Мақолалар

Хатоларнинг аччиқ меваси

Чоп этилди Iyun 28, 2019 Хатоларнинг аччиқ мевасиda fikr bildirishni o'chirish

Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп мамлакатлари аҳолиси оила инқирозга учрагани, фарзандлар тарбияси батамом издан чиққани, катталар ва болалар ўртасидаги муносабатлар аслий ўзанидан четга чиқиб кетгани азобини чекяпти. «Оталар ва болалар ихтилофи» деган сохта муаммолар ўйлаб топилиб, тарбия соҳасидаги хатоларни хаспўшлашга ҳаракат қилиняпти. Бу аҳволни тузатиш борасида қанчалаб тадқиқотчилар, олимлар ва сиёсатчиларнинг бошлари қотган.

Шарқ оилаларида эса бу муаммонинг бўлиши мумкин эмас. Чунки бизда болалар кичиклигиданоқ катталарни ҳурмат қилиш, уларнинг айтганига қулоқ солиш, гап қайтармаслик, ҳар бир ишда маслаҳат сўраш руҳида тарбия қилинади. Одобимизда ота-она чақирганда ҳар қандай ишни ташлаб, «лаббай» деб бориш, нима буюришса ҳам «уф» тортмай бажариш, қариб ёрдамга муҳтож бўлишганида ҳар томонлама меҳр-муҳаббат кўрсатиш, ҳатто даврада улардан юқорига чиқмаслик, берухсат сўзламаслик, кўчада олдиларига тушиб юрмаслик талаб этилади.

Ислом ахлоқида «Боланинг ўзи ҳам, моли ҳам отаникидир», деган ажойиб қоида бор. Бу агар ота муҳтож бўлиб қолса, фарзанди топган мол-мулк­дан бемалол, ҳатто сўраб ўтирмай фойдаланишга ҳақли, деганидир. Айни пайтда бу, ота ўзи етарли мол-дунёга эга бўлгани ҳолда, мазкур қоидани рўкач қилиб, ўғлининг бор-будини тортиб олсин, дегани эмас.

Исломий оилаларда улғайган фарзандлар қариб-қартайиб, моддий ва маънавий ёрдамга муҳтож бўлиб қолганларида, иншоаллоҳ, тиланчилик қилиб ёки ахлат титиб емиш излашга мажбур бўлишмайди. Бошпанасиз қолиб кўчаларда, деворлар тагида тунаб юришмайди. «Қариялар уйлари»да, болаларини соғиниб яшашга маҳкум бўлишмайди.

Яхши, одобли фарзандлар ота-оналарини ҳамиша бошга кўтаришади, айтганларини муҳайё этишади, иззат-икром қилиб, дуоларини олишади. Чунки бу «қайтар дунё» эканини яхши билишади – ота-онага қилган яхшиликлари эртага ўн чандон бўлиб фарзандларидан ўзларига қайтишидан умид қилишади, ёмонлик қайтиб қолмаслиги чораларини кўришади.

Фарзандига болалигидан яхши тарбия беролмаган, бу муҳим ишга бефарқ қараган оилаларда эса ҳамиша бир муаммо: фарзанд ота-онага умуман буйсунмай қўйган: «али» деса, «бали» дейди, айт­ганига кирмайди. Айрим фарзандлар эса ота-­онани сўкиш у ёқда турсин, ҳатто қўл кўтаришгача борган. Бировининг боласи ичкиликка ёки гиёҳвандликка мубтало. Яна кимнингдир ёлғиз фарзанди ўғирлик ёки бошқа бир жиноят қилиб қамалган. Яна бири ота-онасининг умр бўйи йиғиб топган мол-дунёсини қиморда ютқазиб қўйган…

Хўш, ўзимизга бир савол берайлик: «Бу аянчли воқеаларда ким айбдор?» Айбни она сути оғзидан кетмаган ёшларга ёки кўча муҳитига тўнкаб қўяқолса ҳам бўлади. Ёки айримларга ўхшаб буни мактаб муаллимларининг масъулиятсизлигига йўйиш ҳам мумкин. Ёхуд баъзилар каби «ҳа, энди замона бузилиб кетди-да» қабилидаги надомат-тасалли билан овунса ҳам бўлади.

Аммо шуни очиқ тан олиш керак, бола билан ота-онанинг муросаси бузилишига кўп жиҳатдан катталарнинг ўзлари айбли. Улар фарзандларини ёшлигида эркалатиб юборишган. Нима сўраса, айтгани дарров муҳайё, илтимосини ўйлаб ҳам ўтирмай, бажо қилишган. Гапи рад этилмай улғайган бола катта бўлгач ҳам ана шу кайфиятида қолади. Лекин ота-она қўли қисқалигиданми ёки бошқа сабабдан унинг тинмай ошиб бораётган моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондира олмай қолса улар ўртасида аввал можаро, кейинроқ катта жанжал ва ўнгланмас зиддиятлар келиб чиқаверади.

Баъзан йиғин ва давраларда суҳбатдошларнинг бола тарбиясига оид баҳс-мунозараларини эшитишга тўғри келиб қолади. Фарзандлар тарбияси яхши бўлишининг омилларини ҳар ким ўзича шарҳлайди. Кимдир улуғ муаллимлар тажрибасига кўра тарбия беришни тавсия этади. Бошқаси ота-она аввало ўз ибрати билан тарбиялаши лозим, деб ҳисоблайди. Биров боғча ва мактабдаги тарбия тизимини фойдали санаса, яна кимдир болани ёмон улфат ва муҳитдан ҳимоя қилишни асосий масала, деб билади. Лекин кўпчилик боланинг солиҳ, эс-ҳушли, тарбияли, итоатгўй бўлиб улғайишининг бош сабаблари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.

Айтилган бу омиллар ҳам керак, лекин аввал  таъкидлаганимиздек, болангизга ҳали туғилмасидан олдин ҳалол-пок луқма бермас экансиз, унинг яхши тарбия топишидан умид қилмасангиз ҳам бўлади. Ҳаром йўллар билан топилган луқма еб катта бўлган болани ҳар қандай улуғ тарбиячи энг замонавий таълимот асосида тарбияламасин, кўзланган мақсадга эришиш амримаҳол! Аксинча, ҳалол нафақа билан улғайган болани тарбия­лаш осон кечади, бундай оилаларда ҳеч қачон «авлодлар ихтилофи» деган шармандали вазият юзага келмайди.

Ўспиринлик инсон феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу пайт­да болаларга алоҳида аҳамият бериш лозим. Жумладан, ёшларнинг солиҳ кишилар билан дўст-биродар бўлишларини таъминлаш зарур. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)  ҳадисларининг бирида: «Яхши ҳамсуҳбатнинг мисоли мушку анбар сотувчи кабидир. Атридан олмаган тақдирингда ҳам, унинг хушбўй ҳиди димоғингни чоғ қилади. Ёмон ҳамсуҳбат эса бамисоли темирчининг босқонидир. У гарчи кийимингни куйдирмаса-да, тутуни димоғингни ачитади», деганлар.

Халқимизда: «Қозонга яқин юрсанг, қораси юқар», деган нақл ҳам бор. Аллоҳ таоло мўминларни рост сўзловчи кишилар билан бирга бўлишга буюрган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَكُونُوا مَعَ الصَّادِقِينَ

«Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!» (Тавба сураси, 119-оят).

Ҳадисда айтилишича, ростгўйлик инсонни доимо яхшиликка чорлайди. Онгида ростгўйлик, вафодорлик, фидойилик каби тушунчалар ўрнашган ёшлардан келажакда кўплаб хайрли ишлар кутиш мумкин. Ҳасан Басрий (раҳимаҳумаллоҳ) бир куни ёшлар тарбиясига эътиборни жалб қилиш мақсадида ҳамсуҳбатларига: «Эй кексалар! Экин пишиб етилганидан сўнг нима қилинади?» деб савол бердилар. «Ҳосили йиғиб олинади», дейишди. Шунда Ҳасан Басрий (раҳимаҳуллоҳ): «Эй йигитлар! Шуни билинглар, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат (касаллик) етиши мумкин», деб кишининг ўспиринлик даврини қандай ўтказиши унинг келажакда ким бўлиб етишувида муҳим ўрин тутишига ишора қиладилар.

Маълумки, ёшлик инсоннинг ақлий ва жисмоний ривожланиш даври бўлиб, айни шу паллада фарзандларимизни илмга ва касб-ҳунарга тарғиб қилишимиз лозим. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ёшликда ўрганилган илм тош­га ўйилган нақш кабидир, кексаликда ўрганилган илм эса сувга ёзилган кабидир», деганлар.

Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): «Аллоҳ таоло ўз пайғамбарларига бу улуғ вазифани ақлан ҳамда жисмонан кучга тўлган ёшлик чоғларида инъом қилган, шунингдек, олимларга ҳам илм асосан ёшлик чоғларида берилган», деган.

Ҳаётда катталар ва болалар ўртасида маълум келишмовчиликлар, бир-бирини тушунмаслик, бир-бирига «ғайирлик» каби ҳолатларнинг бўлиши табиий. Чунки кўп ҳолларда уларнинг ёши ва ҳаётий тажрибаси борасидаги кескин фарқ «ўз ҳукмини ўтказиб» туради. Ота ҳаётда эришган таж­рибаси, мавқеи, билими доирасида фикр юритиб, боласидан ҳам шунга муносиб бўлишни талаб қилади. Бола эса ҳали ғўр, тажрибасиз бўлганидан отанинг насиҳатини ўз эркига тажовуз сифатида қабул қилади. Ота ўргатганларининг аксини бажаргиси келади. Фитратидан келиб чиқиб, отанинг хатосини у ҳам ўзи билмаган ва хоҳламаган тарзда такрорлашга мажбур бўлади. Отанинг ўз фарзанди «бу хатоларни такрорламаслиги учун» жон куйдириши самарасиз кетади. Бунда унинг жиғибийрон бўлгани ҳам, бошини чангаллагани, юрагини сийпагани ҳам иш бермайди.

Ёш ва замон орасидаги фарқ боис катталар ва болаларнинг дунёқараши, қизиқишлари, қадриятлари, турмушга муносабатлари ҳам турлича бўлиши табиий. Ҳатто кийиниш, муомала, овқатланиш каби оддий ҳолатларда ҳам икки томон кес­кин фарқланиши мумкин. Бир қарашда арзимас кўринган бу ҳолатлар ҳам баъзан тўқнашувлар омилига айланиб кетади.

Ҳеч эътибор берганмисиз, фарзандингиз сиз истагандай кийинмаслиги, сиз ёқтирган овқатни емаслиги, сиз берилиб эшитиб турган мусиқани хоҳламай, «бошқа шўхроғига олайлик», деб илтимос қилиши мумкин. Бу боланинг инжиқлиги ёки «бузилиб кетаётгани», ёхуд қайсарлиги ва итоатсизлиги белгиси эмас, балки унинг ёши ва у яшаётган давр билан боғлиқ ўзига хос эҳтиёжидир.

Кўпни кўрган қариялар, тажрибали кишилар билан суҳбатлашсангиз, бир нарсани такрор-так­рор эслатишади: ҳамма даврда ҳам катталар ёшларнинг «бузилиб кетаётганидан, ҳаётни тушунмаслигидан, ёши улуғлар билан муносабатларда бетгачопарлик, қайсарлик қилишидан» нолиб ўтишади. Гап, албатта, «ҳа, бизнинг давримиз бошқача эди, ёшлар одобли бўларди, катталардан ҳайиқиб турар эди», деган надомат тўла оҳангларда якунланади. Ёшларга қулоқ солсангиз, улар ҳам, ўз навбатида, катталарни қолоқликда, даврни ва ёшларни тушунмасликда, ўз ҳукмини ўтказишга уринишда айблашади. Улар ҳам гапни «ҳозирги ёшларга қийин бўлаётгани» ҳақидаги таассуфлар билан якунлашади.

Тажрибалардан маълумки, фарзанд учун ота­онадан садоқатлироқ, улардан фидойироқ, меҳрибонроқ дўст ёки улфат топиш қийин. Ўғил ёки қизнинг бошига бир мусибат ёки бало келганида ҳамма ундан воз кечиб ёки ташлаб кетиши мумкин. Фақат ота-она бундай қилолмайди: фарзанди билан баб-баравар қайғуради, фиғон чекади, ярасига малҳам қўяди. Аммо бу садоқат ва фидокорлик ҳам айрим фарзандларга кўп ҳолларда ёқмайди, уларнинг ортиқча меҳрибончилигидан жаҳли чиқади. Гўё уни ёш бола санаб, ортиқча илтифот кўрсатишаётгандек туюлади. Бошидан мусибати ариши биланоқ яна эски «дўст»ларини излашга тушади. Ота-она эса фарзандининг бу қилиғидан заррача хафа бўлмай, илгаригидан ҳам зўрроқ садоқат ва илтифот кўрсатаверади.

Ота-оналар ўз фарзандлари билан муроса қилиш, уларнинг «кўнглини топиш»да яна бир жиҳатга аҳамият беришлари керак бўлади. Яратган ҳар бир бандасини маълум ёш орасида синов-имтиҳонга солиши бор. Масалан, йигирма ёшгача камбағаллик, ўттиз ёшгача фарзанддан қисиш, қирққача ҳаётда ўрнини тополмаслик, элликда бирор касаллик ёки бирор ахлоқсизлик билан имтиҳон қилиши мумкин. Ёхуд энг суюмли фарзандингиз сизнинг бутун қилган яхшиликларингизга жавобан бирор «исён» ёхуд дилхиралик билан жавоб қайтариши эҳтимол. Чунки у ҳамма нарсага ўз ақли, дунёқараши, феъл-атворидан келиб чиқиб муносабатда бўлади, фикр юритади.

Бундай нозик пайтларда бўлиб ўтаётган ишлардан ё бошга тушган мусибатлардан дарров фожиа ясамай, сабр қилишни ўрганинг. Болангизнинг итоатсизлигини ёки қўрслигини шов-шув қилмай, ундан душман ясамай, ётиғи билан таҳлил этинг. Фиғонингиз фалакка ўрламасин, ҳасратингиз дунёга сиғмай қолмасин. У билан «дўппини олиб қўйиб» дилдан, самимий «гаплашиб олиш»га урининг. Унинг қалбидаги ҳис-туйғулар, ёшлик пўртаналари билан қизиқиб кўринг. Эҳтимол, аҳвол сиз ўйлаганчалик, ноўрин гумон қилаётганингиздай ваҳимали эмасдир?

Бир журналда тадқиқотчиларнинг ярим ҳазил, ярим чин тарздаги кузатувларига кўзим тушган эди. Фарзанднинг отаси ҳақидаги фикрлари турли ёшда ҳар хил бўларкан: беш ёшда: «Отам ҳамма нарсани биладилар». Ўн ёшда: «Отам кўп нарсани биладилар». Ўн беш ёшда: «Мен ҳам отамчалик биламан». Йигирма ёшда: «Тўғрисини айтсам, отам ҳеч нарсани билмайдилар». Ўттиз ёшда: «Ҳар ҳолда отам унча-мунча нарсани биладилар». Қирқ ёшда: «Отамнинг фикрини ҳам билсам, ёмон бўлмасди». Эллик ёшда: «Отам ҳамма нарсани биладилар». Олтмиш ёшда: «Қанийди, отам тирик бўлганларида, улар билан маслаҳатлашган бўлар эдим». Болалар билан муроса ва муносабатларда уларнинг бу кайфиятини ҳам инобатга олиш керак бўлади.

Маълумки, ёш авлодни баркамол вояга етказиш ва турли зарарли одат ва таъсирлардан эҳтиётлаб сақлаш, шу жумладан, гиёҳвандлик офатидан асраш ҳозирги замоннинг энг долзарб муаммоларидан бири. Зеро, ақл ва танани муҳофаза қилиб, уни эҳтиётлаб сақлаш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарз амалдир. Шундагина инсон Аллоҳ ва Унинг расули ҳамда иш раҳбарлари амрига итоат қиладиган, иродали, ақлли, соғлом, одоб-ахлоқли, жисмонан баркамол, динига ҳимматли, ўз халқига фидокор, жамият манфаатини кўзловчи, Ватанни севувчи ва ардоқловчи, ҳаммага баробар яхшиликни раво кўрувчи, масъулиятни тўла ҳис қилувчи комил инсон бўлиши мумкин.

Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, тарихи, Ватанига, она тилига, ўз миллатини улуғлаган сиймоларга, муқаддас Ислом дини анъаналарига содиқ бўлиб қолишсин.

Фарзандлари улғайган сари ота болаларига ва улар тақдирига янада ҳушёрроқ қараши лозим, уларни юксак қадриятларимизнинг асл ва бақувват илдизларидан баҳраманд этиш, бугунги турмуш тарзимизга мос тарбия бериш, албатта, ота-оналар зиммасидаги муҳим вазифалардан саналади. Кези келганида, китобимизнинг олдинги бобларида айтиб ўтганимиздек, фарзанд­ларимизнинг бирига айтилган насиҳат айни чоғда унинг ака-укаларига ҳам тегишли бўлиши, хонадондагиларнинг барчасига бирдай таъсир қилишини назарга олган ҳолда иш тутишимиз ва болаларимизнинг илм олишлари ва касб-ҳунар эгаллашларига ҳамдард ва ҳамфикр бўлишимиз даркорлигини унутмаслигимиз керак. Уларни теварак-атрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга, ўзгаришларга бефарқлик эмас, балки дахлдорлик руҳида тарбиялашимиз, келажакка катта ишонч билан боқишга ўргатишимиз керак бўлади.

Хулоса қилиб айтсак, ёшларимизнинг ҳар томонлама комил, гўзал хулқли, мустақил фикр ва дунёқарашга эга, турли салбий одат, иллат ва таъсирлардан холи равишда вояга етказишда, албатта, жамоат ташкилотлари, ота-она, маҳалла ва уламоларнинг ўрни беқиёсдир. Одоб ва ҳусни хулқ соҳиби бўлган ёшларгина илм ва касб-ҳунарда юқори даражаларга эришадилар. Бугунги техника асрида бизнинг фарзандларимиз ҳар томонлама етук, соғлом, ақл-фаросатли ва бахтли бўлишлари керак. Дунёвий билимлар билан бирга диний билимларни ёки диний билимлар билан бирга дунё­вий билимларни ҳам пухта эгаллашлари керак. Мана шундай ёшлар мустақил Ўзбекистонимизнинг келажаги, ишончи ва давомчиси бўла олади. Аллоҳ таоло ёшларимизни ҳусни хулқ ва чиройли одоб-ахлоқ билан зийнатлантириб, ота-оналарига фахр, кўз қувончи бўлишларини насиб айласин!

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм