Мақолалар

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­га биринчи ваҳий келиши

Чоп этилди Iyun 23, 2019 Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­га биринчи ваҳий келишиda fikr bildirishni o'chirish

Пайғамбарларга фақат илоҳий ваҳий келса “набий”, илоҳий ва­ҳий билан бирга алоҳида шариат юборилган бўлса “расул” де­йилиши­ни юқорида ҳам зикр қилиб ўтдик. Пайғамбаримиз (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам)га қирқ ёшларида набийлик, кейин­роқ эса расуллик келди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қирқ ёшга тўл­ганларида Маккадаги (Макка­дан беш чақирим узоқдаги) Ҳиро ғорида ибодатга берилдилар. Катта боболари Иброҳим (алай­ҳис­салом )қилгани каби ибодат қи­лардилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) 610 йили Рамазони шариф ойида душанба куни одатдагидек Ҳиро ғорида ибодат қи­лаётган пайтларида Аллоҳ таоло Жаброил (алайҳиссалом) ор­қа­ли пайғамбарлик башоратини юборди. Жаброил (алайҳисса­лом) ке­либ: “Эй Муҳаммад, мен Жаброилман, сен эса Аллоҳнинг элчи­си­сан”, деди. Кейин Аллоҳнинг ҳузуридан олиб келган беш оятни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ўқиб берди. Ун­да Аллоҳ бундай хитоб қилган:

«(Эй Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган Зот бўлмиш Раб­бингиз исми билан ўқинг! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз карамлидир. У (инсонга) қалам би­лан (ёзишни ҳам) ўргатди, У инсонга билмаган нарсаларини билдирди» (Алақ, 1–5).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аввало, бу ҳо­дисадан, яъни у кишига Аллоҳдан ваҳий олиб келган Жаброил (алайҳиссалом) салобатидан қўрқиб дағ-дағ титрадилар ва Мак­кага – Хадича онамиз ёнларига шу ҳолда келиб: “Мени ўранглар, мени ўранглар!” дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам)нинг қўрқувлари босилгандан сўнг Хадичага: “Эй Хадича, мен­га нима бўляпти? Менга бир нарса бўлиб қолмасайди, деб ўзим­дан қўрқдим”, деб бўлиб ўтган воқеани сўзлаб бердилар. Хадича Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га тасалли бериб, ама­кисининг ўғли Варақа ибн Навфал ҳузурига олиб борди. Ва­рақа Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бўлган воқеа тафсилотини сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳамма кўрган нарсаларини батафсил айтиб бердилар. Шунда Ва­рақа: “Бу Номус (яъни Жаброил) бўлиб, Мусога ҳам ваҳий билан туширилган фариштадир. Кошкийди, қавминг сени (Маккадан) ҳай­даб чиқарган пайтда ҳаёт бўлсам, сенга ёрдам берардим!” де­ди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ажабланиб: “Қав­мим мени ҳайдаб чиқарадими?” деб сўрадилар. Варақа: “Ҳа, шундай бўлади. Олдин ҳам ким сиз келтирган нарса (пайғамбарлик) би­лан келган бўлса, қийинчиликларга учраган. Агар сизнинг кун­ла­рингизда мен тирик бўлсам, сизга катта ёрдам берган бўлур эдим!” деди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га биринчи но­зил бўлган ваҳий Қуръони каримнинг Алақ сурасидан 18 калима эди. Бу калималарнинг маъноси инсониятни илмга – ҳамма нар­сани билишга чақирув эди.

Мана, Аллоҳ таоло нимага чақиряпти:

“Ўқи! Ҳамма нарсани ўқи! Аллоҳнинг китобини ўқи! Аллоҳ­нинг оятларини ўқи! Табиат китобини ўқи! Башарнинг бутун тарихини ўқи! Илмнинг ҳар саҳифасини ўқи! Ҳар бир ҳақиқатни ўқи! Ҳидоятга эришмоқ учун ўқи! Залолатдан қутулмоқ учун ўқи! Имонингни мукаммаллаштириш учун ўқи! Ва бунинг учун Аллоҳ номи билан ўқи! Яратган Раббинг номи билан ўқи! Ўрганмоқ учун ўқи! Қудрат қалами бу оламга туширган ҳар сатрни ўқи! Инсонга билмаганини ўргатган Аллоҳ номи билан ўқи!”

Исломий ҳидоятнинг бутун инсониятга қарата айтган бирин­чи хитоби ана шундай эди. Лекин исломият бутун башариятни илм­га чақиришда барча ҳидоят ва раҳматнинг манбаи бўлмиш “Аллоҳ номи билан ўқи!” дейишни ҳам унутмайди. Ислом бутун ўрганилган илмнинг ҳидоят ва раҳматга маёқ бўлишини, унинг разолат ва бузғунчиликка ҳаммол бўлмаслигини истайди.

Илоҳий ваҳийнинг ҳақиқатини пайғамбарлардан бошқа ҳеч ким билмайди. Ҳадис олимларидан Аҳмад Наим бундай деган эди:

“Ваҳийнинг моҳияти пайғамбарлардан бошқасига маълум эмас. Бошқа бировнинг ваҳийни тушунтиришга уриниши кўрнинг ранглар тўғрисида гапириб беришига ўхшайди. Фақат нузул (ваҳий тушаётган) пайтда у ерда бўлганлар кўрган баъзи аломатларни айтиб ўтса бўлади.

Ваҳийнинг етти мартабаси бор:

Биринчи. Содиқ (рост) туш. Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) ри­воят қилишича, ваҳий келишига яқин Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қандай туш кўрмасинлар ҳаётда очиқ-ойдин рўёбга чиқарди.

Иккинчи. Аллоҳнинг ваҳийси фариштанинг воситасисиз Ра­су­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қалбларига жо бўлиши.

Учинчи. Фариштанинг инсон қиёфасига кириб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳамманинг кўзи олдида ваҳий­ни талқин этиши. Ривоят қилишларича, Жаброил (алайҳиссалом) кў­пинча саҳобаларнинг энг хушсурати бўлган Диҳятул Калбий­нинг қиёфасида кўринар экан.

Имом Бухорий ва Имом Муслим саҳиҳларида Жаброил (алай­ҳиссалом)нинг бир нотаниш аъробий суратида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва бошқа саҳобаларга кўриниб, имон, Ислом ва эҳсон ҳақида таълим бериб кетгани нақл қилинган.

Тўртинчи. Ваҳий қўнғироқ овози каби келиб, Жаброил (алай­ҳиссалом)нинг Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­га ваҳийни хитоб қилишидир. Баъзиларнинг фикрича, бу овоз Жаброил (алай­ҳиссалом) қанотлари овози бўлиши ҳам мумкин.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ваҳий келиши­нинг энг қийини ҳам шундай овоз билан келиши эди. Ваҳий ниҳо­ят­да оғир экани ёнларидаги кишиларга ҳам сезиларди. Масалан, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Арафотда Моида сурасининг баъзи оятлари нозил бўлганда Расулуллоҳ (соллал­лоҳу алайҳи ва саллам) туялари устида эдилар. Оғирликни туя кўта­рол­май чўкиб қолган. Яна бир марта Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам)нинг оёқларига ваҳий котиби Зайд ибн Собитнинг оёғи тегиб турганида, ваҳий келиб қолади. Шунда Зайднинг сони ёри­либ кетар даражага етган экан.

Бешинчи. Жаброил (алайҳиссалом)нинг ўз қиёфасида кўри­ниши. Икки марта шундай кўринган. Биринчи марта Ҳиро ғори­да, иккин­чи марта эса Меърож кечаси Сидратул мунтаҳода рўй бер­ган.

Олтинчи. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) меъ­рожда эканларида Аллоҳ у зотга беш вақт намоз фарзлигини во­ситасиз билдирган.

Еттинчи. Юзма-юз пардасиз гаплашиш. Меърож кечасида Аллоҳ таоло Ўз Ҳабибига Жамол рўъятини насиб этган, дейилади. Аммо бу сўз кўпчилик Ислом уламолари томонидан инкор этилган.

Қуръони каримда “роҳматан лил ъаламин” деб таърифланган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “хотамул анбиё” эдилар. Вазифалари ўта муҳим ва мушкул эди, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг вазифалари фақатгина Араб яриморо­ли­ни эмас, балки бутун инсониятни жаҳолатдан қутқариб, саодатга эриш­тиришдан иборат эди. Шу сабабли ҳам Пайғамбаримиз (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам) ўта ҳассослик ва эҳтиёткорлик билан ҳа­ракат қилишлари керак эди. Шунинг учун ҳам Маккадаги даъват­нинг дастлабки уч йили жуда махфий равишда қилинган бўлиб, фақат яқин ва ишончли одамларгина Аллоҳнинг ваҳдониятига, бут ва са­намлардан юз ўгиришга чақирилди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни қандай ва кимни даъват қилиш масаласи қийнарди. Энг аввал, кўнгиллари­ни ўз яқинларига оча бошладилар.

Аллоҳ таоло Муддассир сурасини нозил қилиб:

«Эй (либосларига) бурканиб олган киши (Муҳаммад)! Ту­рингда, (инсонларни охират тўғрисида) огоҳлантиринг, Рабби­н­гизни улуғланг, либосларингизни покланг, бутлардан йироқ бўлинг, (бераётган нарсангизни) кўп санаган ҳолингизда эҳсон қилманг, Раббингиз учунгина сабр қилинг(Муддассир, 1–7) деганда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дарҳол ўринларидан туриб кетдилар. Хадича онамизнинг: “Нега турди­н­гиз, дам олмадингиз?” деган саволига: “Энди дам олиш ва исти­роҳатнинг вақти ўтди!” деб жавоб бердилар. У зотнинг “Мен бу ҳақиқатни кимга айтаман? Мени ким тасдиқларкан?” деган ан­дишаларига Хадича онамиз: “Эй Аллоҳнинг элчиси! Сизнинг гап­ларингизни мен қабул қилиб, тасдиқлайман. Энг аввало, Аллоҳ йўлига мени даъват этинг!” деди.

Бу сўзлар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан андишани кетказиб, у зотни маънавий қувонч эгаллаб олди. Пай­ғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даъватини Исломда би­ринчи бўлиб қабул қилган, биринчи бўлиб мусулмон бўлган ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан биринчи намоз ўқиган Хадича онамиз (розияллоҳу анҳо) бўлди.

Хадичадан кейин қадрдон дўстлари Абу Бакр (розияллоҳу ан­ҳу), амакиваччалари Али ибн Абу Толиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) озод қилган ва тутинган ўғиллари Зайд Ислом динини қабул қилди. Кейинчалик Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)нинг йўл-йўриқлари билан яна беш киши мусулмон бўлди.

Шундай қилиб, Хадича (розияллоҳу анҳо)дан кейин Исломни қабул қилган саккиз киши: Абу Бакр, Али ибн Абу Толиб, Зайд ибн Ҳориса, Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн Аввом, Абдураҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос, Талҳа ибн Убайдуллоҳ (розияллоҳу ан­ҳум) бўлиб, улар “Ассабиқуна фил Ислам” (биринчи мусулмонлар) деган фахрий ном билан тилга олинади.

Даъватнинг дастлабки уч йили махфий равишда ўтгандан сўнг, Аллоҳ таоло Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га:

«Бас, ўзингизга буюрилган ишни (яъни ҳақ динга даъват­ни) ошкора қилинг ва мушриклардан (ҳозирча) юз ўгиринг (Ҳижр, 94) деб амр қилди. Шу кундан бошлаб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг даъватлари очиқ тус олди. Намозларда ҳам Қуръони каримни баланд овоз билан ўқир эдилар. Қаер­да йиғилган жамоатни кўрсалар, ўша ерга бориб: “Эй одамлар, албатта, мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ юборган элчи­ман. У шундай Зотки, самовот ва Ер Унинг мулкидир. Ундан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ! Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзи­дир!” деб имонга ва нажотга чақирар эдилар.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­га яна ваҳий нозил қилиб, унда:“Қариндошларингиз ва қабила­дош­ларингизни Аллоҳ азобидан қутқаринг!” деб буюрди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларига қў­йил­ган бу масъулиятни ҳис қилиб, Маккадаги қариндошлари ва қабиладошларини Сафо тепалигига йиғдилар ва уларга:

“Эй азизларим! Сизга, шу тоғнинг орқасидан душман отлиқ­лари бостириб келяпти, десам менга ишонасизларми?” дедилар. Ҳам­ма: “Ҳа, сўзингга ишонамиз. Чунки сен ёлғон гапирмайсан. Дунё­да ёлғон гапирмайдиган биргина инсонсан”, деди. Расу­лул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Менга ишонар экансизлар, у ҳолда сизларни Аллоҳни бир дейишга, Унга ибодат қилишга даъ­ват этаман. Сизлар келаётган қиёмат кунининг даҳшатидан қўр­қинглар!” деб, мушрикларни астойдил Исломга даъват қила бош­ладилар. Ҳозиргина, биз сизни энг ростгўй одам деб била­миз, де­ган кишилар гапларидан тониб, ғала-ғовур кўтарди. Пай­ғам­ба­ри­миз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг амакилари Абу Ла­ҳаб ға­заб билан ўрнидан туриб: “Эй қуриб кетгур! Бизни бу ерга шу­нинг учун чақирганмидинг ҳали?!” деб бақириб, у кишининг дил­ла­рига озор берди.

Шу аснода ҳам мушрикларга, ҳам бутпарастларга қарши нозил бўлган ояти карима қурайшликларнинг тоқатини тоқ қилган эди.

Бу оятда:

«(Эй мушриклар!) Сизлар ва Аллоҳни қўйиб сиғинаётган (бут)ларингиз ҳам жаҳаннам ўтинларидир. Сизлар унга ту­шувчидирсиз (Анбиё, 98) деб марҳамат қилинган эди.

Қурайшликлар ғазабга тўлиб, мусулмонларга қарши қўзғала бошлади. Қабила бошлиқлари учун ҳар бир қабиланинг алоҳида бутларга сиғинишида алоҳида манфаатлар бор эди. Мусулмон­лик­нинг ёйилиши ва одамлар бутлардан юз ўгириши қабила бош­лиқлари манфаатларига зиён етказар эди. Улар аввал Ислом дини­га унчалик эътибор бермай, Маккадаги кўплаб динларнинг бири деб қараган ва мусулмонларни шунчаки масхара (истеҳзо) қилиш билан кифояланарди. Кейинроқ эса, бу диннинг оламшумул дин экани, уни тўхтатиб қолишмаса, катта талафотларга учрашлари мум­кинлигини сезиб қолишди. Бунга қарши курашишни аввал Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мансуб бўлган қа­биланинг бошлиғи, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам)­нинг ҳомийлари ва амакилари Абу Толибга шикоят қилиш­дан бошлашди. Абу Суфён бошчилигидаги бу гуруҳ Абу Толиб ҳузу­ри­­га келиб:

“Эй Абу Толиб, сени ҳурмат қилишимиз ҳар тўғрида биз­лар­га лозимдир. Чунки сен Қурайш қабиласи орасида энг улуғ ёшли, ҳам бизнинг бошлиғимизсан. Мана, қариндошингнинг ўғли Му­ҳам­мад бизларнинг ва ота-боболаримизнинг йўлидан чиқди. Биз­нинг динимизни, худоларимизни камситяпти. Ота-боболари­миз­ни йўл­дан адашганга чиқаряпти. Биз ҳам жоҳил ва аҳмоқлар­ча яша­ёт­ган эканмиз. Сен уни бу йўлдан қайтарасан, ё уни ҳимоя қил­май­сан. У билан биз ўзимиз гаплашиб оламиз!” дейишди.

Улар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз иш­ларини аввалгидай бажариб юрганларини кўриб, жаҳл устида яна Абу Толибга келишди ва: “Биродарингнинг ўғлини бу ишидан воз кечтирмасанг, сенга ҳам, унга ҳам ёмон бўлади. Энди сабр қилиб туролмаймиз, нима бўлса бўлсин!” дейишди.

Бу таҳдид Абу Толибни ўйлантириб қўйди. “Ўғлим, – деди Абу Толиб, – менга бу қадар оғир юкни юклама. Чунки менга ҳам қийин”.

Энди Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Аллоҳ­дан бошқа ҳомийлари ҳам, ёрдамчилари ҳам қолмаган эди. Астойдил имонга суянган ҳолда Абу Толибга:

“Эй амаки! Аллоҳга қасам, бу одамлар қуёшни ўнг, ойни эса чап қўлимга беришса ҳам, мен бу йўлимдан қайтмайман!” деди­лар ва муборак кўзларига ёш тўлган ҳолда чиқиб кетдилар. Абу То­либ ўша заҳотиёқ Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) орқаларидан: “Эй жияним, кел! Хоҳлаганингча иш тут! Қасам ичиб айтаман, ҳеч кимга таслим бўлиб қолишингга йўл қўймай­ман!” деди. Кейин Абу Толиб ҳошимийлар ва муталлибийлар қа­биласини чақириб, қурайшликлардан Пайғамбаримиз (соллал­ло­ҳу алайҳи ва саллам)ни ҳимоя қилиш лозимлигини тушун­тир­ди. Ҳамма рози бўлди, фақат Абу Лаҳаб адоватини ошкора ай­тиб, душман томонга ўтиб кетди.

Қурайшликлар Абу Толибга қилган мурожаатларининг бе­фой­да эканини англаганидан кейин, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам)нинг тўғри ўзларига мурожаат қилишни маъқул кўр­ди:

“Эй Муҳаммад, сенинг наслу насабинг пок, мавқе-мартабанг анча баланд. Шу чоққача араблар ўртасида ҳеч ким қилмаган ишларни қиляпсан, ҳеч ким айтмаган гапларни айтяпсан. Ўртамизга нифоқ солдинг. Айтгин-чи, нима мақсадда бундай қиляпсан? Агар мақсадинг бой бўлиш бўлса, сенга хоҳлаганингча мол-давлат бе­райлик, бу атрофда сендан бойроқ одам топилмасин. Бошлиқ бў­лиш орзусида бўлсанг, сени ўзимизга бошлиқ қилиб олайлик, Макканинг ҳокими бўл. Мабодо, аслзода бир аёлга уйланмоқчи бўл­санг, сенга Қурайшнинг энг гўзал аёлларидан хоҳлаганингни олиб берайлик. Агар жин ва шайтонга чалинган бўлсанг, сени та­библарга кўрсатайлик, токи бу дарддан фориғ бўлгин. Аммо энг асосийси – сен бу даъвойингдан воз кечишинг керак!”

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларга бундай жавоб қилдилар:

“Мен сизлардан бирор нарса тама қилмайман: на молу дунё, на салтанат ва на раҳбарлик. Бирдан-бир истагим бутларга си­ғинишдан воз кечиб, фақат Аллоҳга ибодат қилинглар!”

Қурайшликлар: “Бизнинг уч юз олтмишта бутимиз турганда, сенинг ягона Аллоҳинг Маккани қандай қилиб бошқара оларди?” деб кетиб қолди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бу жа­воб­лари, азму қарорлари, мустаҳкам имонлари мушрикларни тит­рат­ди. Исломнинг кундан-кунга ёйи­либ бораётгани уларни хаво­тир­га солди. Ислом бутга сиғинишни ман этгандан кейин уларнинг хусумати янада ошди. Мушриклар Абу Толибга ҳам, Пайғамбари­миз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳам учрашиш, гаплашишдан фойда йўқ, деб хулоса чиқарди ва энди мусулмонларга, Ислом­га янги кирувчиларга қаршилик ҳамда тазйиқ ўтказишга бел боғла­ди. Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ва у кишига эргашганларни бир маҳаллага қамаб, савдо-сотиқдан, озиқ-ов­қатдан кесиб қўйишди. Мусулмон болаларининг очликдан фарёд ва фиғонлари Макка кўчаларини ларзага келтир­са ҳам, уларга озиқ-овқат берилмади. Иккинчи томондан, улар му­сулмонларни қаттиқ ҳақорат қилиб, уларни жиннига чиқаришар эди. Мўмин­лар бу жабру ситамларга чидамай, бошқа жойларга бош олиб кетиш­ни ўйларди. Уларнинг бир қисмига Ҳабашистонга кетишга ижо­зат берилди. Бундан қўрққан мушриклар Ҳабашистон қироли­дан уларни қайтаришни сўради.

Қирол муҳожирларни ҳузурига чақириб, улардан Пайғамбари­миз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақларида сўради. Насроний­лар эътиқод қиладиган Исо (алайҳиссалом) ҳақидаги фикрлари­ни сў­ради. Муҳожирлар бошлиғи Жаъфар ибн Абу Толиб қиролга Мар­ям сурасидан қироат қилиб берди. Буни эшитган Ҳабашистон қироли кўзларига ёш олиб:

“Бу китоб билан ҳазрат Исога нозил бўлган китобнинг ман­баи бирдир”, деб қалбида имон келтирди ва мусулмонларни ўз ҳимоясига олди.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” (1-жилд) китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 34000 сўм