Мақолалар

Бошқаларни кечира олсангиз…

Чоп этилди Iyun 29, 2019 Бошқаларни кечира олсангиз…da fikr bildirishni o'chirish

Имом Бухорий ва Имом Муслимдан ҳижратнинг 8-йилида содир бўлган воқеа ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккани фатҳ этиш учун қўшин тўпладилар. Қай тарафдан йўлга чиқишларини ниҳоятда сир тутдилар. Фақатгина ўзларига яқин бўлган оз сонли саҳобаларгина бундан бохабар эдилар. Сафарнинг сир тутилишидан кўзланган асосий мақсад, қўшин Маккага тўсатдан кириб борса, маккаликлар қурол кўтаришга улгурмасдилар. Натижада Ҳарамда қон тўкмасдан, бегуноҳ одамлар қурбон бўлмасдан Макка қўлга киритилган бўларди.

Мана шу вазиятда Хотиб ибн Абу Балта розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўшин билан Маккага кетаётганини билдириб, маккаликларга мактуб юборди. Аллоҳ таоло ваҳий орқали буни Пайғамбаримизга билдирди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ҳеч бир давлат қандай узри бўлишидан қатъи назар, ҳарбий сирини ошкор қилган хиёнатчини кечирмайди. Расулуллоҳ алайҳиссалом бу ўринда ҳам оламларга раҳмат бўлиб келганларини яна бир бор кўрсатдилар. Мактуб қўлга туширилгач, уни ўқиб, Хотиб розияллоҳу анҳуни ҳузурларига чорладилар, хотиржамлик билан сўрадилар:

– Эй Хотиб, бу нима?!
Хотиб розияллоҳу анҳу жавоб берди:
– Расулуллоҳ алайҳиссалом, жазо беришга шошилманг! Мен қурайшдан эмасман. Ҳижрат қилдим, бироқ оилам, мол-дунёим Маккада қолди. Бошқа ҳижрат қилганларнинг у ерда қариндош-уруғлари бор. Бола-чақасидан, мол-дунёсидан хабар олиб туришади. Менинг эса ҳеч кимим йўқ. Қурайшга хабар жўнатиб, яхшилик қилсам, оиламга яхши муносабатда бўлишармикан, деб шу ишга қўл урдим. Бу ишни диндан қайтганим учун ёки мунофиқлигим сабабли қилмадим. Оиламни ўйлаганим учун қилдим.

Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:

Биродарингиз рост сўзлади!

Умар розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб:

– Рухсат беринг, эй Расулуллоҳ, бу мунофиқнинг бўйнига қилич тортай, – деди. Пайғамбар алайҳиссалом рухсат бермадилар ва Умар розияллоҳу анҳуга бундай дедилар: «Албатта, Хотиб аҳли Бадрдан. Эй Умар, эҳтимол, у кечирилгандир. Аллоҳ таоло: “Эй аҳли Бадр, бундан кейин хоҳлаганингиздай (иш) қилинг. Сизларни мағфират этдим”, деган».

Бу ўринда мўминлар ибрат олиши керак бўлган бир масала бор. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам арзимас сабаб кўрсатилса ҳам, кечиришни афзал билганлар.

Бугун аксарият мусулмонлар кечиришга минглаб сабаблар турганда, жазолаш учун етарли бўлмаган арзимас сабабга ёпишади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кечиримлилик сифатларига мисол тариқасида келтирилган юқоридаги воқеани ўқигач, Хотиб ибн Абу Балта ҳаётига қизиқдим. Манбаларни излаб, жуда кўп маълумотлар топдим. Уларни жамлаб, таржима қилиб муштарийларга тақдим этишга тайёрлар эканман, онгимда суннатга эргашган ҳолда яшашга ўргатадиган, инсон бир бандаи ожиз эканини, хато қилиши мумкинлигини, бошқа инсонларни камчиликларига кўз юма билиш ҳам юксак фазилат эканини менга эслатиб турадиган яна бир йўлчи юлдуз пайдо бўлди:

Хотиб ибн Абу Балта розияллоҳу анҳу…

Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 9-сонидан