Мақолалар

Одоб – боланинг кўрки

Чоп этилди Iyun 25, 2019 Одоб – боланинг кўркиda fikr bildirishni o'chirish

Болалик чоғимизда катталар сўзлаб берган эртак­ларнинг қаҳрамонлари дев, ялмоғиз ёки алвасти каби қўр­қинчли махлуқлар олдига кирганда салом беришар, бунга ўша махлуқлар: «Агар саломинг бўлмаганида, ик­ки ямлаб, бир ютар эдим», деб жавоб қайтаришарди. Ўша эртакларда бир жойга албатта салом билан кириш зарурлигига нега бунчалик урғу берилганининг сабаб­ларини улғайгачгина тушундик. Шунинг учун бола эсини таниши билан учраган таниш-нотанишга салом беришини талаб қилинг. Чунки саломлашиш инсонлар одобининг боши, танишув муқаддимаси, мусулмон киши ахлоқининг асосий шартларидан биридир.

Ҳар бир ота-она фарзандига тарбия-одоб берар экан, энг аввало саломлашишни ўргатсин. Чунки салом бериш Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) суннатларидан­дир, унга алик олиш эса вожибдир. Жаҳонда одобнинг бу жиҳатига эътибор бермайдиган бирор миллат ёки халқ йўқ. Доно халқимиз бежиз: «Гапнинг боши – калом, одоб боши – салом», демаган. Чунки бирор нотаниш киши билан кўришиб-танишмоқчи бўлсангиз, салом беришингиз билан гап-гапга қовушади, ўртадаги бегонасираш, ноқулайлик барҳам топади. Ҳатто мухо­ли­фингиз ҳузурига «Ассалому алайкум» (Сизга тинчлик-омон­лик бўлсин) деб кирсангиз, унинг жаҳли тушади, кеки йўқолади, кўнгли сизга мойиллашади. Саломла­шишнинг савоби, бунга бериладиган ажр-мукофотлар-ку, ҳаммасидан ҳам юксак.

Ота-боболаримиз азалдан ўғил-қизларнинг чиройли хулқли, одобли бўлишига катта аҳамият беришган. Чунки Ислом дини ахлоқни имон қаторида қўяди. Ҳамма замонларда, ҳамма ўлкаларда яхши хулқли, олижаноб, ширинсўз, ҳалим инсонлар жамиятнинг кўр­ки, одамлар­нинг аълоси бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Айниқса, Шарқ олами бу борада бутун инсониятга ибрат-намуна бўлган.

Олий хулқ соҳиби бўлмиш Пайғамбаримизга (алай­ҳис­салом) эргашган инсонлар Яратганнинг ҳукмлари­га бўйсуниб, хулқларини тузатишган, яхши фазилатлар соҳиби бўлишган. Оилада, яқинлар даврасида, одамлар билан муносабатларда комил одобларини намойиш қилиш­ган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) умматни ҳусни хулқ, одобли бўлишга тинмай чақир­ганлар. Бу мавзуда жуда кўп ҳадиси шарифлар ривоят қилинган:

«Ҳамма ишларингизда тўғри бўлинг, одамларга муо­малада хулқингиз чиройли бўлсин! Кичикни ҳурмат қилмаган, кексанинг қадрига етмаган биздан эмас».

«Одамларга таом беринглар ва ширинсўз бўлинг­лар».

«Яхшиликни чеҳралари очиқ, хушрўй одамлардан кутинглар».

«Дин чиройли хулқ ва ғазаб қилмасликдир».

«Сизларнинг энг яхшиларингиз хулқ-атвори яхши бўл­гани ва хотинларига яхши муомала қилганидир».

«Дўст-биродарларига қовоғини солиб қарайдиган кишиларни Аллоҳ ёқтирмайди, У ҳар ишда мулойим­ликни яхши кўради».

«Яхши инсонлар гўзал хулқлари билан кечаси ибодат қилганлар ва кундузи рўзадор бўлганлар дара­жасига эришишади».

«Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига севимли бўлган икки хислат бор: булар мулойимлик ва вазминликдир».

«Одамлар билан хуш муомалада бўлинглар, уларга қаттиққўллик қилиб, беҳаё сўзламанглар».

«Ўзини камтарин олиб юрувчи, ҳалол касб қилувчи, қалби пок, кўриниши ёқимли, одамларга зарар етказ­май­диган, хайр-эҳсон қиладиган, беҳуда гапдан ўзини тиядиганлар инсонларнинг энг яхшиларидир».

Ҳар бир ота-она ана шу кўрсатмаларга биноан бо­ласини чиройли хулқ эгаси қилиб тарбияласин, унга одоб ўргатсин. Чунки яхши хулқ инсонларни бир-би­ри­га улфат қилади, ёмон хулқ уларни ажратиб ташлайди. Яхши хулқ муҳаббатни, ҳамкорлик ва муро­сани тақозо этса, ёмон хулқ нафрат, ҳасад ва келиш­мов­чиликларга сабаб бўлади.

Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтади: «Ёмон хулқнинг мисоли худди синган сопол идишга ўхшайди, уни ямаб ҳам, лойга қайтариб ҳам бўлмайди».

Фузайл ибн Иёз эса: «Чиройли хулқли фожир (ярамас) кимсанинг менга ҳамсуҳбат бўлиши ёмон хулқли обид (ибодатли) киши суҳбатидан яхшироқдир», деган.

Умар ибн Хаттоб: «Инсонларга чиройли хулқлар билан аралашинглар. Улардан яхши амаллар билан ажралиб туринглар», деб айтганлар.

Али ибн Абу Толиб: «Ҳусни хулқ уч хислатда бўлади: ҳаромлардан сақланишда, ҳалолни исташда ва оилани фаровон қилиб қўйишда», деганлар.

Ҳасан Басрийнинг бундай сўзлари бор: «Ҳусни хулқ очиқ юзли бўлиш, молни сарфлаш ва азият беришдан ўзини тийишдир».

Саҳл Тустарий айтадики: «Ҳусни хулқнинг энг ози азиятларни кўтариш, товон (пули)ни тарк этиш, золимга ҳам раҳм қилиш ва унга истиғфор айтишдир».

Ёшлар тарбияси ҳақида сўз борар экан, уларга тегишли умумий одоб-ахлоқлар ҳақида Имом Ғаззолий айтган сўзларни нақл этишни лозим топдик: «Ёшлар тилла тақинчоқ ва турли зебу зийнат тақмасликлари ло­зим. Улар ўтириш, туриш, салом бериш одобларига риоя этишлари, ўзларидан катталар ҳузурида оёқларини чалиштириб ўтирмасликлари, сергап ва сўкувчи бўлмас­ликлари, беҳаё сўзларни айтмасликлари, хусусан, ёмон хулқли тенгдошларига аралашишдан эҳтиёт бўлишлари керак («Иҳё…» китоби, 3-жуз, 70-бет).

Ҳусайн Воиз Кошифий бундай ёзади: «Гўзал феъл-атвор, яхши хулқ нишонаси ўнтадир: яхшилик қилиш, инсофли бўлиш, бошқа одамдан айб қидирмаслик, ножўя ҳаракат қилаётганни тўғри йўлга бошлаш, айбига иқрор бўлганнинг узрини қабул қилиш, ўзгалар машаққатини зиммага олиш, фақат ўз манфаатини кўзламаслик, очиқ юзли ва ширин сўзли бўлиш, муҳтожлар ҳожатини чиқа­риш, мулойим ва тавозели бўлиш».

Подшоҳ Анушервон доно вазири Бузургмеҳрдан: «Мулойим кишининг белгилари қайсилар?» деб сўра­ганида, вазири: «Мулойим кишида учта нишона бўлади: биринчиси – юзсиз, бадфеъл кишилар қўпол сўзласа ҳам, у яхшилик қилаверади; иккинчиси – қаҳр-ғазаби аланга­ланганида ҳам, тишини тишига босади; учинчиси – бир кишидан зиён етса-ю, жазо беришга қодир бўлса ҳам, аччиғини ютади», деб жавоб қилди.

Луқмони ҳакимдан: «Сен ўзинг кўрган иллатлар ва айблардан қай бирига даво топа олмадинг?» деб сўра­шибди. У: «Мен барча иллатларга ҳикмат юзасидан даво топдим, аммо даволай олмаганим бадфеъллик бўлди», дея жавоб қайтарган экан.

Суқрот ҳакимнинг бундай сўзлари бор: «Ҳалол меҳнат, муҳтожларга ёрдам, ғазаб вақтида ёмон сўзлардан тилни ва бировга озор беришдан қўлни тийиш, кам­чиликни битириб ҳамда ёмон хулқ-атворни тузатиб, гўзал ахлоқ соҳиби бўлиш энг яхши фазилатлардир».

«Тўғри йўлдан оғишмаслик, инсофли-адолатли бўлиш, нафс орзусига қарши бориш, олим-фозиллар билан суҳ­бат қуриш, катталарга ҳурмат ва кичикларга шафқат қи­лиш, самимий дўстлар маслаҳати билан иш тутиш, муҳ­тожларга ёрдам кўрсатиш эзгуликнинг маъда­нидир», деган улуғ ҳакимимиз Абу Али ибн Сино.

Юсуф ибн Асботнинг айтишича, «Ҳусни хулқнинг ало­мати ўн хислатдадир: ўзгалар билан ихтилофга бор­мас­лик, чиройли инсоф, бировларнинг тойилиб кети­шини истамаслик, бошқаларнинг билинган камчи­ли­гини яхшиликка йўйиш, узр сўрай олиш, азиятларга чи­даш, нафсини тергов қилиб туриш, ўзганинг эмас, ўз айбини билиш, каттаю кичикка бирдай очиқ юзли бўлиш, ўзидан юқори ёки паст кишига ҳам мулойим сўзлаш».

Ҳикоя қилишларича, Ардашер Бобак юртини адолат зийнати билан безаган эди. Бир куни у ўғлининг ғоятда қимматбаҳо кийимлар кийиб олганини кўрди. Уни олдига чақириб: «Ўғлим, киши шундай либос кийсинки, бундай либос ҳеч бир хазинада бўлмасин», деди. Ўғли ундан: «Эй ота, у қандай либос, нимадан тикилади?» деб сўради. Отаси унга: «У шундай либоски, матоси яхши хулқ ва яхши ишдир, ипи эса муроса ва сабрдан бўлади», деб жавоб берди.

Фарзандининг чиройли одобидан умид қилган ота-она уни мунтазам равишда ҳусни хулқ асоси бўлган муомала одобининг қуйидаги қирралари билан таниш­тириб борсинлар:

Фарзандингиз одамлар билан муомалада ширинсўз, мулойим, босиқ, ҳалим ва камтар бўлишга ҳаракат қили­шига эътибор қаратинг. Болангизни кичикларни иззат-икром, катталарни ҳурмат-эҳтиром қилишга ўрга­тинг.

У одамлар билан яхши муносабат ўрнатсин, қўпол ва беҳаёларча сўзлаб, дилларни оғритмасин. Чунки инсонларнинг энг яхшиси муросага осон келадиган, қалби пок, ортиқча гап-сўзлардан ўзини тиядиган киши­лардир.

Одамлар хурсандчилигини баҳам кўриш, ғам-анду­ҳидан қайғуриш, мол-мулкига хиёнат қилмаслик, яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариш ҳусни хулқ эгаларига хос фазилатлардандир. Шунинг учун фарзан­дингиз­га болаликдан ана шу хислатларни сингдириш пайида бўлинг.

Фарзандингизга ўзгалар билан муомала чоғида бош­қаларни ғийбат қилиш, ҳасадгўйлик, суҳбатдошини камситиб, камчилигини юзига солиш, ўзгаларни менсимайпаст назар билан қараш, обрўйи, бойлиги ёки мансабига қараб муомала қилиш ҳам одобсизлик эканини яхшилаб тушунтиринг.

Шунингдек, ёши улуғ кишилар, устозлар, илм аҳллари билан муомалада уларнинг кўзига тик боқмай, гапларини жим тинглаш, саволларигагина жавоб қайтариш, амрларини сўзсиз бажариш, хизматларига шай туриш ҳам ёшларга ярашиқли одобдандир. Шу боис уларни болаликданоқ ана шу одобларга ўргатиб боринг.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм