Мақолалар

Холид ибн Саид

Чоп этилди Iyun 18, 2019 Холид ибн Саидda fikr bildirishni o'chirish

Холид ибн Саид ибн Ос (розияллоҳу анҳу). Куняси: Абу Саид. Онаси: Умму Холид ибн Хаббоб.

Зомра ибн Робиъа (розияллоҳу анҳу): “Холид Абу Бакр Сиддиқ билан бир пайтда мусулмон бўлган”, деб айтган.

Воқидий (раҳимаҳуллоҳ) Умму Холид бинти Холиддан ривоят қилади: “Отам Исломга бешинчи бўлиб кирган. Мен: “Сиздан олдин кимлар бор эди?” деб сўраганимда у киши: “Али ибн Абу Толиб, Абу Бакр Сиддиқ, Зайд ибн Хориса ва Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳумлар)”, деб  жавоб қилган.

Воқидий (раҳимаҳуллоҳ) ривоят қилади: “Холид ибн Саид (розияллоҳу анҳу) бундай дейди: «Бир куни туш кўрдим. Отам мени олов қаърига итарарди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам тушимга кирдилар. У зот (алайҳиссалом) дўзахга тушиб кетмаслигим учун белимдан маҳкам тутиб турардилар. Чўчиб уйғондим ва ўзимга ўзим: “Аллоҳга қасам, бу ҳақ туш”, дедим. Сўнг Абу Бакр Сиддиқ  (розияллоҳу анҳу)га тушимни сўзлаб бердим. У зот (розияллоҳу анҳу): “Сенга фақат яхшиликни истайман. Тез орада сен Ислом динига эргашасан”, деб айтди. Шундан сўнг Набий (алайҳиссалом)ни Ажёд деган жойда учратдим. Мен: “Эй Муҳаммад, одамларни нимага чақиряпсиз?” деб сўрадим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга ширк келтирмасликка ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси эканига. Эшитмайдиган, кўрмайдиган, зарар ҳам фойда ҳам келтирмайдиган, ким ўзига ибодат қилади-ю, ким қилмаслигини билмайдиган бутга топинишдан воз кечишга чақираман” (Имом Байҳақий ривояти) дедилар. Мен дарҳол: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги ва сиз Аллоҳнинг расули эканингизга гувоҳлик бераман”, дея имон келтирдим. Набий (алайҳиссалом) хурсанд бўлдилар».

Ўғлининг мусулмонларга эргашганидан хабар топган Абу Уҳайҳа уни тутиб келишга буюрди. Холидни келтиришлари заҳотиёқ таёғи билан ура кетди. Сўнг: “Муҳаммад ва асҳобларига эргашдингми?” деб ўғлига танбеҳ берди. Холид (розияллоҳу анҳу): “Аллоҳга қасам, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) келтирган нарсага эргашдим”, деди.

Абу Уҳайҳа ота-боболарининг динига қайтариш учун ўғлини қавмидан бир неча кишининг ҳузурига юборди. Улар: “Олиҳаларимиз ҳақида яхши гап айтишинг учун сенга нима ҳалал қиляпти?” дейишди. Холид (розияллоҳу анҳу): “Санамларингиз оддий тошлардир. Фойда ҳам, зарар ҳам етказолмайди”, деб рад жавобини берди.

Шундан сўнг Холидни ҳар куни арқонга боғлаб, туш пайтида Макка текисликларида қуёш тиғига қўйишди. У эса тинмай: “Мени имон билан шарафлаган, Ислом билан улуғлаган Аллоҳга ҳамд бўлсин”, деб дўзах оташидан паноҳ тиларди.

Бир куни отасининг тазйиқидан қочиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уйларидан паноҳ топди. Отаси эса қолган ўғилларига: “Бирортангизни Холид билан гаплашганингизни кўрмайин!” деб пўписа қилди. Лекин кўп ўтмай Холиднинг укалари Амр ва Абон ҳам мусулмон бўлишди.

Холид (розияллоҳу анҳу) доим Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг олдиларида бўлди. Отасидан яшириниб унга кўринмай юрди. Кейинчалик Ҳабашистонга аёли билан сафар қилди. У ерда ўғли Саид ибн Холид ва қизи Умму Холид туғилиб ўсди. Укаси Амр ибн Саид (розияллоҳу анҳу) ҳам улар билан бирга эди.

Воқидий ривоят қилади: «Умму Холид айтади: “Отам Хабашистонда ўн йилдан кўпроқ турди. Набий (алайҳиссалом)нинг олдиларига “Хайбар”да қайтиб келди. Кейин Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) билан бирга Мадинада қолди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) отамни Яманга закот йиғувчи қилиб юбордилар. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) вафот этганларида отам Яманда эди».

Муҳаммад ибн Юсуф айтади: “Ҳижратнинг ўн учинчи йили, Жумадул аввал ойининг охири, “Маржус суфр” куни Холид ибн Саид ҳалок бўлди. Бу воқеа  Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу)нинг вафотидан йигирма тўрт кун олдин юз берди”.

Манбалар асосида

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Каримуллоҳ ТОШМАТОВ тайёрлади

«Ислом нури»  газетасининг 2019 йил, 10 сонидан