Мақолалар

БИРОДАРЛИК РИШТАСИ (Воқеий ҳикоя)

Чоп этилди Dekabr 30, 2018 No Comments

Якшанба. Кун чошгоҳдан оғганда меҳмонга отланиб, ҳовли юзига тушарканман, ичкари уйдан отам кўриниш бериб қолдилар ва жилмайиб: “Йўл бўлсин?” маъносида ишора қилдилар.

– Синфдошларим билан улфатчилигимиз бор эди.

– Ҳа, дуруст, кўпчиликдан ажралманг, ўғлим. Дарвоқе, кимникига кетяпсиз?

  • Шарофиддинларникига.

– Ҳа, одина (жума) кунлари намоздан чиқиб, улфатлар билан хушлашиб турамиз. Отаси Шамсиддин махдум кексайиб, оёқ оғриғидан уйда ўтириб қолди. Айниқса, кўп йиллардан буён кўзи ожиз онасининг қазо қилиши ҳам оғир айрилиқ бўлди.

Шарофиддининг оилавий аҳволидан бехабарлигимдан ноқулайлик ҳис қилиб, бир зум тек қотиб қолдим.

“Тўхтаб тур” ишорасини қилиб, ошхонага кириб кетган отам тезда чиқдилар ва қоғозга ўралган муштдек нарсани қўлимга тутқаздилар:

– Мана буни махдумга бериб, мендан кўп дуои салом айтинг. Маъқулми? Олдин отага учраб, сўнг ўғилникига киринг.

– Хўп, лекин бу нима?

– Гўшт… кеча сўйилган қўйдан денг.

– Ие, арзимаган шу гўштни нима деб олиб бораман? Ахир ярим кило бўлса ҳам, майли эди…

– Обораверинг, ўғлим, эҳсоннинг катта-кичиги бўлмайди, – жиддий тайинлади отам.

Янги уй олдида мени Шарофиддин қарши олди ва мулозамат билан иккинчи қаватга йўл бошлаганди, уни тўхтатдим:

– Дўстим, имкони бўлса, аввало отангизни зиёрат қилиб, дадамнинг саломларини етказсам.

– Бўлади, бўлади, марҳамат, – деди. Шарофиддин таклифимдан ҳаяжонланиб ва хабар олгани ичкарига йўналди. – Шокиржон, кираверинг, бемалол.

Пастак хонтахта тўрида, қалин қилиб тўшалган кўрпачага оёқларини ўраб олган узун бўйли, оқ сариқдан келган, мўйлов-соқоли ўзига ярашган, чўзиқ юз ва кенг пешонали, елкадор мўйсафид хушнудлик билан саломимга алик олиб, қўл узатди.

– Хуш келибсиз, болам! Кўп хурсанд қилдингиз бизни. Биродарим Толибжон қори яхши юрибдиларми? Билсангиз, отангиз хўб одамохун, эсимизни танибмизки, борди келдимиз узилмаган.

– Раҳмат, отам сизни йўқлаб, кўпдан кўп салом айтдилар, сиҳатингизни сўраб қолдилар, – дея ийманибгина муштдак эҳсонни узатарканман “боқувимиздан… илиндилар” дедим-у, хаёлимдан “чоли тушмагур хижолатга солиб қўйса-я” деган ўй яшиндек ўтди.

Янглишибман. Шамсиддин махдумнинг юзи мамнуниятдан ёришиб кетди ва эҳсонни авайлаб дастурхонга қўяркан, қўлларини дуога очди:

– Парвардигоро, юртимизга осойишталик, хонадонларимизга хотиржамлик, қут-барака бергин. Эл қатори Толибжон қорининг ҳам саломатлигини асрагин, топганларига файзу баракот ато этгин. Бирни берганга мингни бергин. Омин!

Шундан кейин махдум менинг ва болаларининг ҳам ҳақига сидқидилдан дуо-тилак билдириб, чиқишимга изн бераркан, отамга беадад дуою салом етказишимни сўради.

Мўйсафид оталаримизнинг биродарона муносабатларига ич-ичимдан ҳавасим келди. Йўқ, биргина ҳавас қилмадим, балки ўзгача бир нозик, қадрдон ҳис-туйғуларга бой, болаликдан кексаликка қадар тобланиб, куч-қудратга тўлган оталар биродарлигининг улкан қоясига юзма-юз келдим, назаримда.

Шунда аллақандай ички бир туғённи қалбимга тўлдириб: “Келинг, дўстларим, биз ҳам азиз оталаримиздек беғубор ва самимий дўстлик ришталарини боғлайлик”, деб ҳайқиргим келди.

Шокир ҚОСИМОВ

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan