Мақолалар

ОЛИМ БЎЛДИ

Чоп этилди Dekabr 29, 2018 No Comments

Ривоят қилинишича бир бадавий араб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб, “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, менга бир нарсани ўргатиб қўйинг-ки, ундан менга кўплаб фойдалар етсин”, деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалардан бирини чақириб, “Бунга Қуръони карим ўқишни ўргатиб қўй”, дедилар.

Саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек Қуръондан таълим бера бошлади. Илк сабоқни Қуръони каримнинг Залзала сурасидан ўргатиб, суранинг охирги «Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар» (7-8) оятларига етганда бадавий араб “Менга шу етарли”, деди. Саҳобий унинг бу сўзидан ҳайратланиб, “Қандай қилиб бу сенга кифоя қилади”, деб сўради. “Ҳа, чиндан ҳам бу илм менга етарли”, деди.

Саҳобий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига бориб, бўлиб ўтган воқеани баён қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тўғри айтибди, уни тинч қўйинг, биргина оят сабабли у олимлардан бўлди”, дедилар (Абу Довуд ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan