Мақолалар

Фарзандлик бурчи ва вазифалари

Чоп этилди Iyun 25, 2019 Фарзандлик бурчи ва вазифалариda fikr bildirishni o'chirish

Парвардигори олам башариятни тўғри йўлга бошлаш учун Қуръони каримни нозил қилди ва унда инсонларнинг дунёда фаровон ҳаёт кечириб, охиратда эса нажот то­пишларига сабаб бўлувчи ҳукмларини баён этди.

Маълумки, ота-оналар ўз фарзандларини чексиз меҳр-муҳаббат ва шафқат, куч-ғайрат ва маблағларини дариғ тутмай тарбия қилиб ўстирадилар. Бинобарин, ҳар бир фарзанд зиммасига ҳам ақлан, ҳам шаръан ўз ота-оналарига нисбатан беҳисоб бурч ва вазифалар юк­ланади. Ҳар қайси ота-она ўз фарзандига ақлини таниши билан катталарни, хусусан, ўзининг дунёга келишига ва улға­йишига, тарбия топиши ва илму одоб ўрганишига сабабчи бўлган ота-онаси ҳақини адо этишни тушун­тириб бориши керак.

Қуръони каримнинг йигирмадан ортиқ ояти карималарида ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг розиликларини топишга амр қилинади.  Жумладан, Анкабут сурасининг 8-оятида:

«Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик…» (Анкабут, 8) дейилган.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қи­лиш­ни ҳар бир мусулмон кишига фарз қилган. Шу са­бабли уларга яхшилик қилиш ака-ука, ёрудўстларга ва ҳатто фарзандга яхшилик қилишдан ҳам устун туради.

Ота-онага зинҳор озор бермаслик ва уларнинг сўзу феълларидан ҳеч малолланмасликка буюриб, қуйидагича хитоб қилади:

«Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қили­шингиз­ни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!» Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: «Эй Раббим! Мени (улар) гў­даклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам улар­га раҳм қилгин!» (Исро, 23-24).

«Уларга ёқимли сўз» деганда ота-онани номи билан чақирмаслик, балки «отажон, онажон» каби сўзлар билан ёш гўдаклардек авайлаб муомала қилиш, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслик, улар олдида ўзини қул ёки чўрилардек тутиш кабиларни тушуниш керак (Имом Насафий ва Хозин тафсирлари).

Этибор беринг, Ҳақ таоло ота-оналар ҳақларига дуо ва истиғфор айтиб туришга буюриб, марҳамат қиляпти:

«Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қано­тини паст тут ва (дуода) айт: «Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро, 24).

Бошқа бир оятда эса:

«Эй Раббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўмин­ларни мағфират қилгин!» дейилади (Иброҳим, 41).

Фарзанд ҳар доим ота-онасининг сўзларига қулоқ солиши ва уларга итоат қилиши лозим. Аммо ота-она бирор гуноҳ ишга буюришса, уларга итоат қилинмай­ди. Масалан, ота ўз ўғлига дўконга бориб маст қилувчи ичимлик олиб келишни буюрса, бу  ҳолатда отага итоат этилмайди, балки қўполлик қилмасдан, ширинсўзлик ва мулойимлик билан тушунтирилади.

Жаноб Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам кўплаб ҳадиси шарифларида фарзандларни ота-оналарга яхшилик қилиш, уларнинг розиликларини топиш учун ҳаракат қилишга буюрганлар. Жумладан:

 رِضَى الرَّبِّ فيِ رِضَا الْوَالِدَيْنِ وَسَخَطُهُ فيِ سَخَطِهِمَا

«Парвардигорнинг розилиги ота-онанинг рози­ликла­рига боғлиқ. Унинг ғазаби ҳам ота-онанинг но­рози­лигига қараб бўлади», дейилади (Табароний ри­вояти).

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Пайғамба­ри­миздан (алайҳиссалом) ривоят қиладилар:

«Қайси бир солиҳ фарзанд ўз ота-онасининг юзларига меҳру шафқат назари ила боқса, Ҳақ таоло у кишининг ҳар бир қилган назарига бир ҳаж қилганнинг савобини бергай». Шунда саҳобалар сўрадилар: «Ё Расулуллоҳ, бир кунда юз марта боқса ҳам, юз ҳажнинг савоби ёзилаверадими?» Онҳазрат: «Албатта, Аллоҳ таоло карами кенг, улуғ зотдир ва ажру савобларини яхши бандаларидан да­риғ тутмагай», деб жавоб бердилар.

Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қи­линади: Бир киши йиғлаб қолган ота-онасини ташлаб ҳижрат қилиш учун Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига байъат беришга келганида, Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Уларнинг олдига қайтгин ва уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, дедилар.

Яна бир ҳадиси шарифда бир киши келиб жаноби Сар­вари оламдан сўради: «Ота-онам вафот этдилар. Энди уларга нима қилсам, зиммамдаги ҳақларини адо этган бў­ламан?» Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ота-она вафот этгач, фарзандларнинг зимма­ларига вожиб ишлар, аввало, уларга  жаноза намози ўқиш, вақти-вақти билан дуою истиғфорлар айтиб туриш, қилиб кетган барча васиятларини ижро этиш, уларга яқин бўлган ёру дўст, қариндошларини иззату ҳурмат қилиш, ота-она тарафидан бўлган қавму қариндошларга силаи раҳм бажо келтириш, қабрларини зиёрат қилиб туриш, бировлардан қарз ёки омонат олган бўлишса, уларни эгаларига етказиш», деб жавоб қилган эканлар.

Ўтиб кетган ота-оналарнинг руҳлари шод бўладиган амалларнинг энг улуғи улар қолдириб кетган фар­занд­ларнинг солиҳ ва қобил бўлишларидир. Агар фарзанд ўзини ёмон йўллардан, гуноҳ ишлардан сақлаб, рушду ҳидоят, тоат-ибодатда юрадиган бўлса, бунинг савоби­дан ўзи ва зурриётларигина эмас, балки ўтиб кетган ота-оналар ҳам албатта баҳраманд бўлишади.

Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳади­си муборакларида башорат бериб бундай деганлар:

إِذَا مَاتَ الْإِنْسَانُ إِنْقَطَعَ عَمَلُهُ إِلاَّ عَنْ ثَلاَثٍ: صَدَقَةٍ جَارِيَةٍ أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ أَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ

«Инсон вафот этиши билан номаи аъмолига гу­ноҳу савоб ёзилиши ҳам тўхтайди. Аммо уч иш бор, агар маййит ҳаётлик вақтида улардан қайси бирини қилиб кетган бўлса, ундан ҳосил бўладиган са­воб­лар­дан май­йитнинг номаи аъмолига ёзилиб тура­веради. Булар садақаи жория, фойдали илм ва солиҳ фарзанд­дир» (Муттафақун алайҳ).

Ислом динида ота-онага бўлган ҳурмат нечоғли улуғ­лигини қуйидаги ҳадислардан ҳам билсак бўлади. Онанинг ҳузурига киришга изн сўраш ҳақида Алқа­мадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ عَلْقَمَةَ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إلَى عَبْدِ الله قَالَ أَ أَسْتَأْذِنُ عَلَى أُمِّي؟ فَقَالَ: مَا عَلَى كُلِّ أَحْيَانِهَا تُحِبُّ أَنْ تَرَاهَا.

«Бир киши Абдуллоҳнинг олдига келди ва: “Мен онам­нинг олдига киришга изн сўрайманми?” деди. “Ни­ма, уни ҳар қандай ҳолатида ҳам кўравер­моқ­чимисан?” деди».

