Мақолалар

Яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш

Чоп этилди Iyun 30, 2019 Яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришda fikr bildirishni o'chirish

Ислом дини барча умматларга жинси, миллати, ирқи­дан қатъи назар, бир-бирларидан ажратмасдан яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришни фарз қилди. Бу муҳим вазифани адо этишда белгиланган қоидаларга амал қилинади.

Аллоҳ таоло бундай дейди:

«Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўст­дир­лар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмон­ликдан қайтарадилар, намоз(лар)ни баркамол адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этадилар. Айнан ўшаларга Аллоҳ марҳамат кўрсатур. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир» (Тавба, 71).

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалардан қи­йинчилик ва енгилликда итоат қилишга, қай ҳолат­да бўлса ҳам, тўғри сўзлашга ва сабрли бўлишга аҳд олдилар.

Убода ибн Собит (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.

“Саҳобалар Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қийинчилик ва енгилликда, ихтиёрий ва маж­бурий амалда итоат қилишга, ўзидан бошқани афзал кўришда, жўяли сабаб бўлмасдан бирор киши билан тортишмасликка, доим тўғри сўзлашга ҳамда Аллоҳ йўлида сабр қи­лишга аҳд қилдилар”.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жамият­даги ҳар бир кишининг ҳаётини битта кемада кетаётганларга ўхшат­дилар. Шунинг учун ҳар бир кишининг хатти-ҳара­катида салбий ҳолатлар сезилса, мусулмон киши уни тартибга чақириши лозим бўлади.

Амру маъриф ва наҳйи мункар Ислом умматига вожиб ва ҳар бир мусулмон кишининг белгиланган тартибда уни адо этиши улкан вазифадир.

Амру маъруф ва наҳйи мункар эркак, аёл, ёш ва кекса, катта-кичик мусулмонга вожиблиги ҳақида Расулул­лоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзлари бор.

Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пай­ғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Нафсим изми­да бўлган Зотга қасам, албатта, яхшиликка бую­ри­ла­сизлар ва ёмон­ликдан қайтариласизлар ёки Аллоҳ сиз­лар устиларингизга азоб юборади. Сизлар дуо қила­сизлар, бас, дуоларингиз қабул қилинмас”, де­дилар (Имом Термизий ривояти).

Ибн Ҳиббон Ойшадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қи­лади.

Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юзла­ри­да маҳзунликни кўрдим. У киши таҳорат қилдилар, бирон кишига гапирмадилар. Мен Ул зот нима деган­ла­рини билиш учун ҳужра деворига яқин келдим. У киши минбарга ўтирдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтдилар ва: «Эй инсонлар, Аллоҳ таоло сизларга: “Менга дуо қилишдан олдин яхшиликка буюринглар ва ёмонлик­лардан қайтаринглар. Акс ҳолда мен дуола­рингни қабул қилмайман. Мендан ёрдам сўрайсизлар, ёрдам бер­майман”, деди», дея минбардан тушдилар.

Амру маъруф ва наҳйи мункарнинг ҳамма қабул қил­ган қоидалари ва шартлари бор, уларни мураб­бий­лар ўз­лари ўрганиб, болаларга ўргатишлари лозимдир. Бола бу қоидаларни тушуниб етсин, шу қоидаларга кўра ҳара­кат қилсин.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм