Мақолалар

Шайхул ислом Муҳаммад Тақий Усмоний

Чоп этилди Iyun 16, 2019 Шайхул ислом Муҳаммад Тақий Усмонийda fikr bildirishni o'chirish

Замонамизнинг машҳур олими Шайхул ислом Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ 1943 йил Ҳиндистоннинг Саҳорнафур вилоятидаги Девбанд қишлоғида дунёга келди.

У илк диний таълимни отаси Муҳаммад Шафий Карачида қурдирган “Дорул улум” мадрасасида олади. Бу ерда тафсир, ҳадис, илми калом, фиқҳ, фароиз каби илмларни ҳамда араб тили ва адабиётини пухта ўрганди.

Муҳаммад Тақий Усмонийнинг юксак илм чўққиларини эгаллашида отаси Муҳаммад Шафийнинг улкан ҳиссаси бор. У араб, урду, форс тилларида кўплаб шеърлар битган шоир ҳам эди.

Муҳаммад Тақий Усмоний 1964–1970 йиллар мобайнида Карачи университетида таҳсил олиб, адабиёт, 1967 ҳуқуқ ва араб адабиёти соҳаси бўйича олий маълумотга эга бўлди. Муҳаммад Тақий Усмонийнинг замонавий университетларда таълим олишдан мақсад фақатгина дипломга эга бўлиш эмасди. У муҳим масалаларни янада аниқ бир шаклда еча билишга қодир бўлган теран маълумот соҳиби бўлиш истагида эди. У иқтисод, ҳуқуқ ва сиёсат каби соҳаларда кенг қамровли ишларни амалга оширди.

Муҳаммад Тақий Усмоний 2017 йилда “Дунёнинг энг таниқли 500 мусулмони” рўйхатида муносиб ўрин эгаллади.

Яқинда Шайхул ислом Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ бошчилигидаги меҳмонлар юртимизга ташриф буюрди. Дастлаб Бухорои шарифдаги машҳур имом Шамсул Аъимма Ҳалвоний  ҳазратлари қабрларини зиёрат қилишди. Сўнг Самарқандга йўл олишди. Ҳадис илмининг султони “Имом Бухорий” ёдгорлик мажмуаси, унга ёндош ҳадис илми мактабини бориб кўрдилар, Имом Мотуридий зиёратгоҳи, Хўжа Аҳрор Валий мажмуаси, Улуғбек расадхонасида ҳам бўлишди. Шунингдек, меҳмонлар Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига ҳам сафар уюштириб, муборак қадамжоларни зиёрат этдилар.

Машҳур аллома Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари қабулида бўлди. Олим бошчилигидаги меҳмонларга юртимизда диний соҳада амалга оширилаётган эзгу ислоҳотлар ҳақида маълумотлар берилди.

Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари юртимизга қилган сафаридан беҳад бахтиёр эканини изҳор этиб: “Мен йигирма етти йил аввал бу заминга келган эдим. Яна бир бор кўриш орзуим бор эди. Ўшанда фақат Самарқандни зиёрат қилишга имкон бўлган. Бу сафар Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкентдаги табаррук жойларни зиёрат қилишга Ҳақ таоло муваффақ қилди. Аввалги ва ҳозирги сафарим орасида жуда катта фарқ бор. Ўтган вақт давомида Ўзбекистон моддий ва маънавий жиҳатдан юксалган. Бунда Юртбоши ва дин уламоларининг хизмати беқиёс.  Бу ерлик аҳолининг имон-эътиқоди тарихнинг оғир синовларида тобланган. Шу боис маҳаллий мўмин-мусулмонлар ўзининг муборак динларини яхши сақлаб қолган. Бу, аввало, Аллоҳнинг фазли билан уламолар заҳмати натижасидир. Ўтган 27 йил ичида юртингизда дин илмлари ривожланибди, ҳар бир гўшада замонавий масжид-мадрасалар фаолият юритаётгани ва ёшларнинг илм олишга бўлган муҳаббати ошганига гувоҳ бўлдим. Шундан хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистон келгусида яна илм марказига айланади, иншоаллоҳ”, деди.

Муслим БОЙМИРОВ

Тошкент ислом институти ўқитувчиси