Дунё янгиликлари

Янги Зелландияда Ислом

Чоп этилди Iyun 26, 2019 Янги Зелландияда Исломda fikr bildirishni o'chirish

Манбаларда Янги Зелландияга мусулмонлар 1874 йил кириб келгани қайд этилган. Улар Гужаротдан (Ҳиндистон) борган бир нечта мусулмон оилалар бўлган.

Бу кезларда инглизлар ушбу мамлакатни фаол равишда мустамлакалаштиришга уринаётган эдилар. Ҳиндистон устидан назорат ўрнатишга эришган Британия қироллиги ҳиндистонлик мусулмонларни дунёнинг бошқа бурчагига сафарбар қилган эдилар.

Янги Зелландияга дастлаб кириб келган мусулмонлар мамлакатнинг иқтисодий маркази бўлган Оклендда майда савдо билан шуғулланганлар. Мамлакат муҳожирликка оид қонунларидаги ўзига хосликлар сабабли ушбу узоқ ҳудудда мусулмонлар сони Иккинчи Жаҳон уруши ниҳоясига қадар ҳам юз кишидан ошмаган. Ўша вақтларда мусулмонларнинг кўплари бу ерга пул ишлаш учун келганлар ва кейин юртига қайтиб кетганлар.

Умуман олганда, Янги Зелландиядаги мусулмонлар сони ХХ юзйиллик давомида жуда ҳам секин ўсган. Статистик маълумотларга кўра, 1961 йил ва 1971 йиллар орасида мусулмонлар сони 260дан 779гача бўлган рақамлар орасида тебраниб турган.

Фақат 1980 йилдан бошлаб мусулмонлар сони кескин орта бошлаган. Бу кўпайиш Сомали, Косова, Фижидан келган қочоқлар ҳисобига юз берган. 1996 йилги рўйхатга олишда мусулмонлар сони 13 545га етгани қайд қилинган.

Бугунги кунда Янги Зелландияда 20 мингга яқин мусулмон истиқомат қилади. Уларнинг мингга яқини –  мамлакатнинг туб аҳолиси, шунингдек, абориген-маорийлардир.  Бу, албатта, нисбий ҳисоблар. Чунки дунёнинг ҳар бир давлатида мусулмонлар сони кун сайин ортиб бормоқда.

Янги Зелландиядаги мусулмонларнинг этник таркиби ғоят ранг-баранг. Аммо уларнинг кўпчилиги гужаротликлар, сомалиликлар (2000 киши атрофида), албанлар (асосан, косоваликлар) фижи-ҳиндлар, афғонлар, турклар ва курдлардир. Улардан ташқари, мамлакат олий ўқув юртларида турли мусулмон давлатларидан келган 2000 талаба таҳсил олади.

Янги Зелландиядаги мусулмонларнинг катта қисми Оклендда яшайдилар. Шунингдек, мусулмонлар жамоаси  Веллингтон, Крайстчерч, Данидинада  ва бошқа шаҳарларда мавжуд. Қишлоқ жойларда эса озгина оилалар истиқомат қилади.

Мамлакатдаги дастлабки исломий ташкилот 1950 йил Оклендда ташкил топган. У “Янги Зелландия мусулмонлари ассоциацияси” деб аталган.

Ўша кезларда мусулмонлар фақат уйларида ва ўзларининг тасарруфида бўлган дўконларнинг омборларида ибодат қилганлар.  Байрам тадбирларида эса каттароқ залларни ижарага олганлар. Ассоциация мустаҳкамланиб олгач, ибодатлар унинг биноларида бажариладиган бўлган.

1976 ушбу ассоциация «Анжуман» жамоаси билан бирлашди ва Янги Зелландияда биринчи масжид қуриш ҳақида қарор қабул қилинди.  Масжид 1980 йил қуриб битказилди. Ҳозирги кунда ушбу масжидда жума куни 500дан кўпроқ мусулмон жума намозини адо этади.

Бундан ташқари, Ғарбий Оклендда яна бир масжид барпо этилган. Ҳозирги кунда бошқа жойдан яна бир масжид қурилиши давом этмоқда. Шунингдек, бу ерда Ислом маркази ҳам фаолият кўрсатади ва бу ерда ўртача 1000 киши жума намозини ўқийдилар.

Ҳайит намозлари Оклендда боғларда ўқилади, кейинги йилларда байрам намозларига 7-8 минг киши йиғилмоқда.

1996 йил Янги Зелландия пойтахтида, 1997 йил Гамильтонда масжид қурилди. Веллингтонда Ислом маркази фаолият юритади.

1977 йил Жанубий оролда, Крайстчерчда мусулмонларнинг унчалик катта бўлмаган бирлашмаси ташкил топди. 1985 йил эса шинамгина масжид қурилиши ниҳоясига етди. Ҳозирги кунда унда жума намозини 500-600 киши ўқийди.  Диққатга сазовор жойи шундаки, мамлакатнинг энг шимолидаги Данидин шаҳридаги мусулмонлар жамоаси ниҳоятда фаол жамоа ҳисобланади. Бундан ташқари, Шимолий ороллардаги шаҳарларда янада кичикироқ мусулмон жамоалари ҳам бор.

Шунинг билан бирга мамлакатда 1995 йилдан бошлаб фаолият юритаётган “И-мадина скуул” умумтаълим мактабида уч юз ўқувчи таълим олади. 2001 йилдан иш бошлаган “Зайд” аёл-қизлар коллежида ҳам аёл-қизларга таълим берилмоқда. Кўплаб мактабларда, гарчанд, бу масала тўла ҳал бўлмаган эса-да, дарсларга ҳижоб ўраб қатнашга эришилди. Ҳатто мамлакатда мусулмонларнинг спорт ташкилоти ҳам бор. Улар 1999 йил Фижида бўлиб ўтган мусулмон футбол мусобақасига ўз жамоасини жўнатган эди.

Янги Зелландия мусулмонлари ҳаётида турли мамлакатлардан таълим олиш учун келган, айниқса, араб давлатларидан келган талабалар ниҳоятда фаол иштирок этадилар. Улар энг каттаси Веллингтонда бўлган Мусулмон талабалар уюшмасини ҳам тузганлар.

Янги Зелландия мусулмонлари ҳаётига оид яна бир қизиқарли ҳолат: ушбу мамлакат иқтисодиётининг ривожиланиши мусулмон давлатларидан экспорт қилинадиган ҳалол гўштларга боғлиқ. Гўшт (асосан, қўй гўшти) Эрон, Кувайт, Саудия Арабистони ва БААдан экспорт қилинади.

Шу муносабат билан Янги Зелландияда Ҳалол маҳсулотларни сертификатлаш хизмати ташкил қилинган. Мазкур хизмат берадиган ҳужжат дунё миқёсида эътироф этилади. Ушбу сертификатсиз Янги Зелландия мусулмон давлатларига гўшт маҳсулотлари экспорт қила олмайди.

Чорвачилик кўплаб мусулмонларга иш ўринлари яратади, сертификатлаштириш исломий жамоаларга бинойигина  фойда келтиради.

Ҳайратланарли жиҳати шундаки, унчалик катта бўлмаган жамоа Ислом давлатларидан шу қадар узоқда бўла туриб, дастлабки кезлардаги атрофдагиларнинг (ҳатто ҳозирги вақтда ҳам) хайрихоҳ бўлмасдан қарашларига қарамасдан мусулмонча ҳаётни тўлиқ яшашга эришмоқда. Албатта, муаммолар ҳам кам эмас. Янги Зелландиялик мусулмонлар ҳаёти мисолида Аллоҳ таолога бўлган мустаҳкам ишонч ва Пайғамбар алайҳиссалом кўрсатган йўлдан оғишмаслик ҳар доим яхшиликлар келтириши яққол кўзга ташланади.

Манба: ArmNews.Eu

Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди