Мақолалар

Вақф мулкчилиги

Чоп этилди Dekabr 29, 2018 No Comments

Диний-маънавий ҳамда хайрия муассасаларининг моддий асоси вақф мулкчилиги бўлган. “Вақф” сўзи арабча бўлиб, туриш, турғун, қўзғалмас деган маъноларни билдиради. Шунингдек, шеърдаги туроқ, Қуръон сурасини ўқиётганда ҳар бир оят охирида тўхташ, мусиқа асарини ижро этаётганда кичик танаффус (тиниш, пауза-сукунат), араб ёзувидаги ундош ҳарфлар устига қўйиладиган ва ундошни унлига айлантирмаслик кераклигини билдирадиган белги, ёзувдаги нуқта ҳам вақф деб айтилади. Вақфнинг истилоҳий маъноси қўзғалмас мулк деганидир.

Вақф – мусулмон мамлакатларидаги қонун-қоидаларга мувофиқ, давлат ва айрим шахслар томонидан диний эҳтиёж ва хайрли мақсадлар йўлида ажратилган мол-мулк. Мусулмон мамлакатларида давлат ва дин арбобларини етиштириш мақсадида мактаб ва мадрасалар, диний ибодатларни адо этиш учун масжидлар, аҳоли учун мусофирхона, етимхона, касалхона, лангар ва бошқа хайрия муассасалари бунёд этилган. Ана шу бино ва муассасаларда бўладиган харажатлар (имом, муаззин ҳақи, жойнамоз, таъмир, шогирдларнинг нафақаси, табиблар ва бошқа хизматчиларнинг маоши, китоблардан нусха кўчиртириш ҳақи ва бошқа чиқимлар)ни шу бинони қурдирган кишилар таъминлаб турганлар. Бино эгаси (муассис) доимий даромад бериб турадиган жойлар (ер, тегирмон, обжувоз, савдо дўкони, карвон сарой, ҳаммом, ҳунармандчилик корхоналари ва б.)ни шу бино (муассаса) маъмуриятига қозихонада расмийлаштирилган ҳужжат – вақфнома билан ўтказиб берган. Ўз мулкини вақфга топширган шахс мазкур мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқини йўқотади. Лекин унинг ўзи ёки оила аъзолари ёхуд у томонидан тайинланадиган учинчи бир шахс вақф мулкидан вақфномада қайд этилган мақсадларда фойдаланилишини назорат этиш ва таъминлаш учун вақф мулкини бошқариш ҳуқуқини сақлаб қолиши мумкин. Ўз мулкини вақф мулки сифатида топширган шахснинг фарзандлари ёки бошқа авлодлари мазкур вақф мулкидан келадиган даромадлардан нафақа олиб туриши мумкин.

Таъсис тоифасига кўра вақфнинг бир неча тури бўлган:

– муайян шахслар томонидан қилинган вақф “вақфи аҳлий” деб аталган;

– вақф қилувчининг авлодлари фойдасига қилинган вақф “вақфи авлод” деб аталган. Бунда вақф қилувчининг эркак авлодлари учун мутаваллилик мерос бўлган, холос. Даромад вақфномада кўзда тутилган вазифа учун ишлатилаверган;

– мозорлар фойдасига қилинган вақфлар “Абвоб ал бирр” деб аталган;

– хайрия муассасалари учун қилинган вақфлар “Абвоб ал хайр” деб аталган.

Вақф мулкларини шариат қонуни бўйича давлат бошлиғи номидан “Судур” деб номланадиган олий диний мансабдор ҳамда қози назорат қилади. Вақф мулкларини муассис томонидан тайинланган мутавалли бошқаради. Йирик муассасалар мулкларига бир неча мутавалли тайинланади, уларга “биринчи” ёки “бош” мутавалли бошчилик қилади. Мутаваллига катта ҳуқуқ ва имтиёзлар берилган: у даромаднинг ўндан бир қисмини олиш, хизматчиларни ишга қабул қилиш ва бўшатиш, вақф мулкларини ижарага бериш, ҳужраларни тақсимлаш, мулкка васийлик қилиш ва бошқа ҳуқуқларга эга бўлган. Мадраса мутаваллиси мутаваккил (мадрасанинг хўжалик–молия ишлари бошлиғи) муъид (ёрдамчи), мукаррир (мударриснинг ёрдамчиси), китобдор, фаррош, имом, сўфи, мушовир (мадраса биноларига масъул шахс), сартарош, посбон, ошпаз ва бошқаларни ишга олиб, уларни маош билан таъминлаб турган. Мутаваллиликка мадраса кўрган, илми ҳисобни биладиган, ҳаётий тажрибага эга бўлган кишилар тайинланган.

Вақф мулклари қайтариб олинмайди ва сотиб юборилмайди. Бу жуда қаттиқ гуноҳ ҳисобланади. Вақф мулкларидан келадиган даромад ижара ҳақи шаклида бўлади, яъни вақф мулклари: ер – дехқонга, дўкон – дўкондорга, тегирмон – тегирмончига, обжувоз – обжувозчига, устахона – устакорга (уста ёллаб маҳсулот ишлаб чиқарувчига), одатда, бир йилга ижарага берилади. Мулкни бир кишига уч мартадан ортиқ ижарага бериш мумкин эмас.

Ҳар қандай давлат хазинасини тўлдирадиган асосий восита – солиқ экани ҳаммага маълум. Ҳар қандай мулк қатори вақф мулклари ҳам солиққа тортилади, лекин ҳаммаси эмас. Баъзи машҳур ҳамда қадимий мозорлар, йирик ва машҳур эшонларнинг вақф мулклари бутунлай ёки қисман солиқлардан озод қилинган. Бундай вақфлар “Оқ вақф” деб айтилади. Вақф мулкини солиқдан озод қилиш ҳукмдорнинг ёрлиғи  ва иноятномаси билан кучга киради.

Ҳар бир соҳа каби вақф мулкчилиги ҳам ўз ҳужжат тизимига эга. Бош ҳужжат – вақфнома. Вақфнома – мулк эгалари ўз мол-мулкларини диний эҳтиёж ёки хайрия ишлари учун берганлиги тўғрисидаги ҳужжат. Вақфномада мулкнинг вақфга ўтказилиш сабаби, вақф қилинган мулкнинг таъриф-тавсифи (қандай мулк экани, жойлашган жойи, майдони, ўлчамлари, чегаралари), мулк эгасининг номи, вақф мулкларидан фойдаланиш тартиби ва шартлари, вақф қилинган мулкнинг бошқарувчиси, гувоҳлар кўрсатилади. Вақфномага гувоҳлар шаҳодати (имзоси) ва қози тасдиғи керак бўлади. Бундан ташқари, вақф мулкчилигида яна иноятнома, ёрлиқ, “ҳукми қози”, баённома, васиқа, ривоят, тилхат, “хатти иқрор”, буйруқ, гувоҳнома, рухсатнома, ваколат каби ҳужжатлар ҳам юритилади.

Вақф мулкчилигида юқорида кўрсатиб ўтилган қўзғалмас мулк шаклларидан ташқари айрим буюмлар, китоблар ҳам вақф қилинади. Саййид Муҳаммад Худоёрхон ўз ўрдаси мадрасасининг кутубхонасида ўнлаб ҳаттотларни сақлаб, уларга Қуръони карим, ҳадиси шариф ва бошқа муҳим диний адабиётларни юзлаб нусхада кўчиртириб, китобат қилиб, масжид, мадраса ва бошқа диний муассасаларга вақф мулки сифатида тарқатганлар. Бу китобларга Худоёрхоннинг муҳри ҳамда “вақф мулки” ёзуви туширилган муҳрлар босилган. Қуръони каримнинг ана шундай ноёб нусхаларидан бири ўлкашунослик музейи тарих бўлими намойишгоҳига қўйилган. Айрим кўприкларга ҳам вақф мулклари ажратилган. Хўқанддаги машҳур Ғишткўприкни қурдирган хожа Додхоҳ унга вақф мулки ажратган. Вақфнома Муҳаммад Алихон томонидан, кейинчалик Мусулмонқули томонидан тасдиқланган. 1251 (1835) йилда Каримқули Зинбардор Абдухолиқбой ўғли Дегрезлик маҳалласида Оқтепасой устига кўприк ҳамда унинг яқинига масжид қурдирган. 1268 (1852) йилда Худоёрхон мазкур кўприкка қараб туриш, таъмир ишлари учун вақф мулки ажратган. Шунингдек, “Хатми хожа”, “Хатми Қуръон” каби маросимлар, марҳумлар руҳига Қуръон тиловат қилиш каби амаллар учун ҳам вақфлар таъсис этилган.

Вақфнинг “Вақфи ом” (омма учун ажратилган вақф) деган тури ҳам бор. Бу, кўпчилик фойдаланиши учун мўлжалланган вақф мулкларидир. Баъзи давлатманд кишилар вақфи ом учун ер ажратиб, уни ерсиз деҳқонларга ҳеч қандай шартларсиз вақтинча фойдаланишга берганлар.

Йўл ва кўприклар солдириш, йўллар четига соя берувчи дарахтлар экиб қўйиш ҳам вақфнинг шу турига кирган. Вақфи омнинг яна ўзига хос бир қанча турлари мавжуд бўлган. Баъзи бойлар катта майдондаги ерларда тутзорлар барпо этганлар. Тутнинг мевасини одамлар қоқиб олиб истеъмол қилганлар, катта қисмини қуритиб, қишки мавсум учун тутмайиз ғамлаб олганлар. Ҳосилнинг одамлардан ортганини қушлар, қуртлар ва Аллоҳ томонидан яратилган бошқа жонзотлар еганлар.

Баъзи савобталаб кишилар катта майдондаги ерларга жўхори эктириб, ҳосилни қишга олиб қўйганлар. Қиш пайтида қушлар учун озуқа топиш қийин бўлиб қолган вақтда жўхорини омбордан олиб чиқиб, вақти-вақти билан дала ва боғларга сепиб қўйганларки, озуқа тополмаган қушлар ундан еб қишдан эсон-омон чиқиб олганлар. Мавлавий Жабалий ҳазратлари бу мақсад учун ҳар йили эллик таноб ерга жўхори эктирганликлари тарих китобларига ёзиб қолдирилган.

Бошқа мусулмон давлатларидаги каби Хўқанд хонлигида ҳам диний-маънавий, хайрия ишлари учун кўплаб вақф мулклари таъсис этилган. Хонлик Россия томонидан босиб олингач, вилоятлар ҳарбий губернаторлари маҳкамалари қошида вақф ишлари бўйича комиссиялар таъсис этилган. Комиссия вақф мулкчилиги ишларини кўриб чиқиб, вақф мулкларининг катта қисмини, “Оқ вақф”нинг эса барчасини бекор қилган. Оқ подшоҳ ҳукуматининг вақф ишлари борасида қилган битта “яхши” иши шуки, вақф мулкларини текшириш баҳонасида вақф ҳужжатларининг каттагина қисми йиғиб олинган. Ҳужжатларнинг ноёб қисми “йўқолган”, яъни Россияга жўнатилган ёки сотиб юборилган. Хайриятки, уларнинг бир қисми Тошкентда қолиб кетган. Қўқон хонлиги тарихи бўйича йирик мутахассис, марҳум Рашид Набиев вақф мулкчилиги тарихини ўрганишга ўз умрини бағишлади. У киши кўп йиллик меҳнати натижалари асосида “Вакфное хозяйство Кокандского ханства” деб номланган йирик илмий монография ёзган, бироқ совет даврида уни нашр этишга имкон топа олмаган эди. Бу асарни истиқлол йилларида унинг шогирди Ҳайдарбек Бобобеков нашр эттирди. Китобда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архивида собиқ Қўқон уезди бўйича 1007 та вақф ҳужжати сақланади. Шундан 736 таси хонлик даврига, 271 ҳужжат эса мустамлака даврига оиддир. Шунингдек, бошқа архивларда Қўқон шаҳри муассасалари вақфига оид 115 ҳужжат борлиги аниқланди. Бундан ташқари, шаҳар музейларида, аҳоли қўлида ҳам бир қанча ҳужжатлар сақланади.

Октябрь тўнтаришидан сўнг вақф мулклари босқичма-босқич мусодара этилиб, Маориф Халқ комиссарлиги ҳузурида таъсис этилган Вақф шуъбаси ихтиёрига берилди. Бу шуъба вақф мулкларини ўз ихтиёрига олиб, улардан келган даромадни мактаб ва маориф эҳтиёжларига сарфлади. Роқим (муаллиф) ўқиган собиқ 3-ўрта мактаб (ҳозир 26-умумтаълим мактаби) биноси ҳам вақф мулкидан келган даромад ҳисобидан қурилган. Ўзбекистонда социализм қурилиши асносида вақф мулкчилиги аста-секин тугатиб юборилди.

Вақф мулкчилиги ҳақидаги бобимизни якунлар эканмиз, муҳтарам китобхонларимизни ўзимиз излаб топган. бошқа тадқиқотчилар назари тушмаган бир қанча қизиқарли вақф ҳужжатлари билан таништириб ўтамиз.

Шайхулислом Зокиржон эшон ҳазратлари авлодларининг қўлларида сақланаётган ҳужжатлардан:

  1. Ҳукми қози

Вақфнома шу мазмунда тузилдики, Биби Розия Мирзо Юсуф қизи соғлом ҳолда ўз ихтиёри билан ўзига тегишли барча мол-мулкни фалон жойдаги даҳмасига очиқ-ойдин, шаръий равишда вақф қилиб белгилади. Мазкур вақфномада шундай шарт белгиландики, ушбу даҳмада истиқомат қилувчи толиби илмлар Биби Розиянинг қабри тепасида Каломи шариф тиловат қилиб, унинг савобини, аввало, ҳазрати Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг руҳи покларига ва у кишининг асҳоблари ва бошқа анбиёлар, мўмин ҳамда мўминалар ва мазкур марҳуманинг руҳларига, қолаверса, унинг ота-оналари руҳларига бахшида қилсинлар. Мазкур вақфдан тушадиган даромаднинг ўндан бирини мутаваллининг ҳақи сифатида олингач, қолганини мазкур даҳмада чилла ўтирувчилар ўзларига сарфласинлар. Мулло Қаландархон мулло Маллахон ўғли мазкур даҳманинг чиллахонасида ўтирувчилардан бўлиб, жаноб қозиюл-ислом ҳузурига келиб, шу мазмунда арз қилдики, доруссалтана Хўқанд вилоятидаги мадрасага бориб диний илмлар ва шаръий масалаларни ўргансам ҳамда мазкур даҳманинг чиллахонасидан бошқа жойда, чунончи, мазкур мадрасада тиловат қилиб, мазкур маҳсулот (яъни вақф даромадидан улуш)ни шу усулда олсам.

Шунга қарор қилиндики,  вақф тайинлагувчи тиловат қилиш ўз қабрининг тепасида бўлишини шарт қилиб қўйган. Бинобарин, бошқа жойда тиловат қилиб бағишлаш вақфномага хилоф ҳисоблансин.

Бешта қози, аълам, муфтининг муҳрлари босилган.

  1. Иқрорнома

30-Сафар ойинда, 1321 ҳижрий йилинда эрдики, манки, мулло Каромиддин хўжа, ушбу тариқада иқрор қиламанким, мадрасаи Жоменинг шимол тарафидаги дарвозасининг кунчиқар тарафидаги янги таъмир бўлган дўконларни баъзисини Муҳаммад Фозилжонбой ва Муҳаммад Арслонбойлар ва баъзисини ман ҳақир мазкур мадрасани мутаваллиларидан мазкур йилнинг жумодил аввал 6-сидан уч йиллик пудрат қилиб олиб, ҳар йил уч юз етмиш беш сўмдан мазкур мутаваллиларға бермоқчи бўлган янги бўлғон мазкур дўконлар узосиға Муҳаммадали самоварчи ва Муҳаммад Айюббой дўконлари бирлан мазкур дарвозани қибла тарафидаги вақф дўконларни қўшуб, жаъми чиқими илан мазкур мутаваллилардан мазкур йилни жумодил аввал 6- сидан маблағ бир минг икки юз йигирма сўмға ижораи шаърий қилиб олдим. Эндиликда мазкур зикр қилинған бошқа Муҳаммад Олим ва Муҳаммад Айюббой дўконлари мазкур дарвозани қибласидаги дўконлар илан ман ҳақири мазкурға жами чиқим билан маблағ саккиз юз тўқсон беш сўмға тўхтағон дўконларға мулло Саййид Ҳошимхон тўра мутаваллини шерик қилдим. Ушбу шериклик важҳидан мазкур мулло Саййид Ҳошимхон тўрамдан ҳар қачон пул олсам, ўз хатим илан қўл қўюб олурға ва икки ҳисса пул олсам маҳбуб эмас деб, ушбу шерикликка тасдиғ қилдим.

Муҳр: мулло Каромиддин хўжа бинни Ансориддин хўжа, милодий ҳисоб билан 1903 йил.

 

Носирхон тўра авлодларида сақланаётган ҳужжатлардан

1-вақфнома

Хўқанд уёзи, Чирикжийда бўлусига қарашли Султон қишлоқда қибла тарафи саккиз саржин зовурга, кун юруши йигирма бир саржин вақф ерга, кун чиқар тарафи ўн бир саржин катта ариққа, қутб тарафи йигирма бир саржин Аҳмадхўжа Подшоҳхўжа ўғлини хонақоҳига қўйилган вақфга ёпишган, атрофлари маълум. 11-сафар ойинда, тарих сана 1345-чи ҳижрийда эрдики, Хўқанддаги Қўрхона маҳаллалик Зулайхо Биби Эрназар қизи ўз ризо ва ихтиёри илан иқрори сариҳи шаърия қилди, бу жумлағаким, мазкур таҳдид бўлган ўз мулкимни жами йўли ва суйи илан хўқандлик Мансурхон Маҳмудхон ўғлини хонақоҳларига вақф қилдим. Мазкура муқарра (вақф қилгувчи)ни мазкур тахдидда ҳеч бир ҳақим ва дахлим йўқ, боши очуқ. Ушбу қилғон иқрориға гувоҳлар: 1. Даврон элликбоши. 2. Қўзибой. 3. Абдумалик махдум. 4. Ҳакимбой ҳожи. 5. Бобораҳим. Манки, домулло Холмуҳаммад қўлум қўйдим. Мазкур гувоҳларни гувоҳлантуруб, манки Даврон элликбоши эшон Фахриддин ўғли қўлум қўйуб, муҳрим бостим.

 

2-вақфнома

Таҳдид бир қитъа дўкон Қатағон даҳасига қарашли Исфара гузари маҳаллада: қибла тарафи Эҳсонбой Яъқуббой ўғли мулкига, кунюруши кўчага, кунчиқари мулло Бобо Раҳим мутаваффо Файзимуҳаммад ўғлини матрука ҳовлисиға, қутб тарафи Муҳаммад Шарифбой Мўъминбой ўғлини вақф дўконига ёпушган, атрофлари маълум. Таърих 12-робби-ас соний, сана 1328 ҳижрийда иқрори сариҳи муқаррари шаърия қилдилар…… Файзибой мазкур Азизмуҳаммад ўғли ва Умматхон Бурҳонбой қизи ва Комилжон бойвачча Нозимбой ўғиллари, бу жумлағаким, мазкур маҳдуд дўкон ҳақ ва мулкларимизни жами ҳуқуқлари билан вақф қилдук саҳиҳ мазкур маҳалла масжиди учун ва шарт қилдукким, мазкур вақфга мутавалли мазкур масжидни муқтадоси бўлсунлар ва яна шарт қилдукким, мазкур мавқуфадан ҳар нимарсаки даромад бўлса, авлоди ҳақул тавлидага ишлатсунлар, боқий қолғонини мазкур муқтадо бир масалаи саловоти маъуза ўқуб, ушбуни тўғрисида (очиқ қолган) бўлсунлар. Ўқуган масалаларини савобини авлоди жаноби сарвари олам ва олийи ва асхобларини арвоҳларига ҳадя қилуб, савоби ҳадяни мазкур мулло Бобо Раҳим ва уларнинг ўлган қизлари Ўлмасой руҳларига бағишласунлар деб, мулло Файзибой Азизмуҳаммадбой ўғли, қўлум қўйдум; Комилжон Козимбой ўғли, қўлум қўйдум. Мазкурга гувоҳлар: 1) Азимжон Афғон; 2) мулло Неъматжон баққол; 3) (очиқ қолган); 4) Исмоилжон баққоллар. Манким, Қатағон даҳа, Исфара гузари маҳалла элликбошиси мулло Орифхон Ҳомидхон ўғиллариман, қўлум қўюб, муҳрим бостим. (Милодий 1910 йил).

 

3-вақфнома

Тахдид бир қитъа ер Хўқанд уездига қарашли Чирикжийда вўлустига қарашли Ардахшон қишлоқда: қибла тарафи қирқ уч саржин, баъзиси вақф ва баъзиси Уста Мирзақули Абдурасулбой ўғлини мулкига ва баъзиси матрукаи Пирмуҳаммадбойга; кунюриш тарафи йигирма бир саржин заҳбарга пайваста, баъзиси йўлга; кунчиқари қирқ саржин катта йўлга пайваста; қутб тарафи йигирма бир саржин катта йўлга; тахдид яна бир қитъа ер мазкур қишлоқда: қибла тарафи ўн саккиз саржин Омонбой Муллабой ўғлини ерига пайваста; кун юриш тарафи ўн тўрт саржин матрукаи Пирмуҳаммадбойга пайваста; кун чиқари ўн олти саржин ушбу васиқада иқрор қилғувчи домулло Маҳмудхўжа эшон домулло Тўрахўжа эшон ўғлини мулкига пайваста; қутб тарафи ўн икки саржин Шохжўйи хосга пайваста. 3-тахдид яна бир қитъа ер мазкур қишлоқда: қибла тарафи ўн икки саржин Омонбой Муллабой ўғлини мулкига пайваста; кун юриш тарафи ўн икки саржин шохжўйга пайваста; кун чиқар тарафи ўн икки саржин мазкур домулло Махмудхўжа эшон мулкига пайваста; қутб тарафи ўн икки саржин заҳбарга пайваста, атрофлари маълумдир.

1917-милодий йилинда, …..чи февралда, 1335-йил ҳижрийда ….чи жумодил-аввал ойинда Хўқанд шаҳрини Қатағон даҳасига қарашли Исфара гузари маҳаллалик домулло Махмудхўжа эшон, етмиш яшар, Тўрахўжа эшон марҳум ўғлиман, ўз ризо ва рағбатим бирлан иқрори сариҳи мўътабар шаърия қилдим, иқрорим шариат ҳукмида дуруст ва нофизлик ҳолда ўз нафсимни зарариға шул хусусдаким, ман муқаррар вақф қилдим сариҳ ва тасдиқи шаърия қилдим сахоҳ ушбу ҳадиси набавийким: “Аз уммати ибн Одам ал қатъий амала ал амин салот илм янтафи ба васиқа-и жория волиди солиҳ йадуула давр” мазмуниға амал қилиб холисан лавжа Аллоҳ таоло ва талабаи илми зотия ва ҳар болин азобаларим ва ризои ал савоб ал хурур вақф мад бар музофаан, аммо баъд ал мавт тариқасида юқорида тахдиди бўлган ерниким …….. умурим вараса амакимдан эрди, мазкур маҳаллада воқиф бўлиб турган маълум ал ҳудуд халифа Миржалил марҳумни бино қилган вақфи фисабиллоҳ мадраса ва хонақоҳлариға ва охирул фақирул муслимин ва шарт қилдимки, мутаваллийи шаърия мавқуфа мазкурага, вафотимдан кейин бир солиҳ авлодим Муҳаммад Аминхўжа бўлсун, модоми ҳаёта ва андин кейин ҳар кимики, мазкур хонақоҳда силсилаи кабир ва маснади шайхликда бўлса, аввал каттаси бўлсун. Яна шарт қилдим, мутаваллийи мазкур ман ўлгандан кейин мазкур мавқифаларимни матрукаларимға қўшмай, холис ажратиб, қўлиға қабза қилиб, мўътамад корандаларга кишти зироат учун тобшуруб, мазкур мавқуфа ерлардин матартиб бўлган ҳосилотларни ҳисса ал авсоф учун ба ҳисоби урф олуб, ҳақул тавлидага ўндан бир ҳиссани олуб, боқий тўққуз қисмининг уч ҳиссасини мазкур хонақоҳда жамъ бўлган зокирлар учун муҳайё бўлган шулонга сарф қилсун; ва бир қисмини мазкур сойил ва шайхлик маснадида турган сажжоданишин халифага берсун; яна бир шарт қилдимки, мазкур халифа Каломуллодан  қанча миқдор ўз ихтиёрича ба қудрати қатъий баъд аз адойи саловат фажру фароғ намози ишроқ ҳар рўз ўқуб, аввало, савобини жаноби сарвари олам, (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Пайғамбаримиз жанобларини руҳи поклариға ва арвоҳи мутабаррот ва олийи ва асҳобларни арвоҳи таййибалариға ва сония ҳазрат Қутб ул орифин умдати аз арфо ва зубдат-ул авлиё жаноби ҳазрат Ғавсул Аъзам солиҳийн Шайх Сиддиқ Муҳйидинни руҳи поклариға ва ҳам силсилаи Қодирияда ўтган машойихлар арвоҳлариға, охир-ул  амр вақфда баён аждод-ваттаҳиётларини арвоҳлариға бахшида қилсун ва бе узри шаърия мазкур вазифа тарки маътил бўлмасун. Аммо мани ворисларим кулли ал баъзо ушбу мавқуфларни абтолиға кўшиш қилиб матрука қаториға қўшуб тақсим қилмоқчи бўлсалар, фамуҳ абодул абад Аллоҳнинг лаънатига мустаҳиқ бўлуб, уқубати шадидга мубтало бўлсунлар ва мазкур қабз қилган нимарса аларга ҳаром бўлсун.

Ушбу вақфиятға қилинған иқрорға: 1) Мирсодиқ элликбоши Мирғафурбой ўғли; 2) мулло Тўражон домулло Аҳмадхўжа ўғилларини гувоҳлантириб, қози Муҳаммад Раҳим Махдум Аълам қўлум қўюб, муҳрим бостим.

Изоҳ: юқорида келтирилган ҳужжатларда йиртилган, тешилган, ўчиб кетган жойлари бор. Улар ўрнига сўз қўшмасдан, нуқталар қўйдик.

 

Мўйи Муборак саййидларига қарашли

вақф мулклари тасарруфига оид ҳужжатлар баёни

Мазкур ҳужжатлар мажмуаси еттита қоғозга ёзилган саккиз ҳужжатдан (бир варақ қоғознинг икки томонига иккита ҳужжат ёзилган) иборатдир. Ҳужжатларнинг мазмуни бир-бирига жуда яқин. Шу туфайли уларнинг қисқача, умумий мазмунини бериб қўя қолдик.

Саййидлар хонадонининг Мўйи Муборакда, Жанжал волостига қарашли Кармак қишлоғида ҳамда Андижон вилоятида вақф мулклари бўлиб, уларга мазкур хонадон вакили Саййид Мусохон хўжа мутаваллийлик қилганлар. Ҳужжатларнинг барчаси бир хил мазмунда бўлиб, улар мазкур хонадонга тобе шахсларнинг мазкур вақф мулкларидан келган даромаддан ўз улушларини олганликлари ҳақида тилхатлардан иборатдир. Ҳужжатлар ҳижрий 1318–1321  (милодий 1901–1903) йилларга оиддир…

Вақф мулкларини солиқлардан озод қилишга қаратилган иноятномалардан бир намуна:

“Ҳувал ҳайюл қойюм (У (Аллоҳ) тирик ва боқий)

Абулмузаффар Саййид Муҳаммад Худоёрхон Баҳодир сўзимиз!

Ушбу замонда барча ҳоким-ҳукамоларга, солиқ мутасаддилари, давлат ишига дахлдор барча кишиларга, масъулларга, молия муассасалари мансабдорларига, доруссалтана ва бошқа жойлар кафилларига етиб маълум бўлгайким, Марғинон тобелигидаги Навкатда олти қитъа ер, Қулоқсизда икки қитъа, Чихилбоғда уч қитъа, Арабон ва унинг атрофидаги суғорма ва лалми ерларда ўн саккиз қитъа, Булоқбоши атрофидаги Қоровулда бир қитъа, Гулбаҳорда беш қитъа ер, Қоратепа мавзесида икки қитъа, Чўлоқтуш мавзесида икки қитъа, Ўш депарасидаги Калтатумшуқ мавзеида бир қитъа, Жалақудуқнинг Саритепасида икки қитъа, Мингтепа мавзеида бир қитъа ер; Шаҳрихон мавзеида икки боғ, ҳовли ва тўрт қитъа ер, Қумариқ мавзеида бир боғ ва уч қитъа ер, Қашқарқишлоқ мавзеида ҳовли ва экин ери бор икки боғ марҳум Эшон Соҳибзода ҳазратнинг мадрасалари ва даҳмаларининг вақфидир. Ўз марҳаматимиз билан ул зоти бобаракотнинг мулкларини хирождан, танобона, ҳарбуза пули каби солиқлардан ва мамлакатда мавжуд бўлган барча расмий ва норасмий мажбуриятлардан озод қиламиз. Барча ҳукамолар, саркорлар ва амлокдорлар ушбу кўрсатиб ўтилган мадраса ва даҳма вақфлари хирожини иноят қилинган ва тархон деб билиб, улардан бир дона дон ҳам талаб қилмасинлар ва кутмасинлар. Ушбу марҳамат ила йўғрилган фармонимизга қаноат қилиб, улардан ҳар йили янги ҳужжат талаб қилмасинлар. Ушбу вақф мулкларидан тирикчилик қиладиганлар ва мутасадди кишилар хотиржам умргузаронлик қилиб, бизнинг соғлик-саломатлигимиз, узоқ умр кўришимиз, салтанатимизнинг гуллаб-яшнаши, бизга Аллоҳ томонидан ато этилган қудратли давлатимиз барқарор бўлиши йўлида ибодатда ва дуода бўла олсинлар. Ушбу иноятномамизни энг улуғ фармон деб билсинлар, ундан заррача четга чиқмасинлар. Ушбу иноятномага шак-шубҳа қилмай, ишонч кўрсатсинлар. Жумодил аввал ойида, ҳижрий 1289 да (милодий 1872)

Муҳр: Саййид Муҳаммад Худоёрхон”.

 

Вақф мулкчилиги борасида яна бир қизиқарли мавзудаги ҳужжатни учратиш мумкин. Тарихдан маълумки, ичимлик сув таъминоти соҳасида сунъий ҳовузлар алоҳида ўринга эга. Масжид, мадраса, хонақоҳ қурдирган шахслар ўша жойларга ёхуд мазкур муассасаларга вақф мулки қилиб берилган жойларга савоблик йўлида ҳовуз ҳам қаздириб қўйганлар. “Иссиқ жон” деганларидек, ушбу ҳовузга сув олиш учун келган одам ёки сув ичиш учун келган мол-ҳол фалокат босиб, унга тушиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Хўш, бунинг товонини ким тўлайди?  Аввало, ҳар бир киши ўз эҳтиётини қилмоғи, ёш боласини ёки молини қаровсиз қолдирмаслиги лозим. Бирор ҳодиса юз берган тақдирда ҳовуз қаздирган киши жавобгар эмас. Буни Хўқанд хонлари ўз ҳукми ҳумоюнлари билан тасдиқлаб, вақф қилгувчиларни ўз ҳимояларига олганлар. Музейларда ва турли шахслар қўлларида Амир Умархон, Муҳаммад Алихон ва Худоёрхонлар томонидан берилган шундай фармонлардан бир қанчаси сақланади. Улардан бирини келтириб ўтамиз:

“Ҳувал Қойюм (У (Аллоҳ) боқийдур)

Абулмузаффар вал мансур Саййид Муҳаммад Умар Баҳодирхон бинни Норбўтахон Баҳодир сўзимиз:

Искандармонанд ҳукмфармолиғимизда муқим турғон ва Хўқанд музофотинда иш кўруб турғон қозилар, турли амал эгалари ва мутлақ соҳибдохил бўлғон бошқа кишилар воқиф бўлсунларким, бизға ва Хўқанд салтанатиға содиқ хизмат кўрсатиб келмоқда бўлғон Муҳаммадқули Баҳодир Тангриқули понсод ўғли бизнинг аждодимиз бўлмиш Шаҳмасадбийнинг нурга тўлган марқадлари ва ҳам марқад ҳудудидағи ибодат маскани – масжид ҳамда дарвеш ва қаландарлар маскани бўлмиш хонақоҳнинг таъмири, кундалик харажатлари, ходимлар маоши, жиҳозлари тўлиқ бўлиши, шунингдек, бу муқаддас даргоҳга келиб-кетувчилар ва зиёратчилар ва дарвеш-қаландарлар ва мискин-бечоралар таъминоти ва ҳам мозор атрофида яшайдурғон паррандаларнинг қишлиқ дони таъминоти учун мазкур марқад яқинидағи ўттиз икки таноб ерни сотиб олиб, мозорға вақф мулки қилиб берган эди ва биз ўз ҳукми ҳумоюнимиз ила мазкур вақфни тасдиқлаб берган эдик. Ваққоф (вақф қилгучи) мазкур вақф мулклари қатори, масжид олдиға бардаҳи – дардаҳ (ҳар томони ўн газ узунликда бўлган) ҳовуз қаздирган. Мазкур ҳовуз шу ердағиларнинг илтимоси ва Худо йўлиға холисанлиллоҳ қазилди.

Ушбу балда (юрт)да истиқомат қиладурғонлар, шу юртнинг оқсоқоллари ва калонтарлари, қозилари огоҳ бўлсинларким, ҳар бир киши ўзининг бола-бақрасининг, мол- туёғининг эҳтиётини қилсун, бирор киши ёки мол-туёқ ушбу ҳовузға тушуб кетиб, шикаст тобсалар ёхуд нобуд бўлсалар, уларнинг товони тўланмайди ҳамда мазкур ҳовузни ўз қарамоғлариға олғон мозор ва масжиднинг ходимлариға ҳеч ким бу хусусда даъво қилолмайди.

Мазкур фармони ҳумоюнимизни қатъий        деб билсунлар ва унга қатъий амал қилсунлар

Сана 1232 (милодий 1817 йил).

 

*           *           *

 

Саййид Маҳмуд хожа Эшон хонадонлари

 

Ушбу хонадон илдизлари Саййид Муҳаммад Зокир хожа Эшон Шайхулислом ҳазратлари орқали бир томондан Имом Ҳусайн Шаҳиди Карбало (розияллоҳу анҳу)га, бошқа томондан, ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу)нинг бошқа хотунларидан бўлган фарзандлари – Имом Муҳаммад Ҳанафия ҳазратларига боради. Зокир хожа Эшон ва у зоти бобаракотнинг ўғиллари Сулаймон хожа ҳақларида тазкирамизнинг шайхулисломларга бағишланган қисмида сўз юритамиз.

Сулаймон хожа Шайхулислом ҳазратларидан икки ўғил фарзанд – Саййид Ҳаким хожа ва Саййид Тўра хожа таваллуд топганлар. Тўра хожа хонадонларида 1263 (1847) йилда ўғил фарзанд туғилди. Унга Саййид Маҳмуд хожа деб ном бердилар. Маҳмуд хожа мадрасаи Олийда таҳсил олиш баробарида тасаввуфнинг Қодирия сулуки жамоасида тариқат таълимини олиб, эшон даражасига етадилар. Учкўприк ва Янгиқўрғон оралиғидаги хожа Умматвалий (халқ тилида “Хожа Матвали Бува”) мозорларидаги хонақоҳда маърифат нурини таратиш, мурид тарбиялаш билан шуғулландилар. Маҳмуд хожа Эшонни мурид тарбиялашда қўяйлик-да, баённи бошқа жойдан давом эттирайлик.

Хўқанди латифнинг Исфара Гузари, Беквачча, Читгарлик маҳаллалари туташган жойда Мир Бадал Эшон хонақоҳ қуриб, эшонлик фаолияти билан шуғулланар эдилар. У кишининг вафотларидан сўнг ўғиллари Мир Жалил Халифа сажодданишинлик қилиб, оталарининг фаолиятини давом эттирдилар. У зот ҳам вафот қилганларидан сўнг эшонлик ўғиллари Абду Жалил Халифа қўлларига ўтди. Мир Жалил Халифа ҳаётликларида хонақоҳ яқинидаги бир майдонни Муҳаммад Алихондан сўраб олиб, мадраса қурган эдилар. Тарихга “Мир Жалил Халифа” номи билан кирган мазкур мадраса 1250 (1834) йилда қуриб битказилган. Мазкур мадраса эшон мадраса туркумидаги ўқув юртидир. Бу ерда диний ва дунёвий фанлар билан бир қаторда, тасаввуф илми ҳам ўргатилган. Мадраса ҳаёти ҳам тариқат йўлига мослашган. Мир Жалил Халифа ва Абду Жалил Халифа хонақоҳда эшонлик фаолиятини юритиш билан бир қаторда мадрасанинг бош мударриси ва мутаваллиси эдилар. Тақдир Абду Жалил Халифага ўғил фарзанд бермади. Авлодларини давом эттирадиган, хонақоҳ ва мадрасани топширадиган, қариганда белга мадор бўладиган, чироқларини ёқиб ўтирадиган ўғил йўқлигидан азият чекиб, ҳасрат ўтида қовурилар эдилар. У кишининг бу аҳволларидан хабардор бўлган яқин дўстлари, Эшон Мажзубнинг энг катта ва сиддиқ шогирдлари, Хўқандда Мажзубийлик сулукининг давомчиси Ҳаким Халифа ҳазратлари Абду Жалил Халифанинг қалб жароҳатларига малҳам топиш ҳаракатига тушдилар. Бу жароҳатга ягона малҳам – яхши, муносиб куёв-ўғил. Машҳур, нуфузли эшонга куёв бўлиш иштиёқмандлари кўп. Ҳатто ичкуёвликка рози бўладиганлар кам эмас: тайёр хотин, ичкари-ташқарили ҳовли, хонақоҳнинг сажжодинишини, мадрасанинг бўлгуси соҳиби бўлиш орзусида юрган мулло ва муллаваччалар оз дейсизми. Бироқ тагли-тугли хонадонлардан чиққан, эшоннинг нозик дидларига мос келадиган йигитлар ичкуёвликка кўнармикан? Ҳаким Халифа ҳазратлари кўпгина фазилатлари қатори форуқий салоҳият эгаси, яъни яхшини ёмондан айириш қобилиятига эга бўлган авлиё эдилар. Кўпгина номзодларни назардан ўтказиб, ниҳоят қадрдон дўстлари – Тўра хожа Эшоннинг ўғиллари Маҳмуд хожани муносиб кўрдилар. Фурсатни қўлдан бой бермай, Тўра хожа Эшон ҳовлиларига эшик қоқиб бордилар.

– Ие, ие, келсинлар тақсир, нечук шамоллар учирди?

– Ҳар иккимизга қадрдон бўлган бир абтар (нуқси бор, яъни ўғил фарзанд кўрмаган киши)нинг оҳу-фиғони шамоли учириб келди…

Дастурхон йиғиштирилгач, сомеъ бўлиб ўтирдилар. Эшонларнинг тили дилида бўлади, яъни тиллари билан эмас, диллари билан суҳбатлашиб, бир-бирларининг фикрларини англайдилар. Ҳар икки эшон соҳиби каромат эдилар, бир-бирлари билан сўзсиз суҳбат қуриб, бирлари мақсадни баён қилдилар, иккинчилари мазкур баённи дил қулоғи билан тингладилар. Шу туфайли бўлажак қуданинг номини сўрадилар холос:

– Кимнинг ташвишини чекиб юрибдилар?

– Хар иккимизнинг қадрдонимиз Абду Жалил Халифанинг.

Тўра хожа Эшон яна бироз сомеъ бўлиб, тафаккурга бордилар. Иттифоқо шу куни ўғиллари Маҳмуд хожа хожа Матвали Бувадан ота зиёратига келган эдилар. Тўра хожа Эшон у кишини меҳмонхонага чақиртирдилар.

– Ўғлим, Эшон бувангизнинг сизга айтадиган гаплари бор экан, бу гапни биз гапиргандек қабул қилинг, – дедилар-да, ташқарига чиқиб кетдилар. Ҳаким Халифа ҳазратлари гапни узоқдан бошладилар: – Ўғлим, сиз таҳсил кўрган, хатм қилган мулло йигитсиз, нима савобу нима гуноҳ, сизга ўргатишимизга ҳеч бир хожат йўқ. Савоб амалларнинг ҳад-ҳудуди йўқлигини ҳам яхши биласиз. Бир ўғил кўриш насиб этмаган кишига ўғил-куёв бўлиб, унга ҳамдам бўлиш, яхши-ёмон кунини биргаликда ўтказиш, ул одам бемор бўлганда парвариш қилиш, қазоси етганда ёнида ўтириб ҳазрати Ёсинни ўқиш, оғзига сув томизиш, иягини боғлаб, охирги йўлга кузатиш, дафн этгандан сўнг унинг ҳовли-ҳарамини бошқариш энг савоб амаллардан биридир. Ичкуёвлик бизга пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан қолган улуғ суннат. Ул зоти бобаракот Хадича  онамизнинг уйларига куёв бўлиб бориб, хонадонда эркак киши бажариши лозим бўлган барча ишларни ўз зиммаларига олганлар. Боқий сўз шулки, падари бузрукворингиз ва бизнинг яқин дўстимиз жаноб Абду Жалил Халифанинг исмат пардасидаги ожизалари бор, бироқ ўғил фарзандлари йўқ. У кишининг хонадонини ва ўзларини яхши билганлигимиз сабабли қизларини сизга муносиб кўрдик. Ул зотга ҳам ўғул, ҳам сажжодинишин бўлишдек савоб амал, шу билан бирга оғир юкни зиммангизга ола биласизми?

Маҳмуд хожа сукутга кетдилар. Боя, оталари чақиртирмасларидан олдин аммалари: “Маҳмудхон, сизга муносиб бир қайлиқ топиб қўйдик. Ким деб сўрасангиз, Абду Жалил Эшоннинг қизлари”, деб роса таърифини келтирган эди. Жиянга амма ва тоғадан бошқа меҳрибон қариндош бўлмайди. “Бу қизни, бир томондан, падари бузрукворининг яқин дўстлари, иккинчи томондан, мунис-меҳрибон аммажоним топган бўлсалар, демак тақдир экан”, деб ўйладилар-да, шундай дедилар: Эшон бува, сиз қиблагоҳимиз номларидан сўзладингиз. Қиблагоҳимизнинг иродалари биз учун ҳам қонун, ҳам фарз, ҳам вожиб. Биз розимиз…

Ҳаким Халифа ҳазратлари темирни қизиғида босиб, эртасигаёқ бир қўчқор ва шунга яраша масаллиқ олиб хожа Матвали Бувага бордилар. Қўйни сўйдириб, ош-сув қилиб ўша жойнинг улуғларига зиёфат қилиб бердилар ва фотиҳадан олдин Маҳмуд хожани улардан сўраб олдилар. Улар Ҳаким Халифадек номдор аллома ва сўфийнинг юзларидан ўтолмай, жавоб беришга мажбур бўлдилар.

Кўп ўтмай эшонлар хонадонлари талабларига мос келадиган тарзда тўй ҳам бўлиб ўтди. Маҳмуд хожа янги хонадонда ўзларини шундай тутдиларки, Абду Жалил Халифа “ўғул бўлса шунчалик бўлар”, деб дуо қила-қила мадраса ва вақф ишларини у кишига юклаб қўйиб, ўзлари хонақоҳга чекиндилар ва вақти соати етгач, Аллоҳ олдидаги қарзларини уздилар.

Маҳмуд хожа Эшон ўз илмлари, тақволари, саховатлари ва бошқа фазилатлари билан катта обрў-эътиборга сазовор бўладилар. Нафақат Хўқанд шаҳридан, балки атроф-жавониблардан кўплаб мурид ва мухлислар орттирадилар. Баъзи ўзига тўқ мурид ва мухлислар у кишининг хонақоҳлари ва мазкур мадрасага вақф мулклари ўтказиб берадилар. Ўзларига эҳсон тариқасида берилган мулкларни ҳам вақфга айлантирадилар. Мана, ушбу ҳужжат матни:

 

Вақфнома

 

Таҳдид бир боб ҳужра ва даҳлиз Хўқанд шаҳрини Қатағон даҳасига тобеъ Исфара гузар маҳаллада, қибла тарафи вақфи ҳужраи Даҳмаи Эшон Абдул Жалил Халифа марҳум; жануби баъзан ҳужраи мазкура, шарқи баъзан ҳалолжойи даҳмаи мазкур ва баъзан ариққа, шимол тарафи Эшонча Тўнфуруш мулкига ёпушган. Ва яна бир қитъа шоликори ер Чирикжийда бўлусига тобе Ардахшон қишлоқда: ғарб тарафи Омонбой ўғлини мулкига, кунюруши Муҳаммад Зоҳидни мулки ва баъзан Муҳаммадқулининг мулкига; шарқи роҳи ом; шимолдан ҳам роҳи ом; ушбу маҳдудга ўн бир чакса уруғ экиладур, атрофи маълум.

Таърих ўнунчи ражаб ойинда, сана 1333 (бир минг уч юз ўттуз учунчи) ҳижрийда эрдики, иқрори сариҳи мўътабари шаърия қилди Домулло Маҳмуд хожа Эшон, эъзози аржуманд Тўра хожа Эшон ўғли ҳоли жевозаи нафоз жами тасарруфоти ва рағбат бирла бу жумлағаким, вақфи сариҳ ва тасдиқи шаърия қилдим саҳиҳи бебизоат тамоми махдуд мазкур ерни йўли ва суви билан. Азбаройи махдуди аввал шарт қилдим, мани воқиф мазкур вақф қилинган мулкка, модомики ҳаёт эканман, ўзим ва вафотимдан сўнг маним авлоди зурриёдларимдин ҳар қайсилари солиҳ ва қобил, парҳезкор бўлса мавқуфа мазкурага мутаваллийи шаърия бўлсун. Ва яна шарт қилдимки, маҳдуд мазкур дар садри аввал ҳужрага хоҳ бир киши ва хоҳ икки киши ва хоҳ кўпроқ ман муқаррани авлодидан ва мувофиқ шаърийи шариф истиқомат қилса, ҳар куни каломуллоҳдан бир оят, ҳар оятким, ўқумоқ қодир бўлса тиловат қилиб, савобини аввало ҳазрат Сарвари коинот (соллалоҳу алайҳиссалом) руҳларига ва чаҳориёрлар арвоҳларига ва Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн ва Фотимаи Заҳро арвоҳларига ва ҳазрати Ғавс Шайх Абдулқодир Жилонийнинг руҳ-арвоҳларига ва андин кейин ман ваққофнинг ота-боболаримиз ва ўзумни арвоҳларимизға бахшида қилсун. Ва мутавалли мавқуфа мазкура замини вақф мазкурдин ҳар ҳосилики, ҳазрат Худовандо таоло муяссарият қилса, баъдаз, ахрож ҳақ ал тавлиётга ушрдур. Боқийсини мазкур ҳужрада истиқомат қилиб мазкур шартларни бажо келтуруб турғучи аҳли вазоифга берсун, деб ушбу вақфни саҳиҳлигига ва иқроримга тасдиқ: (олтита муҳр урулган).

 

 

Яна бир вақфнома

 

Таҳдид бир қитъа ер Хўқанд уездининг Қудаш волустига қарашли Чек Ҳотамтой қишлоқда: қибла тарафи эллик саржин Мулло Маҳмуд хожа эшон муқарра фил далил Тўра хожа Эшон ўғлини мулкига; кун юруши ўн олти саржин хос йўлга; кун чиқари эллик бир саржин Омонбой Ҳожи Муҳаммад Шариф ўғли мулкига; қутб тарафи ўн олти саржин хос йўлга ёпушган. 2-тахдид бир қитъа ер мазкур ҳотамтой қишлоқда: қибла тарафи ўттиз икки саржин мазкур Мулло Маҳмуд хожа Эшон муқарра фил далил мулкига; кун юруши ўн олти саржин хос йўлга; кун чиқари ўттуз саржин; қутб тарафи етти саржин мазкур Омонбой ҳожини мулкига ёпушган, атрофлари маълумдур.

1917 милодий йилинда, 12 июлда, 1335 сана ҳижрийда, 8-шаввол ойинда Хўқанд шаҳрини Қатағон даҳасига қарашли Исфара гузари маҳаллалик мазкур Мулло Маҳмуд хожа Эшон етмиш яшар, мазкур Тўра хожа эшон марҳум ўғли ўз рағбат ва ихтиёри илан иқрори сариҳи саҳиҳи муътабари шаърия қилди, иқрори шариат ҳукмида дуруст ва нофандлик ҳолида ўз нафси зарариға бу жумлағаким: ман, иқрор қилғувчи вақф қилдим, сариҳ ва тасдиқи шаърий қилдим, саҳиҳ ўз холис ва покиза мулкларимдан мазкур юқоридаги уч қитъа махдудларимники, ушбу йилда васиқаи шаъриялар билан таслим қилинган мулки холисларимни ва ҳам яна мазкур Ҳотамтой қишлоқдаги бир қитъа ер манга мазкур Омонбой ҳожи мазкур ерни  фисабиллоҳ бўлишини ихтиёрини бериб тобшурган ва таслим қилган ерни йўли ва суви ва жамеъ манфаатлик тобе ҳақлари илан, аввало, жаноб шафоатпаноҳ афзал ал анбиё, сарвари олам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), иккинчи жаноб қутб ул оламийн, умдат ул ошиқин, саййид ул кошифин ҳазрат Ғавс ул оламийнни арвоҳи қудсийлари учун ва охират ул фахрул муслимийнни, мазкур силсилаи карвир Ғавсия ижроси учун Хўқанд шаҳрида Исфара гузари маҳаллада ораста бўлган хонақоҳга мутасаддидурман. Ва шарт қилдимки, мутаваллийи шаърий модом ал хоҳ ўзум ва мазкур тахдид бўлган ерни тасарруфига мутаваллийи шаърий ўз фарзандларим Мансурхон ва Носирхонлар бўлсун. Ва мандин сўнгра бўлак вақфларга ҳам мазкур авлодларим мутавалли бўлсун ва алардин кейин мазкурларни авлодларидин қайси бири салоҳлик бўлса, ўшал бўлсун. Ва яна шарт қилдимким, мазкур мутавалли мазкур вақфлардан бўлган ҳосилларни ўндан бирини ўзи олиб, бир ҳиссасини мавқуфаларни аслаҳа ва обод бўлиши хусусида бўладургон сарфларни қилиб, ўндан бир ҳиссасини мазкур фарзандларим вазифахон бўлуб, ҳар куни намози бомдоддин кейин ҳазрат Ёсин ва намози хуфтондан кейин сураи Таборакни ўқуб, мазкур сураларни савобини жаноби саййид ул олам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), иккинчи – арвоҳи мутаҳҳаро ва аҳли байтларга, учунчи – асҳоби киром ризвонуллоҳи таоло алайҳи ажмаъинни арвоҳи талбияларига, тўртинчи – жаноб ҳазрат Ғавсул қаттоб ал аъроф, сояи авлиёуллоҳ, соҳиби силсила арвоҳи қудсиялариға тавозеи тамом бирлан дойи замния бахшида қилсунлар ва алардин имдод бошқа вақф қилғувчиларни дуо қилсун. Агарда вафот қилсам, маним руҳимга ҳам мазкур арвоҳлар қаторида тақдир қилиб бахшида қилсун. Ва ушбу вазифа хусусинда ҳеч бир тарк ва таътил содир бўлмасун ва мазкур арвоҳи талбияларни зикри хусусида ниҳоят даражада одоб ва ҳузуъ ва хушуъ ва тавозеъ бирлан мутаважжа ва толиби қибла бўлуб, вазифани адо этсун… валлоҳи хайрул ворисин. Ушбуни тасдиқи учун 1-Мулло Саййид Аҳмад хожа Эшон ўғли, 2-Мулло Нўъмонхон Мулло Мухторхон Махдум ўғилларини гувоҳлантириб: муҳр (Маҳмуд хожа эшон Халифа бинни Тўра хожа эшон марҳум).

Маҳмуд хожа эшоннинг вафот саналари аниқ эмас. Юқорида баёни келган вақфномаларга кўра, 1917 йилда етмиш ёшда, яъни ҳаёт бўлганлар. Авлодларининг сўзларига кўра, 1919 ёки 1920 йилда вафот этган бўлсалар керак. Яна авлодларининг сўзларига кўра, ул зоти бобаракотдан икки нафар ўғил – Мансурхон тўра ва Носирхон тўра ҳамда Заҳрохон исмли бир қиз фарзанд таваллуд топганлар. Бироқ ҳужжатларда у кишининг яна бир ўғиллари номи келтирилади: “…Мутаваллийи шаърий мавқуфа мазкурага, вафотимдин кейин бир солиҳ авлодим Муҳаммад Амин хожа бўлсун…” Фикримизча, Муҳаммад Амин хожа Махмуд хожа эшоннинг бошқа хотунларидан бўлсалар керак.

Ҳазрат Эшон вафотларидан сўнг тариқат билан боғлиқ вазифалар, хонақоҳ сажжоданишинлиги, мадраса ишлари, вақф ишлари мазкур икки ўғул – Мансурхон Тўра ва Носирхон Тўра зиммаларига тушди. Улар ҳам оталари каби ҳам тариқат, ҳам илм бобида обрў-эътиборга сазовор бўлдилар, кўплаб мурид ва мухлислар орттирдилар. Бироқ шўролар даври мафкураси уларнинг очиқ фаолиятларини тўхтатиб қўйди, хонақоҳ беркитилиб, муҳрланди, мадраса биноси мусодара этилиб, турар жойлардан фойдаланиш идораси ихтиёрига ўтказилди ва умумий ҳовлига айлантирилди. Аммо ака-укалар яширин тарзда тариқат ишини юритиш, маърифат тарқатиш, мурид тарбиялаш ишларини давом эттирдилар. Мансурхон Тўра ва Носирхон тўра то вафотларигача халқ томонидан эъзозланиб, иззат-ҳурматда бўлдилар. Мансурхон тўра бироз илгарироқ, Носирхон тўра эса ёшларини яшаб, ошларини ошаб 1976 йил 16 январь куни омонатларини топширдилар ва катта издиҳом билан дафн этилдилар.

Мансурхон тўрадан уч ўғил: Иноятхон тўра, Саъдуллохон тўра ва Муҳаммадхон тўра ҳамда икки нафар қиз: Хадичахон ва Назокатхон дунёга келганлар.

Носирхон тўрадан тўрт ўғил: Бобохон тўра, Орифхон тўра, Собирхон тўра ва Умархон тўра ҳамда икки нафар қиз: Тоирахон ҳамда Кибриёхонлар таваллуд топганлар.

Бобохон тўра, раҳматли, шифокор эдилар. У кишидан Муҳаммадхон, Ҳамидхон, Азизхон ва Латифхон каби ўғуллар ҳамда бир нафар қиз – Салимахон вужудга келганлар. Латифхон бобокалонларининг мутаваллилик фаолиятларини давом эттириб, узоқ йиллар мобайнида Исфара гузаридаги “Зинбардор” масжидини бошқариб турдилар.

Орифхон тўра халқ хўжалиги соҳасида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилганлар. Водийнинг машҳур кишиларидан. Ҳозирги пайтда фарзандлар эъзозида, халқ ҳурмат-этиборида элнинг дуоси билан машғуллар. У кишининг Обидхон, Ҳомидхон, Алихон ва Ҳусанхон каби ўғул фарзандлари ҳамда Морияхон ва Фотимахон каби қизлари бор. Ўғуллар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадилар.

Собирхон тўра раҳматли падари бузрукворларининг жойнишини, сажжоданишини бўлиб, у зоти бобаракотнинг фаолиятларини давом эттириб келганлар. У кишидан Мусохон, Исохон (Баҳромхон), Набихон каби ўғил ҳамда Руқияхон, Зулфияхон, Оминахон, Зайнабхон ва Мавлудахон каби қиз фарзандлари қолганлар. Катта ўғиллари Мусохон Тўра ота-боблари чироғини ёқиб ўтирибдилар. Устахона очиб, бир қанча оилаларини иш билан таъминладилар.

Умархон тўра раҳматли ҳам шифокор эдилар. У кишидан Усмонхон ва Алишерхон каби ўғиллар ҳамда Назирахон ва Вазирахон каби қизлар қолганлар.

 

*       *         *

Олимхон даврларига келиб, мазкур Жоме масжиди эскириб, тиклаб бўлмайдиган ҳолга келиб қолган ва шу сабабли масжид вақтинча Мадрасаи Мирга кўчирилган эди. Олимхон масжидни янгидан қуришга бел боғладилар. Иморат деворлари одам бўйи бўлиб қолган пайтда, у кишининг пирлари ва устозлари Муҳаммад Яъқуб охунд ҳазратлари қурилишни тўхтатиб қўядилар. Бу ҳақда манбаларда шундай битилган: Муҳаммад Ҳаким Яйфонийнинг “Хуллас ут-таворих” асарида шундай келтирилади: “… аввал ул мадрасаи Жомени амир Олимхон қилган эрди. Ул иморат миқдори қадди одам бўлганда домулло Муҳаммад Яъқуб Эшон устоз келиб амирга айдики, “Бу иморатни қилурга санда молу дунё ва ё ҳунар ва касб йўқ. Бул иморатни қандоқ молдан қилурсан? Онча байт ул-молдан қилурсан. Ул байт ул-мол шубҳадан холи эмас. Зероки, онча халқдан олурсан, ризойи Ҳақ ва ризойи халқ эмасдур. Ва яна байт ул-молни масрафи мадраса эмасдур…” бас, амири мажзубга жозибаи пайдо бўлуб, йиқилиб қолди. Соатедан кейин ўзига келиб, туруб сидқидил бирла тавба қилиб, ҳазрати устоз (алайҳирраҳма)ни устиларидан олтин ва кумушни сочиб, либослари фохира бериб узатдилар. Бас иморатларни вайрон айлаб, ғиштларини эски ўрдага сарф қилди. Ва замони майманатосори амир Умархонни замонида Умархон иморати қадимани жойига яна иморат бино қилди. Бинобарин, “Боз Жоме зуҳур” моддаи таърих бўлди…”.

Ниёз Муҳаммад Хўқандий “Ибрат ул хавоқин” (Тарихи Шоҳруҳий) асарида бу воқеани қуйидаги тарзда ёзадилар: «…Марҳум Олимхон ўзининг майманатосор замонида шу Жоме масжиди жойида мадрасаи олий барпо этмоқчи бўлиб, бир одам қадди баробарига кўтарган эди. Ҳазрати Эшон домулло Муҳаммад Яъқуб охунд марҳум (Аллоҳ унинг қабрини мунаввар этсин), мадраса биносидан уни ман этиб, унга айтдилар: “Эй амири соҳиб хуруж! Бу барпо этаётган иморат Худо ва Расулининг илми маскани бўлаётир. Худо ва Расулининг илмини тоза маконда ва таҳсилида кўшиш қилиш ва унга ҳалол вақф қилиш талаб қилинади. Толиблар илм таҳсили вақтида риёзат чекиб, вақфи ҳалолдин ғизоланадилар ва илм оладилар, ҳақиқий олимларга айланадилар. Кўпинча олимлар парҳез қилмаганлари учун ҳам амалда ожиз бўлишади. Сен шу бинони қурар экансан, сарфлаётган маблағларингнинг асли даромади нимадан?! Бу пулларни касб ва ҳунардан, тегирмончилик ёки ғишт қуйишдан олмаганингни биламан. Бу пуллар халқнинг ҳақи. Аҳолидан тортиб оладиганларинг на шариат расмларига ва на халқ розилигига тўғри келади. Биров ҳаром нарсани ҳалол деб, уни сарф этса ва уни савоб деса куфр бўлади”.

Бу сўзни эшитган амир ёқасини йиртиб, устози оёғига ўзини ташлади ва узр айтиб, мадрасани бузиб ташлашга фармон берди. Ғиштларини кўчириб олиб, бошқа бино учун сарфлади».

Муҳаммад Яҳёхон Хўқандийнинг “Хўқанди латиф маноқиби”идан

 

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan