Мақолалар

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) васият қилган уч амалнинг ҳикмати

Чоп этилди Iyul 2, 2019 Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) васият қилган уч амалнинг ҳикматиda fikr bildirishni o'chirish

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривояти: “Ҳабибим Абулқосим (яъни, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)) менга ҳар ойда уч кун рўза тутишни, витр намозини ўқимасдан туриб ётмасликни ва икки ракат зуҳо (чош­гоҳ) намозини адо этишни васият қилдилар”.

Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) ривояти: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Эй Уваймир (Абу Дардо), муқим бўласанми, мусофир бўласанми, витр намозини ўқимасдан олдин, икки ракат зуҳо намозини адо этмасдан туриб ётиб ухлашдан эҳтиёт бўл. Ҳар ойда уч кун рўза тут, шунда (ибодатинг билан) барча вақтинг­ни қамраб оласан”».

Инсоннинг умри чегарали, оладиган нафасигача ҳисобланган. Аслида инсон ҳар бир нафаси учун Аллоҳга бандалик қилмоғи лозим. Унга Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ эканлиги ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг расули эканига шаҳодат келтирмоғи, Расули акрамнинг Аллоҳдан келтирган барча нарсаларига сид­қидилдан эътиқод қилмоғи, бутун умри давомида Аллоҳдан келган амрларга амал қилиб яшамоғи буюрилди. Бу амрлардан баъзиларининг муайян вақти белгиланган, масалан, фарз ибо­датлари каби. Бошқалари барча вақтни қамраб олади, бу эса ҳар нафасда Тангрига бандалик қилмоқдир.

Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибонлиги туфайли уларга ўз амрларини гўзал тарзда қилиб берди, токи, бандалар уларни адо этиб, ҳар вақт унинг ибодатида бўлишлари учун. Масалан, кундузги ибодатлари фарз намозларидан кейин икки ракат зуҳо намозини адо этиш ва ҳаром ишлардан сақланиш билан мукаммал бўлади. Бомдод намози ўқилгандан сўнг, қуёш чиққунча тасбеҳ ва таҳлиллар айтилади. Чошгоҳ вақти бўлганда эса, банда 360 бўғимдан таркиб топган етти мучали жо бўлган етти аъзоси билан икки ракат намоз ўқийди. Чунончи, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Ҳар бир одамзоднинг танасида 360 бўғин бор, ҳар бир бўғин учун садақа қилиш даркор. Икки ракат зуҳо намози шуларнинг барига кифоя қилади». Бу кундалик ибодат намозидир. Ҳар ойда уч кун рўза тутиш масаласига келсак, маълумки, мусулмоннинг бир ҳасаноти ўн баравар қилиб берилади. Шунда ҳар ойдаги уч кунлик рўза тутиш ўттиз кун давомида рўза тутишга тенгдир. Агар банда ҳар ойда уч кундан рўза тутиб борса, у бутун умр рўза тутгандек бўлади. Икки ракат зуҳо намози билан эса умрининг кундуз қисми тўлиқ ибодатда ўтган бўлади. Тунда эса ибодат витр намози билан мукаммал бўлади. Агар банда кундузи рўзадор бўлса, кундалик ибодатини зуҳо намози би­лан, тунги ибодатини витр билан мукаммал қилган бўлса, демак, у барча вақтини Аллоҳга бандалик қилиш билан қамраб олибди. Аллоҳ таолонинг фарзларини адо этиб, ҳаром ишлардан ти­йилган бандаларнинг ибодатлари мазкур амаллар билан тўлиқ-мукаммал бўлиши – улар саодат аҳли эканликларининг аломатидир.

Кимки мазкур ишларда бардавом бўлса, гарчи у таомланиб, еб-ичиб юрганига ва (кечалари) ухлаб ётганига қарамай, унинг номи рўзадорлар, намозхонлар, (кечалари) бедорлар девонига киритилади. Зеро, Аллоҳ таолонинг бу умматга марҳамати ва саховати чексиздир. Шунинг учун ҳам бу умматдан диндаги қийин­чилик-машаққатларни кўтарди.

Витр, яъни тоқлик Аллоҳнинг яхши кўргани. Чунончи, У бандаларига дўзах ўтини ўчиришлари учун беш фарз намозини адо этишни буюрди. Ҳар бир намоз вақти кирганда само аҳли: “Эй одамзод туринглар, (намоз ўқиб) оловларингизни ўчиринглар”, деб нидо қилади. Мазкур беш фарз намози ва аҳдлар Қуръонда келган. Кимки уларга амал қилса, унга жаннат вожиб бўлади. Аллоҳ таоло меҳрибонлигидан ўз Пайғамбарининг тилидан бандаларига (мазкур беш фарз намозига) витр намозини зиёда қилди. Беш фарз намози инсоннинг содир этган ёмонликларига каффорат бўлади. Витр эса бу ўринда, бандаларнинг хоҳиш-истакларини тўлиқ қондирувчи неъмат ва уларнинг бошпана топадиган маска­нидир. Неъматни тўлиқ қўлга киритгандан кейин (яъни, витр намозини адо этиб бўлгандан сўнг) уйқуга кетиш, уни (витрни) туннинг охирги қисмига кечиктиришдан афзалдир. Агар витр намози туннинг аввалида ўқилса, банданинг нафси унинг уйқусида (витр намозини ўқиб) қўлига киритган неъмат ва бош­панаси билан Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларига витрни ўқимасдан туриб, ухламасликни васият қилдилар. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ётишдан илгари витр намозини адо этар эдилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)дан: «Қачон витрни ўқийсиз, эй Абу Бакр?» деб сўрадилар. Абу Бакр: «Туннинг аввалида», деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Мулоҳазалилик ва эҳтиёткорлик билан олибсиз (адо этибсиз)!» дедилар. Умар (розияллоҳу анҳу) дан ҳам: «Қачон витрни ўқийсиз?» деб сўрадилар. Умар (розияллоҳу анҳу): «Туннинг сўнгги қисмида», деб жавоб қилдилар. Шунда Расу­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Куч билан олибсиз (адо этибсиз)», дедилар.

Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) витр намозининг моҳиятини англаб етдилар, шунинг учун ҳам: «Ўлжамни ғанимат биламан ва нафлларни эҳтиёт қиламан», дедилар. Бунинг маъноси шуки, витр вақтида Аллоҳнинг неъматлари, ўлжалари сочилиб ётади. Абу Бакр (рози­яллоҳу анҳу) эса (витрни адо этиб) уларни тезроқ йиғиб олишга ҳаракат қиладилар. Туннинг қолган қисмини эса нафл ибодатлари билан ўтказадилар. Умар (розияллоҳу анҳу) эса туннинг сўнгги қисмини витр намози учун танладилар. Зеро, бу вақтда Аллоҳ таоло дунё осмонига тушади, бандаларига назар солиб, уларнинг нидоларига қулоқ тутади. Бу вақтда Арш ларзага келиб, фаришталар ҳаракатга тушадилар. Улар Раббиларининг бандалар осмонига тушаётганини, уларнинг нидоларига эътиборини кузатиб турадилар. Аллоҳ таоло бандаларига икки вақтни белгилаб берган. Бири – ҳар йили ҳаж мавсумидаги тўққизинчи зулҳижжа куни. Иккинчиси – ҳар кеча хуфтон намозидан кейин ўқиладиган намознинг витр ракатидир (яъни, витр намозининг учинчи ракати). Бу ракат витр (тоқ) бўлгани учун унда Аллоҳнинг аломат­лари бор, инчунун, Аллоҳ таоло уни бошқа амаллардан афзал қилди.

Ҳаж вақтидаги муборак вақт ҳақидаги хабар Қуръонда келган, витр ҳақида эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хабар бердилар. Витр вақти авлиё ва асфиё (мухлис) бандаларга маърифат ҳадялари ҳозирланган, омма мусулмонлари раҳматга ғарқ бўладиган вақтдир. Банда бу онларда Раббисининг ҳузурида туриб, қунут дуосида Унга ўз ҳожатларини кўтаради (баён қилади), кундузи қилган нуқсонли ибодатлари, хато ва камчиликлари учун кечирим сўрайди, Аллоҳга хокисорлик, хушуъ ила илтижо қилиб, ўзи дучор бўлган хатар ва даҳшатлардан паноҳ тилайди. Банданинг Аллоҳга айтаётган ҳамду санолари, Парвардигорининг неъмат ва марҳаматлари зикри, Унга тавба ва истиғфорлари бу онларда Раббул Иззага етиб боради. Банда ўз дуосини мус­тажоб бўладиган сўз, яъни “омин” билан муҳрлайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «У (омин) мактуб устидаги муҳрга ўхшайди. Банда дуосини “омин” билан муҳрласа, дуо турли бало-офатлардан ўраб ҳимоя қилинган ҳолда Аллоҳ­нинг ҳузурига кўтарилади ва албатта мустажоб бў­ла­ди», деганлар. Зеро, Аллоҳ таоло Муҳаммад (соллал­лоҳу алайҳи ва саллам) умматини бу борада жуда сийла­ган: «Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай (Ғофир, 60). Аллоҳ таоло мусулмон умматига муҳр сўзи «омин»ни берган, у билан бу умматнинг дуолари муҳрланган ҳолда кўтарилади. Муҳрланган дуони ҳеч қандай махлуқ очиб кўра ол­майди. Бу умматнинг ичида ношукури, бевафоси, ҳалол ва ҳаромни аралаштириб юрувчиси, Аллоҳнинг амрларига лоқайдлари бор. Агарда уларга “омин” берилмаганда эди, уларнинг дуолари Аллоҳ ҳузурига кўтарилиш асносида фаришталарга намоён бўлиб, улар бу дуо кимники эканлигини билиб, агар у ношуд банда бўлса, унинг дуосига путур етка­зиш­лари мумкин бўлар эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Осмон эшикларида бир парда бўлиб, у ерда мутакаббир, ҳасадгўй ва ғийбатчи бан­даларнинг амаллари қайтарилади». Яна бир ҳадисларида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Банда гуноҳ қилиб бўлиб: “Эй Раббим, мени афв эт!” дейди. Фаришталар эса: “Эй Раббимиз, у бунга муносиб эмас”, дейдилар. Шунда, Аллоҳ таоло: “Аммо Мен уни кечиришга муносибман”, дейди».

Банданинг дуоси унинг ушбу дуога сарфлаган қалб қуввати миқдорида кўтарилади. Дуолар борки, қуёш каби порлаб чиқади, дуолар борки, ой каби хиралашиб чиқади, дуолар борки, юлдузлар каби милтиллаб чиқади. Зеро, дуолардаги тафовут улар чиқадиган мах­раж-манбаларига бориб тақалади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Дарҳақиқат, қалблар ҳушёр, огоҳ бўлади. Баъзи қалблар эса огоҳроқ бўлади. Агар сизлар Аллоҳ таолога дуо қилсангиз, албатта, ижобат бўлишига қатъий ишонч билан дуо қилингиз, зеро, Аллоҳ таоло ғофил қалб сиртидан чиққан дуони мустажоб этмайди».

Бир банда тилида сўзларни териб дуо қилади, лекин бу сўзларида куч йўқ, у дилида Раббисидан яхшиликни истайди, лекин ўзи бу яхшилик қандай эканини билмайди, бу ҳожати учун Парвардигор ҳузурида хокисор ҳолда тиланмайди, тилида айтаётган дуоси шамолга совурилгандек бекор бўлади. У худди ақли кирмаган ёш бола каби сўзлайди. Одамлар ичида ҳам ёш боланинг сўзлари қийматсиздир. Аммо сўровчи яхшилик етишини умид қилиб дуо қилса, Аллоҳ Карим унинг истаги хайрли эканини билгач, унга шу дуосининг ажрини ато этади. Лекин бу дуо қунт, ҳафсала ва иштиёқ билан чиқмагани учун у мустажоб бўлишдан йироқ.

Агар банда дуосини қунт ва ихлос билан қилганида эди, у албатта гуноҳ ва маъсиятлардан, дунёга ҳирс қў­йишдан, беҳуда ишлардан, Аллоҳнинг амрлари, қиёмат куни ҳисоб-китоби, ваъд ва ваъидларига беэътибор бўлишдан ўзини йироқ қилар эди. Аммо банда Раббисидан бу дунёда (унинг амрларига итоат этмай) қочиб юрган маҳалда Унга дуо қилса, бу бандага нафрат вожиб бўлади, зеро, у Парвардигорининг устидан кулаётган бадбахт суратидадир.

Кимнинг елкаси жирканч амалларни кўп қилиб, унинг оғирлигидан эгилиб қолса, ифлослик унинг қони ва гўштига сингиб кетади. Бу банда одамларнинг тилидан баъзи дуоларни эшитиб олиб, Тангридан хокисорлик билан эмас, инъом олиш илинжида дуо қилади. Унинг сўзлари тилидан чиққани билан, нима сўраётганини ўзи ҳам билмайди. Агар у тилшунос бўлганида ҳам, сўзларнинг маъносини тушуниб етиши мумкин, аммо уларнинг моҳият ва мағзи, манбаси, айтиладиган жой ва вақтини англаб етишдан бенасибдир. Бундай инсон ҳақиқий нодондир, моҳияти жиҳатидан эса кўрдир. У дуосида ҳафсала, қунт кўрсатмаса ҳам, унинг юзаки дуоси ижобат бўлади (яъни ажр олади), лекин (дуоси) мустажоб бўлмайди. Зеро, ижобат мўминлар учун, мус­тажоблик эса (дуоларида) қунтли, ғайратли, иштиёқли, хокисор, итоаткор, ихлосли бандалар учундир. Аллоҳ таоло саховатли, меҳрибон Зот бўлгани учун барча бандаларига лутф кўрсатади. Аллоҳ ўзига чўзилган қўлни бўш қайтаришга ҳаё қилиб, бу бандага (яхшилик тилагани учун) ажр ёзади. Мана шу нарса “ижобат”дир, “мустажоб” эмас.

Абдураҳмон ибн Ғаним ривояти: «Кунлардан бир кун Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) ҳузурида ўтирган эдик. Бир пайт Муоз (розияллоҳу анҳу) мен ҳеч қачон эшитмаган бир дуони ўқиди. Шунда мен унга: “Эй, Абу Абдураҳмон (яъни, Муоз (розияллоҳу анҳу)) Аллоҳ сенга раҳм қилсин, менга ушбу дуоингни ўргатсанг!” дедим. У эса: “Агар шу нарсада сенга яхшилик бўлганида эди, ўргатган бўлар эдим”, – деди. Мен: “Субҳаналлоҳ, нима учун энди менга (бу дуодан) яхшилик йўқ экан?” дедим. Муоз (розияллоҳу анҳу): “Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳеч бир инсон айта олмайдиган узун, ажойиб, гўзал бир дуони ўқир эдилар. Бир куни мен улардан ушбу дуони ўргатишларини сўраган эдим. Улар: “Агар шу нарсада сенга яхшилик бўлганида эди, сенга ўргатган бўлар эдим”, дедилар. Шунда мен: “Субҳаналлоҳ, эй Расулуллоҳ, нима унун энди менга (бу дуодан) яхшилик йўқ экан?” дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Энг афзал дуо, қалбдан қунт ва иштиёқ билан чиққан дуодир. Бун­дай дуо эшитилади ва мустажоб бўлади, гарчи у қисқа бўлса ҳам”, дедилар». Аллоҳ таолонинг: «Мен сизлар учун (дуо­ларингизни) ижобат қилай» (Ғофир, 60) деганида, бу билан «лаббай, мана Мен рўпарангдаман, олдингдаман» дейиши назарда тутилган. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ушбу ҳадислари ҳам шунга далолат қилади: «Агар банда “Эй Раббим!” деса, Аллоҳ таоло унга “Лаббай бандам”, дейди». Аммо истижобат (мустажоб бўлиш) ҳақида эса, Аллоҳ таоло айтган: «Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай» (Ғофир, 60). Кейин бошқа оятда кимга мустажоб қилишини ҳам баён қилган: «У (Аллоҳ) имон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларнинг дуоларини ижобат қилур» (Шўро, 26).

Дуо қилишнинг ҳам ўз тартиби ва одоби бор. Одобли иш албатта, самара беради. Ҳар бир тартибнинг эса ўз кўрки бор. Дуо Аллоҳнинг мадҳи билан бошланади, сўнг­ра Унга санолар ўқилади, покланади, кейин эса Унга ҳамдлар айтилиб, хайр-саховати, олижаноблиги, моҳир синоатлари зикр қилинади. Банда ўз гуноҳларини эътироф этиб, уларга тавба-тазарру қилади, мағфират сўрайди, истиғфорлар айтади, Аллоҳдан паноҳ сўрайди ҳам­да дуосини “омин” билан муҳрлаб якунлайди. Валло­ҳу аълам ва аҳкам.

 

 

 

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг

“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм