Мақолалар

У кунда насаблар қолмас…

Чоп этилди Dekabr 30, 2018 No Comments

Оламлар роббиси Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамдлар ва умматига ғамхўр зот, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога саловат ва саломлар бўлсин.

Яшаб турган инсонлар орасида насабидан фахрланиш ҳолатлари кўп учрайди. Гўёки, бундай инсонлар бошқа одамлардан ўзларини устун деб ўйлайдилар. Билмайдиларки, бу билан улар фақат ўзларига зиён қилмоқдалар.

Товус Яманий роҳматуллоҳ  айтади: «Масжидул Ҳаромда тарнов остида бир кишининг намоз ўқиб, йиғлаб дуо қилаётганини кўрдим. Намозини ўқиб бўлгач, ортидан эргашдим. Қарасам, Али ибн Ҳусайн (роҳимаҳуллоҳ) экан. Унга: «Эй Расулуллоҳнинг зурриёти! Сени намоз ўқиб, йиғлаб дуо қилганингни кўрдим. Аммо сенда уч нарса борки, улар сени хавфдан озод қилади деб умид қиламан: Расулуллоҳнинг зурриёти эканинг, бобонгнинг шафоати ва Аллоҳнинг раҳмати», дедим.

Шунда Али (роҳимаҳуллоҳ) шундай деди: «Эй Товус! Расулуллоҳнинг зурриётидан бўлишим мени қутқармайди. Аллоҳ азза ва жалланинг

فَإِذَا نُفِخَ فِي الصُّورِ فَلَا أَنْسَابَ بَيْنَهُمْ يَوْمَئِذٍ وَلَا يَتَسَاءَلُونَ

«Бас қаночки сурга пуфланганда, у кунда ўрталарида ҳеч қандай насаблар қолмас ва (бир-бирларини) сўраб суриштирмаслар» (“Муъминун” сураси, 101-оят)  деган ояти бор.

Бобомнинг шафоати ҳам мени хотиржам қилмайди, чунки Аллоҳ таоло:

… وَلَا يَشْفَعُونَ إِلَّا لِمَنِ ارْتَضَى …

«Улар фақат (Аллоҳ) рози бўлганларнигина шафоат қилурлар…» (“Анбиё” сураси, 28-оят) деган.

Аллоҳнинг раҳматига келсак, У Зот азза ва жалла:

… إِنَّ رَحْمَتَ اللَّهِ قَرِيبٌ مِنَ الْمُحْسِنِينَ

«Аллоҳнинг раҳмати солиҳ амал қилувчиларга яқиндир», (“Аъроф” сураси, 56-оят) деган. Мен ҳам ўшаларданманми, йўқми билмайман-ку!»

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зурриётига насаби қиёмат куни ёрдам бермас экан, қолган зотларнинг зурриёти унчалик ҳаволанмаслиги керак. Қиёмат куни Роббимиз инсонларни ҳисоб қилгани насаби бўйича чақирмайди. Ёки жаннатга насаби олийларни биринчи киргизмайди. Балки, у кунда дунё ҳаётида солиҳ амал қилганлар ютади.

Насаб ёрдам бермаслигига яна бир мулоҳаза. Нуҳ алайҳиссалом 900 йилдан ортиқ қавмини ҳақ динга даъват қилдилар. Лекин жуда оз инсонлар иймон келтирдилар. Охири Аллоҳ амри билан кема қурдилар ва унга барча жонзотлардан жуфт-жуфтдан ҳамда мўминларни чиқарди. Нуҳ алайҳиссаломнинг оиласидан хотини ва ўғилларидан бири ҳам иймон келтирмаган эди. Аллоҳ балоси тўфон бошланган вақт, Нуҳ алайҳиссалом ўғлига кема чиқишини, бу кунда кемадан бошқа омонлик жой бўлмаслиги айтганда, ўғли тоққа чиқиб жон сақлайман дейди. Шунда Нуҳ алайҳиссаломнинг кўз ўнгида ўғлини тўфон тўлқини олиб кетиб халоқ қилади. Тўфон тиниб, Нуҳ алайҳиссалом омон қолганлар билан қуруқликка тушгандан кейин Парвардигорга шундай дуо қилдилар:

وَنَادَى نُوحٌ رَبَّهُ فَقَالَ رَبِّ إِنَّ ابْنِي مِنْ أَهْلِي وَإِنَّ وَعْدَكَ الْحَقُّ وَأَنْتَ أَحْكَمُ الْحَاكِمِينَ

“Нуҳ Раббига нидо қилиб: «Раббим! Албатта, ўғлим менинг аҳлимдан. Сенинг ваъданг эса ҳақ ва Сен ҳукм қилувчиларнинг энг ҳикматлисисан» деди” (“Ҳуд” сураси, 45-оят).

Яъни, эй Роббим, Сен менга аҳлингни қўтқараман деб ваъда бергансан. Ахир ўғлим аҳлимдан-ку, ўғилимни қайтариб бергин, демоқчи.

Шунда Алло таолонинг жавоби шундай бўлди:

قَالَ يَا نُوحُ إِنَّهُ لَيْسَ مِنْ أَهْلِكَ إِنَّهُ عَمَلٌ غَيْرُ صَالِحٍ فَلَا تَسْأَلْنِ مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ إِنِّي أَعِظُكَ أَنْ تَكُونَ مِنَ الْجَاهِلِينَ

“У зот: «Эй, Нуҳ! Албатта у (сенинг) аҳлингдан эмас! Албатта, у (унинг қилгани) яхши амал эмасдир. Бас, (Мендан) ўзинг (яхши) билмаган нарсани сўрамагин! Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан» деди.

Бу оятда Аллоҳ таоло улуғ ҳақиқатни – кишилар орасидаги ҳақиқий боғликлик риштаси қон, ирқ, насл-насаб билан эмас, балки иймон билан боғланишини баён қилди.

У сенинг сулбингдан бўлган жигаргўшанг бўлгани билан аҳлида эмас. Чуники, унинг амали солиҳ эмас. Яъни, кофир эди. Бу ўринда ўғли учун солиҳ амал иймон келтириш эди. Ўша иймон унда йўқлиги учун уни аҳлингдан эмас дея таъкидланмоқда.

Ҳозирда эса, одамларда иймон бор. Лекин, ўша ўзини фалончининг авлодимиз деядию, фахрланаётган бобоси қилиб ўтган солиҳ амалларнинг бирортаси ёки ақалли ибодатлари бўлса ҳам мукаммал бўлмайди. Агар ҳақиқатда ўзи фахр туяётган сулола вакили бўлса, сулоласини бошлаб кетган Зот каби амалда бўлсин, ҳаёт тарзини имкон қадар ўша Зотнинг ҳаёт тарзи каби қилсин. Шунда дунё ва охиратда ютуққа эришади.

Хулоса, охиратда солиҳ амаллар ва тақво фойда беради холос. Насабимизга ишонмайлик.

… إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ …

“… Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир….”

 

Нодирбек НИШОНОВ,
Фарғона шаҳридаги “Муҳаммад авлиё” масжиди имом ноиби.

Манба: azon.uz

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan