Мақолалар

Қарашимиз ибрат олиш бўлсин

Чоп этилди Iyun 24, 2019 Қарашимиз ибрат олиш бўлсинda fikr bildirishni o'chirish

Инсон атрофидаги ҳар бир нарса ҳақида чуқур та­аммул қил­са, Аллоҳнинг ягоналигига шак-шубҳаси қолмайди. Чун­ки ҳар бир нарсада Унинг ягоналигига ишора борлигини би­лиш мумкин.

Саҳройи бир арабдан Аллоҳнинг борлиги нима билан, деб сў­ралганида: “Тезак туяга, оёқ излари эса юрувчига далолат қи­лади, …юлдузларга тўла осмон, водий­лар­га эга Ер… барчаси Ал-Латиф Ал-Хобир (Аллоҳ)нинг борлигини англатмайдими?!” деган экан.

Орифлар: “Яратилган нарсаларга ибрат назари билан қа­раш ибодатларнинг энг афзалидир”, дейишган.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Осмонлар ва Ернинг мулку салтанатига, Ал­лоҳ яратган ҳар (бир) нарса ва ажал (муддат)­ла­ри яқинлашиб қолганига (бир) назар ташла­май­ди­ларми?!.”(Аъроф, 185).

Яратилган нарсалар икки қисмдан иборат: бирин­чи қис­ми самога оид бўлса, иккинчиси Ерга оиддир. Са­мога оидла­ри Қуёш, Ой, етти қат осмон, улардаги фаришталар, Арш, Курсий, Бай­тул Маъмур ва унинг атрофида чарчамай ибодат қиладиган фа­риш­та­лар, жаннат ва у ердаги қасрлар, анҳор­лар, ҳуру ғил­мон­лар, Аллоҳ таоло Ўзининг мўмин дўстлари учун ҳо­зирлаб қўйган неъ­мат­лардир. Ерга оидлари эса ер­нинг ости ва устидаги барча нарсалардир. Яна Аллоҳ та­о­ло ко­фир­лар учун ҳозирлаб қўйган дўзах ва унда­ги ин­сон­нинг ха­ёлига келмайдиган турли азоблар ҳам яратилганлар қаторида.

Кўриш қобилияти инсон ақлига маълумот етказувчи сезги аъзо­лари орасида энг фаоли ва таъсирчанидир. Му­та­хассислар­нинг фикрича, инсон кўзи бир сонияда йигирма тўртта кадр – лав­ҳани кўрар экан. Инсон тўғрига қараб турганининг ўзида яна тўрт тараф – ўнг-чап, тепа-пастдаги нарсаларни ҳам илғайди. Бир нигоҳда сон-саноқсиз шакл ва ранглар маълумо­ти­ни қабул қилади. Энди шу неъматнинг қадрини билган инсон ундан ношаръий ишларда фойдаланмаслиги ло­зим. Бунинг учун ҳар бир нарсага ибрат назари билан қараш зарур бўлади. Мусулмон киши яхши нарсаларни кў­риб, уларга эргашиши, ёмон нарсалардан четланиши во­жиб ва ҳар бир нарсанинг ягона Яратувчиси борлигини унут­маслиги лозим.

Танадаги энг ҳаракатчан мускул кўз мускуллари ҳи­соб­ланади. Улар бир кунда минг, балки ундан ҳам кўп марта ҳа­ра­катланади. Агар кўз пайлари қилган ҳаракатни қўл ёки оёқ бажармоқчи бўлса, узилиб тушиши мум­кин. Кўз мускулла­рининг ҳар ҳаракати бир нигоҳдир. Му­сул­мон кишининг нигоҳи ибрат, яъни ибодат бўлса, у кўп са­воб ишлаши мумкинлигини тасаввур қила­ве­ринг. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам)ни ана шундай ибодатга буюрган ва у зот бу амрни қойилмақом қилиб адо эт­ганлар. Демак, биз умматлар ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ибрат олиб, ҳар бир назаримизни ибо­дат даражасига етказишимиз керак. Инсон кўзи билан кў­ради ва унинг асосида ниманидир ўйлайди. Ҳадиси ша­риф­да кўриш ибрат бўлиши кераклиги тавсия қилинмоқда.

Бу насиҳатларнинг гўзаллигига, ҳикматларнинг ҳа­ё­тий­ли­ги­га эътибор қилинг. Содда ва қисқа жумла­лар­да улкан-­ул­кан маъно­лар, буюк ҳақиқатлар намоён­ли­гини ҳис этсак­ки­на, шу оддий кўрин­ган ишларни амал­да бажаришга муҳ­тож эка­нимизни англаймиз.

Аллоҳдан хуфёна ва ошкора қўрқсак, ғазабланган ва хурсанд бўлганимизда ҳам тўғри ва адолатли, бой ёки кам­бағаллигимизда ҳам мўътадил ва тежамкор бўлсак, алоқани узган киши билан боғлансак, қандай яхши. Мурувватли, раҳмли бўлиб, жабр қил­ганларга ҳам саховат қилсак, жим туришимиз тафаккур бўлса, ҳатто нигоҳимиз ҳам ибодатга айланса, биздан кўра сао­дат­ли, комил инсон топилиши қийин. Ана шунда имони­миз соғ­лом, жами­я­ти­миз фаровон, юр­тимиз тинч, қалбимиз хотиржам яшаймиз. Аллоҳ­нинг раҳматига эриша­миз. Омин.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм