Мақолалар

САБР ВА ЗИКР МУНОСАБАТЛАРИ

Чоп этилди Iyun 20, 2019 САБР ВА ЗИКР МУНОСАБАТЛАРИda fikr bildirishni o'chirish

Сабрнинг асосий қуввати зикруллоҳдир. Зикруллоҳ аскарнинг ўқ-дорилари кабидир. Қуроли ва ўқ-дориси бўлмаган аскарнинг ҳоли нима бўлса, сизнинг ҳолингиз ҳам шу кабидир. Шундай экан, аввал тавба қилинг, Ҳаққа юзланинг, сўнгра беш вақт намозни жамоат билан адо этинг, айниқса, бомдод ва хуфтон намозларига диққатли бўлинг, бомдод намози тугагани заҳоти масжиддан чиқманг, ишроқ намози киргунича ўтиринг, билганингизча зикрлар қилинг ва ихлос сурасини кўп ўқиб вақтни тўлдиринг. Қуёш чиққанидан 30 ёки 45 дақиқа ўтгач икки ёки тўрт ракат ишроқ намозини ўқинг, Аллоҳга сидқидилдан ёлворинг, агар қазо намозларингиз бўлса, ҳеч бўлмаса, ҳар кун бир неча кунлик қазо намозларини ўқинг ҳамда уларни имкон қадар тезроқ битирмоқ ҳаракатида бўлинг. Чунки вақти етиб касаллик ёки бошқа турли сабаблар, дардлар, мусибатлар сабабли ўқий олмайдиган ҳолга келиб қолишингиз мумкин.

Сабрнинг табиий равишда кўп турлари бор. Ўрнига кўра ҳаммасининг даражаси ва савоби бошқа-бошқача. Масалан, жондан айрилиш, молдан айрилиш, турли хасталиклар, бир-бирларига ўхшамайдиган: баъзиси енгилроқ, баъзиси эса жуда оғир мусибатлар; оғриғи, қайғуси, зирқираши ҳар бир инсонда бошқа-бошқадир. Кечалари уйқу бермайдиган, кундузлари оғриғига, азобига чидаб бўлмайдиган дардга йўлиқса одам (Аллоҳ асрасин), шубҳасиз, буларга сабр қилиш айтишга осон. Айниқса, имони ва исломияти заиф кимсаларнинг ҳоли нақадар аянчлидир. Ҳар касга шикоят қила-қила адо бўладилар. Зиёратига келганлар ҳам келганларига пушаймон бўлади. Мусулмон эса, “Аллоҳга шукр, биродар”, дея сабр этади ва Аллоҳдан шифо истаб ҳеч кимни роҳатсиз этмасликка ҳаракат қилади. Булар инсоннинг бошига келадиган табиий ҳолда рози бўладиган мажбуриятларидандир. Лекин ана шу азобли дардлар ҳам ҳатто гуноҳларга бошловчи нафснинг, шаҳватнинг, кўнгилга ёқадиган дунё завқларининг олдида унчалик катта бўлмаган нарсалардирки, уларни тарк этиб, узоқлашмоқ, хасталикларга, мусибатларга сабр этмоққа асло ўхшамайди. Нафслар, шаҳватлар бир бора ҳакалак отиб олдими, энди уларни жиловламоқ душман қўшинини енгмоқдан минг бора мушкулдир. Айниқса, улар урфга, одатга айланиб кетса, бу ҳолатни ҳақли равишда табиати сония дерларки, уларнинг бирортасидан  қутулиб олмоқнинг ўзи улуғ саодат ва бахтиёрликдир. Масалан, тунги барлар, қиморхоналар, ичкиликбозлик, зинокорликлар, беҳуда вақт ўтказишлар каби. Бу ишларни одатга айлантириб олганидан кейин уни табиий ҳақи деб ҳисоблайди. Энди уларга истаганингиз каби сабр тавсия этинг, сабрнинг фазилатидан сўз юритинг, гуноҳлардан, азоблардан гапиринг, ҳаммаси бесамар, ҳавога кетади. Негаки, уларнинг энди кўзлари кўр, қулоқлари кар, қалблари қаттиқ касал бўлган ёки бутунлай ўлган. Иш фақат Мавлога қолган. Шунинг учун гуноҳларга қарши кўрсатилган сабр мусибатларга бўлган сабрдан жуда ҳам катта фазилатли, савобли ва ажрлидир. Ҳолбуки, мусибатларга сабр этганлар эртага, қиёмат кунида ҳисобсиз ва сўроқсиз дарҳол жаннатдаги жойларига олиниб завқ ва сафоларига эришиши ривоят этилган. Шу нуқтаи назардан, гуноҳларга қарши сабр этганларнинг ажрини баён этишга тилимиз ожиздир. Чунки ақлимиз унинг мукофотини идрок эта олмайди. Фақат мақоми ниҳоятда баланд бўлишига ишончимиз комилдир.

 

 

 

Муҳаммад Зоҳид ҚЎТҚУнинг “Сабр” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 5000 сўм