Мақолалар

Дўст ҳақи

Чоп этилди Iyun 30, 2019 Дўст ҳақиda fikr bildirishni o'chirish

Бола тарбиясида яхши дўст ва ҳумсуҳбат танлаш­ни ўргатиш ҳам муҳим саналади. Чунки унинг вояга етишида ва ҳаёт йўлларида ўртоғининг, дўстининг таъсири катта бўлади. “Дўстингни айт, сенинг кимлигингни айтиб бераман”, деган гап бежиз айтилмаган. Мева-мевадан ранг олганидек, бола-боладан одоб ёки бўл­мағур қилиқларни ўрганади. Яна халқимиз: “Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади”, дейди.

Боланинг ўртоқ ва дўст танлашига ота-оналар шунчаки бир ҳолат деб қарамасликлари керак. Бу ҳам тарбиянинг муҳим жиҳатларига киради.

Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Мусо Ашъарий­дан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Ра­су­лул­лоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Яхши ҳам­суҳбат ва ёмон ҳамсуҳбатнинг мисоли мушк (хуш­бўй нарса) сотувчи ва темирчининг қўрасини пуф­лов­чи босқонга ўхшашдир. Бас, мушк сотувчи ё сенга мушк ҳадя қилади, ё сотиб оласан, модомики, олмага­нингда ҳам ундан ёқимли ҳид қолади. Темирчининг бос­қонидан эса ё кийиминг куяди ёки ёқимсиз ҳид қо­лади”, дедилар.

Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қи­лади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фақат мў­минни дўст қил ва таомингдан фақат тақводор есин”, дедилар.

Ибн Асокир ривоят қилади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сен ўзингни ёмон ошнодан сақлагин, чунки сен у билан таниласан”, дедилар.

Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Киши дўс­тининг динидадур, шундай экан, бас, сизлар кимни дўст тутганига қаранглар”, дедилар.

Бола ўсмирлик ёшига етганидагина оқ билан қо­рани ажрата бошлайди. Яхши дўст ким-у, нобоп дўст ким, кимни яқин олиш кераг-у, кимдан узоқ бўлиш кераклигини фарқлай бошлайди. Ўзаро борди-келди алоқалар, давра қуриб катта-кичик ўтиришлар урфга киради. Бу пайтда ота-оналар, устозлар жудаям зийрак бўлишлари зарур. Бола ўзига яхши дўст топганига ишонч ҳосил қилгач, дўстини вақти-вақти билан зиёрат қилиш, бемор бўлса бориб кўриш, ҳадялар бериш, муҳтож бўлганда қарашиш каби фазилат­лардан уни огоҳ қилиш зарур. Бу чиройли одатлар болада ижтимоий онгни пайдо қилади ва келажакда жамият ҳақини адо қиладиган кишилардан бўлиб улғайишига ёрдам беради.

Дўстликнинг зарурий талаблари қуйидагилар:

Учрашиб қолганида саломлашишга шошил­моқ. Икки шайх Абдулло ибн Амр ибн Осдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳдан (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам): “Исломда қайси амал яхши?” деб сўралди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам): “Овқат бериш ва таниган, танимаганга салом бериш”, деди­лар.

Имом Муслим Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу ан­ҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Имон келтирмагунингизча жаннатга кир­май­сизлар ва бир-бирингиз билан ўзаро муҳаббатли бўлмагунингизча имон келтирмайсизлар. Сизларга ўзаро муҳаббатли қи­ладиган нарсани кўрсатайми? Ораларингизда саломни ошкор (кенг тарқатинг) қи­линглар”, дедилар.

Икки дўстдан қай бири аввал салом берса, кўп савоб олади ва дўстига алик олишни фарз қилади. Чунки салом бериш суннат, алик олиш фарздир. Шу тариқа жамият аъзолари ўртасида ўза­ро муҳаббат ва бирдамлик ривожланади.

Дўст касал бўлганда бориб кўриш. Имом Бу­хо­рий Абу Мусодан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расу­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бе­мор­ни бориб кўринглар, очга таом беринглар ва қулларни озод қи­линглар”, дедилар.

Икки шайх Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Му­сул­моннинг мусулмондаги ҳақи беш­та­дир: саломга алик олиш, беморни бориб кўриш, жа­нозага ҳозир бў­лиш, даъват (чақириқ)га жавоб бериш ва акса урса, унга яхшилик тилаш”, дедилар.

Ислом таълимотида касал дўстини бориб кўриш мусулмоннинг биродари устидаги ҳақи ҳисобланади. Бу амаллар ҳам кишилар ўртасида ўзаро алоқаларни мустаҳ­кам­лашга омил бўлади.

Акса урса, унга яхшилик тилаш. Имом Бухорий Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Сиз­ларнинг бирорта­нгиз акса урса, “Алҳамдулиллаҳ” де­син. (Уни эшитган) дўсти ёки биродари унга: “Ярҳа­му­каллоҳу” десин. Агар унга (акса урган кишига) “Яр­ҳамукаллоҳу” деса, у “Яҳди­кумуллоҳу ва юслиҳ бола­кум” десин», дедилар.

Сиртдан қарашда, арзимагандек кўринган бу одоб қоидалари инсонлар ўртасида ўзаро муҳаббат ва бир­дамлик алоқаларини мустаҳкамлайди.

Аллоҳ йўлида дўстни зиёрат қилиш. Ибн Можа ва Имом Термизий Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким касални бориб кўрса ёки Аллоҳ йўлида биродари (дўсти)ни зиёрат қилса, Нидо қи­лув­чи унга: Сен ўзинг ва юришингни яхши қилдинг ва жан­натда ўзинг учун ўрин тайёрладинг, дейди”, дедилар.

Имом Муслим Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилади. Пайғамбаримиз (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир киши ўзининг бош­қа қишлоқдаги биродарини зиёрат қиладиган бўл­ди. Аллоҳ унинг йўлига инсон қиёфасидаги бир фа­риш­тани қўйди. Унинг олдига келганида: “Қаёққа боряпсан?” деб сўради фаришта. “Ушбу қишлоқдаги би­родаримни кўрмоқ­чи­ман”, деди киши. “Унда сен кўзлаган бирор мақсадинг бор­ми?” “Йўқ. Фақат мен унга Аллоҳ таоло учун муҳаб­бат қил­ган­ман, холос”, деди. “Мен фариштаман, ба­таҳ­қиқ, сен унга муҳаббат қилганингдек, Аллоҳ ҳам сенга му­ҳаббат қилди”, деди.

Қийналганда ёрдам бериш. Икки шайх Ибн Умар­дан (розияллоҳу анҳу) ри­воят қилади: Ра­су­луллоҳ (соллалло­ҳу алайҳи ва саллам): “Му­сулмон мусулмоннинг биродари, унга зулм қилмайди ва уни хорламайди. Ким биродарининг ҳожатини раво қи­лишда бўлса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилишда бўлади. Ким мусулмондан бир ғамни кетказса, қиёмат куни Аллоҳ унинг бир ғамини кетказади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини қиёмат куни беркитади”, дедилар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтган жойга бориш, айтмаган жойга бормасликни уқти­ради­лар. Халқимизда тўй, маърака, аза билан боғлиқ из­диҳомлар бўлади. Ушбу издиҳомларнинг эгалари имкониятларига қараб одам айтадилар. Ўша айтган одамларига қараб тайёргарлик кўрадилар. Таклиф этилган жойга борган киши биродарининг кўнглини олган, бор­маса, ранжитган бўлади. Айтмаса ҳам бориладиган бўлса, хижолатпазлик бўлиб қолиши мумкин. Энди жаноза масаласига келсак, унга қўни-қўшнидан эшитиб ҳам борилаверади, чунки жаноза одамларга номма-ном айтилмайди. Бошига мусибат тушган биродарининг кўнглини сўраш, марҳумнинг жанозасида иштирок этиш вожиб амаллардандир.

Инсонлар одат қилган ва урф бўлган бай­­рам­лар билан қутлаш. Дайламий Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ри­воят қилади. «Ким биродарига жу­ма (намози)дан қайтаётганида йўлиқса: “Аллоҳ биздан ва сиздан (ибодатларимизни) қа­бул қилсин”, десин». “Са­ҳиҳ” кито­бида келтири­лишича, Талҳа Каъб ибн Моликни Аллоҳ тавбасини қабул қилгани билан қут­лади.

Дўст ва қадрдонларга байрамларда ҳадя (совға) улашиш. Имом Табароний “Авсат” китобида Пайғам­ба­ри­миздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилади. У киши: “Ўзаро ҳадя (совға) улашинглар, бир-би­рингиз­га муҳаббатли бўласиз”, дедилар. Яна Таба­ро­ний “Авсат” китобида Ойша онамиздан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй мўминларнинг аёллари, ўзаро ҳадя улашинглар, гарчи қўйнинг бир оёғини бўлса ҳам. Чунки у дўстлик (му­ҳаббат)ни пайдо қилади ва гина-кудурат (наф­рат)ни кеткизади”, дедилар.

Имом Молик “Муватто” китобида ривоят қилади:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўзаро қўл ушлаб кўришинглар, нафрат кетади, ўзаро ҳадя улашинг­лар, бир-бирингизга муҳаббат пайдо бўлур ва ғазаб (наф­рат) кетади”, дедилар.

Дўстлик иплари ўзаро қўшничиликда, сафарда, иш жо­йида, мактабда, маҳаллада, талабалик йилларида, ҳатто кутилмаган воқеа-ҳодисалар туфайли боғла­ниши мумкин. Ҳамма гап дўстликни қадрлаш ва сақлаб қолишда.

Имом Табароний ривоят қилади. Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бир саҳоба ик­ка­ла­ла­ри уловда кетаётиб (чакалакзор) дарахтзорга кирди­лар. Ва у ердан иккита ёғоч кесиб олдилар. Бири эгри, бири тўғ­ри. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тўғрисини ҳамроҳ­ла­рига бердилар. У: “Ё Аллоҳнинг расули, сиз тўғриси (яхшисига) ҳақлисиз”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Йўқ, эй фалончи, ҳар бир дўст (ҳамроҳ) дўстига масъулдир, гарчи бир кун, бир соат ҳамроҳ бўлса ҳам”, дедилар.

Робеъ ибн Абу Абдураҳмон: “Сафарда мурувват (саховат) бор”, деди. Сафардаги мурувват дегани – егуликлардан қарашиш, ширин суҳбат қуриш, ҳамроҳини камситмасликдир. Шунинг учун ҳам халқимизда дўстни қуда бўлиб, қўшни бўлиб, сафарда ҳамроҳ бўлиб синайсан, деган ҳикмат бор. Буни болаларга, ёшларга уқтирмоқ зарур.

“Юз марта эшитишдан бир марта кўрган афзал”, деган мақол бор. Дўст танлаш, дўстлик одобини сақ­лаш­да, дўсту биродар қадр-қимматини жойига қў­йиш­да ота-она ва катталарнинг ибрати ҳам ёшларга на­муна бўлади.

Бола оқ-қорани таний бошлаганиданоқ унга дўст ҳақи­даги тушунчаларни сингдириб бориш муҳимдир. “Дўст­сиз бошим – тузсиз ошим”, дейди халқимиз. Қабилалар, жамиятлар, давлатлар дўстлик билан камол топган, енгилмас кучга, қудратга эга бўлган. Дўстлик ўзаро меҳр-муҳаббатдан, бир-бирига ихлос ва вафодан, фақат ўзини эмас, ўзгаларни ҳам меҳрибонлик, ғамхўрлик билан ўй­лашдан қоим бўлади.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм