” дейиши У Зотнинг ваҳдониятига зид эмас. Яъни, шериги борлигини билдирмайди. Зеро, Аллоҳ таоло Ўз зотида, исмларида, сифатларида Яккаю Ягона Илоҳдир.

Манбалар асосида

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими

Абулатиф ТУРСУНОВ тайёрлади