Мақолалар

ОТА-ОНАГА ОҚ БЎЛИШ – КАТТА ГУНОҲ

Чоп этилди Iyun 20, 2019 ОТА-ОНАГА ОҚ БЎЛИШ – КАТТА ГУНОҲda fikr bildirishni o'chirish

Оқ бўлиш “бўйсунмаслик”, “қарши чиқиш”, “озор бериш”, “осий бўлиш” ва ҳақини адо қилмаслик деган маъноларни англатади. Ҳақини адо қилиш дегани ота-она ғазабланганида, фарзанд унга тик қарамаслигидир. Гарчанд ўғил ҳақу ота ноҳақ бўлганида ҳам. Ота-онанинг фарзанддаги ҳақи улуғ, уларнинг айтганларини қилиш вожиб, бироқ улар амри Аллоҳнинг амрига тескари бўлмаслиги керак. Аллоҳга маъсият бўладиган ишда махлуққа, яъни ота-онага, каттаю кичикка итоат қилинмайди.

Ота-онага оқ бўлиш фарзанднинг Аллоҳ қайтарган йўлларга кириб, эл-юрт олдида уларнинг юзини ерга қаратиш, берган тузларига норози қилишдир. Қариган чоғида едирмай, ичирмай, кийинтирмай, хўрлаб қўйишдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оқ бўлишдан огоҳлантирганлар ва унинг оқибатларини баён қилиб, охиратда савол-жавоби қаттиқ бўлишини айтганлар.

Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларга катта гуноҳларнинг энг каттаси хабарини берайми?” – дедилар.

Биз: “Ҳа, ё Аллоҳнинг расули”, дедик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, – ёнбошлаган ҳолда эдилар ўтириб олиб, – ёлғон сўзлаш ва ёлғон гувоҳлик бериш…” деб такрор-такрор айтавердилар. Биз у кишини: “Қани тўхтасалар эди!” дедик.

Имом Аҳмад ва Имом Насоий, Баззоз ва Ҳоким Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уч тоифа кишига Аллоҳ жаннатни ҳаром қилди: доимий хамр (ароқ) ичувчига, ота-онага оқ бўлган фарзандга ва ўз аҳлига ахлоқсизликни ўргатган даюсга”, дедилар.

Имом Бухорий ва Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Катта гуноҳлардан бири киши ўз отасини сўкмоғидир”, дедилар. Бир киши: “Эй Аллоҳнинг расули, киши ўз отасини ҳам сўкадими?” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳа, бир киши иккинчи бир кишининг отасини сўкади, шунда у бу кишининг отасини ёки онасини сўкади, у бунинг онасини сўкади”, дедилар.

Имом Ҳоким Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар қандай гуноҳни (жазосини) Аллоҳ хоҳиши ила қиёматгача кечиктиради. Фақат ота-онага оқ бўлишни (жазосини) ўлишидан олдин, ҳаётлигида ўз эгасига беради”, дедилар. Яъни, ота-онага оқ бўлган киши бунинг жазосини то тирик экан, бу дунёдаёқ олади.

Имом Аҳмад Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Менга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўнта сўзни васият қилиб: “Аллоҳга ширк келтирма, агар ўлдирилсанг ҳам, куйдирилсанг ҳам, ота-онангга оқ бўлма, агар уйдан кетишингга буюрсалар ҳам…” дедилар».

Асбаҳоний Абу Аббосдан, у киши Авом ибн Ҳушаб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: “Бир қишлоққа келдим. Ёнида қабристон бор эди. Аср вақтидан сўнг қабристондаги бир қабр очилди ва ундан эшак бошли бир одам чиқди. Ва уч марта эшакдай ҳангради. Сўнгра қабрга кирди ва қабр ёпилди. Шу пайт бир кампир ип йигириб ўтирарди. Ёнимдаги одам кампирни кўрсатиб:

– У унинг онаси, – деди. Мен воқеани сўрадим. «У ароқ ичиб маст бўларди. Уйга келганида онаси: “Эй ўғлим, Аллоҳдан қўрққин, қачонгача ичасан?” – дер эди. Шунда у онасига: “Мунча эшакдай ҳанг­райсиз?” – дер эди. Бас, ажали етиб, аср вақтида вафот этди. Энди ҳар куни аср вақтида қабр ёрилади ва уч марта эшакдай ҳанграйди, сўнгра қабр ёпилади», деди.

Қаранг, фарзанд ота-онасини нима деб ҳақоратласа, ўзи ўша нарсага айланиб қолар экан… Бу ниҳоятда таъсирли ривоятни фарзандлар даврасида ўқиб, тадаббур қилинса, фойдаси катта бўлади. Фарзандлар ёшлигиданоқ ота-она ҳақларини ўйлай бошлайди. Ислом таълимотида кўрсатилганидек, фарзанд ота-она ҳақларини чиройли қоим қилса, у нафақат ўзини, яшаб турган жамиятининг ҳам ҳақини адо этган бўлади. Чунки ота-она ҳурматини ўрнига қўйиш бу ижтимоий масаладир. Қайси оилада, қайси маҳаллада бу тарбия яхши йўлга қўйилар экан, ўша оила, ўша маҳалла гуллаб-яшнайди. Бу эса охир-оқибат жамиятнинг равнақ топишига олиб келади. Ота-она рози – Худо рози, деган ҳикматнинг қиммати ҳам шунда.

Ота-онанинг розилигини олишга интилиш фазилати барча фазилатларнинг негизи, борлиқдаги ҳар қандай ҳақ-ҳуқуқларнинг келиб чиқадиган асосидир. Ота-оналар, бола тарбияси билан шуғулланаётган тарбиячилар фарзандларга қуйи­даги одатларни сингдиришлари мақсадга мувофиқ:

  1. Гуноҳга сабаб бўлмаса, ота-онанинг буюрганларини албатта бажариш.
  2. Ота-онага мулойим сўзлаш.
  3. Уйга кирганларида, ҳурмати учун ўрнидан туриш.
  4. Ҳар тонг салом бериш, уйқудан олдин хайрли тун тилаш.
  5. Мол-мулкини сақлаш.
  6. Сўраган нарсасини бериш.
  7. Улардан маслаҳат сўраш.
  8. Ота-она ҳақига дуо ва истиғфор айтиш.
  9. Улар меҳмон кутишса, олдида мунтазир бўлиб туриш.
  10. Ота-она айтишини кутмай, уларни хурсанд қиладиган ишларни бажариш.
  11. Отанинг олдида овозни баланд кўтармаслик.
  12. Гаплашаётганларида орага гап қўшмаслик.
  13. Рухсат беришмаса, уйдан чиқмаслик.
  14. Ухлаётганларида безовта қилмаслик.
  15. Ота-онадан аҳли аёлини ва фарзандларини устун (афзал) кўрмаслик.
  16. Ота-она нотўғри иш қилиб қўйсалар кечириш, кўрмасликка олиш.
  17. Кулгили гап бўлса ҳам, уларнинг ҳузурида ўзини тутиш.
  18. Улар яхши кўрадиган овқатни илиниш.
  19. Ота-онадан олдин таомга қўл чўзмаслик.
  20. Уларнинг олдида чўзилиб ётмаслик.
  21. Оёқ узатмаслик.
  22. Уйга улардан олдин кирмаслик, олдиларига тушиб юрмаслик.
  23. Чақирганларида тезлик билан жавоб бермоқ.
  24. Улар ҳаёт пайтларида ҳам, вафот этганларидан кейин ҳам дўстларини ҳурмат қилиш.
  25. Ота-онасининг ҳурматини қилмайдиган кишилар билан дўстлашмаслик.
  26. Уларнинг ҳақларига дуо қилиш, вафот этганларидан кейин Аллоҳнинг қуйидаги каломини кўп айтиш:

«…Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қил!» (Исро сураси, 24-оят).

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм