Мақолалар

Қариндошлар ҳақи

Чоп этилди Iyun 29, 2019 Қариндошлар ҳақиda fikr bildirishni o'chirish

Қариндошлар бир-бирларига насаб ва насл билан боғ­ланадиган кишилардир. Улар қуйидагилар: оталар, оналар, болалар, буви ва бувалар, ака-укалар, опа-син­гил­лар, амакилар, аммалар, аканинг болалари, опанинг болалари, тоғалар ва холалар, аммалар, сўнгра уларга яқин бўлган қариндошлар.

Шариатимиз уларни икки сабабга кўра “раҳм” қарин­дошлар деб атайди. Биринчиси: “Раҳм” Аллоҳнинг роҳман сифатидан олинган. Абдураҳмон ибн Афвдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ таоло: “Мен Аллоҳ, Мен роҳман… раҳмни (бачадон) яратдим ва унга исмим­дан исм бердим, ким унга боғланса, уни (исмимга) боғ­лайман, ким ундан узилса, Мен (исмимдан) уни кесаман”, деди», дейдилар.

Маълумки, “раҳм” – раҳмат, меҳрибонлик, муло­йим­лик, ҳалимлик каби сифатларнинг йиғиндисидир. Шунинг учун ҳам насаб жиҳатидан яқин бўлган ки­шиларга меҳрибон бўлиш, силаи раҳм қилиш вожибдир.

Иккинчиси: “Қаробат” – яқинлик, қариндошлик ало­қаларини боғ­лашдан келиб чиққан. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фақат қариндошликни боғлашга чақириб, кесилишдан эса қайтарганлар. Шуб­ҳа­сиз, бу кўрсатмалар туғишганлар ўртасида қон­дош­лик, биро­дарликни мустаҳкамлашга ўргатади, ўзаро меҳр-му­ҳаб­бат туйғуларини орттириб, инсонийлик фазилатларини юқори поғоналарга кўтаради. Жамият аъзоларида қон-қариндошлик, атрофидагиларга ҳавас ва меҳр билан қараш болаликданоқ шаклланиши ва у қалбларга чуқур илдиз отиши зарур. Токи бола улғай­га­нида қарин­дошларга силаи раҳм қиладиган, бошларига мусибат етганида далда берадиган бўлсин. Шундагина биз тар­бияда чиройли мақсадга эришган бўламиз.

Қуръони каримда қариндошларга силаи раҳм қи­лиш­га буюрилган оятлар кўп. Масалан:

«…Ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқа­сини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир» (Нисо, 1).

«Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исроф­гар­чи­ликка мутлақо йўл қўйманг!» (Исро, 26).

«Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани ше­рик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қарин­дош қўшнию бегона қўшнига ҳам (яхшилик қилинг) (Нисо, 36).

«Аллоҳ билан аҳд боғлаганларидан кейин уни бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарса­лар­ни узадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юра­диган кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (жаҳаннам) бордир» (Раъд, 25).

«Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошла­рингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта.

Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) “кар”, кўзларини “кўр” қилиб қўйгандир» (Муҳаммад, 22–23).

Қариндошчиликдан узилишнинг оқибати бу дунё­да ҳам, у дунёда ҳам вой бўлишини болаларимиз бил­синлар.

Қонқариндошлик Аллоҳга ва охират кунига имон келтиришнинг шиорларидандир. Икки шайх Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ри­воят қилади:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳга ва охират куни (қиёмат)га имон келтирган бўлса, меҳмонни ҳурмат қилсин. Ким Аллоҳга ва охи­рат кунига имон келтирган бўлса, қариндошлар билан боғлансин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон кел­тирган бўлса, яхшиликни (яхши сўз) айтсин ёки сукут сақласин”, дедилар.

Қонқариндошликни мустаҳкамлаш умрни узай­­тиради ва ризқни кўпайтиради. Икки шайх Анас­дан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким ризқи кенг ва умри зиёда бўлишини хоҳласа, қарин­дошлар билан боғлансин”, дедилар. Демак, қариндош­лар билан алоқаларни яхшилаш ризқни кенг ва умрни зиёда қилар экан. Яна қариндошлар билан аҳил-иноқлик бошга туша­диган турли мусибатлардан сақлайди, қийинчи­ликларни осон енгишга ёрдам беради. Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам): “Садақа (силаи раҳм) ва қарин­дошларга боғланиш Аллоҳ таоло унинг умрини зиёда қили­шига ва бевақт ўлимдан сақлашига сабаб бўлади”, де­ди­лар.

Аҳолиси қон-қариндошликни қадрлаган мамлакат бой ва обод бўлади. Табароний ва Ҳоким Ибн Аббос­дан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

“Албатта, Аллоҳ бир мамлакатни обод этади ва одам­ларини бой қилади. Уларни яратганидан бошлаб уларга ғазаб билан боқмайди”, дедилар. Шунда: “Эй Аллоҳнинг расули, бунинг сабаби нима?” деб сўралди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шу мамлакатда яшов­чилар қариндошликни узмага­ни­дан”, дедилар.

Демак, юрт ободлиги ва кишиларнинг бекаму кўст яшаши қариндошлар билан алоқани маҳкам боғлашга ҳам боғлиқ экан. Афсус, баъзи қариндошлар бир-бир­лари билан келиша олмайдилар. Улар Ислом таъ­лимоти­га амал қилсалар, жуда яхши бўларди.

Қонқариндошчилик гуноҳнинг кечирилишига ва хатоларга каффорат бўлади. Ибн Ҳиббон ва Ҳоким Аб­дуллоҳ ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:

Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам) ҳузурларига келиб: “Мен катта гуноҳ иш қилдим, тавба қилишим керакми?” деди. Шунда Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Онанг ҳаётми?” деди­лар. У: “Йўқ”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Холанг ҳаётми?” дедилар. У: “Ҳа”, деди. Расулуллоҳ (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам): “Унга меҳрибонлик қил”, де­дилар.

Қонқариндошлик (қиёматда) ҳисобкитобни енгил қилади ва жаннатга киргизади. Баззоз, Та­ба­роний ва Ҳоким Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимда уч нарса топилса, Аллоҳ унинг ҳисоб-кито­бини енгил қи­лади ва Ўз раҳмати ила жаннатга киргизади”, дедилар. Шунда: “Ота-онам сиз­га фидо бўлсин, ё Аллоҳнинг расули, улар нималар?” деб сў­рашди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Йўқ­сил кишига ҳадя беришинг, узилган қариндошлар билан боғ­ланишинг, жаҳл қилганни кечиришинг, агар шуларни қилсанг, Аллоҳ сени жаннатга киргизади”, дедилар.

Икки Шайх Жубайр ибн Мутғамдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. У киши: «Расулуллоҳ (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам): “Қариндошларидан узилган ки­ши жаннатга кирмайди”, деганларини эшитдим», деди.

Қон-қариндошлар билан боғланувчини Аллоҳ таоло қиёмат куни юқори даражага кўтаради. Баз­зоз ва Табароний Уббода ибн Самитдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сиз­лар­га Аллоҳ даражаларга кўта­радиган нарсани айтай­ми?” дедилар. Улар: “Ҳа, ё Аллоҳнинг расули”, де­йишди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Но­донлик қилган кишига ҳалим бўлишинг, сенга зулм қилганни кечиришинг, сендан маҳрум қилган кишига беришинг ва сендан узилган қариндошлар билан боғланишинг”, дедилар.

Ҳаёт тажрибаси ҳадис ва ривоятлар руҳида тарбия кўрган болалар қон-қариндошлик ипларини боғловчи, уларнинг ҳақларини адо қилувчи, хурсандчилик ва маҳ­зун дамларда шерик бўлишларини кўрсатади.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм