Мақолалар

Сукутимиз тафаккур бўлсин

Чоп этилди Iyun 24, 2019 Сукутимиз тафаккур бўлсинda fikr bildirishni o'chirish

Беҳуда, мазмунсиз гапларни кўп гапириш яхши эмас. Ёмон ва хунук сўзларни гапириб юрадиган ки­ши­нинг олдидан яхши одамлар қочиб, атрофига пасткаш, худбин кишилар йиғилади. Ўрин­сиз гапларни гапириш­дан кўра, жим туриш афзал. Пайғамбаримиз (соллал­лоҳу алайҳи ва саллам) Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)га: “Дои­мий сукутни лозим тут. Албатта, у шайтонни ҳай­довчи ва дин ишларингда сенга кўмакчи­дир”, деб насиҳат қилганлар (Ҳоким ривояти).

Уқба ибн Омир (розияллоҳу анҳу): “Ё Аллоҳнинг расули, нажот нимада?” деб сўраганида, у зот: “Тилингни тий ва хатоларинг (гуноҳларинг) учун йиғла”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу тарз­да дуо қил­ганлар: “Гапириб, бирор фойдани қўлга ки­ритган ёки жим туриб саломат қолган бандани Аллоҳ раҳм қилсин”.

Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) айтадилар: “Ким­нинг гапи кўпайса, хатоси кўпаяди. Кимнинг хатоси кўпайса, ҳаё­си камаяди. Кимнинг ҳаёси камайса, тақвоси кетади. Ким­нинг тақвоси кетса, қалби ўлади. Қалби ўлган кимса эса дўзах­га маҳкум”. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“Уларнинг кўп шивирлашиб гаплашишларида яхшилик йўқдир. Магар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўр­тасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар, бу яхшидир. Ким­да-ким Аллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз”(Нисо, 114).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хутбала­ридан бирида: “Тилини боғлаб, уни тийган ки­ши­га ва қўлини яхшиликка ёйган кишига жаннат бўл­син! Ва яна молининг ортиқчасидан инфоқ қилган ва га­пи­нинг ортиқчасини ушлаб қолган одамга ҳам жан­нат бўл­син!” деганлар.

Тил аъзоларнинг энг хатарлиси, агар унга эътиборсиз бўл­сак, биз учун катта ташвишлар келтиради. Пайғамбари­миз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзла­рининг муборак ҳа­дисларида айтганларидек: “Одамларнинг дўзахга юзтубан ташланишига уларнинг тиллари сабабчидир” (Имом Термизий ривояти).

Тилни тийиб, фойдасиз гапларни айтмаслик ҳам ибодатдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)га: “Сенга энг осон ибодатни ўргатиб қўяйми?” деганларида, у: “Ўргатинг, эй Аллоҳнинг расули”, деди. Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сен су­кут­ни ва гўзал хулқни ло­зим тут, ҳаргиз бу иккисига ўхшашини топа олмай­сан”, деди­лар. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради:

“У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олди­да ҳо­зиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир”(Қоф, 18).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Ал­лоҳга ва охират кунига имон келтирса, яхши сўз сўз­ласин ёки жим турсин”, деганлар (Имом Табароний ривояти). Агар биргина шу ҳадисга қатъий амал қил­сак ҳам, муаммолар ечимини топиб, одамлар аҳил-­иноқ яшашларига эришган бўлардик.

Сукут ҳам беҳуда ўтказилмай, тафаккур билан бў­ли­ши тавсия этилмоқда. Инсон жим турган лаҳзалари­да ҳам тафаккур қилса, ибодат савобига эришади. Тафаккур хаёлига келган нарсани фикр­лаб ўтириш эмас, балки Аллоҳ таоло­нинг қудрати, сифатлари ва иш­ла­ри хусусида ёки ўзининг дунёю охиратига манфаатли нар­салар ҳақида фикр юритишдир.

Қуръони каримнинг кўп оятларида бандалар та­факкур қилиш­га буюрилган:

“У Ерни ёйиб қўйган ва унда тоғлар ва дарёлар пайдо қилган Зотдир. У Ердаги меваларни (ва барча нарсалар­ни) иккитадан – жуфт-жуфт қилиб яратди. У тун (зулма­ти) билан кундузни ўрайди. Албатта, бу (мисоллар)да фикр юритадиган қавм учун аломатлар бордир”(Раъд, 3).

«Айтинг: “Сизларга, ҳузуримда Аллоҳнинг хазина­ла­ри бор ҳам демайман ва ғайбни ҳам билмайман. Шу­нинг­дек, сизларга: “Мен фариштаман” ҳам демайман. Meн фа­қат менга ваҳий қилинган нарсаларгагина эрга­шурман”. Айтинг: “Кўзи кўр одам билан кўрувчи одам тенг бўлур­ми? Бас, фикр юритмайсизми?”» (Анъом, 50).

Одатда, инсон тинимсиз гапирмаслиги, қайсидир пайтларда жим бўлиши ҳам табиий. Фақат яхшиликни сўзлаб, бошқа маҳал сукут сақлашга ва сукутини Аллоҳ таоло рози бўладиган фикрлар билан бойи­тиш­га эришган инсоннинг ҳар бир лаҳзаси ибодатга ай­лан­ган бўлади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳар лаҳ­залари инсоният хизмати, Аллоҳнинг ҳукмини етказишдан иборат бўлган. Тарихда у кишидан бирорта ножўя сўз ёки амал содир бўлганини биров айта ол­майди. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам)га су­кут­лари ҳам фойдадан холи бўлмаслиги кераклигини буюр­моқ­да. Албатта, бу ишда биз умматлар учун катта ибрат бор.

Аслида, нутқнинг зикр бўлиши улуғ ибодат. Шунга қара­май, ҳадиси шарифда тафаккур билан бойитил­ган сукутнинг ундан олдин зикр қилиниши ҳам тафак­курли сукутнинг улуғ амал эканини билдиради.

Инсонда нутқ қобилияти мавжуд экан, у ниманидир га­пира­ди. Лекин нимани гапирса, ўзи учун яхши бўлади? Бу саволга ҳадиснинг кейинги жумласида жавоб берилади.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм