Мақолалар

Қўшни ҳақи

Чоп этилди Iyun 29, 2019 Қўшни ҳақиda fikr bildirishni o'chirish

Ота-оналар, мураббийларимиз эътибор берадиган ма­салалардан яна бири қўшнилар ҳақидир. Хўш, қўш­ни­лар ким?

Улар сизга тўрт тарафдан туташган ҳовлиларда яшайдиган маҳалладошларингиздир. Ўнгдан қирқта, чапдан қирқта, олд тарафдан қирқта, орқа тарафдан қирқта ҳов­ли сизга қўшни бўлади. Чегараси борми? Бор! Унутманг, зиммангизда уларнинг ҳақлари бор. Буни қуйидаги ҳа­дисдан англаш мумкин.

Имом Табароний Каъб ибн Моликдан (розияллоҳу ан­ҳу) ривоят қилади. Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Ё Аллоҳнинг расули, мен фалон маҳаллага жойлашдим. Менга яқин қўш­нилар қаттиқ азоб беряпти”, деди.

Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Бакр, Умар ва Алини (розияллоҳу анҳум) жўнатдилар. Улар масжид эшиги ёнида туриб: “Огоҳ бўлинглар, сизларга тўрт тарафдан қирқтадан ҳовли қўшни бўлади. Ким қўшнисини ёмонликлари билан қўрқитса, жаннатга кирмайди”, деб огоҳлантиришди.

Ислом таълимотида қўшни ҳақи тўртта қоида билан ифодаланади:

  1. Қўшнисига озор етказмаслик.
  2. Қўшнисига ёмонлик етадиган бўлса, ҳимоя қи­лиш.
  3. Яхши муомалада бўлиш.
  4. Қўшнидан етадиган азиятларга сабрли бўлиш, ҳа­лимлик билан кечириш.

Қўшнига азият беришдан сақланиш. Азият бир неча кўринишда бўлади. Зино, ўғрилик, ҳақорат, ифлос нарсаларни қўшни томонга ташлаш ва ҳаказо.

Имом Аҳмад ва Табароний Миқдод ибн Асваддан (ро­зияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларига: “Зино ҳақида нима дейсизлар?” дедилар.

Улар: “Ҳаром иш, уни Аллоҳ ва Унинг расули ҳаром қилган. У қиёматгача ҳаромдир”, дедилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга қасам, имон келтирмабди, Аллоҳга қасам, имон келтирмабди, Аллоҳга қасам, имон келтирмабди”, дедилар.

“Ким, ё Аллоҳнинг расули?” дейилди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қўшнисини ёмонликлардан омон сақламаган киши”, дедилар.

Ҳассон ибн Собит (розияллоҳу анҳу) айтади:

“Биронтамиз қўшнига озор бермаймиз, уни хўрла­май­миз, ҳолбуки, зулм бизга қайтади. Чунки биз қўшни ҳақини омонат деб биламиз, омонатга хиёнат қилишдан Аллоҳ бизни сақласин”.

Қўшнини ҳимоя қилиш. Ислом динида қўшнини ҳи­моя қилиш, уни балою офатлардан сақлаш имондан нишона, мақтовга лойиқ мўминлик хулқларидандир. Абу Ҳа­нифанинг (розияллоҳу анҳу) Куфада бир қўшниси бор эди. Ҳар вақт ишдан қайтиб келса, у баланд овозда:

“Зое қилдилар. Қандай йигитни зое қилдилар.

Оғир кунда керакли ҳимоячини зое қилдилар”, деб қўшиқ айтарди. Унинг овози кечаси билан Абу Ҳанифа­нинг оромини бузарди. Бир кеча бу қўшнисини миршаб олиб кетди. Ўша кеча Абу Ҳанифа унинг ово­зи­ни эшитмади. Тонг отганда Абу Ҳанифа суриш­ти­риб, унинг қамалиб қолганини билди. Шунда Абу Ҳа­ни­фа амир Исо ибн Мусога бориб, уни озод қилишини сўради. Уни озод қилди­лар. Йигит чиққач, Абу Ҳа­нифа секин қулоғига деди:

“Эй йигит! Сени зое қилдикми?”

“Йўқ. Яхшилик ва ҳурмат қилдингиз. Аллоҳ сизга ях­ши мукофот берсин!” деди ва:

“Мен кўп зарар бердим азиз қўшнимга,

Ваҳоланки, кўпларнинг қўшниси пасткашдир”, деб қўшиқ айтди.

Қўшнини ҳимоя қилиш, ундан зулмни кўтариш ва уни хорламаслик ҳақида қуйидаги ҳадисда баён қилинади:

Икки Шайх Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Му­сул­мон мусулмоннинг биродари, унга зулм қил­май­ди ва уни хорламайди. Ким биродарининг ҳожа­тини раво қил­са, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким мусулмон­дан бир ғамни кеткизса, қиёмат куни Аллоҳ унинг ғамларидан бирини кеткизади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини қиёмат куни беркитади”, дедилар.

Қўшнига яхши муомалада бўлиш. Яхши қўшни бў­лиш учун киши яхши муносабатни йўлга қўйиши керак. Масалан, мусибат етганида таъзия билдириш, хурсандчилик куни муборакбод қилиш, касал бўл­ганида бориб кўриш, учрашганида салом бериш, динига ва дунёсига фойда берадиган йўлга бошлаш, қурби етганча эҳтиром кўрсатиш кабилар.

Хароитий, Табароний Амр ибн Шуайбдан ривоят қи­лади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам): “…Қўшни ҳақи нима эканини биласанми? Агар ёрдам сўраса, ёрдам бериш, қарз сўраса, қарз бериш, фақир (муҳтож) бўлиб қолса, егулик бериш, касал бўлса, бориб кўриш, унга яхшилик етса, қутлаш, мусибат етса, таскин бериш, вафот этса, жанозасида иштирок этиш, унинг изнисиз ўз уйини баланд қилиб қурмаслик, қо­зонда қовурилаётган гўшт ҳиди билан озор бермаслик (гўштдан унга ҳам бериш)…” деб мар­ҳамат қилдилар.

Абу Довуд агар қўшнисининг туяси ёки қўйи ўлса, ўрнига ўзиникини олиб чиқиб берарди. Хоразмийнинг “Муфидул улум” китобида кел­ти­рилишича, Абдуллоҳ ибн Муборакнинг яҳудий қўшниси бор эди. Бир куни у уйини сотмоқчи бўлди. Унга: “Қанчага сотасан?” дедилар. У: “Икки мингга”, деди. Унга: “Уйингнинг нар­хи минг”, дедилар. Яҳудий: “Тўғри, лекин қўшним Абдуллоҳ ибн Му­борак учун ҳам яна минг қўшасизлар”, деди. Бу хабар Абдуллоҳ ибн Муборакка етказилганида, у киши яҳудийни чақириб, ҳовлининг пулини берди ва: “Уйни сотма”, деди. Агар яҳудийга Ибн Муборакдек чиройли хулқли инсон йўлиқмаганида, у уйни со­тиш­дан қайтмасди.

Қўшнининг озори (азияти)ни кўтариш. Инсон қўш­нисидан етажак озорларга сабр қилиши, унга эъти­бор­ли ва кечиримли бўлмоғи, иложи борича меҳри­бонлик қилиши ҳам фазилатдир.

Ҳаририй айтадилар: “Қўшнини ҳурмат қил, гарчи зулм қилса ҳам”. Шубҳасиз, нодонлик қилганга меҳ­рибонлик, ёмон­лик қилганга яхшилик қилган ва зулм ўтказганни кечирган киши қиёмат кунида олий мар­табада бўлади.

Баззоз ва Табароний Уббода ибн Сомитдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сиз­лар­га Аллоҳ унинг сабаби билан юксак даражаларга кўтара­диган нарсанинг хабарини берайми?” – дедилар. “Ҳа, Аллоҳнинг расули”, дедилар. Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сенга нодонлик қилганга меҳрибон бўл, сенга зулм қилганни кечир, сени маҳ­рум қилганга (сен­га бермаганга) бергин ва сендан узилганга (сендан қариндошлик алоқасини узганга) боғлан”, дедилар.

Гуноҳкорни кечириш ва хатокорни афв этиш кўпинча уни тўғри йўлга солади. Шундан жафо – ха­лимликка, тўсқинлик – равонликка, ғазаб – муҳаббатга айланади. Қуръони каримда:

«Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф этинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур» (Фуссилат, 34), деб марҳамат қилинган.

Шундай экан, болаларни ёшлигиданоқ чиройли қўш­ничилик руҳида тарбиялаш муҳимдир. Токи бола уйла­ниш ёшига етиб, мустақил оила қурганида ҳам қўшни­чилик муомала ва одобларига амал қилсин. Бировга озор беришдан тийилсин, аксинча, кучсиз­ларни озор берувчилардан ҳимоя қилсин. Уларга меҳрибонлик ва ҳалимлик билан боғланишга ҳаракат қилсин. Бу орзу ва ниятларимиз икки йўл билан, яъни,  болага қўшничилик одобларини тушунтириш ва қўшни болаларни бир-би­ри билан дўстлаштириш, ўзаро ҳамжиҳатликни пайдо қилиш орқали амалга ошади.

Шубҳасиз, бола ёшлигидан мана шу яхши хислат­лар билан хулқланса, жамият учун энг керакли инсонлардан бўлиб етишади. Қаерда бўлса ҳам, фазлини зоҳир қилиб туради.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм