Мақолалар

Бола бошидан…

Чоп этилди Iyun 21, 2019 Бола бошидан…da fikr bildirishni o'chirish

Баъзилар боласи ҳали икки-уч ёшга кирмай туриб, унинг тарбияси «нобоп»лигидан шикоят қилишни бошлаб юборишади. Норасида гўдакни худди катталар­дан та­лаб қилинадиган «қолип»ларга солишга, унинг одоб-ахлоқини «ўнглаш» ҳаракатларига киришилади.

Бу ҳам хато йўл. Чунки ҳали суяги қотмаган, яхши ва ёмон нималигини англамаган ёш болани ҳадеб тергайвериш, уни турли қолипларга солишга уриниш, кучи ва иқтидори етмайдиган машғулотларга мажбур­лаш иродасини синдириши, руҳига салбий таъсир кўрсатиши, кейинчалик ҳамма нарсага бефарқ ва лоқайд қарайди­ган қилиб қўйиши мумкин.

Буюк ватандошимиз шайхур раис Абу Али ибн Сино ёш авлод тарбиясининг ибтидоси қандай ва нималар билан бўлиши ҳақида қуйидагиларни айтган эди: «Ёш бола бошланғич таълим ва тилга доир қоидаларни ёд олганидан кейин у машғул бўлиши мумкин бўлган касб-ҳунар ва санъатга мойиллигига қараб, уни шунга йўллаймиз. Агар у котибликни хоҳласа, тил, хат ёзиш, нутқ сўзлаш ва одамлар билан муомала қилиш каби­ларга далолат қи­ламиз. Албатта, бу ўринда, боланинг майли аҳамиятга эга» («Исломий тарбия ва унинг фалсафаси». Муҳаммад Атия, 197-бет).

Мутахассислар тавсиясига кўра, бола мактабга боргунича уни подшоҳ туйиб муомала қилинади, яъни рисоладаги барча илтимослари сўзсиз бажарилади, шўхлик ва эркаликлардан қайтарилмайди. Шундан сўнг унга аста-секин тушунтириш, катталарнинг ўзи ибрат бўлиши орқали тарбия берилади.

Тарбия бир неча томондан олиб борилади. Бола ақлан ривожланиши учун унга турли китоблар ўқиб бери­лади, ривоят ва ибратли ҳикоятлар сўзланади ёки ақл-заковатини ўстирадиган ўйинлар, машғулотларга жалб қи­линади. Руҳий тарбиясини яхшилаш учун ҳаёт ва ўлим, яхшилик ва ёмонлик, ахлоқ ва одоб каби боқий мавзуларда содда, бола руҳиятига мос суҳбат ва тушун­тириш олиб борилади. Жисмоний тарбия бериш учун эса бирор фойдали меҳнатга жалб қилиш, сузиш, мерганлик, чавандозлик каби машғулотларни ўргатиш мумкин.

Болаларга ёшлигидан бошлаб Қуръони карим қисса­ларидан, пайғамбарларнинг ҳаёти ҳақида нақл қилувчи турли ривоятлардан, халқ эртаклари ва достон­ла­ридан, топишмоқлар, мақол ва маталлардан ўқиб бе­риш, сўз­лаш ёки уларнинг ўзларига ўқитиш ҳам керак. Бу билан болаларнинг зеҳни ўсади, фикри кенгаяди, дунёқараши бойийди, хотираси кучаяди. Энг асосийси, бола эшитганларидан ибратланиб, яхши одамларга эргашишга интилади, уларнинг хулқу одобидан баҳ­раманд бўлади.

Ўғил-қизларининг зеҳни ўсишини, ақл-идрокли, фикр­ловчи бўлиб улғайишини истаган ота-оналар уларга ки­чиклигидан турли ибратли ҳикояларни, улуғ­ла­ри­миз­нинг ҳаёт йўллари ва фазилатлари ҳақидаги ривоятларни, рамзий маънодаги яхшиликка, чиройли ахлоқ ва одобга чорловчи эртакларни сўзлаб беришса, улар маънавиятини юксалтиришда катта тарбиявий иш қилган бўлишади. Қуйида мисрлик олим Абдуллоҳ Абдул Мутиънинг «Исломда тарбия» китобидан бир неча шингил эртак­ларни келтириб ўтишни лозим кўрдик.

Хўроз ва тулки. Ҳикоя қилишларича, бир хушовоз хўроз бўлган экан. Одатда у сайр қилар, қишлоқдаги кичкина уйча олдида қанотларини ёйганича офтобда тобланар экан. Туннинг маълум пайтларида вақти-вақти билан қичқириб қўяр экан.

Бир куни унинг ёнидан айёр тулки ўтиб қолибди ва унга: «Бугун жуда чиройли бўлиб кетибсан, хўрозвой, патларинг топ-тоза, тожинг ялтираб турибди, сеникидан ёқимлироқ овозни ҳеч қачон эшитмаганман, лекин сенинг овозинг қачонлардир эшитганим отанг товушидан бутунлай бошқача экан», дебди. (Бу тулки ўйлаб топган ҳийла эди). Шунда хўроз тулкига: «Э йўқ, менинг овозим ҳам отамники каби жозибадор», дебди. У шундай дегач, қа­нотларини қаттиқ қоқиб, кўзларини юмиб қичқиришга ҳозирланганида, тулки уни шартта тутиб олибди.

Қўлга тушган хўроз қандай қилиб тулки чангалидан қу­тулиш йўлини ўйлай бошлабди. Тулки унинг бўйнидан тишлаб турганида, хўроз бундай дебди: «Бу хўроз фақат менга тегишли, уни ҳеч ким билан баҳам кўрмайман», деб баланд овозда ҳаммага эълон қилиб чиқ!» Тулки жағини очиши билан хўроз ерга тушибди ва кўз очиб-юмгунча дарахтга учиб чиқиб, тулкидан қутулибди. Тулки қилиб қўйган ишидан афсусланибди ва: «Сукут қилиши керак бўл­ган пайтда гапирган оғизни Аллоҳ кечирсин!» дебди. Шунда хўроз: «Очиқ бўлиши керак пайтда юмилган кўзни ҳам Аллоҳ кечирсин», дебди.

Қуён ва тошбақа. Жуда қадим замонларда бир-бир­ларига қўшни бўлиб қуён ва тошбақа яшашган экан. Бир куни тошбақа қуёнга бундай дебди: «Мени доим секин юришда айблайсан, сен эса чопағонсан. Бугун мен сени пойга ўйнашга чақираман». Қуён эса мағрурланиб: «Хо-хо-хо, мендай чопқир қуён аранг-аранг ўрмалаб юрадиган тошбақа билан пойга ўйнарканми? Бу ҳақи­қатан кулгили гап!» дебди.

Бироқ қуён тошбақани бир шарманда қилиш учун олдиндаги тепаликкача унинг билан пойга чопишга рози бўлибди. Улар мусобақани бошлашибди.

Қуён ўзининг чопқирлигини яхши билганидан, мусоба­қада ғолиб бўлишига қаттиқ ишон­ганидан, талта­йиб-керилиб пойгага киришибди. Шунинг учун йўл-йўлакай ўйноқлаб, беда ва сабзи учраса, улардан еб, анча вақ­тини йўқотибди. Тошбақа эса жиддийлигини сақлаб, белгиланган маррага етмагунича йўлида собит­қадамлик билан давом этаверибди. Қуён тошбақанинг қаерда келаётганини кўриш учун атрофига алангласа, у алла­қачон тепаликка етиб борган экан. Энди қуён тошбақага етиб олишга кечикканини англаб­ди.

Шундай қилиб, тошбақа ўзининг сабр-матонати ва тиришқоқлиги туфайли пойгада ютиб чиқибди. Қуён бўл­са, чопағонлиги ва эпчиллигига ишониб мағрурлан­гани, вақтида ҳаракат қилмагани учун ютқазиб қўйибди.

Сичқон ва ёғ. Сичқон ошхонага кириб, қопқоқсиз шиша идиш тўла ёғ топиб олди. У думини шиша ичига со­либ-чиқариб, ялади. Тўйгунича бу ишини бир неча мар­та такрорлади. Кейинги кечаларда ҳам бу одати билан қорнини тўйдириб юрди. Ниҳоят, бир куни идишдаги ёғ камайиб тагига тушиб қолганидан, унга сичқон­нинг думи етмади. Шунда у оғзини тўлдириб сув олиб келди ва идиш тўлиб, ундаги ёғ тепага кўтарилгу­нича (чунки ёғ сувдан енгил) сув қуяверди. Шу йўл билан у идишдаги ҳамма ёғни ялаб, унда сувнинг ўзини қолдирди.

Бундай ибратли эртак, ривоятлар болаларнинг ақлини ўстиради, яхши­ликка, эзгуликка чақиради, ёмонликлардан узоқда бўлиш­га ундайди, улар фикри ва онгини ривожлантиради. Болалар бирор ёмон қилиқ қилишса, енгил танбеҳ, тушунтириш воситасида бунинг ёмонлигини билдириш лозим.

Бола кичиклигида унинг тарбиясини ўз ҳолига ташлаб қўйган, онги, зеҳни, ақли, одобини шаклланти­риш билан шуғулланишга вақт тополмаган ёки бунга ҳафсала қилмаган ота-она фарзанди улғайгач, аччиқ надомат ҳосилини теради. Фарзандлари қалбига йўл топа олмаёт­ган, улар билан муросалари келишмаётган ота-она аввало ўзларини уларнинг ўрнига қўйиб, шу ёшда мен қан­дай фикрлаган ва қандай иш тутган бўлур эдим деб, шу ҳақда бироз мулоҳаза юритиб кўришса, ҳамма нарса жойига тушади. Бунинг устига давр, замонлар орасидаги фарқни ҳам унутмаслик керак: замон ҳеч қачон бир жойда қотиб турмайди. У ўзгариб, тараққий этиб боради. Бу ҳақда ҳазрат Али (розиял­лоҳу анҳу): «Фарзандла­рингизни ўзларининг даврига мослаб тарбияланглар», деганлар. Чунки кечагина ардоқланган нарса бугун эътибордан қо­лиши ёки аксинча, кеча қадри бўлмаган нимадир бугун энг қиммат­ли нарсага айланиши  мумкин.

Шу омиллар эътиборга олинмаса, «ҳозирги ёшларга қойил қолмадим, биз ўз давримизда бундоқ қилардик, бизлар мана бундоқ эдик» каби маломат ва надоматлар кўпаяверади, катталар ва болалар ўртасидаги зиддият-тўқнашувлар авжига чиқаверади.

Бола улғайиш жараёнида ҳамма нарсани асосан атрофидаги катталардан ўрганади. Улардан ибрат олиб, уларга тақлид қилиб, ҳаётий таж­риба орттира боради. Энди ўзингиз қўпол ва бадхулқ бўл­сангиз-у, болангиз­ни чиройли хулқли ва одобли қилиб тарбия­лай­ман деб ўйласангиз, хато қиласиз. Агар ўзингиз чексангиз ёки ич­сангиз-у, фарзандингизни бу ёмон иллатлардан қайта­раман десангиз, умидингиз ва ҳаракат­ларингиз пучдир. Ўзингиз ёлғон гапирувчи ёки алдоқчи экансиз, болангиздан ростгўйлик ва омонат­дорлик кутиб овора бўлманг.

«Қасосли дунё, қайтар дунё» деган гаплар бор. Ўзингиз ота-онангизга ёки бошқа яқинларингизга қан­дай муомала-муносабат қилган бўлсангиз, буни фар­занд­лари­нгиздан албатта кўрасиз. Ўз навбатида, фарзандингиз сизга қандай беодоблик қилган ёки алам ўтказган бўлса, у ҳам фарзандидан шуни албатта топа­ди. Бу нарса занжир халқалари каби даврлар оша бир-бирига боғланиб кетаверади. Келажакда фарзандингиз ҳам сиз каби «авлодлар тўқнашуви» азобини тортиб юрмасин десангиз, ана шу салбий занжир халқаларини узиб ташла­шингизга тўғри келади.

Бу борадаги ажойиб ривоятларни ҳам кўп эшитган­сиз: «Бир йигит отасининг соқолидан тутамлаб ураёт­ганига маҳалла-кўй шоҳид бўлиб, қаттиқ изтиробга тушибди, “инсон фарзанди отасини ҳам урадими”, деб қайғу чекибди. Шунда кўпни кўрган бир отахон: “Бунга ажабланмасангиз ҳам бўлади, ҳозир хўрлик кўраётган киши ёшлигида отасининг соқолидан тортиб худди ҳозиргидай урган эди.  Мана энди ўзига қайтди”, деган экан».

Яна бир ҳикоят: узоқ умр кўриб, фарзандларига малоли келиб қолган отани ўғил хотинининг маслаҳати билан шаҳар ташқарисига ташлаб келиш учун йўлга чиқибди. Чарчаб, бир дарахт соясида дам олишга тўхтаганида, ота­си негадир жилмайиб қўйибди. Ўғли бунинг саба­бини сўраса, «Бундан кўп йиллар муқаддам мен ҳам отам­ни адирга ташлаб келиш учун йўлга чиққанимда худди шу ерда тўхтаб, дам олган эдим», деб жавоб қил­ган экан.

Шу ўринда бир воқеани эслашга тўғри келди. Яқинда рес­публика телеканалларидан бирида отасининг ароқ­хўр­лигидан безиб, уни қариялар уйига ташлаб келган бир ўзбек йигитини муҳокама қилишди. Аввалига ҳамма йигитнинг қилмишини маъқуллаб, ичкиликка ружу қўйган отани танқид қилишни бошлаб юборди. Бир отахоннинг: «Ҳой биродарлар, нима деяпсизлар, динимизда фарзанд отанинг қилмишини кўпчилик муҳокамасига ташлаши у ёқда турсин, ҳатто унга ово­зини баландлатиб гапиришдан қайтарилган-ку, му­сул­мон киши отаси ҳатто мушрик бўлсаям, унга шафқат кўрсатишга буюрилган-ку!» деб  эътироз бил­дир­ганидан кейингина вазият ўзгарди.

Замондош олимларимиздан бири ёзганидай, «барча нарса асли билан боғланган ҳолда мустаҳкам бўлади, аслидан узилган ҳар бир нарса хорлик ва харобликка маҳ­кум. Кишининг асли ота-онасидир. Чунки унинг ўсиб-улғайиб, камолга етиши уларга боғлиқ. Ота-она­сидан узилган бирор кимсанинг толеи-бахти ҳеч қачон баланд бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Ота-онасидан ёки уларнинг биридан узилган, ажралган кимса “оқ” деб аталади. Ота-онадан узилиш уларни ранжитишдир. Уларнинг қалбига озор етказган, норози қилган ўғил ёки қиз “оқ”дир ва қаттиқ гуноҳкордир».

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм