Мақолалар

Сўзимиз зикр бўлсин

Чоп этилди Iyun 24, 2019 Сўзимиз зикр бўлсинda fikr bildirishni o'chirish

Нутқ инсонга берилган улкан неъматдир. У инсонни ҳай­вондан ажратиб турувчи асосий фазилатлардан ҳисоблана­ди. Аллоҳ тао­ло марҳамат қилади:

«Ар-Раҳмон (меҳрибон зот) Қуръонни таълим берди. (У) инсонни яратди. Унга баённи (нутқни) таълим берди» (Ар-Раҳ­мон, 1–4).

Ушбу оятдаги “баён”дан мурод нутқ, яъни инсоннинг фик­рини сўз билан ифода эта олиш қобилияти­дир. Аллоҳ тао­ло марҳамат қилади:

“Ахир, Биз унга икки кўз, тил ва икки лаб (ато) қил­ма­дикми?!”(Балад, 8–9).

Ояти каримада Аллоҳ таоло инсонга берилган неъмат – нутқ воситаларини алоҳида-алоҳида эслатмоқда. Инсон бу улкан неъмат – нутқнинг қадрига етиб, ун­дан унумли фой­даланиши керак. Ҳар бир неъматнинг шук­ри уни яратган Зотнинг розилиги йўлида фойда­ла­ниш билан бўлади. Демак, нутқ шукрининг адоси ҳам бу неъматни берган Раҳ­мон таолони рози қила­диган тарзда ишлатиш билан бўлади. Бу­нинг йў­ли­ни эса Ал­лоҳ таоло Расу­лул­лоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва сал­лам)­га билдирган.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Энг афзал амал қайси?” деб сўрашганида, у зот: “Тилинг Аллоҳнинг зик­ри билан нам бўлиб вафот этишингдир”, деганлар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳоб­ларига: “Сизларга Моликингиз ҳузуридаги амалларингизнинг энг ях­ши ва тозаси, даражаларингизни кў­тарувчи, тилла ва кумуш инфоқ қил­ганингиздан ҳам аълороқ ва сизлар душман­ларингизга йўлиқиб, улар­нинг бўйнига уришингиз ёки улар сизларнинг бўй­нингизга қилич уришидан ҳам яхшироқ нарсанинг хабарини берайинми?” дедилар. Саҳобалар: “Хабари­ни беринг, ё Расулуллоҳ”, дейишди. Шунда у зот: “Бу Аллоҳ­ни зикр қилишдир”, дедилар.

Зикр Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан қол­ган ме­рос. Бир куни Абу Ҳурайра (розияллоҳу ан­ҳу) бозорга кириб, у ер­дагиларга: “Расулуллоҳ (соллал­ло­ҳу алайҳи ва саллам)нинг мерос­лари масжидда тақ­сим қилиняпти-ю, сизлар бу ерда юриб­сизлар”, деди. Одамлар бозорни ташлаб, мас­жидга боришди. Ле­кин у ерда бирор меросни кўрмадилар. Улар қайтиб ке­либ: “Эй Абу Ҳурайра, масжидда тақсим қили­на­ётган меросни кўрмадик”, де­йишди. Абу Ҳурайра (розиял­ло­ҳу анҳу): “Унда нима кўрдиларинг?” деди. Улар: “Аллоҳ таолони зикр қилаётган ва Қуръон ўқиётган… қавм­­ни кўрдик”, дейишди. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу): “Ана шу Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг меросларидир”, дедилар.

Бизлар доим тил ва қалбимизни Аллоҳнинг зикри билан маш­ғул қилсаккина, Аллоҳнинг чақириғига лаббай деган бўламиз:

“Эй имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қи­лин­гиз”(Аҳ­зоб, 41).

Шундагина Аллоҳ таоло зокирларга ваъда қил­ган мукофот­ларга эришамиз, иншоаллоҳ:

“Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр этувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот­ни (яъни жаннатни) тайёрлаб қўйгандир”(Аҳ­зоб, 35).

Аллоҳ таоло: “Мени зикр қилган кишининг қўш­ниси­ман”, дейди (қудсий ҳадис). Аллоҳ биздан рози бў­лишини хоҳ­ла­сак, Уни зикр қилишдан ғофил бўл­майлик.

Солиҳ кишилардан бири: “Мен Раббим мени қачон эслашини биламан”, деганида атрофидагилар: “Буни қандай биласан?” де­йишибди. Шунда у: “Мен қачон Уни эсласам, У ҳам мени эслайди. Аллоҳ таоло: “Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизлар­ни ёд этурман”, деган-ку”, дебди.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм