Мақолалар

ЯХШИЛИК КИМДАН, ЁМОНЛИК-ЧИ?..

Чоп этилди Yanvar 4, 2019 No Comments

«Қаерда бўлсангиз ҳам, ҳаттоки мустаҳкам қалъаларда бўлсангиз ҳам, ўлим сизни топади. Агар уларга яхшилик етса, бу Аллоҳдан, дерлар. Ёмонлик етганда эса, бу сендан, дерлар. “Ҳаммаси Аллоҳдан”, деб айт! Анави қавмларга нима бўлдики, гапни тушунай демаслар?! Сенга етган яхшилик Аллоҳдандир. Ва сенга етган ёмонлик ўзингдандир. Биз сени одамларга пайғамбар қилиб юбордик. Шоҳидликка Аллоҳнинг ўзи кифоя қилур» (Нисо сураси, 78–79-оятлар).

“Тафсири важиз” соҳиби оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида бу ривоятни келтиради: «Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Уҳуд кунида бир неча мусулмонлар шаҳид бўлганида мунофиқлар: “Агар ўша биродарларимиз урушга чиқишмаганида, ўлмасди, ўлдирмасди”, дейишди».

Аллоҳ таоло шу оятни нозил қилди: «Қаерда бўлсангиз ҳам, ҳаттоки мустаҳкам қалъаларда бўлсангиз ҳам, ўлим сизни топади…» қисмини Имом Насафий мустаҳкам қалъаларни забт этиб бўлмайдиган баланд қалъалар деб тафсир қилган. Имом Қуртубий бундай дейди: «У оят мунофиқлар ва яҳудийлар ҳақида нозил бўлган. Чунки улар: “Мана шу одам (яъни, Муҳаммад (алайҳиссалом)) ва саҳобалари Мадинага келганидан буён меваларимиз ва экинларимиз яхши ҳосилга кирмаяпти”, деб шумланишар эди».

«Агар уларга яхшилик етса…» оятини Ибн Касир (раҳматуллоҳи алайҳ): “Яхшиликни – экинлар ҳосилдорлиги, мўл ер ва кенг ризқ, фарзандлар ва шу каби нарсалар”, деб тафсир қилган.

«…бу Аллоҳдан, дерлар». Имом Насафий бу оятни: “Мунофиқлар ва яҳудийлар, агар уларга яхшилик етса, ҳамд айтарлар”, деб ҳам тафсир қилади.

“Ёмонлик етганда эса бу сендан, дерлар”. Ибн Касир (раҳматуллоҳи алайҳ) оят тафсирида айтади: “Қаҳатчилик, мева ва экинлари нобуд бўлса, фарзандлари ва моллари ўлса, ўз динимизни тарк қилиб Муҳаммадга эргашиб кетганимиз сабабидан ана шу мусибатга дучор бўлдик, деб айтишар эди”.

«“Ҳаммаси Аллоҳдан”, деб айт!..» оятини Ибн Касир бундай тафсир қилган: “Ҳамма нарса Аллоҳнинг қазоси ва қадари билан бўлади. Бу яхшию ёмонга, мўмину кофирга бирдай жорий бўлган”.

“Анави қавмларга нима бўлдики, гапни тушунай демаслар?!” оятини Имом Табарий бундай тафсир қилган: “Улар бу ҳақиқатни билмайдилар. Уларга етаётган ҳар бир яхшилик ва ёмонлик, роҳат-фароғат, қайғу ва дард Аллоҳдандир. Кимгадир мусибат етса, Аллоҳ таолонинг тақдири билан етади. Роҳат ҳам, неъмат ҳам Унинг хоҳиши билан бўлади”.

“Сенга етган яхшилик Аллоҳдандир…” “Тафсири Қуръонил азим”да бу оятда “яхшилик” фазл, лутф ва раҳмат, деб тафсир қилинган. Имом Қуртубий айтади: “Оятдаги Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га хитоб у зот (алайҳиссалом)нинг умматларига ҳам тааллуқлидир”. Яъни: “Мўл-кўл ҳосил, роҳат-фароғат, сиҳат-саломатлик, Аллоҳнинг сизга фазли ва марҳаматидандир. Қаҳатчилик, қийинчиликлар гуноҳингиз сабаб бўлган уқубатлардир”.

«Ва сенга етган ёмонлик ўзингдандир». Кўп муфассирлар оятни “ёмон амаллар қилганинг сабабидандир”, деб тафсир қилишган.

Қатода “Яхшиликдан сенга етгани Аллоҳдан. Ёмонликдан сенга етгани ўз нафсингдан” оятини ўқиди ва деди: «Эй ибни Одам, уқубат борки, ўзинг қилган гуноҳ сабабидандир. Бизга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Кишининг бирор жойи тилиниши борми ёки қадамининг тойиши, қалтираши (безгак касали), ҳаммаси гуноҳи сабаблидир. Аллоҳ кўп гуноҳларни кечириб юборади”».

Қатодадан ривоят қилинади: “Жоним измида бўлган Зотга қасам, мўмин кишининг бошига тушган ташвиш, маҳзунлик, касаллик, ҳаттоки унга тикан кирса ҳам, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларига каффорат қилади” (Имом Муслим ривояти).

Имом Қуртубий келтиради: «Уламоларимиз айтади: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, ҳар бир нарса Аллоҳнинг қазоси, қадари, иродаси ва хоҳиши билан бўлишига ҳеч ҳам шак қилмасин. Аллоҳ таоло айтади: “…Биз сизларни яхшилик ва ёмонлик билан синаймиз…”» (Анбиё сураси, 35-оят).

«Агар Аллоҳ бирор қавмга ёмонликни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмайди ва улар учун Ундан ўзга валий ҳам йўқ» (Раъд сураси, 11-оят).

Эргашали РУСТАМОВ,

Тошкент шаҳар бош

имом-хатиби ўринбосари

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan