Мақолалар

Поклик имондандир

Чоп этилди Iyun 25, 2019 Поклик имондандирda fikr bildirishni o'chirish

Ислом дини поклик, тозалик динидир, поклик имондандир, деб таълим беради. Шунинг учун фарзандларимизни болаликдан покликка, озодаликка ўргатиши­миз керак бўлади.  Аллоҳ таоло пок банда­ла­ри­ни яхши кўришини бир неча ўринларда зикр қилиб ўтган. Жумладан:

«Унда покланишни хуш кўрадиган киши­лар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севар…» (Тавба, 108).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳа­мат қиладилар:

«Пок бўлинглар, зеро, Ислом покликдир» (Мус­лим ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса:

«Поклик кишини имонга чақиради. Имон эса, ўз эгаси билан жаннатда биргадир», дейилган (Таба­роний ривояти).

Имом Ғаззолий (раҳимаҳуллоҳ) бундай деганлар: «Ки­ши зоҳирий нопокликлардан сақланиш билан бирга, ботинини ҳам пок тутиши лозим. Чунки ботиний иллатлар кишини нафақат бу дунёда ҳалокатга бошлайди, балки охиратда ҳам аламли азобга дучор бўлишига олиб боради. Покликни истовчи қалб гўё бир ошиён, фаришталар қўнадиган макон. Гина, ҳасад, кибр, ғараз, ғазаб каби касалликлар билан иллатланган қалбда фаришталар қан­дай қўним топсинлар!»

Аллоҳ таоло яна марҳамат қилади:

«Либосларингизни покланг» (Муддассир, 4).

Болаларимизга кичиклигиданоқ кийимларини пок, тоза тутишни ўргатайлик. Чунки либос инсон зийнати ҳисобланади.

Боланинг маънавий олами пок бўлиши унинг ташқи оламининг поклашига бевосита боғлиқдир. Демак, ота-она унинг халқумидан ўтаётган ҳар бир нарсага жиддий аҳамият бериши лозим.

Болаларимизнинг соғлом ва баркамол вояга етишлари ҳам кўп жиҳатдан уларнинг ҳамиша тоза, пок юришларига, бу борадаги исломий талабларни яхши билиб олишларига асосланади. Одобимизда инсонларнинг ҳамма соҳада тоза, покиза бўлишларига алоҳида эътибор берилган. Сабаби, покиза одамдан ифлослик, разиллик чиқмайди, пок­лик яхши инсонликнинг кўзгусидир. Агар инсон кир-чиркинликлардан тозаланиб юрса, бу борадаги одоб­ла­римизга риоя қилса, гўзаллик ва саломатликнинг энг олий даражасига эришади. Кир-чир, исқирт ҳолда юрувчи, тозаликка эътибор бермайдиган боладан ҳамма ўзини олиб қочиши турган гап. Шу боис фарзанд­ларимизни тоза, пок юришга, эрталаб уйқудан турганда ва ётаётганда юз-қўлларини ювишга, таҳорат ва ғусл олишга, бадани ва тана аъзоларини ҳамиша пок, кийимларини, ўрин-жойларини тоза тутишга гўдак­ликданоқ одатлантириб бориш зарур.

Шарқона одоб талабларига кўра, комил инсонлар ҳаёт­да ҳамиша ювинган (таҳорат олган), тоза кийимлар кийган ҳолда, тирноқ, соч-мўйлабларини ўстириб юбормай, уятли жойларини яшириб юришлари лозим. Ҳар куни камида икки марта – эрталаб ва кечқурун тишларни мисвок (махсус тозалаш воситаси) ёки тиш чўткаси ёрдамида тозалаш ҳам одобнинг асосий шартларидандир.

Болаларнинг ҳар ҳафтада камида бир марта, асосан жума кунлари, байрамларда, ўсмирлик пайтида уйқу­сида булғаниб қолганида баданларининг ҳамма ерига сув етказиб чўмилишлари (ғусл қилишлари) талаб эти­ла­ди. Амалий ва тиббий тажрибалардан маълум бўли­ши­ча, бун­дай ювиниш одамни турли ифлосликлар­дан тозалаб­ги­на қолмай, куч-қувватни тиклаш ва тетиклаш­тиришга ҳам хизмат қилади.

Болаларимизга ҳожатхонага кириб-чиқиш тартиб-қо­идаларини ҳам ўргатиб қўяйлик. У жойга кираётганда шайтон ёмонликларидан паноҳ тиланади, қиблага қараб ёки орқа ўгириб ўтирилмайди, бошяланг,  ялангоёқ кирилмайди, у ерда гапириш, бирор нарса ўқиш мақбул эмас. Сув ва сув ёқасига, ернинг ёриқ жойларига, жони­ворлар уясига, дарахт остига, ахлатхона ёки қабристонларга ҳожат ушатилмайди. Ҳожат ушатиб бўлингач, кесак ёки махсус чиқарилган қоғоз билан тозаланиш, иложи борича, чап қўл ёрдамида сув билан ювиб ташлаш лозим. Айниқса, сийдик қолдиқларининг кийим ёки баданга тегишидан эҳтиёт бўлиш керак. Турли битикли қоғозларни, яроқли мато, тоза пахта, тезак, суяк кабиларни тозаланиш мақсадида ишлатиб бўлмайди.

Фарзандимиз балоғатга ета борар экан, унинг мўйлов ва соқоллари ўса бошлайди. Мўйлабнинг лаб четида ўсиб кетиши ғайридинлар одати бўлгани учун уни узайтириб юбормай, қисқартириб туришни тайин­ланг. Киндик­ости туклари деганда жинсий аъзо ва орқа йўл атрофидаги туклар назарда тутилади ва улар кетказиб (қириб ёки юлиб) тозаланади. Қўлтиқ ости тукларини ҳам ўсиши билан юлиб, бунга чидамаганлар эса қириб тозалашади.

Тирноқни ўстириб юриш одобимизга хилоф бўлгани учун, уни ўсган заҳоти олиб турган маъқул. Тирноқларини ўстириб, унга ҳар хил бўёқ ва ишлов бериш айрим қизлар ўйлаганидай, мутлақо зийнат саналмайди.

Фарзандингизнинг қулоқ бурмалари, бурун катаклари, киндик чуқурлари, кўз қовоқлари каби одатда баданнинг кир тўпланадиган барча бўғинларини ҳамиша тозалаб туришига эътибор қаратинг. Поклик ва ёқимли ҳидни йўқотмаслик учун ана шу жойларни мунтазам ювиб туриш лозим.

Одобимизда оғиз ва тишларни тозалашга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳозирги замонавий тиш тозалаш чўткалари 1806 йилдан бошлаб урфга кирган бўлса, аждодларимиз минг йиллардан буён арок деган дарахтнинг шохларидан махсус ясалган восита (мисвок) ёр­дами­да оғиз-тишларини тозалаб юришган. Мисвок оғиз-тиш­ни тозалабгина қолмай, уни хушбўй қилади, кайфиятни яхшилайди, милк ва тиш касалликлари олдини олади, кўз­ни равшан қилади, овқат ҳазмини яхшилайди, турли микробларни ўлдиради. Фарзандин­гизга мисвок ёки тиш тозалаш чўткасидан фойда­ланишни ўргатинг, эрталаб ва кечқурунлари бу ишини назорат қилиб боринг.

Киши сочини парваришлаши, ўз вақтида ювиб-тозалаши, тараб-ўриши лозим.

Болаларингизга тозалик ва поклликка доир ушбу қо­и­да­ларни сингдирсангиз, фойдадан холи бўлмайди: уй­қудан турган бола уч марта ювмагунича ҳеч нарсага қў­лини урмасин. Ичимлик ичаётганида идиш ичига нафасни туширмаслик, синиқ, дарз кетган ёки лаби учган идишларда емаслик ва ичмаслик лозим, чунки бунда унинг ичига микроблар тушиши ва касаллик қўзғаши мумкин.

Шунингдек, уй, ҳовли ва ишхоналарни ҳамда уларнинг атрофини тоза тутиш, ахлатларни кўчага, одамлар юрадиган жойларга ташламаслик, умуман, ахлатни тўп­ламаслик ҳам одобга киради.

Уй ичини, идиш-товоқларни, жиҳозларни тоза сақлаш ҳақида фарзандларингизга тушунча беринг. Уст-бош, соч-соқолнинг, хусусан, кўйлаклар ёқасининг покиза бўлишига алоҳида эътибор бериш, одамлар орасида озода-тартибли юриш талаб этилади.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм