Мақолалар

Зулм қилган кишини кечириш

Чоп этилди Iyun 20, 2019 Зулм қилган кишини кечиришda fikr bildirishni o'chirish

Ўзга инсонлар томонидан етган азиятга сабр қилиш, зулм қилиб, кечирим сўраган одамни афв этиб, кечи­риб юбориш нақадар улуғ хислат. Бироқ бу ҳақда сўз юритишдан олдин зулм нима экани ҳақида тўхталсак.

Шариатда бир инсоннинг моли, жони, дини ёки ор-номусига зарар етказиш зулмдир. Қаршимизда турган ҳар қандай инсонга ноҳақ муносабатда бўлиши­миз ёмондир. Чунки айни зулм сабабли қаттиқ гуноҳга қолишимиз билан бир қаторда ўзаро муносабатлари­мизга путур етиб, аҳиллигимиз йўқолади. Энг даҳ­шатлиси, қиёматда зулм кўрган одам ўз ҳақига рози бўлиб, зулмкорни кечирмагунича, Аллоҳ таоло уни ке­чирмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ Ўзига ва бандала­ри ўртасида зулмни ҳаром қилган ва ундан қаттиқ қай­тарган.

«Аллоҳ таоло айтади: “Эй бандаларим! Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим ва уни сизларнинг ўртангизда ҳам ҳаром этдим. Бир-бирингизга зулм қилмангиз”» (Ҳадиси қудсий).

Мўмин киши ҳеч қачон ўз биродарига зулм қил­май­ди. Бироқ Аллоҳ розилигига эришиш учун бунинг ўзи кифоя эмас. Мусулмон киши биродарини ўзгалар зул­мидан қутқариш­га ҳам ҳаракат қилиши керак. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. У биродарига зулм ҳам қилмайди, уни (золим қўлига) таш­лаб ҳам қўймайди” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Бошқа ривоятда «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) де­ди­лар: “Биродаринг золим бўлса ҳам, маз­лум бўлса ҳам, ёрдам бер!”»

Бир саҳобий: “Ё Расулуллоҳ! Биродарим мазлум бўлса-­ку, ёр­дам бераман. Аммо у золим бўлса, қан­дай ёрдам қи­ла­ман?” де­ди. Шунда Пайғамбаримиз (алай­ҳиссалом): “Уни зулм қилишдан қай­тар, мана шу унга қилган ёрдаминг бўла­ди”, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ҳар вақт зулм қилишдан сақланиб, катта зулмдан янада эҳтиёт бўлишимиз лозим. Яъни, Аллоҳдан бош­қага ибодат қилиб, ибодатни ҳақиқий ўз ўрнидан бош­қа ўринга қўймаслигимиз керак. Аллоҳдан ўзгага ибодат қилиб, унга ширк келтиришимиз улкан гуноҳ бў­либ, катта зарар кўрамиз. Қуръони каримда:

«Эсланг, Луқмон ўғлига насиҳат қилиб, деган эди: “Эй ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир”» (Луқмон, 13).

Аллоҳ барчамизни бошқаларга ва ўз жонимизга зулм қилиб қўйишдан сақласин.

“Афв” сўзи луғатда тарк қилиш, ўчириш маънола­рини бил­ди­ради. Имом Кафавий: “Афв қудрати етиб туриб, зарар етказ­мас­ликдир. Ким уқубат беришга ҳақ­дор бўлатуриб, уни тарк қилса, ундан кечса, афв этган бўлади”, деганлар.

“Афувв” Аллоҳ таолонинг гўзал сифатларидан би­ридир. Ушбу исм муболаға вазнида бўлиб, Аллоҳнинг афви ниҳоятда кенг эканини билдиради. Яъни, Аллоҳ таоло бандалар содир этган кўплаб гуноҳларни ўчи­риб, кечиб юборувчи ва азобдан қутқарувчи Зотдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Яхшиликни ошкора қилсангиз ҳам, пинҳона қил­сангиз ҳам ёки ёмонликни афв этсангиз ҳам, албатта, Аллоҳ афв этувчи ва қудратли Зотдир” (Нисо, 149).

Жиноят қилганлардан ўч олишга кучи етатуриб, уни кечириш юксак фазилат. Имом Ғаззолий (раҳматул­лоҳи алайҳ) айтади: “Афувв Аллоҳ таолонинг сифатла­ри­дандир. У ёмонликларни ўчириб, гуноҳларни кечи­радиган Зотдир. Бу “Ғо­фур”лик маъно­си­га яқиндир. Балки ундан ҳам авлороқдир. Чунки “Ғуфрон” берки­тиш маъносини беради. “Афувв” эса бутунлай ўчириб юборишни ифодалайди”. Аллоҳ таоло бун­дай марҳа­мат килади:

“Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жо­ҳил­лардан эса юз ўгиринг!”(Аъроф, 199).

Ушбу оят нозил бўлганида, Пайғамбаримиз (сол­лаллоҳу алай­ҳи ва саллам) Жаброил (алайҳиссалом)дан уни шарҳлаб беришни сўраганлар. У зот жумладан: “Аллоҳ таоло сизга буюриб айтмоқдаки, сизга зулм қилган кишини сиз афв этинг, сизга бермаган ки­шига сиз беринг, сиздан узилиб кетган кишига сиз яқин­лашинг!” деганлар.

Бу ҳақда бошқа оятларда бундай марҳамат қилинади:

“Бас, Аллоҳ Ўз амрини келтиргунча уларни афв этиб, (ха­толаридан) ўтинг” (Бақара, 109).

“Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмон­ликни) гўзалроқ (муомала) билан даф этинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур” (Фуссилат, 34).

Аллоҳ таоло ушбу оятлари орқали Ўз Ҳабибини яхшилик қи­лишга чақириб, жоҳил-нодонлардан юз ўги­ришга, улар томонидан содир бўлган ёмонликларни кечиришга буюрмоқда. Чунки яхшилик билан ёмон­лик ҳеч қачон тенг бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Ёмон­лик­ка ҳам яхшилик қилинса, душман дўстга айланиб қо­ли­ши мумкин.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ал­лоҳ тао­ло­нинг амрларига “лаббай” дея, ҳаётларида афв борасида ин­сон қи­лиши мумкин бўлган даражада­ги ишнинг барини қилдилар.

Пайғамбарликларининг ўнинчи йиллари ўтиб ҳам қу­райш­­ликлардан ижобий натижа чиқмагач, Муҳам­мад (сол­лал­ло­ҳу алай­ҳи ва саллам) Зайд ибн Ҳориса (розияллоҳу анҳу) ҳамроҳлигида Тоифга бордилар. У зот шояд Тоифда дин ишлари юришиб кетса, деган умидда қабила оқсоқоллари билан учрашиб, уларни Исломга чақирдилар. Аммо улар унашмади, аксинча, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)ни масхара қилдилар. Бу ҳам етмагандай, ўзлари­нинг эси паст, бебош болаларини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ортларидан қичқиришга, сўкиб, тош отишга юборди­лар. Тоифликлар йўлнинг икки четида туриб, у зот ўта­ётганида аёв­сиз тошбўрон қилишди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам)нинг оёқлари қонади ва ғамгин бўлиб, Аллоҳ тао­лога ил­тижо қилдилар.

Шунда Аллоҳ таоло у зотнинг ҳузурларига фариш­тани[1] юборди. У келиб, икки тоғни аҳли Тоиф устига бостириб, уларни ҳалок қилишга изн сўради. Пай­ғамбаримиз (алайҳис­са­лом) бунга изн бермай, фариштага: “Уларнинг зурриёти­дан Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи­га ибо­дат қиладиган, Унга ҳеч нарсани шерик келтир­майдиган кишилар чиқишини умид қиламан”, дедилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кофирлар билан бўл­ган жангда эдилар. Кофирлардан бири мусулмонлар томони­дан эътиборсизликни кўриб, билдирмасдан Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бошларига қилич кўтариб келди. Ва: “Сени мендан ким ҳимоя қилади?” деди. У зот: “Аллоҳ”, дедилар. Шунда ҳалиги кофирнинг қўлидан қилич тушиб кет­ди. Расулуллоҳ қилични олдилар-да: “Сени мендан ким ҳимоя қилади?” дедилар. У: “Яхшилик қилувчи бўл”, деди. Расулуллоҳ: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва мен Унинг элчиси эканимга гувоҳлик бер” дедилар. У: “Йўқ, йўқ, лекин мен сенга қарши урушмайман, сен би­лан бирга ҳам бўлмайман ва сенга қарши кура­ша­ёт­ган қавм билан ҳам бирга бўлмайман”, деди. Расу­лул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни қўйиб юбордилар. У шерикларининг олдига бориб: “Мен ҳозир ин­сон­ларнинг энг яхшиси ҳузуридан келдим”, деди.

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Бир яҳудий аёл Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ейишла­ри учун заҳарланган қўй гўшти олиб келди. Гўштнинг заҳар­лангани маъ­лум бўлгач, ҳалиги аёлни Расулуллоҳ (соллалло­ҳу алайҳи ва сал­лам)­нинг ҳузурларига олиб келишди. Ундан нима учун бундай қил­ганини сўрашди. У: “Сизни ўлдирмоқ­чи эдим”, де­ди. Расу­лул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ се­ни бунга қодир қилмайди”, дедилар. Саҳобийлар: “Уни ўлдирамизми?” дейишганида, Расулуллоҳ (соллал­ло­ҳу алайҳи ва саллам): “Йўқ”, дедилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) зулм-ази­ят кўрган ҳолатларида ҳам юзларидан оққан қонла­ри­ни артиб, яна ўша золимлар ҳақига хайрли дуо қи­либ: “Парварди­горо! Қавмимни Ўзинг мағфират этгин. Улар билмасдан қил­яп­тилар!” дердилар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу­юк фатҳ кунида ўн минг қўшин билан Маккага кириб келдилар. Мушрикларнинг Каъбага ўрнатилган бут-санамларини пар­чалагач, Билол (розияллоҳу анҳу)га азон айтишни буюрди­лар. Сўнг Каъба олдида туриб бир вақтлар ўзларини Мак­ка­дан ҳайдаган, эндиликда бў­йин эгиб турган Макка аҳлига юз­ландилар. Улар “бугун энди Муҳаммад бизни ўлдиради” де­ган гумонда қўрқув­дан қаттиқ қал­тирашаётганди. Шунда у зот (алайҳис­са­лом): “Мени нима қила­ди, деб ўйлайсиз­лар?” дедилар. Улар: “Яхшилик, эй олижаноб биродари­миз­нинг ўғ­ли”, дейишди. У зот (алайҳиссалом): “Боринг­лар, сизлар озод­сизлар. Бу кун сизларга айблов йўқ. Аллоҳ сиз­ларни мағ­фи­рат қилсин. У раҳм қилувчилар­нинг раҳмлиро­ғидир”, де­ди­­лар.

Шунда уларнинг кўплари гуруҳ-гуруҳ бўлиб Аллоҳ­нинг динига киришди. У зот (алайҳиссалом) ушбу ояти каримани ўқидилар:

Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй Муҳаммад) улар­га (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кет­ган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг(Оли Имрон, 159).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсат­ган бундай кечиримлиликни доимо ёдда тутишимиз лозим. Шунда Аллоҳ тао­ло у зотни бизга, яъни уммат­га бежиз ўрнак қилмагани намоён бўлади.

Аллоҳ таоло:

(Эй имон келтирганлар!) Сизлар учун Аллоҳ ва охи­рат кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қил­ган киши­лар учун Аллоҳнинг пайғамба­рида гўзал намуна бордир”(Аҳ­зоб, 21), деб марҳамат қилганидек, биз ум­матга афв борасида ҳам намуна бўлган зот (алайҳиссалом): “Сизга зулм қилган кишини афв қилинг”, дедилар. Инсон баъзан жамиятда кимгадир зулм қи­лиши ёки кимдандир зулм кў­риши табиий. Ўзгаларга зулм қилиб қўйганида ундан узр ва ке­­чи­рим сўраши қанчалар муҳим бўлса, ўзи зулм кўриб қолган пай­тида ҳам золимни кечириши улкан фазилатдир. Бу мақталган сифатлардан эканини унутмайлик. Аллоҳ тао­ло марҳамат қилади:

“Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танг­лик кунларида ҳам хайр-садақа қиладиган, ғазаб­ларини ютадиган, одамларни (хато ва камчилик­ла­рини) афв эта­диганлардир. Аллоҳ эзгулик қилув­чиларни севар”(Оли Имрон, 134).

Дарҳақиқат, турли-туман хулқ-атворли одамлар ораси­да яшар эканмиз, албатта, улардан бир қанча озор-азият­лар кўрамиз. Агар ҳар бир шундай кўнгилсиз­лик бизга қат­тиқ таъсир этиб, ғамга ботириб қўя­вер­­са, шубҳасиз, бутун ҳа­ё­ти­миз азобга айланади. Шу боис имкон қадар ён-атро­фи­миз­дагиларнинг хатолари, билиб-билмай етказган озорла­ри­га сабр қилиб, ке­чиришга ҳаракат қилайлик. Шунда бир-бири­мизга меҳр-муҳаббатимиз зиёда бўлади. Гоҳо бош­қалардан би­рор ёмонлик ёки зулм ўтса ҳам, синов деб қабул қи­ли­ши­миз зарур. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

«Биз сизларнинг баъзиларингизни баъзиларингиз учун фитна-синов қилиб қўйдик – (қани) сабр қила олур­ми­сизлар? Раббингиз эса кўриб турувчи Зотдир» (Фур­қон, 20).

Аллоҳ таоло ғазабни ютиш ва инсонларни афв қилишни бежиз Ўзидан қўрқадиган бандалар сифатидан қилмаган. Чунки ушбу икки иш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Бунинг учун қалбда мустаҳ­кам имон, охиратдаги савобга умид, енгилмас ирода ва юксак сабр-бардош керак. Сабр ва афв, ҳақиқатан, улуғ сифатлардандир:

“Албатта, ким (азиятларга) сабр қилса ва Аллоҳ учун кечириб юборса, шак-шубҳасиз, бу пухта иш­лардан­дир”(Шўро, 43).

Яъни, етган зулмга сабр қилиш ва зулм қилган кишидан қасос олмасдан, уни кечириб юбориш энг аф­зал, балки энг тўғри ишлардан ҳисобланади.

Ғазабни ютиш инсонларга ғазабини сочмаслик, уларга ёмонлик қилишдан ўзини тийиш билан бўлади. Бу эса ки­ши­нинг қалби имон билан тўла эканининг аломатидир. Пай­ғамбаримиз (соллалло­ҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб: “Ким ғазабини амалга оши­риш­га қодир бўлатуриб, ғазаби­ни ютса, Аллоҳ унинг қал­би­ни хотиржамлик ва имон билан тўлдиради”, деган­лар (Имом Бухорий риво­яти).

