Мақолалар

Муаммони ўзимиз пайдо қиламиз (Бешинчи мақола)

Чоп этилди Dekabr 29, 2018 No Comments

Ҳайвонот олами

4 октябрь – Бутунжаҳон ҳайвонот оламини ҳимоя қилиш куни. Бу ҳақда  1931 йил Флоренцияда бўлиб ўтган табиатни ҳимоя қилиш тарафдорлари xалқаро конгрессида қарор қабул қилинган.

Ҳайвонлар тагимиздаги уловимиз, эгнимиздаги кийимимиз, дастурхондаги таомимиз, уй-жойимиз қўриқчиси… Раббимиз уларни яратиб, инсонга итоат қиладиган қилиб қўйган, йўқса, тўрт ярим тонна келадиган баҳайбат фил бир чилпойча одамнинг айтганини қилармиди; оғзидан олов пуркаб, туёғидан ўт чақнаб турган бедов саманлар ёшгина, нимжонгина бола етаклаган йўлдан юрармиди…

Ҳайвонлар инсонлар учун яралгани боис Қуръони каримнинг бир неча суралари – Бақара (Сигир), Анъом (Чорва ҳайвонлари), Фил (Фил), Намл (Чумоли), Наҳл (Асалари) – ҳайвонлар номи билан аталган. Шунингдек, ҳайвонларнинг ҳам уммат экани Қуръони каримда:

وَمَا مِن دَآبَّةٍ فِي الأَرْضِ وَلاَ طَائِرٍ يَطِيرُ بِجَنَاحَيْهِ إِلاَّ أُمَمٌ أَمْثَالُكُم مَّا فَرَّطْنَا فِي الكِتَابِ مِن شَيْءٍ ثُمَّ إِلَى رَبِّهِمْ يُحْشَرُونَ

Ер юзидаги юрувчи ҳар бир жонзот ва икки қаноти ила учувчи қуш борки, ҳаммаси сиз каби умматлардир. Китобга ҳеч нарсани қўймай ёзганмиз. Сўнгра Раббиларига жамланурлар (Анъом сураси, 38-оят), дея таъкидланган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса ҳадиси шарифларида: «Агар итлар умматлардан бир уммат бўлмаганида, албатта, уларнинг ҳаммасини ўлдиришга амр қилар эдим», деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилган).

Ушбу ҳадисдан Пайғамбар алайҳиссалом итни ёқтирмаганликлари, аммо ит ҳам бошқа ҳайвонларга ўхшаб уммат бўлгани боис унга тоқат қилганликлари аён бўлади. Чунки ояти каримада айтилганидек, бу ҳайвон ҳам беҳуда яратилмаган.

Мутахассислар айтадиларки, табиатда ҳар бир ҳайвоннинг ўз ўрни ва ўша ўрнини тутиб турадиган саноғи бор. Айтайлик, тулки  ҳар йилдагидан битта кам бўлса, шунинг ҳам таъсири билинар экан.

Қуръони каримда:

وَمَا خَلَقْنَا السَّمَاء وَالْأَرْضَ وَمَا بَيْنَهُمَا بَاطِلاً ذَلِكَ ظَنُّ الَّذِينَ كَفَرُوا فَوَيْلٌ لِّلَّذِينَ كَفَرُوا مِنَ النَّارِ

Биз осмону ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни беҳуда яратганимиз йўқ. Бу куфр келтирганларнинг гумонидир. Бас, куфр келтирганлар учун дўзах(азоби)дан вой бўлсин! (Сод сураси 27-оят), деб марҳамат қилинган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мушуклар ҳақида «У сизларнинг атрофингизда айланиб юрадиган ҳайвонлардан», деганлар. Саҳобалардан Абдураҳмон ибн Саҳл мушукларни яхши кўриб, боқиб юрганлари учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни «Абу Ҳурайра» – «мушукчанинг отаси» деб кунялаганлар.

Яна улуғларимиздан бирининг этагида мушукча ухлаб қолган экан, намоз вақти кириб таҳоратга турмоқчи бўлса, ширингина ухлаб ётган мушукча уйғона қолмас эмиш. У муҳтарам зот шугина жониворнинг уйқусини бузмаслик учун шартта этагини кесиб туриб кетган эканлар.

Мушукни Пайғамбаримиз алайҳиссалом яхши сифат билан сифатлаганлари, саҳобалар, валийлар, меҳрибон инсонлар  яхши кўргани эвазига бу жонивор инсонларга кўп фойда етказишга ҳаракат қилади. Тасаввур қилинг, оёғингизнинг тагидан сичқонми, каламушми ўтиб қолса, нима қиласиз? Жойингизда сакраб, ўйнаб қоласиз, тўғрими? Мулойимгина бўлиб ётган мушукча эса дарҳол катта авлоди йўлбарсга айланади. Шу вақтда унинг қандай чиройли бўлиб кетганини чаққонлигини, кучлилигини бир кўрсангиз эди…

Бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир аёл ўзининг мушуги сабаб бўлиб дўзахга кирди. Ўша аёл мушукни боғлаб қўйиб, унга таом ҳам бермади, бирор нарсани тутиб ейишига ҳам қўймади, мушук озиб-тўзиб ўлди” деганлар.

Аллоҳ таоло мушукни очидан ўлдирган аёлни дўзахга ташлагани ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг бунинг хабарини етказгани ҳикматини Парвардигори олам яратган жонли бир мавжудотга азоб бериш – гуноҳ деб англаймиз. Бу ҳақ гап. Масаланинг яна бир жиҳати  бор. юқорида келтирилган ояти каримада ҳар бир нарсанинг ҳикмат билан яратилганининг хабари бериб қўйилганини билмаган кимсалар уларни нобуд қилиб, жоҳилликларининг жабрини ўзлари тортганлар. Жумладан, 1484 йил Папа Иннокентий VIII мушукларни шайтонга сиғиниш воситаси деб ҳисоблагани боис уларни қириб ташлашга буйруқ берди. Бутун Европа мушуклардан тозаланди. Натижада сичқонлар кўпайиб вабо тарқалди. Бу ўлат 100 мингдан ортиқ инсоннинг ёстиғини қуритди.

Бу тарихдан аён бўладики, мушукларни ўлдирганларнинг қилмиши, мудҳиш оқибатларга олиб келиб, инсонларнинг ўлимига ҳам  сабаб бўлар экан.

Ўтган юзйилликда донларни ташиб кетяпти деган даъво билан Хитой қушларга қирғин келтирди. Қандай қилиб дейсизми? Бир миллиарддан ортиқ хитойликлар қўлига товоқми, тоғорами нима тўғри келса олиб, дангир-дунгир қилиб қушларни ҳуркитиб турган. Ерга, дарахтга, симёғочга, уйларнинг томига, бир мартагина қўниб нафас ростлаб ололмаган қуш бечоралар таппа-таппа ташлаб ўлиб қолаверган. Бунинг натижасида ўша йили хитойликлар ердан мутлақо ҳосил ололмаган, ҳамма экинларини қурт-қумурсқалар нобуд қилган.

Булар ҳали ҳаммаси эмас, ҳайвонот оламидан пала-партиш фойдаланиш оқибатида  XVI аср охирларидан XX асрнинг 70-йилларига қадар умуртқали ҳайвонларнинг 250 тури ва кичик турлари буткул йўқолиб кетди. 80-йиллардан бошлаб ҳар йили ўртача битта ҳайвон тури йўқолиб бормоқда. Қушлар ва сут эмизувчиларнинг 1000дан ортиқ тури йўқолиб кетиш арафасида турибди.

Кўҳна тарих саҳифаларини титкилайверсангиз, шунга ўхшаш ақл бовар қилмас ҳодисаларни кўп учратасиз. Баъзида бизнинг ўзимизнинг ҳам кўнглимизга айрим жонзотлар хуш келмайди. Ана шундай кезларда “Биз осмону ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни беҳуда яратганимиз йўқ” оятини эслаб қўйсак, кўнглимиз таскин топиб, енгил тортамиз ва Раббимиздан уларнинг барчасини бандалари учун манфаатли қилишини сўраб дуо қилиб қўямиз.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эшагига тамға босган одамга қаттиқ дашном берганидан ибрат олганлар мусулмонлар ҳайвонларни бесабаб ўлдирмаганлар, уларга азоб бермаганлар, ҳатто манбаларда Андалусияда эчкисини ваҳшийларча ўлдирган черков роҳибига қози дарра урдиргани ҳам ёзилган. Бироқ айни замонда бутун дунё исломий таълимот асосида ҳаёт кечирмайди. Умуман, бошқа динлар ва таълимотларда ҳам парранда-ю даррандани асоссиз ўлдирмаслик кераклиги айтилган. Лекин инсонлар уларга ҳам амал қилмасдан фақат бугунини кўриб ҳаракат қилмоқдаки, бунинг оқибатида ҳайвонот дунёси кескин камайиб, баъзи турлари бутунлай йўқолиб бормоқда.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan