Мақолалар

Оила назорати

Чоп этилди Iyun 28, 2019 Оила назоратиda fikr bildirishni o'chirish

Фарзанд одобли, ота-онаси, оиласи, Ватани, дини ва халқига муносиб хизмат қиладиган комил инсон бўлиб улғайиши учун оиладаги назорат жуда муҳимдир. Фарзанд вояга етиши жараёнидаги жинсий қизиқишга мойилликдан сақланишда қуйидаги зарур жиҳатларга катта эъти­бор бериш лозим:

– ота-она ва опа-сингиллар хоналарига изн сўраб кириш одобига қатъий амал қилишни фарзандга ўргатиш;

– бола тўққиз ёшдан ошганида унга қўйиладиган та­қиқларда мустаҳкам туриш. Бегона аёллар билан аралаш­тирмаслик, авратларга назар солишининг олдини олиш каби ишларга эътиборни кучайтириш;

– фарзанд ўн ёшдан ўтганида бир хонада ака-сингил ёки опа-ука бир жойда ётишининг олдини олиш. Ота-она бу ёшдаги фарзандларининг ётоқларини алоҳида қилиши керак;

– фарзандга уйда хоҳлаганча телевизор кўриши ёки компьютер ўйнашига рухсат бериш яхши эмас. Бу орқали улар таъсирли манзара, ёшларига муносиб бўлмаган турли кўрсатувлар, ахлоқсиз томошаларнинг гувоҳи бўлиб, фикрлари, хулқлари бузилиши мумкин;

– ҳозирги вақтда фарзандларнинг кўпида турли суратларни томоша қилишга қизиқиш кучли. Табиий, бу рағбатлари ахлоқсиз кўриниш, ярим яланғоч суратларни ҳам кўришга олиб боради. Шунинг учун ўғил-қизларнинг тарбиясига эътиборсизлик ахлоқсизликка сабаб бўлади. Болаларнинг нарсалари турадиган жойларга доимо эътибор қаратиш зарур;

– ўн ёшга кирган ва ундан катта болаларга қарин­дош ёки қўшни қизлар билан бирга турли баҳонада хилватда ўйнашга имкон бериш ҳам уларда эрта жинсий ҳиссиёт уйғонишга сабаб бўлиши мумкин.

Атрофдагиларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш

Тарбияда ташқаридан бўладиган салбий таъсир энг катта хатардир. Чунки фарзандга оилада бу борадаги эркинликка йўл қўйилмагач, у ўз қизиқиш ва рағбатларини қондирадиган сабабларни ташқаридан излай бошлай­ди. Демак, ота-она фарзандининг ташқи ҳаётига ҳам катта эътибор қаратиши талаб этилади. Яъни, улар фарзанди мактаб ёки коллеждан кейин қаерга бориши, нима билан шуғулланишини назорат қилиш лозим. Ёхуд бола дўст­лари билан суҳбатлашиш, бирга дарс қилиш мақсадида уйдан чиқиб бошқа ножўя ишлар билан шуғулланиши мумкин. Айниқса, ҳозирги кунда мактаб ўқувчиларига урф бўлган турли йиғинлар баҳонасида фарзанд уйдан чиқиб, ота-она эътиборидан узоқлашишга ҳаракат қилади. Ана шу пайтда ихтиёрини ўзига қўйиш оқибатида фарзанд турли бузуқ ишлар, ичиш, чекиш ва баъзи ҳаёсиз амалларга қўл уради. Оила тарбияси мукаммал бўлмаса, бунинг устига фарзанд тарбия­сига хавф туғдирадиган атроф-муҳит таъсирига эътибор қаратилмаса, оқибати ёмон бўлади. Буни ҳисобга олмаган, эътибордан четда қолдирган айрим ота-оналар кўнгилсиз воқеа содир этилганидан ке­йин хатоларини англаб, надоматда қолади.

Гўзал одоб – энг яхши мерос

Гўзал одоб – инсон кўрки

Саломлашиш инсонлар одобининг боши, танишув муқаддимаси, мусулмон киши ахлоқининг асосий шартларидан биридир.

Ҳар бир ота-она фарзандига тарбия – одоб берар экан, энг аввало, саломлашишни ўргатсин. Чунки салом бериш Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) суннатларидандир, унга алик олиш эса вожибдир. Жаҳонда одобнинг бу жиҳатига эътибор бермайдиган бирор миллат ёки халқ йўқ. Доно халқимиз бежиз: «Гапнинг боши – калом, одоб боши – салом», демаган. Чунки бирор нотаниш киши билан кўришиб-танишмоқчи бўлсангиз, салом беришингиз билан гап-гапга қовушади, ўртадаги бегонасираш, ноқулайлик барҳам топади. Ҳатто мухолифингиз ҳузурига «Ассалому алайкум» (Сизга тинчлик-омонлик бўлсин) деб кирсангиз, унинг жаҳли тушади, кеки йўқолади, кўнгли сизга мойиллашади. Саломлашишнинг савоби, бунга бериладиган ажр-мукофотлар-ку, ҳаммасидан ҳам юксак.

Ота-боболаримиз азалдан ўғил-қизларнинг чиройли хулқли, одобли бўлишига катта аҳамият беришган. Чунки Ислом дини ахлоқни имон қаторида қўяди. Ҳамма замонларда, ҳамма ўлкаларда яхши хулқли, олижаноб, ширинсўз, ҳалим инсонлар жамиятнинг кўрки, одамларнинг аълоси бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Айниқса, Шарқ олами бу борада бутун инсониятга ибрат-намуна бўлган.

Олий хулқ соҳиби бўлмиш Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га эргашган инсонлар Яратганнинг ҳукмларига бўйсуниб, хулқларини тузатишган, яхши фазилатлар соҳиби бўлишган. Оилада, яқинлар даврасида, одамлар билан муносабатларда комил одобларини намойиш қилишган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) умматни ҳусни хулқ, одобли бўлишга тинмай чақирганлар. Бу мавзуда жуда кўп ҳадиси шарифлар ривоят қилинган:

«Ҳамма ишларингизда тўғри бўлинг, одамларга муомалада хулқингиз чиройли бўлсин! Кичикни ҳурмат қилмаган, кексанинг қадрига етмаган биздан эмас».

«Одамларга таом беринглар ва ширинсўз бўлинглар».

«Яхшиликни чеҳралари очиқ, хушрўй одамлардан кутинглар».

«Дин чиройли хулқ ва ғазаб қилмасликдир».

«Сизларнинг энг яхшиларингиз хулқ-атвори яхши бўлгани ва хотинларига яхши муомала қилганидир».

«Дўст-биродарларига қовоғини солиб қарайдиган кишиларни Аллоҳ ёқтирмайди, У ҳар ишда мулойимликни яхши кўради».

«Яхши инсонлар гўзал хулқлари билан кечаси ибодат қилганлар ва кундузи рўзадор бўлганлар даражасига эришишади».

«Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига севимли бўлган икки хислат бор: булар мулойимлик ва вазминликдир».

«Одамлар билан хуш муомалада бўлинглар, уларга қаттиққўллик қилиб, беҳаё сўзламанглар».

«Ўзини камтарин олиб юрувчи, ҳалол касб қилувчи, қалби пок, кўриниши ёқимли, одамларга зарар етказмайдиган, хайр-эҳсон қиладиган, беҳуда гапдан ўзини тиядиганлар инсонларнинг энг яхшиларидир».

Ҳар бир ота-она ана шу кўрсатмаларга биноан боласини чиройли хулқ эгаси қилиб тарбияласин, унга одоб ўргатсин. Чунки яхши хулқ инсонларни бир-бирига улфат қилади, ёмон хулқ уларни ажратиб ташлайди. Яхши хулқ муҳаббатни, ҳамкорлик ва муросани тақозо этса, ёмон хулқ нафрат, ҳасад ва келишмовчиликларга сабаб бўлади.

Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтади: «Ёмон хулқнинг мисоли худди синган сопол идишга ўхшайди, уни ямаб ҳам, лойга қайтариб ҳам бўлмайди».

Фузайл ибн Иёз эса: «Чиройли хулқли фожир (ярамас) кимсанинг менга ҳамсуҳбат бўлиши ёмон хулқли обид (ибодатли) киши суҳбатидан яхшироқдир», деган.

Умар ибн Хаттоб: «Инсонларга чиройли хулқлар билан аралашинглар. Улардан яхши амаллар билан ажралиб туринглар», деб айтганлар.

Али ибн Абу Толиб: «Ҳусни хулқ уч хислатда бўлади: ҳаромлардан сақланишда, ҳалолни исташда ва оилани фаровон қилиб қўйишда», деганлар.

Ҳасан Басрийнинг бундай сўзлари бор: «Ҳусни хулқ очиқ юзли бўлиш, молни сарфлаш ва азият беришдан ўзини тийишдир».

Саҳл Тустарий айтадики: «Ҳусни хулқнинг энг ози азиятларни кўтариш, товон (пули)ни тарк этиш, золимга ҳам раҳм қилиш ва унга истиғфор айтишдир».

Ёшлар тарбияси ҳақида сўз борар экан, уларга тегишли умумий одоб-ахлоқлар ҳақида Имом Ғаззолий айтган сўзларни нақл этишни лозим топдик: «Ёшлар тилла тақинчоқ ва турли зебу зийнат тақмасликлари лозим. Улар ўтириш, туриш, салом бериш одобларига риоя этишлари, ўзларидан катталар ҳузурида оёқларини чалиштириб ўтирмасликлари, сергап ва сўкувчи бўлмасликлари, беҳаё сўзларни айтмасликлари, хусусан, ёмон хулқли тенгдошларига аралашишдан эҳтиёт бўлишлари керак («Иҳёу улумид-дин» китоби, 3-жуз, 70-бет).

Ҳусайн Воиз Кошифий бундай ёзади: «Гўзал феъл-атвор, яхши хулқ нишонаси ўнтадир: яхшилик қилиш, инсофли бўлиш, бошқа одамдан айб қидирмаслик, ножўя ҳаракат қилаётганни тўғри йўлга бошлаш, айбига иқрор бўлганнинг узрини қабул қилиш, ўзгалар машаққатини зиммага олиш, фақат ўз манфаатини кўзламаслик, очиқ юзли ва ширин сўзли бўлиш, муҳтожлар ҳожатини чиқариш, мулойим ва тавозели бўлиш».

Подшоҳ Анушервон доно вазири Бузургмеҳрдан: «Мулойим кишининг белгилари қайсилар?» – деб сўраганида, вазири: «Мулойим кишида учта нишона бўлади: биринчиси – юзсиз, бадфеъл кишилар қўпол сўзласа ҳам, у яхшилик қилаверади; иккинчиси – қаҳр-ғазаби алангаланганида ҳам, тишини тишига босади; учинчиси – бир кишидан зиён етса-ю, жазо беришга қодир бўлса ҳам, аччиғини ютади», деб жавоб қилди.

Луқмони ҳакимдан: «Сен ўзинг кўрган иллатлар ва айблардан қай бирига даво топа олмадинг?» – деб сўрашибди. У: «Мен барча иллатларга ҳикмат юзасидан даво топдим, аммо даволай олмаганим бадфеъллик бўлди», дея жавоб қайтарган экан.

Суқрот ҳакимнинг бундай сўзлари бор: «Ҳалол меҳнат, муҳтожларга ёрдам, ғазаб вақтида ёмон сўзлардан тилни ва бировга озор беришдан қўлни тийиш, камчиликни битириб ҳамда ёмон хулқ-атворни тузатиб, гўзал ахлоқ соҳиби бўлиш энг яхши фазилатлардир».

«Тўғри йўлдан оғишмаслик, инсофли-адолатли бўлиш, нафс орзусига қарши бориш, олим-фозиллар билан суҳбат қуриш, катталарга ҳурмат ва кичикларга шафқат қилиш, самимий дўстлар маслаҳати билан иш тутиш, муҳтожларга ёрдам кўрсатиш эзгуликнинг маъданидир», деган улуғ ҳакимимиз Абу Али ибн Сино.

Юсуф ибн Асботнинг айтишича, «Ҳусни хулқнинг аломати ўн хислатдадир: ўзгалар билан ихтилофга бормаслик, инсофли бўлиш, бировларнинг тойилиб кетишини истамаслик, бош­қаларнинг билинган камчилигини яхшиликка йў­йиш, узр сўрай олиш, азиятларга чидаш, нафсини тергов қилиб туриш, ўзганинг эмас, ўз айбини билиш, каттаю кичикка бирдай очиқ юзли бўлиш, ўзидан юқори ёки паст кишига ҳам мулойим сўзлаш».

Ҳикоя қилишларича, Ардашер Бобак юртини адолат зийнати билан безаган эди. Бир куни у ўғлининг ғоятда қимматбаҳо кийимлар кийиб олганини кўрди. Уни олдига чақириб: «Ўғлим, киши шундай либос кийсинки, бундай либос ҳеч бир хазинада бўлмасин», деди. Ўғли ундан: «Эй ота, у қандай либос, нимадан тикилади?» деб сўради. Отаси унга: «У шундай либоски, матоси яхши хулқ ва яхши ишдир, ипи эса муроса ва сабрдан бўлади», деб жавоб берди.

Фарзандининг чиройли одобидан умид қилган ота-она, уни мунтазам равишда ҳусни хулқ асоси бўлган муомала одобининг қуйидаги қирралари билан таништириб борсинлар:

Фарзандингиз одамлар билан муомалада ширинсўз, мулойим, босиқ, ҳалим ва камтар бўлишга ҳаракат қилишига эътибор қаратинг. Болангизни кичикларни иззат-икром, катталарни ҳурмат-эҳтиром қилишга ўргатинг.

У одамлар билан яхши муносабат ўрнатсин, қўпол ва беҳаёларча сўзлаб, дилларни оғритмасин. Чунки инсонларнинг энг яхшиси муросага осон келадиган, қалби пок, ортиқча гап-сўзлардан ўзини тиядиган кишилардир.

Одамлар хурсандчилигини баҳам кўриш, ғам-андуҳидан қайғуриш, мол-мулкига хиёнат қилмаслик, яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариш ҳусни хулқ эгаларига хос фазилатлардандир. Шунинг учун фарзандингизга болаликдан ана шу хислатларни сингдириш пайида бўлинг.

Фарзандингизга ўзгалар билан муомала чоғида бошқаларни ғийбат қилиш, ҳасадгўйлик, суҳбатдошини камситиб, камчилигини юзига солиш, ўзгаларни менсимай паст назар билан қараш, обрўйи, бойлиги ёки мансабига қараб муомала қилиш ҳам одобсизлик эканини яхшилаб тушунтиринг.

Шунингдек, ёши улуғ кишилар, устозлар, илм аҳллари билан муомалада уларнинг кўзига тик боқмай, гапларини жим тинглаш, саволларигагина жавоб қайтариш, амрларини сўзсиз бажариш, хизматларига шай туриш ҳам ёшларга ярашиқли одобдандир. Шу боис уларни болаликданоқ ана шу одобларга ўргатиб боринг.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм