Мақолалар

Ҳалол касб

Чоп этилди Iyul 1, 2019 Ҳалол касбda fikr bildirishni o'chirish

Динимизда одам боласининг умр йўли бошидан охиригача шу қадар чиройли кўрсатиб берилганки, ҳар қандай соғлом табиатли инсон бу кўрсатмаларга амал қилса, ҳеч қандай танглик ва шармандаликларга рўпара бўлмайди, балки дунёда ҳам, турмуши фаровон, ризқи мўл, обрўси баланд бўлиб, охиратда ҳам, юксак мақомларга эришади. Ана шундай кўрсатмаларнинг бири – ҳалол касбдир.

Ислом динида доимо ҳалол касбга тарғиб қилинади. Танбаллик, дангасалик, ишёқмаслик каби жамиятга зарар келтирувчи иллатларга йўл қўйилмайди. Ҳатто дунёвий ишлардан тўла ажраб чиқиб, на ўзига ва на қарамоғидаги оиласига қарамай бутунлай ибодатга ажралиб чиқишга рухсат берилмайди. Балки ҳалол касбнинг ўзи ҳам ибодат даражасидаги амаллардан саналади. Ҳалол ризқ йўлида қилинадиган саъю-ҳаракатлар учун улкан савоблар ваъда қилинган.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Бир динор Аллоҳ йўлида нафақа қилдинг, бир динор қул озод қилишга сарфладинг, бир динор мискинга садақа қилдинг, бир динор аҳлингга нафақа қилдинг. Буларнинг ичида ажри улуғроғи аҳлингга нафақа қилганингдир” (Имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Киши ўз қарамоғидагини ташлаб қўйиши гуноҳкор бўлишига кифоя қилади”, дейилган (Абу Довуд ривояти).

Шунингдек деҳқончилик, чорвачилик ва бошқа касб-ҳунарларга оид кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинганки, барчаси инсонни меҳнатга чорлайди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Умму Ҳоний (розияллоҳу анҳо)га: “Қўй боқ, чунки унда барака бор”, деганлар (Ибн Можа ривояти).

Демак, инсон Худо ризқимни берар, деб танбаллик қилиб ётмасдан ҳаракат қилиб, ўзига, оиласига, жамиятга фойда келтириши зарур экан. Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Киши ейдиган нарсаларнинг энг покизароғи ўз қўли билан касб қилганидандир”, дедилар (Абу Довуд ривояти).

Банда ҳалол меҳнат қилиб, аҳли-аёлимнинг нафақаси зиммамдаги вожиб амал, деб ихлос билан бозорга қадам қўйиб кириб борар экан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таълим берган қуйидаги дуони ўқиши талаб этилади. Бинобарин, бунда дуо қилувчи кўплаб фойдалар бор. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Кимки бозорга кириб, “Ла илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу ла шарика лаҳу,  лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, йуҳйи ва юмиту ва ҳува ҳайюл ла ямуту биядиҳил хойру ва ҳува ала кулли шайъин қодир” , деса Аллоҳ унга минг-минг яхшиликлар ёзади, минг-минг хатосиини ўчиради, уни минг-минг даражага кўтаради” (Имом Термизий ривояти).

Шунингдек, ризқни берувчи Аллоҳ эканлигига ҳеч қандай шубҳа қилмайди. Ризқни қанча миқдорда бериш Аллоҳ таолога ҳавола, банданинг вазифаси эса ҳаракат қилиш бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: Айтинг: «Албатта, Раббим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаганига ризқни) танг қилур. Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир» (Сабаъ, 39).

Биз ниятимизни тўғри қилиб, Аллоҳ таолодан сўраб ҳалол касбу-ҳунар қилсак, берган ризқига шукрона қилсак, иншооллоҳ, турмушимиз янада фаровон бўлади.

 

Улуғбек Йўлдошев

Асака туманидаги “Холид ибн Валид” жоме масжиди ходими

манба: muslim.uz