Мақолалар

ВАЛИД ИБН ВАЛИД

Чоп этилди Dekabr 29, 2018 No Comments

Валид ибн Валид ибн Муғийра ибн Абдуллоҳ ибн Амр Маҳзумийнинг отаси Валид ибн Муғийра Қурайшнинг обрўли ва энг бой кишиларидан эди. Уни “Ягона” ва “Қурайш райҳони”, дейишарди. Онаси Лубоба бинти Ҳориса мўминлар онаси Маймуна бинти Ҳориса (розияллоҳу анҳо)нинг опаси. Акаси Холид ибн Валид (розияллоҳу анҳу). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ё Аллоҳ, Валид ибн Валид ибн Муғийрага ва мусулмонларнинг заифларига нажот бер”, деб дуо қилганлар.

 

***

 

Ҳаж мавсуми яқинлашар, зиёратга келадиган арабларнинг янги динга эргашиб кетиш хавфи тобора ортмоқда эди. Макка мушриклари қаттиқ ташвишга тушган шундай кунларда Валид ибн Муғийра Муҳаммад  (алайҳиссалом)ни одамларга “сеҳргар” деб таништиришни маслаҳат берди. Ҳамма рози бўлди.

Валид ибн Муғийра Қурайш саййидларига берган маслаҳати ҳақида ўғли Валиднинг фикрини сўради. Оқил фарзанд: “Отажон, мени бир нарса ҳайрон қолдиряпти. Қандай қилиб ўзингизга ўзингиз қарши чиқяпсиз? Ахир, Қуръонни гўзал сифатлаган сиз эмасми? Ҳатто Муҳаммаднинг асҳоблари ҳам у ҳақда сиздан ошириб гапиролмайди. Шундан кейин ҳам одамларга Қуръонни “тўқилган”, “сеҳр”, деб айтасизми?! Унинг нимаси тўқилган? Мен туҳматдан халос бўлишингизни хоҳлайман. Бугун қавм гапингиз сабаб Исломни ботил деб ишонмоқда. Муҳаммаддан эшитганларингизни ҳаж мавсумида келадиган араблар ҳам эшитади. Уларнинг ҳам биз каби ақл, қулоқ, кўзлари бор. Ана шундан кейин араблар Муҳаммад ҳақида айтганларингиз ёлғон эканини илғаб олишади. Ўзингиз билган нарсаларни одамларга ҳам айтинг”, деб уни гуноҳдан сақлашга уринди.

***

Абу Жаҳл Исломни қабул қилишгани учун укаларини кишанлади. Валиднинг қариндошлик меҳри жўшиб, яқинларига яширинча таом берди. Қилмиши ҳақида отасига хабар беришди. Отаси кечирим сўрашини талаб этганда ўғли Валид бундай деди: «Ота, улар (мусулмонлар) қавмидан ажрагани йўқ. Фақат эски дин ва амалларини ташлашди, холос. Жоҳилият миллатчилигини йўқ қилиб, силаи раҳм ўрнатишмоқда. Чунки яхшилик қилишда энг биринчи ҳақдорлар яқинлардир. Саҳобаларнинг: “Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳам золим ҳам мазлум биродаримизга ёрдам беришимизни буюрдилар. Мазлумга ёрдам бериш маълум. Золимга ёрдам бериш эса уни зулмдан тўхтатиш билан бўлади”, деб айтганларини эшитганман. Тўғри ҳали Исломга кирмадим. Лекин адолат қилдим. Мусулмонларнинг хулқи, фикри, адолат мезонлари ҳавасимни келтирди. Мен Абу Жаҳлнинг укаларига меҳр кўрсатдим холос…»

***

Валид ибн Валид Бадрга чиқди. Чунки акаси Холид ибн Валид (мусулмонликни қабул қилишидан илгари) мажбурлаб: “Валид ибн Муғийранинг фарзандлари қўрқоқ дейишларини хоҳлайсанми? Ахир бу орку! Қасам ичаманки, албатта жангга чиқасан”, деган эди. Валид унга жавобан: “Қасамингни поклаш учун ҳам бораман. Лекин кейин афсус чекасан”, деб айтди.

Бадр сўнгида Валид ибн Валид саҳобаларга Маккадаги энг бой хонадон вакили эканини айтиб, асир олишларини сўради. Уни Абдуллоҳ ибн Жаҳш (розияллоҳу анҳу) (бир қавлда Сулайка Мазоний Ансорий) асир олди.

Холид ибн Валид товон тўлаб, укасини қутқарганидан сўнг: “Аллоҳга қасам, одамлар гапирмаганида сени озод қилмасдим. Гарчи мен мажбурлаган бўлсам-да, қуролингни ташлаб, асир тушишни ўзинг истадинг. Қўрқоқлигинг хаёлимга келмабди”, деди. Валид: “Мен Холид ибн Валиднинг укасиман, қўрқоқ эмасман. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га душманлик қилмаганман. Қуръонни эшитиб, уни гўзал сўз деганман. Отам ҳам Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг гапларини мақтаб келган. Шундан кейин ҳам улар Пайғамбар (алайҳиссалом)га қарши тўпланишди. Ҳақдан уларни фақат кибрлари ва қавмдаги мартабалари тўсди холос. Қайси бири эргашишга ҳақли?! Рост сўзлайдиган инсонми ёки ҳақиқатни била туриб, инкор этган кишими? Асирликда мусулмонлар хулқи гўзал эканини кўрдим. Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир ва мен мусулмонман”, деб баралла айтди. Холид: “Исломга кирганингни бадал тўланмасидан олдин айтсанг бўлмасмиди?!” деб койиб берганда, Валид: “Одамлар, тўловдан қочиб Исломга кирди, дейишларини истамадим”, дея қатъий жавоб берди. Бу воқеадан сўнг Холид уни кишанлаб қўйди.

***

Орадан вақт ўтди. Ҳудайбия сулҳи тузилди. Шарт бўйича ўша ондан бошлаб мусулмон бўлганлар мушрикларга қайтариб бериладиган бўлди. Абу Жандал, Валид ибн Валид (розияллоҳу анҳу) каби бир неча саҳобалар энди Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳузурларига боришолмасди. Улар Абу Басир (розияллоҳу анҳу) атрофида бирлашишди. Қурайш карвонларини тўсиб, ўлжа ола бошлашди. Бу эса мушрикларни танг аҳволда қолдирди ва мусулмонларни қайтариб олиш шартидан воз кечишди. Кейин Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бу тўдани тарқатиб юбордилар.

***

Бир куни Валид ибн Валид Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га: “Ё Расулуллоҳ, Мен тушимда ёлғизликни кўрмоқдаман”, деди. Шунда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Ётишдан олдин: “Бисмиллаҳ. Аллоҳнинг калималари билан Унинг ғазаби ва иқобидан, бандаларининг ёмонлигидан, шайтоннинг васвасаси ҳамда ҳозир бўлишидан паноҳ тилайман”, дегин. “Шунда бу тушинг сенга зарар қилмайди”, деб айтдилар» (Имом Аҳмад ривояти).

***

Ҳижратнинг еттинчи йили Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умра қилишга келганларида Холид ибн Валид Маккадан чиқиб кетди. Валид акасини тополмагач, унга қуйидаги мактубни қолдирди: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим, сизнинг Ислом ҳақида ижобий фикрда эканингиздан ажабланмайман. Чунки ақлли одамсиз. Оқил киши Исломни тан олмаслиги мумкин эмас. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Холид қаерда?” деб сўрадилар. “Аллоҳ Ўзи уни келтиради”, дедим. Шунда у зот (алайҳиссалом): “Холид каби Исломни тушунган киши йўқ. Агар у бор кучини мушрикларга қарши сарфласа, ўзига яхши. Уни бошқа мусулмонларга пешқадам қилган бўлардик”, дедилар. Неъматни қўлдан бой берманг, ака, яхши ишлардан қолиб кетманг». Бу сўзлардан сўнг Холид ибн Валид мусулмон бўлди. Мадинага келганда саҳобалар уни қучоқ очиб кутиб олишди. Валид (розияллоҳу анҳу): “Бугун мендан кўра бахтли инсон йўқ. Лекин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) биздан ҳам кўпроқ севинадилар. Келишингиз хабарини эшитдим. Аллоҳга ҳамд бўлсин”, дея акасини бағрига босди.

***

Валид ибн Валид вафотидан олдин акаси Холид (розияллоҳу анҳу)га: “Сизни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга кўрганимдан сўнг менга ўлимни ёзган Аллоҳга ҳамд бўлсин”, деди. Сўнг калима келтириб, жон берди.

Манбалар асосида

Иқбола НАРИМОНОВА

тайёрлади.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan