Мақолалар

ЎНГ ТОМОН ФАЗИЛАТИ ҲАҚИДА

Чоп этилди Iyun 17, 2019 ЎНГ ТОМОН ФАЗИЛАТИ ҲАҚИДАda fikr bildirishni o'chirish

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривояти: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Сизлардан ким оёқ кийим кийса, ўнг томондан бошласин. Ким оёқ ки­йи­мини ечса чап томондан бошласин. Ўнг  томон биринчи кийилиб, охири ечиладиган бўлсин”».

Ўнг томон Аллоҳнинг суйгани ва нарсалар ичида ихтиёр етганидир. Жаннат аҳли қиёмат куни Аршнинг ўнг томонида бўладилар ва уларнинг китоблари ҳам ўнг томонларидан берилади. Тарозидаги яхшиликлар палласи, яхшиликларни ёзувчи фаришталар ҳам ўнг томонда бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ ихтиёр этгани учун ҳар бир ишни ўнгдан бошлар эдилар. У зот сув ичсалар аввал ўнг томонда турганларга узатар эдилар. Бир куни у зот сув ичдилар ва Абу Бакр чап томонларида, бир аъробий қул эса ўнг томонларида эди. Сувни ичиб бўлгач, аъробийга: «Аввал қарияларга узатишимга рухсат этасанми?» дедилар. Аъробий: «Сизнинг бундай марҳаматингизни ўзимдан бошқа ҳеч кимга афзал кўра олмайман», деди. Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) сувни аъробийга узатдилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) масжидга кирсалар ўнг оёқлари билан кирар, масжиддан чиқсалар ёки оёқ кийимларини ечсалар чап томондан бош­лардилар. Токи масжиддан охири бўлиб ўнг оёқлари чиқиши учун. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таолонинг тадбирини ҳар бир ишда, ҳатто уловдан тушганларида, оёқ кийим кийганларида ва соч олдириб, тирноқ олганларида ҳам қўллар эдилар. Анас (розияллоҳу анҳу) дедилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шайтонга тош отиб, қурбонликла­рини сўйиб бўлганларидан кейин сартарошга бошларини тутиб: “Ўнг тарафидан бошлаб олавер”, дедилар. Кейин олинган соч­ни Абу Талҳага бердилар. Сўнг чап қисмини олдирдилар ва уни ҳам Абу Талҳага бериб: “Саҳобийларга тарқатиб юбор”, дедилар».

Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) ривоят қиладилар:

«Ра­сулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Сизлардан ким таом тановул қилса, ўнг қўли би­лан есин. Ким ичимлик ичса, ўнг қўли билан ичсин”».

Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар. Расу­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом)ни яратди ва ўнг қўли билан унинг белини (пушти камарини) силаб, ундан зурриётлар чиқарди. Сўнг деди: “Буларни жаннат учун яратдим. Улар жаннат аҳли амалларини қиладилар”. Кейин чап қўли билан Одамнинг белини силаб, ундан зурриётлар чиқарди. Сўнг деди: “Буларни дў­зах учун яратдим. Улар дўзах аҳли амалларини қи­ладилар”».

Хабарда келишича: «Қиёмат кунида жаннат Аршнинг ўнг томонида, дўзах эса чап томонида бўлади. Тарози келтирилиб, Аллоҳнинг ҳузурига қўйилади. Яхшиликлар палласи Аршнинг ўнг томони, жаннат рўпарасида, ёмонликлар палласи Аршнинг чап томони, дўзах рўпарасида бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Ўнг томон эгалари – ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир!” (Воқеа, 27). “Чап томон эгалари – чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахтсизлик)дир! (Воқеа, 41)».

Жаъфар ибн Касир Али (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилди: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фарз намозини ўқиганларидан кейин чап томонга сурилиб хоҳлаганча нафл намоз ўқир эдилар. Саҳобийларга ҳам (фарз намозидан кейин) ўнг томонга эмас, чап тарафга юришни буюрар эдилар».

Зубоа бинти Миқдод отасидан ривоят қилади:

«Ра­сулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) устун, чўп ёки шунга ўхшаш нарсага қараб намоз ўқисалар, уларнинг рўпа­расида турмасдан, чап томонларида қол­дирар эдилар».

Араб тилида “ўнг томон” сўзи “йамийн” бўлиб, у ўзида “имон”, “омонлик” маъноларини ҳам мужассам этган.

Маълум бўладики, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фарз намозини адо этган ўринда нафл намо­зини чап томонга бориб ўқир эдилар. Бу билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фарз намозидан ҳеч нарсани устун қўймас эдилар. Абу Солиҳ Ҳанафий ривоят қиладилар: Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) намозда икки томонга салом берганларида, бири иккинчисидан пастроқ бўларди. Абу Солиҳдан: “Қайси бири пастроқ бўларди?” деб сўрашганда у: “Чап томонга берилган салом”, деб жавоб берди. Бунинг сабаби ўнг елкадаги яхшиликларни ёзиб борувчи фариштанинг ҳақини адо этиш ва ўнг томоннинг чап томондан
афзаллигини билдириш эди.

Кимки кийим кийса ёки масжидга кирса ўнг то­мондан бошлаш унинг зиммасига ҳақ бўлади. Чунки бу хайр­ли амалдир. Ҳар доим яхшиликни бошлаш ара­фасида бўлсин ёки яхшиликни тарк этишда бўлсин, чап­га нисбатан ўнгни афзаллиги намоён бўлади. Кимки масжидга кирса, у хайр ва раҳматга ғарқ бўлади, шу раҳматга ўнг қадамини аввал қўяди. Агар масжиддан чиқса, раҳматда кўпроқ қолиши учун ўнгни кечиктириб, аввал чап қадамини ташқарига қўяди. Демак, агар оёқ кийим кийса, уни оёққа нисбатан қўллаб, ўнгни аввал кияди. Агар оёқ кийимни ечса, чап томондан бош­лайди. Вақт оз бўлса ҳам, бу нарсаларга эътибор бериш лозим. Ойша (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таҳорат олишда, кийим кийишда, уловдан тушишда ва оёқ кийим кийишда иложи борича ўнг томондан бошлашга ҳаракат қилар эдилар».

 

 

 

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг

“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Наўриётдан харид нархи 30000 сўм