Мақолалар

“СЕЛФИ”НИНГ ҚУРБОНИ БЎЛМАНГ

Чоп этилди Dekabr 29, 2018 No Comments

Одамлар, айниқса, ёшлар орасида ўзининг ташқи кўринишига маҳлиёлик, қиёфасию либосларини кўз-кўз қилиш – қуруқ мақтанчоқлик ва манманликнинг ифодаси бўлган селфи оқибатида кейинги олти йил ичида дунё бўйича 259 киши ҳаётдан кўз юмгани расман қайд этилган. “Селфи” инглизча сўз бўлиб, “мен ўзим”, “ўз-ўзимни” деган маънони билдиради. Яъни, киши ўзини ўзи ҳар хил қиёфаларда, кайфиятларда суратга олиши селфи бўлади.

“Оммавий маданият”нинг яна бир кўриниши бўлган бемаъни ишига берилиб кетиб, ўзларини “ажойибу бахтиёр” ҳолатларда суратга олиб намойиш қилмоқчи бўлган польшалик эру хотин икки фарзандининг кўз ўнгида қоядан қулаб; руминиялик қиз поезд томида тасодифан юқори вольтли электр симига тегиб кетиб; муғлалик ҳомиладор аёл ҳам 250 метрлик баландликдан йиқилиб; мексикалик йигит вискига ўрнатилган тўппонча билан ғайриоддий суратга тушмоқчи бўлиб фожиали ўлим топди. Юқоридаги рақам бу машғулотга қизиқиши, интилиши кундан-кунга ортиб бораётган “селфи”чилар оломони олдида зарра ҳам эмас. Зеро, шундоқ ён-атрофимизда ҳам қимматбаҳо телефонларидаги имкониятини кўз-кўз қилиб, ўзини ҳар куйга солиб, ёлғиз ёки турли тадбирларда оммавий бўлиб ўзини расмга олишлар кўпчилик ўғил-қизларимиз, ҳатто айрим кап-катта одамлар учун ҳам оддий ҳолат бўлиб қолди. Қарангки, номақбул қилиқлар билан, мулоҳазали инсон бошқаларга кўрсатиш тугул, биров сезиб қолишидан ҳам уяладиган ҳолатлардаги суратларини маданиятсизлигу маънавий қашшоқликнинг ифодаси ўлароқ ижтимоий тармоқларда ҳар куни эълон қилиб бораётганлар ҳам оз эмас. Руҳиятшуносларнинг фикрича, уларнинг аксарияти бу ишлари билан ўзларини чиройли, омадли, жуда эркину бахтиёр эканларини кўрсатмоқчи бўлишаркан. Аслида, инсоннинг ҳақиқий чиройи, қадру қимматини атрофидагилар – жамият белгилайди, эътироф этади, баҳо беради. Ўткинчи чирой, либос, мансаб-амал билан боғлиқ равишда топилган обрў-эътибор ҳам вақтинчалик  бўлгани каби, барча замонларда охори тўкилмайдиган гўзал инсоний фазилатлар, илму ҳунар орқасидан келган ҳурмат-эъзоз ҳам завол билмайди.

“Олма тагига олма, беҳи тагига беҳи тушади”, деганларидек, ўзига ёққан илму ҳунарни ўрганишга ғайрат қилганлар меҳнатларининг самарасидан баҳраманд бўлгани сари, билимларини яна ҳам чуқурлаштириш, ҳунарларини мукаммаллаштириш йўлида изланиб, элу юртга манфаатли ишларда мустаҳкам ўрин эгаллаб бораверадилар. Ўзининг ташқи қиёфасига маҳлиёлик, унга бошқаларнинг эътиборини тортишга уриниш ва шу орқали бахту омад топаман деб ўйлаш – нотўғри, носоғлом фикр; бундай хатти-ҳаракатлар, юмшоқ қилиб айтганда, ақлу ҳушли, фаросатли, ўзини, умрини, бошқаларни ҳурмат қиладиган одамнинг иши эмас. Чунки бундай қизиқишлар инсоннинг фойдали амалларга рағбатини, камтарлик, камсуқумлик, оддийлигу самимийлик каби хислатларини сўндириб бораверади.

Яқинда таълим даргоҳларидан бирида ўтказилган тадбирда сўзга чиққан ўрта ёшлардаги ўқитувчи кулиб туриб: “…энди селфи қиламиз”, деб гапини тугатди. Йиғилганлар хурсанд чапак чалиб юборишди. Назаримда, у ўзи билмаган ҳолда ёшларни бефойда, оқибати хайрли бўлмаган ишга йўналтирди. Ўзимизни, фарзандларимизни, қадрдонларни, танишу нотаниш юртдошларни четдан кириб келаётган ҳавойи, пуч, ғанимат умрнинг заволи бўлган “селфи”намо ҳар қандай янгиликлардан ҳимоя қилайлик.

Гулгун УСМОНОВА

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan