Мақолалар

Оила соғлом бўлса, жамият мустаҳкам

Чоп этилди Iyun 19, 2019 Оила соғлом бўлса, жамият мустаҳкамda fikr bildirishni o'chirish

Оила жамиятнинг асосидир. Унинг мустаҳкамлиги мамлакат қудратини юксалтиради. Шу боис оила институтига ҳар бир давлат ўзига хос тарзда ҳамда диний қадриятлардан келиб чиққан ҳолда эътибор қаратади. Юртимизда ҳам бу борада улкан саъй-ҳаракатлар амалга оширилмокда. Айтиш жоизки, ислом дини таълимотларида оилани ташкил этиш, унинг аъзолари ҳуқуқ ҳамда бурчлари, фарзандлар тарбияси каби муҳим масалалар кенг ва муфассал баён қилинган.

Аллоҳ таоло дунёдаги барча борлиқ нарсаларни жуфт-жуфт қилиб яратганига ишора қилиб бундай дейди: “Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик. Шоядки, (бу нарсалар) сизларга эслатма бўлса” (“Зориёт” сураси, 49-оят). Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида: “Никоҳли оила қуриш менинг суннатимдир. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у менинг жамоатимдан эмас”, деганлар.

Шунга мувофиқ, динимиз таълимотларида никоҳ орқали уйланиш, оила қуриш, фарзандлар тарбиялашнинг қатъий тартиб ҳамда қоидалари мавжуд. Оилада тинчлик-хотиржамликни таъминлаш учун унинг ҳар бир аъзоси, аввало, эр ва хотин ўз масъулиятини тўлиқ ҳис қилиши ва бажариши лозим бўлади. Мўмин-мусулмонлар шу ҳақиқатни эътироф этган ҳолда турмуш қуриш, оила тебратиш ва фарзанд тарбияси каби муҳим ишларда диний ва миллий анъаналаримизга риоя қилиш билан бирга, мамлакатимизда оила ва никоҳ ҳақида амалда бўлган қонунларга ҳам қатъий риоя этишлари зарур.

Маълумки, мамлакатимизда оналик ва болаликнинг ҳуқуқий, ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, хотин-қизларнинг турмуш тарзини яхшилаш, жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун қулай шароитлар яратишнинг ҳуқуқий кафолатлари тизимли равишда такомиллаштириб борилмокда.

Чунончи, Президентимизнинг 2019 йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатлари-ни янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам мазкур йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 сентябрдан эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши ўн саккиз ёш этиб белгиланди. Айтиш жоизки, бугунги кунга қадар юртимизда оила қуришнинг энг кичик ёши йигитлар учун 18, қизлар учун 17 ёш эди.

Таъкидлаш керакки, қиз балоғат ёшига тўлиб, жисмонан ва маънан камолот касб этса, шундан сўнг турмуш қурса, соғлом бола дунёга келади. У бахтиёр она бўлиб, фарзандини бағрига босса, нафақат ўзи, балки бутун бир оила, қавм-қариндош ҳам қувончга тўлади. Бу эса мустаҳкам оилалар пайдо бўлишига сабаб бўлади. Шу боис мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмокда. Хотин-қизлар соғлиғини асраш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бежиз эмас. Юртимизда ҳар бир қиз боланинг ҳали у она бўлмасиданоқ саломатлиги ҳақида қайғурилмокда.

Юқорида зикр этиб ўтилган қарор билан 2019 йилнинг 1 сентябридан эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши тенглаштирилгани, яъни 18 ёш этиб белгилангани адолатли, ҳар томонлама пухта, келажагимизни ўйлаб қабул қилингани билан муҳим ва долзарб бўлди. Чунки ўтган вақт мобайнида халқимиз эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатларини бошидан кечирди. Кўринадики, ушбу ўзгаришлар узлуксиз таълим тизимини жорий этиш, шунингдек, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш учун шароит яратиши билан янада аҳамиятлидир.

Фараз қилиб кўрайлик, қиз эндигина 16-17 ёшда. У аввал касб-ҳунар эгаллаши, илм-маърифатни, ҳаётни, жамиятни ўрганиши жоиз. Хўш, у ҳали ўсмир бўла туриб, бўлажак фарзандини қандай тарбиялайди? Аввало, ота-оналар, қолаверса, ёшлар ўзи ҳам турмуш қуриш ҳамда фарзандли бўлиш ҳақида чуқурроқ, кенгроқ ўйлашлари керак. Етуклик маълум муддатни талаб этади. Афсуски, эрта никоҳ қуриб, бир йил ўтар-ўтмас, арзимаган важлар билан ажрашамиз, дейдиганлар кам эмас замонамизда.

Биз ўғил-қизларимизни маълум бир касбга йўналтириб, катта ҳаётга қадам қўйиш учун билим ва тажрибаларини бойитиб бориш зарурлиги борасида қайғуришимиз лозим.

Ҳазрати Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандларингизга сузиш ва камон отишни, қизларга ип йигиришни ўргатинглар”, деганлар. Демак, динимиз қизларнинг тикувчилик, тўқувчилик, пазандалик каби ўзларига мос ишлар билан шуғулланишларини тарғиб этади.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизлар-нинг ҳуқуқи, фарзандлар тарбиясидаги муҳим масалаларни ҳал қилиб беришдаги кўрсатмалари аввал ҳам, ҳозир ҳам, бундан кейин ҳам барчага ибрат бўлиб қолаверади.

Шу фикрни такрор ва такрор айтамиз: соғлом авлод учун соғлом оналар зарур. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди: “Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу муддат) эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир…” (Бақара сураси, 233-оят).

Демак, она фарзандини сутдан чиқаргунча навбатдаги фарзандга ҳомилали бўлиб қолишидан ўзини сақлаши лозим. Бу эса фарзанднинг руҳан ва жисмонан соғлом ўсиб-улғайишининг зарур омилидир. Чунки эмизикли аёлнинг руҳий ва жисмоний ҳолати ҳам болага таъсир этмай қолмайди. Баъзи бир оилаларда фарзанд бир ёшга етмасидан иккинчи фарзанд туғилади. Натижада нафақат бола, балки она ҳам қийин аҳволга тушади.

Ушбу ҳақиқатни эътироф этган ҳолда, турмуш қуриш, оила тебратиш ва фарзанд тарбияси каби муҳим ишларда диний ва миллий қадриятларимизга амал қилиш билан бирга, амалдаги қонун-қоидаларга риоя этиш зарурдир.

Надоматларким, бугун турмуш сабоқларини етарли даражада ўзлаштирмай оила қурган баъзи қизларнинг ҳаёти аянчли кечаётгани ота-оналар, маҳалла-кўйнинг бепарволиги туфайли, десак хато бўлмайди. Айни пайтда эрта никоҳ ва унинг салбий оқибатлари мамлакатимиз раҳбари эътиборида турибди. Шуни ҳам унутмаслик лозимки, қизларни бирор касб-ҳунарга йўналтирмасдан туриб, эрта турмушга бериш ҳам нохуш ташвиш.

Эрта турмуш қурганлар, вояга етмаганларнинг аксарияти ё ота-онасининг қарамоғида яшайди ёки турмуши дарз кетади. Ёш қизларнинг турмушдан кейинги ҳаёти нисбатан оғир кечади. Эрта ҳомиладорлик, нимжон бола туғилиши, рўзғор юмушларидаги уқувсизлиги туфайли эшитадиган таънаю дашномлар охир-оқибатда, уларнинг тинкасини қуритиб қўяди. Натижада ёш оилалар ажрашиб, гўдаклар тирик етим, оналар сарсону саргардонликка юз тутади.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Шаръий никоҳдан ўтиш одоблари” ҳақидаги фатвосида никоҳ маросими диёримизда қадимдан миллий ва диний удумлар асосида амалга ошириб келингани тасдиқланган. Шаръий никохдан ўтиш учун келин-куёвлардан талаб қилинадиган бир қанча шарт ва одоблар борки, уларни барча яхши билиб олиши зарур. Давлатимизнинг никоҳ, оила тўғрисида қабул қилган қарор ва қонунлари ҳам никоҳ шартларига қўшилган.

Никоҳ ва оила масаласига ота-оналар доимо катта аҳамият беришлари даркор. Улар ўз фарзандлари ёш жиҳатидан оила қуришга тайёр эканига тўла қаноат ҳосил қилиб, сўнгра никохдан ўтказишлари шарт.

Ўрта мактабни тамомлаш, коллеж ёки лицейда бирон-бир касб-ҳунарни эгаллаш, ҳаёт деб аталмиш кенг қамровли майдонга тушиш олдида, турмуш ва оила кўникмаларини тасаввур қилиш учун қизларимизга бир муддат вақт керак бўлади, албатта.

Бир мезонга аҳамият бериш лозимки, балоғат ёши – камолот ёши дегани эмас. Ҳар иккисининг фарқини билиш жуда ҳам зарур. Қиз бола балоғат ёшига етиши мумкин, бироқ бу турмушга тайёр дегани эмас. Муқаддас динимиз нуқгаи назаридан қараганда, камолот ёшига етмаган қизни турмушга бериш ўринли эмас. Чунки камолотга етмаган қиз бола ҳали ҳаёт тарзини, турмуш кечиришни яхши тушунмайди. Ҳозирги кунда 16-17 яшар қиз қандай қилиб, оила ёки фарзанд тарбияси масаласида қийналмаслиги мумкин?! Қизларнинг балоғат ёши билан турмуш қуриш ёши бошқа-бошқа нарса экани бугунги кунда ўз исботини топмокда.

Бунинг устига, ҳозирги давр талаби бутунлай бошқача. Ёшлар мажбурий ўрта таълим босқичларини босиб ўтишлари шарт. Зеро, динимиз таълимотларига кўра, илм олиш ҳар бир аёл зотига фарздир. Борди-ю, шундан олдин турмуш қурса, ўқиш чала, оила юмушлари ҳам, уй бекалиги ва бошқа барча ишлар ҳам кемтик бажарилишига йўл очилади. Ислом дини хотин-қизларнинг илм ва маърифат эгаллашига, муҳим ҳаётий маълумотларни билишига даъват этади. Хусусан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг “Илм талаб қилиш барча мусулмон эркак ва аёлга фарздир”, деганларини зинҳор ёддан чиқармайлик(Имом Бухорий ривояти).

Ҳазрати Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида: “Аёллар эркакларнинг бир бўлагидир”, деб таъкидлайдилар, шунга биноан, аёл жамиятнинг бир бўлаги, у ҳаётда ўз ўрнига эга бўлишга, илм олишга, касб-кор қилишга ҳақлидир. Бинобарин, сиёсий-ижтимоий, умуман, ҳаётимизнинг барча жабҳасида хотин-қизларнинг ўрни тобора юксалиб бормоқда, улар жамиятимиз тараққиётига муносиб улуш қўшмокдалар.

Воқеан, ёш қизларимиз муносиб она, эътирофга лойиқ оила бекаси бўлишлари учун инсоний масъулиятимизни чуқур англаган ҳолда иш тутмоғимиз айни ҳақиқатдир. Катта ҳаёт мактаби саналмиш оила қўрғонининг азиз ва муҳтарам бекаларига айланишларига кўмаклашмоқ барчанинг, хусусан, ота-оналарнинг муҳим бурчи ва вазифасидир. Соғлом она – соғлом фарзанд тушунчасини ҳаётга татбиқ этиш орқали жамиятимизда баркамол фарзандларнинг дунёга келиши нақадар аҳамиятли эканини англашимиз лозим. Қизларимиз турмушга чиққунларига қадар оила, фарзанд тарбияси, эр ва қайнона-қайнота олдидаги бурч-вазифаларини тушуниб етмоқлари нур устига нур.

Шунда жамиятимиз янада жипс, аҳил, оилаларимиз тинч-тотувлигига асло путур етмай-ди. Асосийси, оила аталмиш муқаддас даргоҳнинг энг тотли неъматлари – фарзандларимиз соғлом ва бақувват, кўрганда кўз қувнайдиган, ота-онаси, дину диёнати, Ватани хизматига камарбаста инсонлар сифатида камол топади.

муфтий Усмонхон АЛИМОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси