Мақолалар

Шайтон шериклигидан сақланишнинг ҳикмати

Чоп этилди Iyun 22, 2019 Шайтон шериклигидан сақланишнинг ҳикматиda fikr bildirishni o'chirish

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривояти: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Кимки бир идишдан овқат еб бўлиб, сўнгра уни ялаб қўйса, ушбу идиш унга истиғфор ва салавотлар айтади”».

Мўмин ҳар бир ишда Аллоҳнинг номини ёдга олса (Бисмиллаҳир роҳманир роҳим деса), шайтон унинг таомига, ичимлигига, кийимига ва барча бошқа ишларига шерик бўлмайди. Ҳаттоки, аҳлига яқинлик қилаётганида банда “Бисмиллоҳ” айтишни унутса, шайтон фурсат топиб у билан бирга яқинлик қилади. Зеро, Аллоҳ таоло бундай деган: «У илгари (жаннат)ларда шундай кўзларини (бегона эркаклардан) тиювчи (ҳур қизлар) борки, уларга на инсон ва на жинлар теккан» (Раҳмон, 56).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилдилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мавъиза қилгани ўрниларидан турдилар ва дедилар: “Аллоҳ таоло менга ўргатган нарсаларини сизларга ўргатишимни ва тарбия беришимни буюрди. Эшитингиз олдига келганингизда (уйга киришдан олдин) салом берингиз, шунда шайтон манзилингиздан нари қочади. Агар олдингизга овқат келтирилса, шайтон ризқингизга шерик бўлмаслиги учун “Бисмиллоҳ”ни айтинглар. Кимки тунда ғусл қилса, авратига эҳтиёт бўлсин, агар шундай қилмаса, унга шундай балолар етадики, кейинчалик ўзидан бошқани маломат қилмасин, дастурхонни йиғиштирганингиздан кейин унинг остидаги нарсаларни супуриб олинг, чунки шайтонлар дастурхон остидаги нарсаларни териб юрадилар, уларга ўз таомингиздан насиба қолдирманг”».

Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) дедилар: «Агар ов­қатланишни бошлаб қўйиб, “Бисмиллоҳ”ни айтишни унутган бўлсанг, эсингга келган чоғда “Бисмиллаҳи фи аввалиҳи ва охириҳи” (Маъноси: Аввалида ҳам охи­рида ҳам Бисмиллоҳ) деб айтгин».

Мўмин банда бу душмандан “Бисмиллоҳ” билан сақ­ланади, агар овқатланаётганда “Бисмиллоҳ”ни айтса, шайтон ундан ит ҳайдагандек қочади. Аммо таомни еб бўлиб, унинг идишини ялаб қўймаса, шайтон келиб, уни ялаб қўяди. Агар банда идишни ялаб қўйса, шайтондан ва унинг ялашидан омон қолади. Идиш эса унга миннатдорчилик тариқасида истиғфор ва салавотлар айтади.

 

 

 

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг

“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Наўриётдан харид нархи 30000 сўм