Одамларнинг хато ва камчиликларини кечириш ға­забни ютишнинг давомидир. Яъни, ҳақиқий тақводор фақатгина ғазабини ютиб қўяқолмайди, балки ана шу ғазабини қўзға­ган одамдан ўч олишга кучи етса ҳам, уни кечиради. Му­фас­сирлар оятларда келган “афв қи­лувчилар” калимасини, қа­сос олишга кучи етиб, кечирадиганлардир, деб тафсир қи­лиш­ган. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: “Ким зулм қил­ган кишини афв қилса, Аллоҳ унга бу сабабли фақат азиз­лик­ни зиёда қилади” (Имом Термизий ривояти).

Қуръони каримда:

“Парвардигорларининг “юзини” истаб, (турли ма­шақ­қат­ларга) сабр қилиб, намозларини баркамол адо этган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан хуф­ёна ва ошкора эҳсон қилган ҳамда ёмонликка яхшилик қайтарадиган зотлар, айнан ўшалар учун дунё оқибати (жаннат) бордир” (Раъд, 22), дея марҳамат қилинган.

Яхшилик қилиш, ғазабни ютиш ва кечириш нати­жасида улуғ даражага эришиш, Аллоҳ таолонинг му­ҳаббатини қо­зониш ҳар бир мўмин банданинг истаги, орзуси десак, мубо­ла­ға бўлмайди.

Ал-Асбаҳонийдан қилинган ривоятда Расулуллоҳ (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қил­ганлар: «Қиё­мат куни Аллоҳ бутун халойиқни жамла­ганида, бир нидо қи­лув­чи: “Фазл эгалари қани?” деб нидо қилади. Шунда озчи­лик­ни ташкил қилувчи бир гуруҳ инсонлар турадилар. Улар жан­нат сари шошиб юрадилар. Уларни фаришталар кутиб олиб: “Жаннат сари шошиб келяпсизлар”, дейишади. Улар: “Биз фазл эгаларимиз”, дейишади. Фаришталар: “Фазлла­рин­гиз ни­мадан иборат эди?” дейдилар. Улар: “Агар бизга зулм қи­линса, сабр қилар эдик. Ёмонлик қилинса, кечирар эдик. Жоҳиллик қилинса, ҳалимлик қилардик”, дейи­шади. Уларга: “Жаннатга киринглар, амал қи­лув­чиларнинг ажри қандай ҳам яхши”, дейилади».

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан қи­лин­ган яна бир ривоятда: «Қиёмат куни Аллоҳнинг ҳу­зурида умматлар тиз чўкиб туришганида: “Ажри Аллоҳнинг зиммасида бўлган кишилар турсин”, деб ни­до қилинади. Шунда дунё ҳаётида одамларни афв этганларгина турадилар», дейилган.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«(Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, ким афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг му­кофоти Аллоҳнинг зиммаси­дадир. Албатта, У золим (та­жовузкор)ларни сев­мас» (Шўро, 40).

Биз, мусулмонлар фазл эгаларидан бўлиб, дунёда бизга нисбатан содир бўлган камчиликларни афв қи­лишимиз лозим бўлади. Шундагина қиёмат куни тў­лиқ мукофотга эришамиз. Яъни, “Аллоҳ эзгулик қи­лувчиларни севар” (Оли Имрон, 148), деган таърифга муносиб бўламиз.

Ушбу ўринда яна бир нарсага эътибор қилиш зарур. Ҳар қан­­дай зулм ёки тажовузкорлик Аллоҳ белгила­ган чегаралардан ош­мас­лиги керак. Акс ҳолда ўч оли­на­ди. Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)­дан ривоят қили­на­ди: “Расу­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам) Аллоҳ­нинг ҳадларидан бирор ҳад оёқости қилинмагун­ча, зулм учун ўч олмасдилар. Агар Аллоҳ ҳадларидан бирор нарса оёқости бўл­са, инсонларнинг энг ғазаблисига ай­ланар эдилар. Ик­ки иш ўрта­сида ихтиёр қилсалар, гуноҳ бўлмаса, уларнинг енги­лини танлар­дилар”.

[1] Яъни, Жаброил (алайҳиссалом)ни.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари”

китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм