Мақолалар

Унинг ифори аслида тузоқ

Чоп этилди Yanvar 4, 2019 No Comments

Ҳаёт қизиқ. Унинг ўзига хос занжирлари борки, тирик мавжудотларнинг барчаси унга бўйсунади. Бири учади, яна бошқаси юради, ўсимликлар эса бир жойда боғланган. Бироқ, улар гўзаллиги билан бошқа жонзотларни ўзига жалб этади. Мисол учун, орхидея​лар…

Асаларилар орхидея​ гулларининг ёқимли исига мафтун бўлиб, муаттар бўй тарқатаётган гулни қидиради. Орхидея​ ифори аслида тузоқдир. Бироқ, у боларига ҳам керак… Нега дейсизми?

Бу гуллар асалариларга муҳим ҳаёти жараённи амалга оширишда жуда керак. Чунки улар жуфтларини орхидея​ ифори кўмагида ўзига мафтун этади. Яъни ҳафта давомида орхидея​нинг ёқимли ҳид таратувчи эфир мойини йиғиб, ундан ўзига хос атир яратди ва шу орқали жуфт қидиради. Шунинг учун гул ёнига боради.

Орхидея​ “чўмичи” тузоқнинг бир қисми. Бунда гулдаги ширага маҳлиё бўлган болари “чўмич”га тушади. У эса ёпишқоқ суюқлик билан тўла бўлади. Гул ифорга маст бўлган асалари ана шу суюқликка чўка бошлаганини сезмай қолади.

Омон қолишнинг биргина йўли бор. Шу тарафга ҳаракат қилган асалари омон қолади. Лекин, уни шу ерда исканжага олган гул, асалари елкасига ҳар бирида ўн минглаб чанглатувчи уруғ бўлган иккита халтачани ёпиштиради. Учиб кетган, асалари яна бошқа орхидея​ни топади. Агар у бу орхидея​ “чўмичи”га тушса, орқасидаги халтачалар эриб, чангланиш рўй беради. Натижада орхидея​ларнинг янги авлоди пайдо бўлади.

Олимларнинг тахминларига кўра, биз ўтмишга, тахминан 200 миллион йил ортга чекинсак, бу жумбоқни еча оламиз. У вақтларда сут эмизувчилар сичқондан катта бўлмаган. Ўрмонларда динозаврлар яшаган бу пайтларда аксарият ўсимликлар чанги атрофга шамол ёрдамида тарқалар эди. Натижада бир неча ўсимлик чангигина бошқа бир дарахтларга етиб бора оларди. Қолган гул чанглари нобуд бўларди. Бундай шароитда янги авлодни юзага келтирувчи уруғлар пайдо бўларди, халос. Ҳозирги каби ранго-ранг гуллар эса йўқ эди.

Бундан бир юз ўттиз беш миллион йил аввал бир ижодкорлик сабаб ер юзидаги ҳаёт кескин ўзгарган. Ўтмишнинг бизга номаълум ўсимлиги, балки у магнолиянинг узоқ авлодидир, чангланишни янги воситасини яратди. Бу ҳодиса ҳаёт тарихда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Бу гул эди. Ташқи кўриниши ўзига ром этувчи манзарали восита. Ифор ва ширин қиём аслида атрофдаги майда жонзотлар учун тузоқдир. Гул чангига булғанган бу жонзотлар ўзи билмаган ҳолда уларни бошқа гулларга етказиб боради.

Ҳаёт қизиқ. Кимдир ўзим учун ҳаракат қилаяпман, деган фикрда тинимсиз меҳнат қилади ва бу билан ўзгалар манфаатига хизмат қилаётганини англаб ҳам етмайди. Яна бошқа биров эса жимгина, сокин турган ҳолда ана шу ютуқларни ўзиники қилиб ола билади. Камига биз уларни мақтаб, гул атрофида парвона бўлган асалари каби айланиб, ўргиламиз.

 

Сайёра Шоева, ЎзА

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan