Мақолалар

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг таваллудлари

Чоп этилди Iyun 23, 2019 Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг таваллудлариda fikr bildirishni o'chirish

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) та­валлуд топган сана тарихчилар орасида энг мунозарали мав­зу­лардан биридир. Баъзи тарихчилар 569 ва 570 йилни кўрсатишса, баъзилар 571 йилни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам)­нинг туғилган йиллари деб исботлашга уринади.

“Олий тарих” китоби муаллифи бундай дейди: “Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) Фил йилида, якшанба куни кечаси, бир ривоятда, рабиъул аввалнинг 12-кечаси дунёга ташриф буюр­ганлар”. Кўпчилик Ислом уламолари мана шу кунни, яъни рабиъ­ул аввал ойининг 12-куни, душанбага ўтар кечасини Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳақиқий таваллуд топган кунлари деб иттифоқ қилган. Умуман олганда, кўпчилик Ислом уламоларининг иттифоқ қилишича, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг туғилган кунлари 571 йил, 20 апрель, ду­шанба, рабиъул аввал ойининг 12-кунига тўғри келади”.

Турк олими Умар Ризо Дўғрул Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг туғилган кунлари хусусидаги уламолар ихти­лофига бундай муносабат билдиради:

“Ҳазрат Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туғил­ган йил, ой, кун ҳақидаги бу ихтилофларнинг ҳикматини тушун­моқ учун Исломнинг руҳига кириб бориш, уни яхши тушуниш ло­зим. Аслида, бу ихтилофларнинг барчасига барҳам бериш мумкин эди. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даврла­ри­да бу муҳим ва қимматли ҳодиса бутун тафсилотлари билан аниқ-­рав­шан ёзилиши мумкин эди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам)нинг ҳаётларини энг нозик нуқталаригача ҳассослик билан кузатиб борган саҳобаи киромлар учун бундан осон иш йўқ эди. Шундай экан, бу оддийгина иш нимага амалга оширилмади?

Ҳазрат Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хо­тирини ёд этишни истаган ҳар бир мусулмон бунинг учун аниқ бир кунни танлаши шарт эмас. У зотнинг шахсиятига кўрсатиладиган ҳурмат-эҳтиромни у ёки бу кунда маросим ўтказиш билан адо этиб бўлмайди. Бу нарса у зоти муборакка энг самимий ришталар билан боғланиш ва руҳониятларини шод этиш орқали амалга оширилиши мумкин.

Шу сабабдан, саодат асри мусулмонлари биз муборак деб билган кунлардан бирортасини ҳисоб-китоб қилмади, бунга кўп аҳамият бермадилар ҳам. Чунки мусулмон учун муборак бўл­маган бирор кун ва бирор соат йўқ. Ҳар кунини, ҳар соатини мусул­мон­часига, ҳаз­рат Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айт­ганларидек ва истаганларидек ўтказган инсон орзу қилган савоб-баракотни топади”.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) арабларнинг энг обрўли қабиласи бўлган, Макка шаҳрининг ва Каъбанинг эгаси ҳисобланган Қурайш қабиласида дунёга келдилар. Туғилганлари­да оталари Абдуллоҳни кўролмадилар. У киши Пайғамбаримиз (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳали оналари қорнида икки ойлик эканларида Шомдан Маккага қайтиб келаётиб, Ясрибда (ҳозирги Мадина шаҳри) касал бўлиб, карвондан ажраб қолган ва 25 ёшида ўша жойда вафот этган эди. Оталари Абдуллоҳдан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бир неча туя ва Умму Айман исм­ли хизматкор аёл қолади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туғилмасларидан аввал оналари Омина бир туш кўради. Тушида унга: “Эй Омина, сен бутун махлуқотнинг фахри бўлган бир болага ҳомиладорсан. Туғилса, исмини Муҳаммад қўй”, деб ба­шорат берилади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хатна қилин­ган ҳолда туғилдилар. Муборак икки кураклари ўртасида каптар ту­ху­мидек “Нубувват муҳри” бор эди.

Қуръони каримда:

«(Эй Муҳаммад!) Биз сизни, ҳақиқатан, барча одамларга хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи бўлган ҳолингизда (пай­ғамбар қилиб) юбордик. Лекин одамларнинг аксарияти (бу ҳақиқатни) билмайди» (Сабаъ, 28), дейилади.

Бу ҳақда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзлари бундай марҳамат қилганлар:

“Мендан олдин пайғамбарлар махсус бир қавмга юборилар эди, мен бутун инсониятга юборилдим”.

Етти кун болани оналари Омина эмизган эди. Оналарининг сути етмаганидан Сувайба исмли аёл эмизди. Сувайбадан сўнг Аб­дулмутталибнинг хизматкори Марваха сут берди.

Арабларнинг анъанавий урф-одатига мувофиқ ёш гўдаклар да­ла жойда тарбияланса, танлари соғлом, ақллари теран ва табиатан содда бўлиб ўсади, чунки далада тоза ҳаво бўлади, бунинг устига янги соғилган туянинг, эчкининг ва қўйнинг сути, қатиғи, пишлоғи ва қумрон болани бақувват қилади, яна ҳам фойдалиси, гўдак янги бўшанган қувватсиз онани эмас, балки далада ҳаёт кечирадиган, соғлом онанинг сутини эмиб, тинч табиий шароитда ўсади, деган мақсадда маккаликлар ўз фарзандларини, яйлов ва дала жойда яшовчи, ижарага эмизувчи оналарга боқиш ва тарбия қилиш учун берар эди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Ҳалима Саъдия номли аёл ўз тарбиясига олди ва тўрт йил тарбиялаб, кейин оналари Оминага топширди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўкракдошлари Шайма билан қирга чиқар эдилар. Ҳа­лима: “Бу иссиқда қирга чиқманглар”, деб хавотирланса, Шайма: “Қўрқманг, бир булут келиб унга соя солади”, дерди.

Бир куни Шайма билан мол боқиб юришганда қуш шаклида ик­кита фаришта келади. Бири иккинчисига: “Шуми?” дейди. Ик­кин­чиси: “Ҳа!” деб жавоб беради. Икковлари Пайғамбаримизни ер­га ёт­қизиб, кўксиларини ёради ва ундан лахта қон парчасини чи­қа­риб, қалб­ларини сув ва муз билан ювади. Кейин бири иккин­чи­си­га: “Саки­нат келтир!” дейди. Уни кўксиларига қўйиб, қайта ёпиб қўйишади.

Бу воқеа “Шаққи садр” (“Кўкрак ёрилиши”) деб номланиб, ун­да Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қалблари ёмонликдан тозаланиб, имон ва илм билан тўлдирилган.

Бу воқеадан хавотирга тушган Ҳалима Пайғамбаримиз (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам)ни оналарига олиб бориб топширади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олти ёшга кир­ганларида оналари Омина Абдуллоҳнинг қабрини зиёрат қилиш ва ўғлини ўз қариндошларига кўрсатиш учун Мадинага олиб бориб, у ерда бир ой турди, Маккага қайтиб келаётиб йўлда касалликдан вафот этди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олти ёшда ота-онасиз етим бўлдилар ва боболари Абдулмутталибнинг тарбиясига ўтдилар.

Қуръони каримда:

«(Эй Муҳаммад! Раббингиз) Сизни етим ҳолда топиб, бош­пана бермадими (Зуҳо, 6) деб марҳамат қилинади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саккиз ёшла­ригача боболари Абдулмутталибнинг қўлида тарбия топдилар. Бир йили Маккада қаттиқ қурғоқчилик бўлди, ҳеч ёмғир ёғмади. Аб­дул­мутталиб невараси Муҳаммадни Каъба ёнига олиб бориб, қўлини баланд кўтариб, халқ билан бирга: “Эй Парвардигор, шу боланинг ҳаққи-ҳурматига бизга ёмғир бер”, дея дуо қилди. Аллоҳ таоло маккаликларга шу заҳотиёқ ёмғир ёғдирди. Бу воқеа ҳа­қида амакилари Абу Толиб бундай эслайди: “Муҳаммад шундай бир кишики, унинг ҳаққи-ҳурматига Аллоҳдан ёмғир сўралганда, Аллоҳ мўл-кўл қилиб эҳсон қилган эди”.

Абдулмутталиб 82 ёшида вафот этаркан, ўғилларига Пайғам­баримизни кўрсатиб: “Буни сизларга омонат қолдиряпман. Бар­чангиз унинг ҳимоя ва тарбиясига диққат этинг”, деди. Амаки­ла­ри­нинг қайси бирини танлаш Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам)нинг ихтиёрларига берилганида, амакилари Абу Толиб­нинг қучоғига отилдилар.

Абдулмутталиб ўғли Абу Толибга: “Эй Абу Толиб, бу бола ота-она меҳрини кўрмади, унга меҳр кўрсат”, деб кўз ёши билан ва­фот этди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саккиз ёшда эдилар. Шундай улуғ, бўлғуси пайғамбар етим бўлиб, кўнгиллари синиқ, маъюс ҳолда вояга етдилар. Аллоҳ ўзининг суюкли бандасини энг оғир мусибат – етимлик гирдобига ташлашини уламолар икки ҳик­мат билан боғлайди: биринчиси, бўлажак пайғамбарининг қал­бида етим-есирларга, муҳтожларга меҳр-шафқат, мурувват сифатларини уйғотиш эди.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло:

«(Эй Муҳаммад! Раббингиз) Сизни етим ҳолда топиб, бош­пана бермадими?! Яна сизни гумроҳ (ғофил) ҳолда топиб, (тўғ­ри йўлга) ҳидоят қилиб қўймадими?! Сизни камбағал ҳол­да топиб, (Хадичага уйланишингиз туфайли) бой қилиб қўй­ма­ди­ми?! Бас, энди сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг! Сўровчи (га­до)­ни эса (малол олиб) жеркиманг! Раббингиз (сизга ато этган бар­ча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг (Зуҳо, 6–11) дейди.

Иккинчиси Ўзининг қудратини намойиш қилишдир. Чунки Аллоҳ таоло бўлажак пайғамбари ва ҳабибини жоҳилият ботқоғи­га ботган одамлар орасида яратиб, ўша даврдаги иллатлардан пок сақлади, инсон тарбияси ва камолоти учун зарур бўлган ота-она ва устознинг тарбиясисиз, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ахлоқ бобида ҳам, илм бобида ҳам дунёда энг улуғ ин­сон даражасига кўтарди.

Ояти каримада бундай дейилади:

«(Эй Муҳаммад!) Кўксингизни (илму ҳикматга) кенг очиб қўймадикми?! Сиздан белингизни эзиб турган юкингизни олиб қўйдик (енгиллатдик). Зикрингизни (исмингизни) ҳам ба­ланд кўтариб қўйдик» (Шарҳ, 1–4).

Саккиз ёшли Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг ҳаётларида янги давр бошланди. Бу давр то 25 ёшларигача да­вом этди. Абу Толиб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га тижорат сирларини ўргата бошлади. Маккаликлар қиш мавсумида Яманга, ёзда эса Шомга тижорат карвони юборар эди.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам икки марта Су­рия томонга, бир марта Яманга карвон билан сафарга чиққан­лар. Су­рия сафарининг биринчисида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам) ўн икки ёшда, иккинчисида йигирма беш ёш­да, Яман­га са­фар қилганларида эса ўн етти ёшда эдилар.

Абу Толиб бошчилигидаги карвон билан қилган биринчи са­фар­ларида карвон Шом йўлида Бусро деган қишлоққа яқин жой­да тўхтади. Бу ерда насронийларнинг ибодатхонаси бўлиб, унда Бу­ҳайро исмли машҳур бир роҳиб хизмат қилар эди. Буҳайро кўп ки­тоб ўқиган бўлиб, келиши яқин бўлган пайғамбарнинг ало­мат­ла­ри­ни билар эди. Карвон орасида юрган ўн икки ёшли Муҳам­мад­ни кўриб, ундан пайғамбарлик аломатларини топди ва Абу Толибга: “Эй Абу Толиб! Бу бола келиши кутилаётган, китобларда ало­ма­ти ёзилган пайғамбарга ўхшайди. Уни асло Шомга олиб борма. Шом яҳудийлари унинг аломатларини билади, бирор зарар ет­ка­зиш­лари мумкин. Молларингизни шу ерда сотинглар”, деди. Абу Толиб мол­ларни ўша жойнинг ўзида сотиб, Маккага қайтди.

Бутларга ҳамма сиғинадиган бир замонда Пайғамбаримиз (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) бирор марта бутга сиғинмаганлар. Абу Толиб маккаликларнинг катта бир бутига сиғинишга Пайғамба­римиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ундаганда Пайғамбари­миз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Асло сиғинмайман”, деганлар.

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) йигирма беш ёшла­ри­да Сурияга иккинчи бор тижорат сафари қилиб, Макканинг энг бой аёли Хадичанинг таклифи билан унга ҳамкорлик қилдилар, унинг молларини сотишда кўмаклашдилар. Сурияга қилинган бу сафар ва унда кўрилган катта фойда, бунинг устига Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг софдил, омонатдор эканлари Хадича билан оила қуришларига васила бўлди. Хадичанинг ёши бир оз каттароқ бўлса-да, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам)га жуфти ҳалол бўлди, тўрт қиз: Зайнаб, Руқия, Умму Кулсум, Фотима ва икки ўғил: Қосим ва Абдуллоҳ исмли фарзандлар кўр­ди. То умрларининг охиригача вафодор, маслаҳатгўй бўлиб, Расу­лул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муҳаббатларини қозонди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг учинчи ўғиллари Иброҳим мисрлик жориялари Мориядан бўлиб, Ибро­ҳим вафот этган йили Пайғамбаримиз 63 ёшда эдилар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўн олти ёшла­рида Фижор жангида қатнашдилар. Исломдан олдин Араб ярим­оро­лида тўхтовсиз жанглар бўларди. Ана шулардан бири тўққиз йил давом этган Фижор жангидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам) бу жангда иштирок этган бўлсалар ҳам ўзлари ўқ отмаганлар, қурол ишлатмаганлар, душманлар томонидан отил­ган ўқларни амакиларига олиб келиб бериб турганлар.

Йигирма ёшларида амакилари Абу Толибнинг қўй ва эчкила­рини боқиб, чўпонлик қилганлар.

Пайғамбарлик келишидан аввал у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳаётларида яна икки муҳим воқеа содир бўлди.

Биринчиси, жоҳилият даврида турли араб қабилалари ўр­та­сида тинимсиз ички урушлар бўлиб турарди. Навбатдаги шундай уруш Қурайш ва Ҳавозин қабилалари орасида чиқди. Бу уруш сабаб­ли икки томондан ҳам кўплаб кишилар қурбон бўлди. Маккада но­тинчлик ҳукм сурарди. Ана шундай бир пайтда маккалик Ос ибн Воил яманлик бир савдогарнинг ҳамма молларини тор­тиб олиб қўйди. Ноҳақликка чидай олмаган яманлик савдогар Қубайс тоғига чиқиб, дод солиб, қабилаларни ёрдамга чақирди. Яман­ликнинг бу дод-фарёдини эшитган, унинг ҳолига ачинган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг амакилари Зубайр Қурайшнинг ҳамма қабилаларини йиғди ва барча йи­ғилганлар бугундан бошлаб Маккада бирор маҳаллий ёки мусофир киши­га ҳеч ким зулм ўтказмасликка ва зулм етган бечора кишиларга ёрдам беришга аҳд қилиб, қасам ичишди. Бу аҳд “Ҳилфул фузул”, яъни “Фозиллар қасамёди” деб номланди. Қасамёдчилар гуруҳи яманликнинг додига етиб, унинг тижорат молини Ос ибн Воилдан қайтариб олиб беришди. Мана шу ях­ши ниятли хайрия гуруҳига Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам қўшилганлар ва уни пайғамбарликларидан кейин ҳам мақтаб эсга олган эдилар.

Ибн Исҳоқ, Ибнул Асир ва Ибн Халдунлар ривоят қилган ҳа­дисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деган эдилар: “Мен амакиларим билан Абдуллоҳ ибн Жадъоннинг уйи­да шундай қасамёдга гувоҳ бўлганман, мен учун ундан гўзалроқ, ундан фойдалироқ нарса бўлмаган. Агар менга Исломда ҳам шун­дай қасамёд қи­лишга чақирилса, албатта қабул қилган бўлардим”.

Иккинчиси, Қурайш қабилалари Каъбани таъмирлаш масала­сида келишолмай қолди. Ўртада жуда катта жанжал чиқиши ара­фасида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) адолатли қози вазифасини бажардилар ва иш хунрезликкача етмади. Муқаддас Каъба деворлари бузилиб, уни қайтадан қуриш бошланди. Каъба қурилишида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам ас­той­дил қатнашдилар, тош ташидилар. Имом Бухорий “Саҳиҳ”ида ҳатто Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг елкалари яра­лан­гани ривоят қилинган.

Каъба биносини қуриш асносида қора тошни ўз жойига ким қўйиши тўғрисида муаммо чиқди ва иш жанжалга айланиб, қон тўкилишига оз қолди. Қурайшнинг энг кекса кишиси бўлган Абу Ҳузайфа ибн Муғийра орага кирди ва: “Жанжални бас қилайлик, ким ҳарам эшигидан биринчи бўлиб кириб келса, ўшани ҳакам қи­лайлик ва айтганини қилайлик”, деб таклиф киритди. Ҳарам эши­гидан биринчи кириб келган киши Пайғамбаримиз (соллал­ло­ҳу алайҳи ва саллам) бўлдилар. Ҳамма у кишининг ҳакамликла­рига рози бўлди. Чунки маккаликлар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ҳалолликлари, адолатлари, тўғрисўзликлари учун “Муҳаммад Амин”, яъни “ишончли Муҳаммад” деб атарди. Пай­ғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ридоларини ечиб, ерга ёйиб, Қора тошни кўтариб ридо устига қўйдилар ва ридо­нинг учларидан ҳамма қабила улуғларига тутқаздилар. Қора тош­ни жойига қўйишда ҳамма баравар иштирок этди. Маккалик бар­ча қабила раҳбарлари ва аъзолари дилида Пайғамбаримиз (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам)га нисбатан ҳурмат кучайди.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” (1-жилд) китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 34000 сўм