Мақолалар

Фарзанд – Холиқнинг ҳадяси

Чоп этилди Iyun 24, 2019 Фарзанд – Холиқнинг ҳадясиda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ субҳоналлоҳу ва таоло “Шўро” сурасида бандаларга қай йўсинда фарзанд ато қилишини баён қилади:

لِلَّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ يَهَبُ لِمَنْ يَشَاءُ إِنَاثاً وَيَهَبُ لِمَن يَشَاءُ الذُّكُورَ * أَوْ يُزَوِّجُهُمْ ذُكْرَاناً وَإِنَاثاً وَيَجْعَلُ مَن يَشَاءُ عَقِيماً إِنَّهُ عَلِيمٌ قَدِيرٌ

“Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. У зот хоҳлаган нарсасини яратур. У зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур. Ёки уларни жуфтлаб ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У зот ўта билгувчи ва ўта қодирдир”.
Ҳа, фарзанд банданинг касби бўлса-да, яратган Холиқ таолонинг ҳадяси эрур. Улар кўзларнинг қувончидир. Улар Аллоҳ таоло томонидан берилган омонат ҳамдир. Шунинг учун уларнинг тарбияларига қаттиқ эҳтимом қилмоқ зарур. Уларни асло қарғамасли, балки доимо дуо ила тарбия қилмоқлик лозим. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

كل مولود يولد على الفطرة فأبواه يهودانه أو ينصرانه أو يمجسانه

“Ҳар бир фарзанд мусулмончиликни қабул қилаверадиган табиат билан туғилади, лекин уни яҳудийга айлантириб юборадиган ҳам, насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган ҳам унинг ота-онасидир”. (Бухорий ривояти)

Айтибдиларки, “отанинг насиҳат, таълиму тарбияси фарзандга таъсир қилмоқ учун, аввало, ўзи ҳам солиҳ бўлмоғи лозим. Киши бировнинг фарзандига зиён етказмаслиги, ёмонлик қилмаслиги керак, чунки унинг зарари замонлар ўтиб, ўз фарзандларига қайтиши мумкин. Масалан, ҳазрати Юсуф алайҳиссаломга акалари ёмонликни раво кўрди, қудуққа ташлаб кетди. Оқибатда неча замонлар ўтиб, ўзларининг фарзандлари Фиръавн қўлига асир тушди.
Ота фарзанд бошида сиҳат-саломат ҳаёт кечириб тургани учун Аллоҳга шукрона қилиб, етим ва мазлумларнинг кўз ёши тўкилишидан сақласин ва уларга раҳму шафқат қилиб, бошларини силасин, бу иш бағритошликни узоқлаштиради. Шунингдек, муҳтожларга нафақа ва xайру эҳсон қилсинки, мукофоти жаннатдир, иншааллоҳ”. (Оила ва никоҳ рисоласи. Фазлуддин Иқроруддин. зиёуз.сом кутубxонаси)
Ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида васият қилиб бундай деган эди: “Ёш бола таълим-тарбия оладиган жойда одоб-ахлоқли, туриш-турмуши намунали болалар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст бўлади”.

Асака туман бош имом-хатиби Шаҳобиддин домла Парпиев

манба: muslim.uz