Мақолалар

ҲАҚҚА ТАСЛИМ БЎЛГАНЛАР

Чоп этилди Yanvar 4, 2019 No Comments

Майдонда

Ваъдалашилган кун келди. Чошгоҳ вақти. Одамлар тўп-тўп бўлиб майдон томон ошиқмоқда. Уйларда беморлар ва юролмайдиганлардан бошқа ҳеч ким қолмади.

Мисрнинг бош шаҳри Матарияда фақат сеҳр ва сеҳргарлар ҳақида сўз борарди:

– Усвон шаҳрининг энг катта сеҳргари ҳам келибдими? Уқсур ва жийзалик машҳур сеҳргарлар-чи?

– Нима деб ўйлайсан, ким енгар экан?

– Мисрнинг энг зўр сеҳргарларига ким ҳам бас кела оларди?!

– Уларга қарши туришда Мусо ва оғаси Ҳорунга йўл бўлсин!

– Мусо саройда катта бўлган. Сўнг Мисрдан қочиб, Мадянда бир неча йил яшаган. Қаерда сеҳрни ўрганган бўлиши мумкин? Мисрдами? Йўқ! Ёки Мадяндами? Биз у ерда сеҳрни ўргатадиган одам борлигини эшитмаганмиз.

Бани Исроил умид ва хавф ўртасида юрагини ҳовучлаб турарди. Уларда умидга нисбатан қўрқув ҳисси кўпроқ эди. Улар: “Имрон ўғилларига Аллоҳнинг раҳми келсин. Бани Исроилга Парвардигор мададкор бўлсин”, дер эди.

Майдонга ғурур ва ифтихор билан сеҳргарлар кириб келди. Турфа либосларга бурканган бу зотларнинг қўлларида асо (таёқ) ва арқонлари бор. “Бугун бизнинг сеҳримиз ғолиб келади. Фиръавн қудратимизга, одамлар зафаримизга гувоҳ бўлади”, дея ўзларида йўқ шод.

«Фиръавн ҳузурига сеҳргарлар келиб: “Агар биз ғолиб бўлсак, бизга мукофот борми?” дедилар» (Аъроф сураси, 113-оят). «Албатта! – деди (у): – Сизлар (менга) яқинлардан бўлурсиз» (Аъроф сураси, 114-оят). Сеҳргарлар Фиръавн ваъдасидан хурсанд бўлишди.

Ҳақ билан ботил ўртасида

«Мусо уларга: “Ташлайдиган нарсаларингизни ташланглар”, деди. Бас улар арқон ва асоларни (ерга) ташлади ва: “Фиръавннинг қудратига қасамки, албатта биз ғолиб чиқувчидирмиз”, дейишди» (Шуаро сураси, 43–44-оятлар).

Шунда томошабинлар ғалати нарсанинг гувоҳи бўлишди. Майдонда илонлар судралиб юрарди. Одамлар даҳшатга тушиб: “Илонлар! Илонлар!” деб ҳайқиришди. Барча ўзини орқага тортди. Аёллар бақирди, болалар йиғлади.

Мусо ҳам манзарани кўриб, ажабланди: «…(улар қўлларидаги асо ва ипларини ташлаган эдилар) бирданига арқонлари ва таёқлари – сеҳрлари сабабли – унга (Мусога) юриб кетаётгандек туюлди» (Тоҳо сураси, 66-оят).

Мусонинг қалбига қўрқув кирди. Нима учун қўрқмасин? Ахир бу синов куни-ку! Имтиҳон вақтида одам ё ҳурмат топади ё хорланади. Худо кўрсатмасин, сеҳргарлар ғолиб чиқса-чи? Унда нима бўлади? Зеро, Мусонинг ютқазиши бир кишининг енгилиши эмас. Аллоҳ кўрсатмасин!

Парвардигор набийси Мусо (алайҳиссалом)ни шижоатлантириб деди: “Қўрқмагин. Албатта, сен ўзинг олий (ғолиб)дирсан. Қўлингдаги нарсани (асойингни) ташлагин – улар ясаган нарсаларни ютиб юборсин. Уларнинг ясагани фақат бир сеҳргарнинг макридир. Сеҳргар эса, қаерда бўлмасин, зафар топмагай” (Тоҳо сураси, 68–69-оятлар).

«Мусо деди: “Сизлар келтирган нарса – бу сеҳрдир. Аллоҳ, албатта,  уни ботил (барбод) қилур. Зеро, Аллоҳ бузғунчиларнинг ишини ислоҳ этмагай. Гарчи жиноятчилар ёқтирмасалар-да, Аллоҳ ўз сўзлари (амрлари) билан ҳақиқатни рўёбга чиқарур”» (Юнус сураси, 81–82-оятлар).

“Сўнгра Мусо асосини ташлаган эди, бирдан у (асо) уларнинг “ясама” (илон)ларини юта бошлади” (Шуаро сураси, 45-оят). “Бас, ҳақиқат воқе бўлди, уларнинг қилган ишлари эса ботил (барбод) бўлди” (Аъроф сураси, 118-оят).

Сеҳргарлар даҳшатдан эсанкираб қолишди. Бу нимаси?! Ахир биз сеҳр, унинг асли ва турларини ҳам биламиз. Бу соҳанинг устози ва пешвоси биз эмасми?

– Мусонинг кўрсатган нарсаси сеҳр эмас! Агар шундай бўлганида, биз сеҳрига сеҳр билан жавоб берардик! Худди Қуёш олдида намлик қуриб битганидек, ҳунаримиз унинг олдида чилпарчин бўлди. Бу қаердан келди? Албатта, Аллоҳдан!

Сеҳргарлар Мусо (алайҳиссалом)нинг пайғамбар экани, Парвардигор бу зотга мўъжиза берганига тўлиқ ишонишгач: «…сажда қилган ҳолларида (ерга) ташландилар. (Сўнгра айтдилар): “Биз оламлар Раббига, (яъни) Мусо ва Ҳоруннинг Раббига имон келтирдик”» (Аъроф сураси, 120–122-оятлар).

Таҳдид

Фиръавн ғазабдан ўзини қўярга жой тополмай қолди. Нафаси бўғзига тиқилди. Чунки у кутмаган нарса содир бўлди. Аслида, Мусони у сеҳргарлари билан мағлуб этмоқчи эди. Мусо (алайҳиссалом)га эргашишдан қайтариш учун халқни тўплаганди. Бироқ сеҳргарлар биринчи мўминларга айланишди. Фиръавн отган ўқлар ўзига келиб тегди.

У ўзини жисмларга ҳукмрон деб билгани каби ақл, қалб ва тилларнинг ҳам султони деб ҳисобларди. Ҳеч ким менинг изнимсиз бирон нарсага эътиқод қилишга ҳақли эмас, деб ўйларди. Шунинг учун ғазаб билан айтди: “Мен изн бермай туриб, унга имон келтирдингизми?” (Шуаро, 49). Кейин таҳдид йўлига ўтди: “Албатта, у (Мусо) сизларга сеҳр ўргатган каттангиздир” (Шуаро сураси, 49-оят); “Албатта, бу (ишингиз) шаҳардан унинг аҳолисини чиқариб юбориш учун қилган макрингиздир. Тез орада биласизлар!” (Аъроф сураси, 123-оят); “Бас, яқинда билурсиз. Албатта, мен оёқ-қўлларингизни қарама-қаршисига (ўнг қўл, чап оёғингизни ёки аксинча) кесурман ва сизларни барчангизни осиб ташлайман” (Шуаро сураси, 49-оят).

Мўминлар бу таҳдидларни сабр ва имон матонати билан қарши олишди: “Биз (ўлсак), албатта, Раббимиз (ҳузури)га қайтувчимиз”, дейишди (Аъроф сураси, 125-оят).

Шунингдек, улар имон ва шижоат билан: “Бизларга эса хатоларимизни ва сен бизларни мажбур қилган сеҳргарликдан иборат (гуноҳимизни) кечириши учун Раббимизга имон келтирдик. Аллоҳ(нинг савоби) яхшироқ ва (азоби) боқийроқдир. Ҳақиқатдан, кимки (охиратда) Парвардигорнинг (ҳузурига) жиноятчи (кофир) ҳолида келса, албатта унинг учун жаҳаннам бор, у жойда у на ўла олур ва на яшай олур. Шунингдек, кимки У Зотга (Аллоҳ ҳузурига) яхши амалларни қилиб, мўмин ҳолида келса, бас, ана ўшалар учун юксак даражалар, остидан анҳорлар оқадиган, улар доимий қоладиган жаннатлар бўлур. Бу (ширку куфрдан) пок бўлган кишиларнинг мукофотидир!” деб айтишди (Тоҳо сураси, 73–76-оятлар).

Сора ҲУСАЙН қизи

тайёрлади.

«ҲИДОЯТ» 11-сон

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan