Мақолалар

Ибратли умр

Чоп этилди Iyun 18, 2019 Ибратли умрda fikr bildirishni o'chirish

Хотира

Иродали инсон деганда кўз ўнгимизда сўзи билан иши бир ҳар қандай қийинчиликлардан қўрқмайдиган ор-номусли киши гавдаланади. Марҳум устоз Ғуломқодир домла ана шундай инсон эди.

Ғуломқодир домла Мирзаёқубов 1942 йили Фарғона вилояти, Бувайда туманида дунёга келган. Ўрта мактабни тамомлагач, Наманган вилояти Чуст тумани Найман совхозининг қурилиш бўлимида қурувчи бўлиб ишлади. 1966 йилда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасига ўқишга кирди. Мадрасасини аъло баҳоларга тамомлаб, таълимни Тошкент ислом институтида давом эттирди. 1981–1982 йиллари Дамашқ университетида  малака оширди.

Ғуломқодир домла Ўзбекистон мусулмонлари идорасида бир қанча масъул вазифаларда хизмат қилди. Турли йиллар мобайнида диний назоратнинг “Совет Шарқи мусулмонлари” журнали муҳаррири, Тошкент шаҳридаги  “Шайх Зайниддин” ва  “Имом Бухорий” жоме масжидлари имом-хатиби ҳамда Тошкент ислом институти мудири лавозимида фаолият олиб борди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур бундай ҳикоя қилади:

– «Марҳум Ғуломқодир ҳожи домла билан 1974 йили Қўқонда танишдим. Бир йилдан сўнг Тошкентга олий маъҳадга ўқишга келдим. Ҳеч кимни танимасдим. Шунда домланинг олдига бордим. Мени кўриб жуда хурсанд бўлди, йўл-йўриқ кўрсатди. Ўқишга кирганимдан кейин тураржой муаммоси кўндаланг бўлди. Ўша вақтларда мадраса атрофидан жой топиш мушкул эди. Яна ҳожи домла ёрдам қилди.

Мустабид тузум даври, динга тазъйиқ кучайган пайтлари эди. Масжид қуриш у ёқда турсин, ҳатто таъмирлаш ишларига ҳам рухсатни Москвадан олиш талаб этиларди. Раҳматли устозимиз Зиёвуддин қори ака: “Тилла шайх масжидимиз намозхонлар учун торлик қилмоқда. Қани энди янги бино қуришнинг иложи бўлса”, деб бот-бот гапирди. Чамаси 1978–1979 йиллар ўртасида, Ғуломқодир домла диний идорада масъул котиб, Тилла шайх масжидида имом (ёки мутавалли, аниқ эсимда йўқ) бўлиб ишларди. Бир куни у: “Қори ака, рухсат беринг. Масжидни олд тарафини таъмирлаб қўяман”, деб Зиёвуддин қори акадан изн сўраб, иш бошлади. Қурилиш ишларига ўзи бош-қош бўлди. Қисқа муддат ичида масжид биносига туташган янги ҳонақоҳ қуриб битказилди. Ўшанда бу кишидаги шижоат ва жасурликни кўриб тасанно айтганмиз.

Тошкент шаҳар Олмазор тумани бош имом-хатиби Садриддин домла Абдурашидов бундай эслайди: «Ғуломқодир домла менга нафақат устоз, балки ота ўрнида эди. Таълим олиш учун Тошкентга келганимда Аллоҳнинг марҳамати билан шу инсонга шогирд бўлдим. Мустақилликнинг илк йилларида “Имом Бухорий” жоме масжиди шу инсоннинг ташаббуси ва режаси асосида қурилди. Масжид қурилишида устоз қурувчилар билан тенгма-тенг ишлади. Одамлар у кишидаги ғайрат ва шижоатни кўриб, “Бульдозер домла” дейишарди. Менга жуда кўп насиҳат қиларди: “Садриддин, камтар бўл болам, камтар бўл, камтар бўл! Манман бўлма! Хор бўласан!” дерди. Шу инсоннинг насиҳатига қулоқ осиб кам бўлмадим».

Устоз барчани тенг кўрарди. Кексани ҳурмат, кичикни иззат қиларди. Баъзи бир одамларга ўхшаб, кишиларни амали, бойлиги ёки улардан келадиган манфаатга қараб муомалада бўлмасди. Ҳаммага бирдек чиройли, ҳуснихулқ ила муносабат қиларди. Шунингдек, изланиш, китоб мутолаа қилишдан сира зерикмасди. Бутун умрини ватан, дин, халқ хизмати, ислом маърифатини кенг ёйиш, ёш авлодни тарбиялашга бағишлади.

Абдурасул АБДУЛЛАЕВ

 “Мулла Холмирза ота” масжиди имоми

«Ислом нури»  газетасининг 2019 йил, 10 сонидан