Мақолалар

Фарзанд тарбиясидаги уч услуб

Чоп этилди Iyun 28, 2019 Фарзанд тарбиясидаги уч услубda fikr bildirishni o'chirish

Бола одобини яхшилашда учта услуб бор. Бу уч васила билан бола тарбияси тўғри, одоби яхши ва хулқда баркамол бўлади. Бу услублар қуйидагилар:

  1. Тарбия кушандаларидан сақланиш.
  2. Турли хатарлардан огоҳ бўлиш.
  3. Тарбия босқичларининг узвий боғлиқлиги.

Тарбия кушандаларидан сақланиш

Ёвуз ниятли кимсалар ғаразли мақсадлари йўлида ва халқнинг ўзлигини емириш учун турли усуллардан фойдаланади. Улардан бири жамиятда ахлоқий бу­зуқликни ёйишдир. Бу йўлда ғаламислар турли воситалар, жумладан, ахлоқсиз, фаҳшни тарғиб этувчи кино, томоша, журнал, газета, либос ва суратлардан фойдаланади.

Шу ўринда айрим манфур кимсаларнинг кирдикорларидан, жамиятнинг ахлоқини бузишда қўллайдиган ғоя­ларидан намуналар келтириб ўтамиз.

Бундайларнинг бир гуруҳи:

– Ҳар нарса инсон учун, жинсий хоҳиш ва шаҳват йўлида ўзига эрк бериш керак, деган бузуқ фикрни илгари суради;

– Дин йўқ нарса, деб илоҳий ақида ва эзгу таълимотларга зид ғояларни пайдо қилади;

– Беҳуда иш ва инсон лаззатланишига олиб борувчи ҳамма нарса мубоҳ, деган хато фикрни тарғиб қилади;

– Ҳар жойда ахлоқни бузиш учун аёллардан фойдаланиш лозим, дея аёл зотини таҳқирлайди.

Ўзга юртни босиб олиб, маҳаллий аҳолини эрксиз қилган мустамлакачилардан бири бундай деган:

– Қадаҳ ва ҳаёсиз аёл мусулмон умматини бузишда мингта замбарак тўпидан кучли. Мусулмон умматини шаҳватларга берилиш денгизига ғарқ қилиш керак.

Миссионерлар анжуманида Алқайс Зуймар исмли ким­са бундай деган: “Сизлар мусулмон мамлакатларида Яратганга итоат этмайдиган ёшларни етиштирдинглар. Энди улар муҳим ишларга эътибор бермайди, роҳатланиш ва дангасаликни яхши кўради. Шаҳватдан бошқа нарсага ғам чекмайди, ўқиса ҳам, дунё тўпласа ҳам, шаҳват учун қилади. Агар юқори мансабни эгалласа, шаҳват йўлида хизмат қилади. Нафс йўлида ҳар нарсани сарф этади”. Шунингдек, у: “Дин ва ёшларни бузишда ахлоқсиз қисса, томоша, ҳаёсиз газета, журнал ва худосизликка етакловчи китоб­лардан фойдаланиш лозим” деган ғаюр, бузғунчи фикрни билдиради.

Ғаламис кимсаларнинг мазкур гапларидан маълум бўладики, улар жамиятни бузиш ва таназ- зулга олиб келишда ичкилик, ахлоқий бузуқлик, ҳаёсиз томоша, журнал, газета, эшиттириш ва китоблар каби нарсалардан фойдаланади. Афсус, бундай разил ва қабиҳ йўлларга ай­рим ғўр ёшлар эргашиб қоляпти. Айрим йигит-қизлар нафс ортидан юраётгани, ҳаёсизликка кўр-кўрона тақ­лид қилаётгани кўзга ташланмоқда.

Манфур кимсалар софдил, содда кишиларни, хусусан, ғўр ёшларни адаштиришга уринади. Улар бу йўлда ўта нозик услуб қўллайди. Шу боис ота- она фарзандини мусаффо динимиз ва миллий қадриятларимизнинг эз­гу таълимотлари асосида тарбиялаши, айрим кимсаларнинг макру ҳийлаларига учиб қолишдан сақлаши, бундай йўлдан ўз вақтида қайтариши лозим.

Баъзи ёшлар кўнгил истагини қондираман деб, бузуқ­лик ортидан юриши билан нобакор кишилар уларни ёвуз ниятининг  итоаткор қулига айлантириб олиши мум­кин. Бундай аянчли оқибатни фарзанд онгига сингдириш бугунги куннинг жуда муҳим вазифаларидан биридир.

Турли хатарлардан огоҳ бўлиш

Ахлоқсизлик, бузуқлик, ичкилик, чекишга ружу қў­йиш ва нафсга қуллик оқибатида пайдо бўладиган касал­ликлардан фарзандни доим огоҳ этиш керак. Бунинг учун нафсга эрк бериш ва бузуқлик оқибатида келиб чиқадиган аянчли ҳолатларни тўғри тушунтириш мақ­садга мувофиқ. Табиийки, ўз танасига етадиган озор, саломатлигидан айрилиш қўрқуви фарзандни бу хатарли йўллардан қайтаради.

Жинсий йўллар орқали юқувчи инфекциялар жуда хавфли касалликларга дучор этади. Улар бемор танасида ҳам, жамият учун ҳам оғир асоратлар қолдиради. Энг олдин эркак ва аёллар репродуктив саломатлигига сал­бий таъсир кўрсатади, болаларда оғир туғма касалликларга сабаб бўлади, бемор ички аъзоларининг оғир жароҳатларига олиб келади. Улар асосан жинсий йўл орқали тўғридан-тўғри юқади.

Ижтимоий текширувлар шуни кўрсатдики, аксарият 14–16 ёшдаги ўсмирлар учун ушбу касалликлар ҳақидаги маълумотлар билан танишув долзарб бўлиб кўринади. Аммо болаларни ушбу маълумотлар келажакда уларга фойдали бўлишига ишонтириш лозим. Зеро, бу саломат­ликни, баъзи ҳолларда эса, ҳаётни сақлашга ёрдам беради, жисмоний ва маънавий изтиробларнинг олдини олади, шахс саломатлигини таъминлаш йўлида тўғри қа­рор қилишига ёрдам беради. Ҳозирги вақтда жинсий йўл орқали юқувчи касаллик­ларнинг 20 дан зиёд қўз­ғатувчиси маълум. Шунинг учун фаҳш ишлар орқали юқадиган хавфли касалликларни баён қиламиз:

– хламидиоз – жинсий йўллар орқали юқувчи энг кўп тарқалган касалликлардан бири. Ҳужайра ичи паразитини хламидийлар келтириб чиқаради. Хламидиоз, аниқроғи, урогенетал (сийдик-жинсий) хламидиоз венерик касалликлардан саналади. Бу юқумли инфекцион касаллик бўлиб, унда хламидийлар одамнинг жинсий аъзолари ва сийдик йўлларини жароҳатлайди;

– гонорея (сўзак) – кўҳна юқумли касаллик бўлиб, у жуда қадимдан маълум. У ҳақида маълумотлар эрамиздан уч ярим минг йил аввалги Миср табобатининг қадимий та­рихий ёдгорлиги “Эберс Папируси”да учрайди. Бу касаллик тарқалиши бўйича хламидиоздан кейинги ўринда туради. Гонорея ҳақида адабиётларда қайта-қайта ёритилса ҳам, лекин унга нисбатан асосланмаган бепарво муносабат ҳамон сақланиб қолмоқда. Сўзак касаллиги, асосан, зино орқали юқади. Бачадон ва тухумдон ўткир ёки сурункали шамоллашига сабаб бўлади. Бепуштлик ва бўғимларнинг шамоллашига олиб боради. Туғиладиган болага салбий таъсир этади, унинг кўзларида шамоллаш пайдо қилиб, оқибатда кўр бўлишга олиб келади;

– сифилис (заҳм) – бу сурункали венерик касаллик бў­либ, тери, шиллиқ қаватлар, ички аъзолар, суяк ва асаб тизимини жароҳатлайди. Бу туғма ёки орттирилган умумий юқумли касаллик бўлиб, даволанмаган беморларда узоқ йиллар давом этади, қўзиш даврлари, яширин даврлари алмашиниб туради. Бу Оврупа мамлакатларида зино орқали тарқалгани учун “Оврупа касаллиги” деб ҳам аталади;

– трихомониоз – етарлича кенг тарқалган касаллик. Унинг қўзғатувчиси трихомонада бир ҳужайрали зараркунанда бўлиб, эркаклар ва аёлларни касаллантиради;

– герпес – вирусли юқумли касалликлардан бўлиб, так­ро­рий кечиши, тери ва шиллиқ қаватларда тошмалар тошиши, марказий ва периферик асаб тизими, кўзни зарарлаши билан фарқланади. Булар вақтида аниқланиб даволанмаса, бепуштлик, ҳомиланинг тушиб қолиши ёки ривожланмаслиги, бачадон саратони (раки), кўрлик, юрак хасталиклари, руҳий касалликлар ва бўғимларнинг шикастланиши каби жиддий оқибатларга олиб келади.

Жинсий яралар касаллиги зино – ҳаром жинсий алоқа билан юқадиган касаллик. У шиллиқ тўқималарнинг шамоллашига сабаб бўлади. Сурункали йирингли яра, чипқон, сийдик йўллари шамоллаши ва айрим аъзоларнинг шишиб кетишига олиб келади.

Юмшоқ яра касаллиги ҳам зино орқали юқади. Таносил аъзоларида оғриқли яраларга сабаб бўлади. Терига тез ёйилади.

Жинсий аъзоларнинг эрта етилиш касаллиги шаҳ­ватни ўз вақтидан олдин ва шаҳват безлари етилмасдан қўзғатиш сабабли ўсмирларда пайдо бўлади. У тана хунук­лашувига ва ҳатто руҳий хасталикка ҳам олиб келади.

Жинсий заифлик хатарли касаллик бўлиб, эркак билан эркак (баччавозлик) ёки аёл билан аёл кифояланишидан (трибадизм) келиб чиқади. Бу касаллик кўп мамлакатларда, жумладан, “маданиятли” деб аталган давлатларда  кўп учрайди.

Жинсий ҳавас касаллиги. Бу касалликка дучор бўл­ган киши кўп вақтини фаҳшни хаёл қилиш билан ўтка­зади. Бунга мубтало бўлган кишининг ақли пасаяди, хотираси суст бўлади, ғафлатга ботади, эътибори заифлашади. У худди хафа ва қийналгандек кўринади. Бу дард ҳатто руҳий касаллик келтириб чиқаради.

Фаҳш ишларнинг жамиятда хатарлари жуда кўп. Улардан айримлари қуйидагилар:

– шаҳватга берилиш, гиёҳванд моддалар ва спиртли ичимликларга муккасидан кетиш;

– одам савдоси, хусусан, аёлларни сотиш, фо­ҳи­шалик билан шуғулланиш;

– айрим аёл-қизларнинг бузилиши, ҳаёсиз либослар кийиши;

– ахлоқсизлар, безорилар ва нафсига қул бўлганлар кўпайиши.

Тарихда бир давлат раҳбари афсус билан бундай деган: “Мамлакатнинг келажаги хатарда. Чунки кўп ёшлар ахлоқсиз, шаҳват гирдобига шўнғиган, масъулиятни ҳис қилиш­майди. Ҳар  етти ўсмирдан олтитаси ахлоқий бу­зуқ, шаҳват уларни домига тортиб, жисман ва руҳан заифлаштирган”.

Айрим ёвуз кишилар хориж мамлакатларидаги бу­зуқлик тўлқинларини обод ва фаровон юртимиз томон ҳаракатлантиришга уринмоқда. Тижорат ёки ишга жойлаштириш мақсадида ёшларни алдов йўли билан хорижга сотиб юбориш, яъни одам савдоси каби пасткашлик билан шуғулланадиганлар учраб турибди. Бундай бузғунчиликлар юртимизнинг бугуни ва ёруғ келажагини кўролмайдиган халқимиз душманларининг ишидир.

Тарбия босқичларининг узвий боғлиқлиги

Фарзанд туғилишидан то уйланиш ёшигача бўл­ган даврда олиб бориладиган барча тарбиявий босқич­ларни бевосита узвий боғлаш керак.

Биринчи, тарбиянинг эътиқодий қисми. Дастлаб, фарзанд ёшлигида эътиқодий тарбия назорат қили­ниб, болага Аллоҳдан қўрқиш, буйруқларини бажариш, қай­та­риқларидан сақланиш ҳамда Яратганга ибодат қилиш ўргатилади.

Иккинчи, тарбиянинг одоб қисми. Фарзандга ҳар доим Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак сийратлари ва улуғларнинг насиҳатлари ўргa­тилиб, гўзал хулқлар ҳақида сабоқ берилади. Шу жараёнда ҳадис ва ҳикматларни ўргатиб, уларга амал қилиш уқтирилади. Шунинг­дек, саҳобалар, тобеинлар, муҳаддислар ва барча улуғ зотлар ҳаёти, мунаввар ахлоқларидан ибрат олиш ўргатилади.

Учинчи, тарбиянинг илмий қисми. Тарбиянинг асо­сий жиҳатларидан бири фарзандга илм ўргатадиган устознинг олим ва солиҳ бўлишидир. Ўз ўрнида устозни ҳур­мат қилиш ҳам илмнинг тез сингишига сабаб бўлади. Шунинг баробарида фарзанднинг муносиб дўст танлаши ҳам муҳим. Дўст илмга чанқоқ бўлса, иккиси илм йўли­даги машаққатларни бирга енгади.

Тарбиянинг уч қисми баён қилинди. Бундан ташқари бўлган барча жараёнларни ҳам бир-бирига боғлаб, тўлди­риб сингдириб борилса, мақсад ҳосил бўлади. Фарзандда жаҳолатни мағлуб эта оладиган маъ­ри­фат пайдо бўла­ди. У ҳақиқий комил инсонга айланиб, турли ҳийлаларга алданмайди. Бузуқликларга қарши нафрат ҳисси пайдо бўлади.

Фарзандда ушбу сифат ва фазилатлар уйғунлашиб, мунаввар нур таратаётган ҳилол сингари, ўз ёғдуси ва тафтини сочаётган қуёш мисоли жамиятга фойдали инсон бўлиб вояга етади.

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм