Мақолалар

Қаримасдан олдин ёшлигингни қадрла

Чоп этилди Iyun 26, 2019 Қаримасдан олдин ёшлигингни қадрлаda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таоло бу дунёда инсонга жуда кўп неъмат­лар­ни ато этган. Биз учун уларнинг ҳар бири жуда қадр­ли. Аммо улар орасида энг қимматбаҳо ва кетса қайтиб келмас бир неъмат борки, уни ҳар қайсимиз ғанимат билмасак, ўтиб кетганидан кейин минг афсус-надо­мат қилганимиздан фойда бўлмайди. У ҳам бўлса ёш­лик неъматидир. Бу дунёда ҳамма нарса ўткинчи бўл­гани каби, ёшлик ҳам муваққатдир. Аллоҳ таоло инсон ҳаётида бўлган барча нарсаларни, шу жумладан, ёш­лик даврини ҳам белгилаб, ҳисоблаб, чегараси, қадр-қий­мати билан яратган. У Зот марҳамат қилади:

Яъни: “…Унинг даргоҳида ҳар бир нарса ўлчов­лидир” (Раъд, 8).

Инсон умри бир қанча мавсумлардан иборат. Улар­­нинг ҳар қайси жиҳатдан энг самаралиси ёшлик, нав­қиронлик давридир. Чунки бу инсоннинг куч-қув­ват ва ғайрат-шижоатга тўлган вақти бўлади. Уни ға­ни­мат билиб, илм олиш, ҳунар ўрганиш, жамият ва охи­рат учун зарур ишларни қилиш билан мазмунга тўл­­дир­маса, қариган чоғида шу ўтказган кунларига афсус­­ланади. Ҳаётимиз­да ёши улуғ отахонлар билан суҳбат­лашганимизда, ҳар доим бунинг гувоҳи бўламиз. Қа­риялардан ёшлик даври ҳақида сўралганида, “Қани энди ўша ёшлик кунларим қайтиб келса эди…” деб афсус қилганларини кўп бора эшитганмиз.

Начора, Аллоҳнинг амри шу – ўтаётган ҳар бир ку­нимиз қай­тиб келмайди. Ҳадиси шарифда бундай де­йилади: “Ҳар бир қуёш чиққан кун борки, у: “Эй одам боласи, мен янги кунман, сенинг амалларингга гувоҳ­ман, мени ғанимат билгин, чунки қиёматга қадар қайтмайман”, деб нидо қилади.

Ҳасан Басрий (раҳимаҳуллоҳ): “Эй Одам боласи, ҳаётинг кунлардан иборатдир, бир кунинг ўтган экан, сенинг ҳам бир қисминг ўтибди”, деганлар.

Сувдай оқиб кетаётган ҳар бир сония, ҳар бир да­қи­қа аввалгисидан бошқа, у такрорланмасдир – ҳеч қа­чон қайтмайди ва ўрни­ни ҳеч нарса тўлдиролмайди. Шунинг учун ҳар бир инсон ёшлик дав­рини бепарво ўтказиб, Аллоҳ таолога ибодат қилишни қари­лик кунларигача кечиктириб юриши ачинарлидир. Кўплаб ёш­лар­­нинг ҳазиломуз: “Нафақага чиққанимда ибодат қиламан”, де­ган гапларини эшитиб қоламиз. Йўқ, Ал­лоҳга ибодат инсон ҳаётининг бир қисмида қилиниб, бошқа қис­мида кечиктириб туриладиган иш эмас. Балки балоғат ёшига етган кунидан бошлаб то ўлимига қа­дар чин дилдан қилиниши керак бўлган зарурий амалдир. Қари­ган чоғи, бекорчи вақтидаги ибодат билан ёшлик дав­ри­да қилинган ибодат тенг бўлмайди. Бунга далил сифатида қуйидаги ҳадисни келтиришимиз мумкин: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам) Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳади­си шарифда: “Аршнинг соясидан бошқа соя бўлмаган қиё­мат кунида Аллоҳ етти кишини сояга олади: адолатли раҳбар, Аллоҳнинг ибодатида ўсган йигит, хилват жой­да Аллоҳни зикр қилиб, кўзлари ёшга тўлган киши, қал­би масжидга боғланган киши, Аллоҳ учун дўстлашган икки киши, мансаб ва жамолга эга аёл, ўзига (хилватга) чақирганида: “Аллоҳдан қўрқаман”, деган киши, садақасини ўнг қўли берганини чап қўли билмайди­ган даражада махфий қилган киши”, деганлар.

Ушбу ҳадиси шарифда йигитлар хослаб келтирилишига боис умрнинг бу қисмида инсонни ибодатдан чалғитадиган сабаблар кўп учрайди ва шаҳватнинг ус­тун келиши, ҳавойи нафсга эргашиб кетиш хавфи ҳам кучли бўлади. Инсон шундай қийинчиликларни ен­гиб, ибодатда бардавом бўларкан, албатта, бу унинг тақ­во­си кучли эканини кўрсатади.

Уқба ибн Омир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қи­ли­нади: Расу­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Раб­бингиз сабваси (яъни, ёшлик дилхушлик­лари, жаҳлдорлик­ка мойиллиги) бўлмаган йигитдан ажабланади”, деганлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан риво­ят қи­линган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (соллал­ло­ҳу алайҳи ва саллам): “Қиёмат кунида Одам боласи­нинг оёқлари то беш нарсадан сўралмагунча Раббиси ол­дидан жилмайди: умрини ва ёшлигини нимада ўт­каз­ганидан, молини қаердан олгани ва қаерга сарфла­гани­дан, билганларидан нималарга амал қилганидан”, деганлар.

Бу ҳадиси шарифга эътибор билан назар ташласак, умрнинг бир қисми бўлган ёшлик катта аҳамиятга эгалиги боис алоҳида зикр қилинмоқда.

Одам боласи ёшлиги билан алданиб қолмаслиги лозим, чунки қанча йигитларнинг ёшлик чоғидаёқ бу дунё билан видолашганига гувоҳмиз.

Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳар биримиз ўзимиз­га берилган ёшлик давридан унумли фойдаланишга интилмоғимиз лозим.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм