Мақолалар

Фарзанд тарбиясидаги нозик нуқталар

Чоп этилди Iyun 21, 2019 Фарзанд тарбиясидаги нозик нуқталарda fikr bildirishni o'chirish

Фарзандларнинг келажакда гўзал ахлоқли ва чиройли тарбияли бўлишида ота-она фарзанди ҳақига қиладиган хайрли дуолар ўрни беқиёсдир. Чунки дуо ибодат мақомида. Аллоҳ таоло ҳар бир ишда Ўзидан ёрдам сўрашимизни ях­ши кўради. Бундан ташқари, ота-онанинг фарзанди ҳақига қилган дуоси мустажобдир. Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғам­баримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

“Уч кишининг дуоси қабулдир: отанинг фарзандига қилган дуоси, мазлумнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси”, деганлар. Ота-она бундай неъмат ва им­ко­ниятдан унумли фойдаланиши ва фарзандларининг келажакда солиҳ ва тарбияли инсон бўлиб камол топишини Аллоҳдан сўраши лозим. Ҳатто пайғам­бар­лар ҳам яхши фарзанд сўраб дуо қилишган. Жумладан, Иброҳим сурасининг 35-оятида бундай дейилади:

«(Эй Муҳаммад!) Эсланг, Иброҳим айтган эди: “ЭйРаббим! Бу шаҳарни (яъни, Маккани) тинч қил­гин, мени ва авлодларимни санамларга сиғи­ниш­дан йироқ қилгин!”»

Яна Оли Имрон сурасининг 38-оятида бундай дейи­лади:

«Ўша жойда Закариё Раббига илтижо қилиб, деди: “Раббим, менга (ҳам) ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Дарҳақиқат, Сен дуони эши­тув­чи­дирсан”».

Ота-она фарзанди ҳақига ёмон дуо қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлиши керак. Чунки, юқорида айтганимиздек, уларнинг фарзандлари ҳақига қилган дуолари қабул­дир. Абдуллоҳ ибн Муборакдан ривоят қилинишича, унинг олдига бир ота ўз ўғлидан  шикоят қилиб келади. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак у отадан, сиз ўғли­нгиз ҳақига яхши дуо қилармидингиз ёки ёмон дуо қилармидингиз, деб сўрайди. Ота эса ёмон дуо қилиши­ни айтади. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак у одамга ўғли­нгиз­ни ўзингиз бузган экансиз, деб койий­ди. Демак, боланинг келажакда комил инсон бўлиб ети­шиши ёки жоҳил бўлишига ота-онанинг дуолари катта таъсир қилар экан.

Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумуд-дин» китобида бундай дейилади: «Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, унинг устида ўсаверади, дунё ва охиратда саодатли бў­лади, ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади».

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Авлодларингизни,биринчидан:

“Аллоҳни севадиган қилиб тарбияланглар…” Чунки Аллоҳ таоло уни йўқдан бор этиб, ота-онани унинг дунё­га келишига сабабчи қилди. Ва уларнинг қалб­ларига фарзанд меҳру муҳаббатини солди. Агар Аллоҳ таоло фарзанд муҳаббатини қалбга солмаганида, уни бағрига босмасди, раҳм-шафқат қилмасди, кўчага таш­лаб кетган бўларди. Шунинг учун фарзанд Аллоҳ таоло­ни севиб, унга шукрлар қилиши лозим.

Иккинчидан:

“Аллоҳнинг Расулини севадиган қилиб тарбияланг­лар”. Чунки Аллоҳ таоло Расулуллоҳни (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам) халқ орасидан танлаб олиб, халққа Пайғам­бар қилиб юборган. Қуръони каримнинг Анбиё сураси 107-оятида ул зотни “Биз сизни (бутун) оламларга раҳмат қилиб юбор­ганмиз”, дейилган. Пайғамбаримиз инсон­ларга ота-онасидан ҳам меҳри­бонроқ бўлган, дунёдаги барча яхшиликларни ўргатган зот, бутун дунё аҳлининг устози саналади.

Учинчидан:

“Аллоҳнинг Китобини севадиган қилиб тарбияланг­лар…”. Чунки бу Китоб инсониятни ҳидоятга чорлайди.

Бу учта талаб инсон фарзандига ўргатилиши лозим бўлган қоидалардан саналади.

Муҳтарам Президентимиз: “Биз фарзандларимизни дунёвий билимлар билан бир қаторда Имом Бухорий тўплаган ҳадислар, Нақшбандий таълимоти, Термизий ўгитлари, Яссавий ҳикматлари асосида тарбия қилмоқ­дамиз”, деганлар.

Тарбия бир неча хилга бўлинади: бадан тарбияси, ру­ҳий тарбия, ақл ва фикр тарбияси, ахлоқий тарбия, ирода тарбияси, сўзлашув тарбияси, меҳнат тарбияси ва бош­қалар.

  1. Бадан тарбиясига болани жисмонан бақувват қи­либ тарбиялаш, тозалик ва покликка ўргатиш (замона ти­ли билан айтганда – санитария-гигиена), спорт ва бадантарбия машқларига кўниктириш кабилар киради. Боласининг соғлом бўлишини орзу қилган ота-оналар улар билан кўпроқ очиқ ҳавода сайр қилишлари, сузиш, чавандозлик, кураш ўйинлари, мерганлик каби машғулот­ларга сафарбар қилишлари лозим.

Ислом дини инсон ҳаётининг фақат руҳий, маъна­вий камолотига эътибор берибгина қолмай, айни вақтда унинг жисмоний жиҳатларига ҳам жиддий эътибор қа­ратади. Уламолар руҳий ва моддий ҳаётни худди нарвоннинг икки зинапоясига ўхшатишади. Яъни, икки тараф баравар – тенг бўлиши учун ҳаракат қилиш лозимлиги уқтирилади. Инсоннинг эътиқоди кучли бўлиши билан бирга бадани, жисми ҳам соғ, чиниққан, ҳар қандай машаққатларга бардошли бўлмоғи лозим. Бу хусусда Пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

عَنْ أَبِى هُريرة رضى الله عنه قال: قال رَسُولُ الله صَلَّى الله عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ: “المؤمن القوي خير وأحب إلي الله من المؤمن الضعيف

Яъни, “Кучли мўмин киши Аллоҳ ҳузурида кучсиз мў­миндан яхшироқ ва маҳбуброқдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Аввал қайд қилганимиздек, юртимиз ёшлари ўртасида спорт турлари бўйича турли мусобақалар ўтказиш анъана тусига кирган. Олий таълим муассасалари талабалари ўр­тасида “Универсиада”, ўрта махсус ва касб ҳунар таълими масканлари талабалари орасида “Баркамол авлод” ўйинлари ҳамда ўрта мактабларнинг ўқувчилари орасида “Умид ни­ҳоллари” мусобақалари ўтказилиши анъанага айлангани ва улар ёшларимизнинг соғлом вояга етишларида нечоғли аҳамиятга эга эканини кўришимиз мумкин.

  1. Руҳий тарбия вазифаси боланинг мақсади, эътиқо­ди, диёнати, имонини шакллантириш, унинг чин инсоний фазилатларини камол топтириш; ҳиссиётга берилувчан ва таъсирчан болаларда ҳақиқатни кўра билиш, жасурлик, матонат каби хислатларни шакллан­тириш, аксинча, дий­даси қаттиқ болаларнинг қалбини юмшатади­ган омил­лар ёрдамида уларни майин ҳиссиётли қилиб тарбиялаш­дан иборат. Болани руҳий тушкунликка тушишдан, қи­йинчиликлар олдида эсанки­раб қолишдан ҳимоялашда бундай тарбиянинг аҳамияти катта.
  2. Ақл ва фикр тарбиясини яхшилаш учун бола­нинг фикрлаши, заковати, хотираси ва мушоҳада қобилиятини такомиллаштиришга ёрдам берувчи машғулотлар ўтказилади, унга турли ибратли эртак ва ҳикоялар сўзлаб берилади, зарур билим ва маълумот­лар ёдлатилади. Одатда, болалар кичик ёшда ҳар бир кўрган нарсаси ҳақида сўрайдиган, уларни текшириб, синаб кўрадиган, тинимсиз саволлар беради­ган бўлади. Бундай пайтда уларнинг савол­ла­рига эринмай, ҳафсала билан, тушунарли, содда қилиб жавоб қайтариш керак.
  3. Ахлоқий тарбия бериш учун, энг аввало, ота-она фарзандига ахлоқ ва одоб бобида ўрнак кўрсатиши, одоб­дан мунтазам сабоқ бериб бориши керак бўлади. Чун­ки одоб охират неъматларига етказувчи асосий восита­лардан ҳисобланади. Бу фикр барча динларда бирдай тасдиғини топган. Қуръони каримда ҳам, Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадисларида ҳам одоб-ах­лоқ масаласига алоҳида эътибор берилган.

Қуръони каримда бундай оят бор:

«Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен (оёқларинг билан) зин­ҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан» (Исро,37).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир ҳадис­ларида:

عَنْ أَبِى هُريرة رضى الله عنه قال: قال رَسُولُ الله صَلَّى الله عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “أدّبُوا أَولادَكُم وأَحْسِنُوا آدَابَهُم”

“Болаларингизга одоб беринглар ва одоб­лари­ни чиройли қилинглар”, деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).

Киши ўғил-қизини кичик ёшдан тарбиялаб, одоб бермо­ғи керак. Бола маълум ёшга етгач, унга баъзи нарсалар­ни қабул қилдириш қийин кечади. Бунда оила раиси оила аъзоларининг баъзи айбларини кечириши керак бўлади. Заиф ва кичиклар айб қилишлари мумкин. Шунинг учун уларни қўрқитишдан кўра кечириш яхшироқдир.

Шунингдек, болаларни камситмаслик, уларнинг одоб­лиларини ибрат ўлароқ мисол қилиб келтириш, катта­ларнинг бола олдида ўзларини яхши, одобли тутишлари, сўкинмасликлари ва уришмасликлари жуда муҳимдир. Ота-она ўзлари одобсиз бўлишса, бола­ларини одобли қи­ламан деб уринишлари асло самара бермайди. «Кишининг дини дўстининг дини кабидир» ҳадисига мувофиқ, боланинг улфат ва дўстлари ким эканига алоҳида эътибор қаратиш керак.

  1. Ирода тарбиясидан мақсад фарзандингизни иродаси кучли шахс қилиб камол топтиришдир. Бунда болага ўз нафси билан курашиш, шахсий орзу ва эҳтиёжларини жиловлаш ёки зарур бўлса, улардан воз кеча олиш, ўз манфаатларини бошқалар ва жамият ман­фаат­ларидан устун қўймаслик кабилар ўргати­лади. Таомилда, боланинг қайсарлик даврида (тўрт ёш­дан ўн олти ёшгача) олиб бориладиган ирода тар­бия­сида бироз қаттиққўллик, чидам керак бўлади, аммо айни дамда у севги, меҳрибонлик, самимий­ликни ҳам ҳис этиб турсин.
  2. Сўзлашув тарбияси ҳам бола камолотида муҳим ўрин тутади. Одатда, ўғил-қизлар бир ярим-икки ёшдан гапира бошлашади. Уларга кичиклигидан сўзларни тўғ­ри талаффуз қилишни, фасоҳатли гапиришни, катта­лар­га мурожаат қилиш одобларини ўргатиш, сўкишиш ва беҳаё сўзларни ишлатишнинг ёмонлигини тушунтириш лозим. Болаларда катталарга тақлид қилиш кучли бўлгани учун улар олдида фаҳш, ҳақоратли сўзларни айтиш, сўкиниш, қўпол гапириш, маҳма­доналик каби иллатлардан тийилиш зарур. Инсон ўз фарзандини тарбия қилишда жуда эҳтиёт бўлиши лозим. Чунки, юқорида айтганимиздек, улар катталарга жуда тез тақлид қилишади. Аввало, болаларга тўғри гапирмо­ғимиз даркор. Энди тили чиқ­қан вақтида фарзандимиз оғзидан чиқаётган нобоп сўзлар­га бефарқ бўлмасдан, бундай сўзлар яхши эмаслигини дарҳол уқтиришимиз лозим. Акс ҳолда, бир кун келиб ўша сўзлар фар­зан­димиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши оқибатида ўзимизга нисбатан ҳам айтилиши мумкин.
  3. Меҳнат тарбияси бериш учун болага ҳалол касб билан кун кўриш ҳақида насиҳатлар қилинади, меҳнат­га муҳаббат уйғотиш учун болалигидан унга турли майда юмушлар буюриб турилади. Турли касб-ҳунарлар ўр­гатилади, агар бунга ўзи қодир бўлмаса, бирор устозга берилади.

Бола қалбига ёшлигиданоқ имон, эътиқод уруғларини сепиш, унга Парвардигоримизни ва Пайғамбаримизни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) танитиш ҳамда севдириш лозим. Чунки имони, диёнати, виждони бўлмаган бола жоҳил, нодон, ёвуз, жамият ва эл манфаатларини назар-писанд қилмайдиган худбин кимса бўлиб ўсади. Давлатимиз ва миллатимиз учун бундай каслар эмас, балки қалби тоза, уйғоқ, илмли ва мўмин инсонлар зарурдир. Болани шу йўсинда тарбиялаш ҳамманинг муҳим вази­фаси бўлиши керак. Юртбошимиз «Биз фарзандларимизни Имом Бухорий ҳадислари, Яссавий ҳикматлари, Термизий ўгитлари, Нақшбанд таълимоти асосида тарбиялашимиз керак», деганларидек, фарзандимизни Аллоҳдан қўрқади­ган, жамиятга фойда келтирадиган, халқига хизмат қиладиган диёнатли инсон этиб тарбиялашимиз  келажакда унинг комил инсон бўлиб улғайишига замин бўлади.

Ота-оналар фарзандлари билан муомала қилишда адолатли бўлишлари, бирини бошқасидан, ўғилларни қиз­лардан ёки аксинча, ажратмасликлари керак. Совға беришда, лутф ва меҳрибончиликлар кўрсатишда, эрка­лаш ва илтимосларини бажаришда барча фарзанд­лар­ни тенг кўриш лозим. Чунки улар орасида совға-саломда тенглик йўқолса ёки бирини койиб, унинг ёнидаги иккинчиси мақталиб эркалатилса, ака-ука ёки опа-сингил­лар орасида бир-бирига ҳасад қилиш ва кўролмас­лик келиб чиқади. Тадқиқотлар натижасида болаларда ҳасад, кўролмаслик ва бировга нисбатан душманлик ҳиссини туйиш каби ёмон туйғулар шаклланишига оилада фарзандлар ўртасидаги адолатнинг йўқолиши кўпроқ таъсир кўрсатиши аниқланган. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Аллоҳ таоло ўрталарингизда адолат қилишингизни яхши кўргани каби фарзандларингиз орасида ҳам адолат қилишингизни яхши кўради», деганлар.

Агар болаларга атаб бирор нарса олиб келсангиз, тар­қатишни энг олдин қизлардан бошланг. Чунки қиз бола таъсирчан, кўнгли нозик, салга хафа бўлиб қола­ди­ган бўлади. Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) бундай ҳадис бор: «Ким қиз болаларни хурсанд қилса, Аллоҳ­дан қўрқиб йиғлагандек бўлади, ким Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғласа, Аллоҳ таоло унинг баданига дўзах ўтини ҳаром қилади».

Фарзандларга меҳр-шафқатли бўлиш, уларни суюб эркалаш, ҳамиша очиқ чеҳра билан мулойим муомала қилиш, зарурий эҳтиёжларини қондириш, ҳар жабҳада уларга шахсий ибрат кўрсатиш, Аллоҳ таоло берган омонат бўлмиш ўғил-қиз фарзандларни гуноҳ ва ёмон ишлардан қайтариб туриш ота-онанинг муҳим вазифа­ла­ри­дандир. Ҳар бир ота-она фарзандларининг турли бузуқ ақида ва ножўя оқимларга кириб қолмаслиги учун уларга Аҳли суннат вал жамоа ақидаси, Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) мазҳаби таълимоти асосида тар­бия беришлари зарур.

«Тарбияни қачон бошлаш керак?» деган савол азалдан ёш ота-оналарнинг бошини қотириб келади. Бу саволга эса бир ривоят билан жавоб қайтариш тўғрироқ бўлур эди. Бир киши донишманд ҳузурига келиб: «Фарзандимга неча ёшидан тарбия беришни бошлашим керак?» деб сўрабди. Донишманд: «Фарзандингиз неча ёшда?» дебди. «Икки ёшга кирди», жавоб қилибди бояги киши. Шунда донишманд: «Сиз тарбия беришда икки йилга кечикибсиз», деган экан.

Аммо болага тарбия ва одоб беришда шошқалоқлик ярамайди. Битта дарахтни парваришлаб, ҳосилга киритиш учун бир неча йил кутиш керак бўлганидай, бир фарзандни комил тарбия ва ахлоқ билан зийнатлаш учун ҳам кўп йиллар керак. Тарбия ота-онадан ва мураббий-устозлардан узоқ вақт чидам, бардош, сабр ва фидойиликни талаб этади.

Турмуш қурган эр-хотин олдида энг шарафли ва муҳим иш: фарзанд кўриш ва унга келажакда миллатига, ота-онасига, жамиятига манфаат келтирадиган қилиб, муносиб тарбия бериш  вазифалари туради. Барчамиз­га маълумки, бугунги кун ёшлари бизнинг меросхўрларимиз ва келажакда ҳаётнинг барча соҳа­ларида бошланган катта-кичик ишларимизни давом эттирувчи ўринбосар­ларимиздир. Ҳар бир даврнинг ўзига хос табиати ва шарофати бўлганидек, фан ва техника жадал тараққий этиб бораётган  асримизда ёшлар тарбияси ҳам алоҳида ўзига хослик касб этади.

Фарзандларимизнинг илмий савиялари, касбу ҳу­нар­лари билан бир қаторда ахлоқий фазилатлари ҳам кў­пайиб бориши зарур. Ёш авлоднинг таълим ва тарбия­си тўғрисида ғамхўрлик қилиш фақат ҳуку­матимизнинг ёки мактабларнинг эмас, биринчи навбатда ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчларидан ҳисобланади.

Ҳар бир инсон ўз фарзанди яхши, баркамол насл бў­либ етишишини орзу қилади. Катта бўлгач, жамият­да ўзига муносиб ўрин эгаллаб, Ватанига содиқ, элу хал­қининг хизматига тайёр, виждонли ва диёнатли бўли­шини ният қилади.

Лекин ҳамма ота-онанинг ҳам ўз фарзандларига меҳр-оқибати ва тарбиявий муносабати бир хил бўлавермас экан. Айримлар бола тарбияси хусусида жуда бепарволик қи­лишади. Улар учун бу дунёда фақат ўз шахсий юмуш­лари, моддий маблағ тўплаш йўлидаги ташвишлари би­ринчи ўриндаги вазифа-ю, оила аъзоларининг ахлоқий тар­бияси билан шуғулланиш иккинчи даражали иш кўринади.

Фарзанд тарбияси ҳақида олдинлари ҳам жуда кўп гапирилган. Лекин бугун мавзуга яна бир бор қайтиб, бу соҳада оналарнинг фарзанд тарбиясидаги бурчлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.

Онанинг бурчларидан яна бири фарзандга меҳри­бон­лик кўрсатиб, уни азият берадиган турли нарсалар­дан сақлаган ҳолда, вақтида озиқлантириб, ювиб-тараб, тоза кийинтириб, касал бўлишига йўл қўймай, парваришлашда эринчоқлик ёки дангасалик қилмай, доимо ҳушёр ва хабардор бўлишдир. Лекин, афсуски, барча оналар ҳам ўз фарзандларига оналик меҳрини бахш этавермайдилар. Шундай аёллар ҳам бор, улар ўз болаларини бекордан-бекор болалар уйларига топшириб юборадилар.

Мусулмон одобига доир «Маънавий зиёфат» кито­би­да келтирилган бола тарбиясидаги энг муҳим жиҳат­ларни эсга олсак, фойдадан холи бўлмас.

Фарзандларга меҳрибонлик, раҳм-шафқат кўрсатинг, улар билан юмшоқ муомалада бўлинг, сабабсиз тергаманг. Тез-тез уларни қучоқлаб, бош-кўзини меҳр билан силаб туринг.

Улар билан мунтазам бирга бўлишга ҳаракат қи­линг: машғулотлар ўтказинг, ўйинларига аралашиб ту­ринг, ҳазил-мутойиба қилинг, нутқини ўстириш билан шуғулла­нинг.

Уларни асло қарғаманг, ёмон сўзлар билан сўкманг, ёмон дуо қилманг. Чунки бу нарсалар фасодга йўлиқ­ти­риб, оилангизга фақирлик келтиради. Аксинча, яхши дуо­лар қилиб, уларга имон-эътиқод, инсоф, яхшиликлар тиланади.

Боласини калтак воситасида тарбия қилишни ўйла­ганлар қаттиқ адашади. Чунки фарзанд яхши сўзнинг гадоси, ёмон гапириш, калтаклаш болани оиладан, ота-онадан бездиради, холос.

Ўн ёшга етган ўғил ва қиз болалар алоҳида ётқизи­лади, чунки аксинча ҳолат фитнага сабаб бўлиб қолиши мумкин.

Болаларингизга уларнинг қурби етмайдиган хизмат ва топшириқларни асло бера кўрманг. Чунки буни бажара олмай, ёлғон гапиришлари, ҳийла излашлари, ҳатто ота-онага осий бўлиб қолишлари мумкин.

Ота-она қарамоғидаги болаларига ўзи еган овқатни едиради, ўзи кийган кийимларни кийдиради, нафақа ва эҳтиёжларини қондиради.

Қуйида марҳум устоз, таниқли олимларимиздан Са­лоҳиддин Муҳиддиннинг фарзанд тарбияси бораси­даги маслаҳатларини эътиборингизга ҳавола этамиз:

«Ёш фарзандларни овқатдан олдин ва кейин қўл ювишга, овқатланишни «Бисмиллоҳ» билан бошлашга, ўнг қўл билан ейишга, еб бўлганидан сўнг Яратганга шукр айтишга одатлантиришингиз лозим. Шунингдек, ўнг қўл билан ёзиш, кийим кийганда ўнгидан бошлаш, уйга ўнг оёқ билан кириш, ҳар бир ишни «Бисмиллоҳ» билан бошлашга ҳам ўргатинг.

Болаларга тозаликка риоя қилиш, тирноқларини олиш, кийимларини тоза-пок сақлаш, таҳоратхонага кириш-чиқиш тартибларидан таълим беринг.

Фарзандларга холи ҳолда, уялтирмай, бошқалар олдида шарманда қилмай насиҳат қилишингиз лозим. Баъзан шўхлик қилиб, гапингизга қулоқ солишмаса ёки бирор ишда хато қилишса, уларни урмай-сўкмай, ту­шун­тиришингиз зарур. Жуда иложи бўлмай қолга­нида икки-уч кун гаплашмай қўйсангиз, кифоя.

Иложи бўлса, болаларнинг ҳар қайсисига алоҳида-ало­ҳида ўрин солиш, агар имконияти бўлса, қиз ва ўғил болаларнинг хоналарини бўлак қилиб бериш уларнинг тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади.

Ўғил-қизларингизни кўчага ифлос чиқмасликка,  ҳов­ли ташқарисига ва кўчаларга одамларга азият-зарар бера­диган ахлат, ифлос нарсаларни ташламасликка ўргатинг.

Фарзандларингизнинг кимлар билан дўст ва ҳамсуҳбат бўлишларига эътиборли бўлинг, кўчада сабабсиз, бемақсад туриш ва юришла­рига, сиздан сўрамай, узоқ вақт бирор машғулот билан шуғулланишларига ёки олис жойга равона бўлишларига рухсат берманг.

Фарзандларни уйда ва кўчадаги таниш-нотаниш одамларга «Ассалому алайкум» деб салом беришга, қў­ни-қўшниларга яхшилик ва ёрдам кўрсатишга, азият етказмасликка, уйингизга келган меҳмонга ҳурмат кўрсатиш ва хизмат қилишга одатлантиринг.

Ўғил-қизларингизни куфр сўзлардан, бировларни ҳа­қорат қилишдан, беҳаё гапларни гапиришдан қай­таринг. Буларнинг ниҳоятда ёмонлигини, ярамас сўз-гаплар туфайли одам қаттиқ гуноҳкор бўлиши ва зарар кўришини мулойимлик билан тушунтиринг. Ўзингиз ҳам бу борада уларга ибрат-намуна бўлинг, чиройли ахлоқ соҳиби эканингизни исботланг.

Фарзандларни қиморнинг турли кўринишлари, қар­та, ошиқ ва ўртага пул қўйиб ўйна­ладиган барча ўйинлар­дан қайтариш даркор. Қимор бўл­маса ҳам, қимматли вақ­ти­ни беҳуда совурадиган, дарс тайёрлаш ва фойдали маш­ғулотлардан айирадиган ўйинларни ҳам чеклаш лозим.

Уларнинг ахлоқсиз, беҳаё, фаҳш суратли газета-жур­наллар, китобларни ўқишларига, жинсий муноса­батла­рни, шафқатсизлик, ахлоқсизлик, ёвузликларни тар­ғиб қила­диган филм ва томошаларни кўришларига йўл бер­манг.

Фарзандларингизни сигарет чекиш ва ароқ ичишдан қайтариб, бу иллатларнинг инсон соғлиғи ва иқтисоди­га қанчалар зарар келтиришини, кулфатга бошлашини эрин­май тушунтиринг. Бунинг ўрнига мева ва ширин­ликлар истеъмол қилишга тарғиб этинг”.

Ўғил-қизларимизни ҳар қандай ҳолатда ҳам рост сўз­лашга, ёлғонни ҳатто ҳазил тариқасида ҳам гапир­мас­ликка, ваъдага албатта вафо қилишга ўргати­шимиз ло­зим. Чунки ёш болалар одатда ўта таъсирчан ва тақлид қи­лишга ўч буладилар. Ёлғонни атрофидаги муҳитдан ўрганиб, ота-онаси ёки ака-укаларидан бирор ман­фаатга эришиш учун ёлғон ишлатишлари мумкин. Тўғ­рилик ҳар бир яхшиликнинг асоси, ёлғон эса ҳар қандай ёмонликнинг онаси ва бошланишидир. Пай­ғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Албатта, тўғрилик яхшиликка бошлайди. Яхшилик жаннатга бошлайди. Ёлғон ёмонликка олиб боради. Ёмонлик эса дўзахга олиб боради”, деганлар. Ўзимиз ҳам уларга бирор нарса ваъда қилсак, олиб беришимиз, борди-ю, бунинг имкони топилмай қолса, уларга тушунтириб, муддатини узайти­ришимиз керак. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ота-она фарзандини “Болам, бу ёққа кел, бир нарса бераман”, деб чақирса-ю, аммо бермаса, у ёлғон­чидир», деганлар. Фарзандларни ҳалол топган моли­миз­дан едириб-ичиришимиз, судхўрлик, пора, ўғрилик, ал­дам­чилик, зулм билан топиладиган нарсалардан эҳтиёт­лашимиз лозим. Зеро, бундай маблағлар билан озиқланган бола бадбахт, итоатсиз, қўрс-қўпол ва ёвуз бўлиб улғаяди. Фарзандларимизни тарбиялашда уриш, сўкиш ва қаттиқ чекловлардан олдин уларни тўғри билан нотўғрини, фойда билан зарарни ажратишга ўргатишимиз керак. Чунки биз қанчалик чекловлар қўймайлик, нима фойдаю нима бефойда эканини тушунтира билмасак, улар бу ишларни яширин ҳолда ҳам қилишлари мумкин.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм