Мақолалар

Кибрнинг даражалари ва турлари

Чоп этилди Iyul 1, 2019 Кибрнинг даражалари ва турлариda fikr bildirishni o'chirish

Ибн Қудома Мақдисий кибрнинг уч даражаси борлигини айтган:

  1. Кибр инсон қалбида қарор топган бўлади. Бундай одам ўзини бошқалардан афзал билади. Аммо у тавозеъ кўрсатишга ҳаракат қилади. Бу одам, қалбида кибр дарахти экилган, лекин унинг шохлари кесилган шахсдир.
  2. Бир киши ўз ҳаракатлари билан мажлисларда баландпарвозликни, тенгдошлари ўртасида пешқадамликни ва ўз ҳақи камситилишига жим қараб туролмайди. Олим бўлса, одамлардан юз ўгиргандек бўлиб афтини буриштиради. Обид бўлса, худди одамлардан жиркангандек, бурнини жийиради. Бу иккиси ҳам Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига “Ўзингга эргашган мўминларга қанотингни ёзгин” деб берган одобни билмаган жоҳиллардир.
  3. Бир кишининг тили билан улуғликни даъво қилиши, ўзини кўкларга кўтариб мақташи кибрдир. Шунингдек, насаби билан фахрланиш ҳам кибр саналади.

Кибрнинг тури ҳам уч хилдир. Булар:

  1. Аллоҳ таолога кибр қилиш.

Бу энг ёмон кибрдир. Бу ҳолат Фиръавн ва Намруднинг кибрига ўхшаш бўлиб, Аллоҳ таолога банда бўлишдан ўзини олиб қочишдир. Фиръавн қавмига нидо қилиб, “Мен сизларнинг энг улуғ раббингизман”, деган эди (Нозиот сураси, 24-оят).

Фиръавн Аллоҳга банда эканини тан олмади, ўзини илоҳ деб эълон қилди, кибру ҳавога берилди. Унинг оқибати денгизда ғарқ бўлиш билан тугади.

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кибр қилиш.

Бу ҳолат Макка кофирларига ўхшаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўйсунишдан жоҳиллик ва саркашлик ила кибр қилишдан иборат.

Мушриклар ва кофирларнинг пайғамбарларга имон келтирмасликларига анбиёларнинг оддий инсон боласи эканлари, худди бошқа одамлар каби еб-ичиб, бозорларда юришлари сабаб қилиб келтирилганди. Гўё пайғамбар бу ишларни қилмаслиги керакдек. Аслида Аллоҳ таоло инсониятни тўғри йўлга бошлаш учун одамлар ичидан энг пок инсонларни пайғамбарлик учун танлади.

  1. Бандаларга кибр қилиш.

Бу ўзини бошқалардан устун қўйиб, ўзгаларга ҳақорат назари билан қарашдан иборат. Одамлар бир-бирига кибр қилишларига илм, ибодат, насл-насаб, ҳусн, бойлик, мартаба ва шу кабилар сабаб бўлади.

Одилхон қори ЮУНУСХОН ўғли

манба: muslim.uz