Ушбу ҳадисдан киши ўз онаси­нинг олдига ҳам изн сўраб кириши зарур экани кўриниб турибди. Бу фарзанд­­нинг улуғ бурчлари ва одобларидан ҳисобла­нади.

Садақаи жория. Бунинг маъноси шуки, инсон фақат ўзи ва оиласининг манфаатинигина кўзлаб эмас, балки ўзгаларга, бутун инсониятга, ҳайвоноту набототга ҳам би­рор жиҳатдан фойда етказиш нияти билан иш қилиши керак. Дарахт  ўтқазилса, унинг мевасидан, соясидан ҳамма фойдаланади. Бирор ердан сув чиқарилса ёки йўл қурил­са, бундан одамлар манфаатдор бўладилар. Бир кўприк солинса, карвонсарой, масжид, мактаб ё мадраса каби ин­шоотлар қурилса, бу ҳам кўпчилик манфаатига хизмат қилади. Буларнинг ҳаммаси «садақаи жория» ҳукмидадир.

 Фойдали илм. Бунинг маъноси дину диёнатга ёки илму ҳикматга доир китоблар ёзиб кетишдир. Диний ва дунёвий илмлардан дарс бериб, шогирдлар қолдириб кетиш ҳам шунга киради. Мана, ҳозиргача фойдаланиб келинаётган минглаб диний китобларимизни ёки Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Форобийнинг асар­ларини олиб кўрайлик, Буларнинг ҳаммаси неча аср­лар олдин ёзилган бўлса-да, ҳанузгача ўз қиммат ва эъти­борини йўқотмай, бутун инсоният манфаати йўлида хиз­мат қилиб келмоқда.

Солиҳ фарзанд. Яъни, солиҳ ва қобил фарзанднинг тўғри йўлда хайрли ишларни қилиб юришининг саво­бидан, албатта, ўтиб кетган ота-оналари баҳраманд бў­лишларини Расулуллоҳ (алайҳиссалом) бизга маълум қи­ладилар.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Исломда фар­занд­­лар бурчлари билан бир қаторда уларнинг ҳақлари ҳам мавжуд. Бу ҳақлар уларнинг ота-оналари ёки яқин қариндошлари, яшаётган жамиятларига вазифа қилиб юклатилгандир. Бу ҳақларни адо этиш вожиб бўлиб, ун­га амал қилмоқлик мажбурийдир.

  1. Насаб. Никоҳнинг асл мақсадларидан бири насл-насабни сақлашдир. Бусиз оила ҳам, жамият ҳам бўл­майди. Фарзанднинг ота-онаси никоҳдан ўтган, ҳалол-пок яшагандагина насаби аниқ ва пок бўлади.
  2. Бўлажак фарзандга муносиб ота ва она танлаш.Ислом бола ҳақида у ҳали дунёга келмасдан анча олдин, оила қуришга тайёргарлик кўрилаётган пайтдан бошлаб қайғура бошлайди.

“Талхис” номли китобда Ойшадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади:

“Сизлар ўз нутфангизга муносиб жуфти ҳалолни их­тиёр қилинглар. Ўзингизга муносибларга никоҳла­нинг ва уларга никоҳлаб беринг” (Ибн Можа ва Дора­қут­ний).

Оила қурилар экан, ота-онанинг диндорлиги, ахло­қи, одобига, инсонийлигига алоҳида эътибор берилади. Чунки улардаги хислат, фазилатлар ҳам, ёмон одатлар ҳам болага кўчиши исбот талаб этилмайдиган ҳақи­қатдир.

  1. Эмизиш.Туғилган фарзанд аввало эмишга муҳтож. Бу эса онасининг вазифаси. Шаръий узр сабаб­ли она эмиза олмаса, эмизувчи топиш ва уни рози қилиш отанинг иши ҳисобланади.
  2. Боланинг ота-онадаги ҳақларидан бири унга муносиб исм танлашлари, яъни фарзандга маънодор, чиройли исм қўйишдир.
  3. Ақиқа ҳам боланинг ота-онадаги ҳақларидандир.

“Ақиқа” луғатда “ёрди” маъносини англатиб, асли­да, янги туғилган боланинг сочига айтилади.

Шариат таълимотларига мувофиқ, туғилишнинг еттинчи куни боланинг сочини олиб, ўша соч оғирли­гида кумуш садақа қилмоқ тавсия этилади.

Соч бошдан ажратиб олингани учун, бу маросим “ақиқа” дейилади.

Истеъмолда шу маъно кўп ишлатилиши боис “ақи­қа” деганда, янги фарзанд туғилиши муносабати ила сў­йиладиган қўй ҳам тушуниладиган бўлиб қолган.

  1. Янги туғилган боланинг қулоғига азон ва такбир айтиш.

عَنْ أَبي رَافِعٍ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: رَأَيْتُ رَسُولَ الله صَلَّى الله عَلَيْه وَ سَلَّم أَذَّنَ بِالصَّلاةِ فِي أُذُنِ الحَسَنِ بْنِ عَلِيٍّ حِينَ وَلَدَتْهُ فَاطِمَةُ

Абу Рофиъдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади:

“Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Фотиманинг (розияллоҳу анҳо) туққан боласи Ҳасан ибн Али қулоғига намознинг азонини айтаётган­ларини кўрдим” (Абу Довуд ва Термизий).

  1. Янги туғилган боланинг танглайини кўтариш.

Кўпчилик саҳобалар ўзларининг янги туғилган фарзандларини Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига олиб борар эдилар. Ул зот (алай­ҳиссалом) ёш болаларни кўрсалар, ўта ҳурсанд бўлар эдилар. Кўпинча ҳурмо билан янги туғилган боланинг танглайини кўтарар ва унга исм қўяр эдилар.

  1. Ҳомийлик. Бола етти ёшга киргунча бировнинг ҳи­моясига муҳтож. Яъни овқатланиш, кийиниш, юви­ниш ва бошқа ҳолатларда доимо катталарнинг ёрдамига муҳтожлик сезади. Бу ишларни унинг ота-онаси, улар бўлмаса яқин қариндошлари амалга оширишлари вожибдир.
  2. Валийлик. Етти ёшдан балоғат ёшига етгунча бўл­ган болалар валийга, ўзидан катта раҳбарга муҳтож­дир­лар. Бу ҳам, агар ота-она бўлмаса, яқин қариндош­ларига юклатилади.
  3. Нафақа. Болаларни озиқ-овқат, кийим кечак, турар-жой билан таъмин этиш отанинг бурчидир. Бу нарсалар ҳалол-пок бўлиши талаб қилинган.
  4. Болага меҳрибонлик кўрсатиш ота-она вазифа­сига киради.
  5. Болалари орасида адолат қилиш ҳам ота-она вазифасидир.
  6. Балоғатга етганидан сўнг уйлантириб, оилали қи­либ қўйиш ва шунга ўхшаш баъзи ишлар ҳам ота-оналарнинг бурчлари ҳисобланади.
  7. Тарбия ҳақи ҳам фарзандлик ҳақларидандир.

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий ота-она ҳақига нозил бўлган оятларнинг тафсирида айтадилар: «Ким ўз ота-онасини беш вақт намоздан сўнг дуо қилиб юрса, демак, у ота-онаси ҳақларини адо қилган бўлади».

Фарзанд зиммасида, айниқса, онанинг ҳақи улуғдир. Чунки она фарзандини тўққиз ой қорнида кўта­риб юради, туғилгач, бор меҳри, куч-қувватини бағиш­лаб, уни боқади, кечалари неча бор туриб, уни эмизади, оқ ювиб, оқ тарайди, шодлигида севинади, ғамга ботса, баравар қайғуради, тоби қочса, биргаликда дардини тортади, қў­йинг-чи, бутун борлиғини фарзан­дига бах­шида қи­лади. Шундай бўлгач, фарзанд бир умр она ҳақини адо қилиш­га тиришса ҳам, бунинг удда­сидан чиқолмайди.

Ривоят қилишларича, Абдуллоҳ ибн Умар Маккаи мукаррамада онасини елкасида опичлаб, Каъбани тавоф қилдириб юрган бир яманлик кишини кўриб қоладилар. У киши Ибн Умардан: «Энди онамнинг ҳақини адо қи­лолдимми?» деб сўраганида, Ибн Умар: «Йўқ, бу би­лан бир марталик тўлғоқдаги машаққати ҳақини ҳам адо қи­лолмадинг», деб жавоб берганлар.

Ҳадисларда ривоят қилинишича, бир киши Пайғам­баримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Кимга ях­ши­­лик қилай?» деб сўраганида, уч мартагача «онанг­га» деб жавоб берганлар ва тўртинчисида «отангга ва яқин қариндошларингга», деганлар.

Оналар ана шундай улуғ ва мукаррам зотлардир. «Жан­нат оналар оёғи остидадир» деган ҳадиси шарифга мувофиқ, фарзандларимизга кичиклигиданоқ оналарни ҳурматлашни, айтганларини сўзсиз бажаришни, яхши муомалада бўлишни ўргатиш лозим.

Оиланинг муаллимаси она бўлса, унинг посбони ва устуни отадир. Фарзандга отадай меҳрибон, отадай ғам­хўр киши йўқ. Фарзанднинг дунёга келиб, ҳаётда ўз ўрнини топишида унинг алоҳида хизматлари бор. Ота оилани моддий жиҳатдан таъминлайди: оиласи, фар­занд­лари яшаши учун уй-жой ҳозирлайди, устларига либос топади, емак-ичмаги пайидан бўлади. Таълим-тарбияси билан шуғулланади, уйлаб-жойлайди. Боринг­ки, ҳар бир оиланинг равнақи ва камоли йўлида энг кўп жон куйдирадиган киши отадир.

Оталар фарзандларининг чин инсон бўлиб улғайиш­лари, таълим-тарбия олишлари, касбу ҳунар ўрганиш­лари йўлида жонларини, молларини, куч-ғайратларини сарфлашади. Ўғил-қизларининг ахлоқ-одобини, илм-са­ло­ҳиятини ўнглашади. Фарзандга келган бало-қазо­ларга кўксиларини қалқон қилишади. Шунинг учун уларнинг бу хизматларини билиш ва қадрига етиш, бу­ни­нг шук­ронаси учун уларга итоатда бўлиш, фар­зандлик бурчини ўташга ҳамиша шай туриш лозим. Чунки адолат мезони уларнинг бу ғамхўрлик ва хизматларини муносиб тақдирлашни тақозо этади.

Бир куни келиб кечагина навқиронлик ва бақув­ват­ликдан масрур юрган ота кексайиб, қадди дол бўлади. Соғлиғидан путур, кўзларидан нур кетади, ҳар ишда бошқалар ёрдамига муҳтож бўлиб қолади. Ҳаёт қонуни­га кўра, кечаги ожиз ва нотавон фарзанд бугун улғайиб, куч-қувватга тўлади, ақли, фикри, иқтидори юксалади. Ана шундай пайтларда фарзандлар отала­ридан инсон­лик қарзларини узишлари, яъни чиройли муомала қи­лишлари, улар шаънига доғ туширмайдиган, муносиб инсонлар бўлишлари, қўлларидан келганича ёрдам беришлари керак бўлади.

Қуръони каримнинг бир неча ояти карималарида ота-оналарга яхшилик қилиш буюрилган. Аммо айрим ёшларимиз бу илоҳий амрни унутиб қўйишяпти. Яши­риб нима қилайлик, орамизда оталарига қўпол, ёмон муомалада бўладиганлар, илтимосларини бажа­риш­ни «эсдан чиқариб» қўядиганлар ҳам бор. Уларнинг дилини оғритадиган, ўзининг ёмон хулқи билан эл орасида ота­сини шарманда қиладиган, отага ҳатто қўл кўтаришгача борадиган нобакор фарзандлар ҳам учраб туриши сир эмас. Энг ачинарлиси, баъзи ноқобил ўғил-қизлар бойлик ва имкониятлари бўлгани ҳолда, оталари кексайиб, мадад ва далдага муҳтож бўлиб қолганларида уларни эъзозлаб парваришлаш ўрнига ё қаровсиз ташлаб қўйишади, ё қариялар уйига жўнатишади. Кек­сайган оталарининг хонадонга келтирадиган бара­кот­ларидан манфаатланиш, дуоларини олиш ўрнига, аксин­ча, дийдорига зор қилиб, хўрлашади. Бу борада Расу­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: «Оталарингизни ҳурматлаб, уларга яхшилик қилинглар, фарзандларингиз ҳам сизларга яхшилик қилишади».

Доно халқимизда «ота бўлиш осон, оталик қилиш қийин», «нима эксанг, шуни ўрасан», «ота рози – Худо ро­зи» каби ажойиб ҳикматлар бор. Оталар кўнглини то­пиш, ҳамиша хизматига шай бўлиш, ҳадялар бериб, хурсанд қилиш, ҳар жабҳада улар розилигини топиш фарзанднинг асосий бурчларидандир.

Фарзанд ота-онага қанча яхшилик қилмасин, ўзи­нинг дунёга келишига сабабчи бўлган зотлар муко­фоти­ни ҳеч вақт адо эта олмайди. Абу Ҳурайрадан (рози­ял­лоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулул­лоҳ (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Бола ота­си мукофотини қайтара олмайди, фақат отаси қул­лик азобида юрган бўлса-ю, фарзанд уни сотиб олиб, озод қил­сагина мукофотини қайтарган бўлиши мумкин».

Солиҳ аждодларимиз оталарга ҳурмат-эҳтиром кўр­сатишда, уларни рози қилиб, фарзандлик бурчла­рини шараф билан ўташда авлодларга ибрат ва намуна бў­лишган. Умар ибн Зар айтади: «Агар кундузи юрсам, ўғлим одоб юзасидан ортимда келар, кечаси эса менга бирон озор етишидан қўрқиб олдимда борар, мендан юқо­рида бўлмаслик учун ҳатто мен турган уй томига ҳам чиқмас эди».

Фазл ибн Яҳё Бармакий отаси билан тутқунликда турганида ҳаво совуқ бўлиб, эрталабки изғиринда таҳо­рат олишга отанинг тоқати етмас эди. Шунда ўғли Фазл сувли идишни иситиш учун эрталабга қадар ухламай, чироқ ёнида ушлаб ўтирар ва илигач, отаси таҳоратига берар эди.

Имом Товус айтади: «Тўрт тоифа инсонларни ҳур­мат қилиш суннатдир: олимни, оқсоқолни, султонни ва отани. Кишининг ота исмини айтиб чақириши қўпол­ликдир».

Ота-онанинг, айниқса, оталарнинг фарзанд зиммаси­да­ги ҳақлари ўта муҳим ва эътиборга лойиқдир. Шунинг учун ҳар бир фарзанд ҳамиша ота кўнглини олиш, дуоларига сазовор бўлиш, хизматларида камарбаста ту­риш, яхши ишлари, ҳадялари билан хурсанд қилиш пайи­да бўлиши лозим. Яхши фарзандлар эса бундай яхши­ликларни ота вафотидан кейин ҳам давом этти­ришади, дуо ва истиғфорда бардавом бўлишади, унинг дўст ва ақраболарини йўқлаб туришади, солиҳ амаллари билан шаънини пок сақлашади.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм