Мақолалар

Биринчи васият

Чоп этилди Iyul 3, 2019 Биринчи васиятda fikr bildirishni o'chirish

Ҳорис Ашъарий (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қилади: Ра­сулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Аллоҳ суб­ҳо­наҳу ва таоло Закариё (алайҳиссалом) ўғли Яҳё (алайҳисса­лом)­га беш нар­сага амал қилишни ва Бани Исроилни ҳам шу беш нар­са­га амал қилишга чақиришни буюрди. Яҳё (алайҳиссалом) бу иш­ни сал ортга сургандек бўлганди, Исо (алайҳиссалом) у зотга: “Аллоҳ суб­ҳо­наҳу ва таоло сизни беш нарсага амал қилишга ва Ба­ни Ис­ро­илни ҳам шу беш нарсага амал қилишга чақиришингиз­га бу­юрди, буни уларга сиз буюрасиз ёки мен буюраман”, деди. Яҳё (алай­ҳис­салом): “(Йўқ,) Агар (мен қолиб) уларни бунга сиз бу­юр­­сангиз, мени ерга юттириб юборишидан ёки бирор азобга гириф­тор қили­шидан қўрқаман”, деб, одамларни Байтул Мақдисга тўп­лади, масжид одамларга лиқ тўлди ва ҳатто одамлар айвонга ҳам ўтирди. Яҳё (алайҳиссалом) Аллоҳга ҳамд-санодан сўнг: “Аллоҳ тао­ло мени беш нарсага амал қилишга ва сизларни ҳам шу беш нарсага даъват этишимни буюрди. Улардан биринчиси ёлғиз Аллоҳга, Унга ҳеч нарсани шерик қилмай ибодат қилмоқлигингиз, чунки Аллоҳга ширк келтирган кишининг мисоли, бир киши мисолидек, у киши ҳалол топган олтин ёки кумуш эвазига бир қул сотиб олди ва айтди: Бу менинг ерим, мана бу қиладиган ишим, энди буни сен қил ва ҳаққини менга бер. Бу қул шу ишни қилиб, фойдасини хо­жасига эмас, бировга берса, қай бирингиз қулини шундай қилиши­га рози бўласиз, албатта, норози бўласиз. Бас, ёлғиз Аллоҳга ибодат қи­линг, Унга ҳеч нарсани шерик қилманг!

Яна, Аллоҳ сизларни намоз ўқишга буюрди, агар намоз ўқи­сангиз (ўнг ёки чапга) юзингизни бурманг, чунки банда намоз ўқиган пайтда юзини бурмаса, Аллоҳ унга юзланиб туради.

Аллоҳ сизларни рўза тутишга буюрди. Бунинг мисоли шуки, бир киши бир жамоа ичида кетяпти, унинг мушк-анбар тўла ҳам­ёни бор. Барча унинг ҳидидан баҳра олишни истайди. Албатта (би­лингларки), рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид Аллоҳ наздида мушк-анбардан ҳам хушбўйроқ.

Яна, Аллоҳ сизларни (молларингиздан) садақа беришга буюр­ди, чунки бунинг мисоли бир киши мисолидек, уни душман асир­га олиб, икки қўлини гарданига боғлаб, бошини танасидан жудо қилмоқчи бўлиб турганда, у бор будини уларга бериб, жонини қутқариб қолди.

Аллоҳ сизларни зикрга, яъни Аллоҳни кўп эслашга буюрди, бунинг мисоли бир киши мисолидек, уни даҳшатли душман изма-из қувиб бораётганда у мустаҳкам бир қўрғонга яшириниб олади-да, жонини сақлаб қолади. Худди шунга ўхшаб киши ўзини шай­тон ёмонлигидан Аллоҳни эслаш билан сақлаб қолади”.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Мен ҳам сизларни (эй саҳобаларим), Аллоҳ менга буюрган беш нар­сага буюраман: эшитиш ва итоат этишга, ўз нафсига жиҳод қи­лиш­га ва ҳижрат қилишга (яъни, гуноҳ ва маъсият ишлардан савоб ва маъ­руф ишларга юзланишга) ва жамоат (кўпчилик)­ни лозим тутишга.Чун­ки ким жамоатдан бир қарич узоқлашса (ажралса), токи яна (Ис­ломга) қайтгунича гарданидаги Ислом арқонини улоқти­рибди (яъни, мусулмонликдан чиқибди). Ким жоҳилият (яъни Ис­ломга зид) иддаосини қилса, бас, у жаҳаннам ўтида (ёнади)”.

Бир киши (Расулуллоҳдан) сўради: “Рўза тутса ва намоз ўқиса ҳамми, ё Расулуллоҳ?” Ул зот жавоб бердилар: “Ҳа! Гарчи рўза ту­тиб, намоз ўқиса ҳам. Шунинг учун, ё Аллоҳ бандалари, сизлар­ни “мўмин ва мусулмонлар” деб номлаган Аллоҳнинг даъватини (яъни Каломини ва ундаги даъватларини) ҳақ деб билинглар!” (Имом Термизий, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Насоий ва Абу Яъло ривояти).

Ҳадиси шарифда айтилган Яҳё (алайҳиссалом) Қуръони ка­рим­да зикри келган йигирма бешта пайғамбардан бири бўлиб, Зака­риё (алайҳиссалом)нинг ўғлидир. Закариё (алайҳиссалом) кек­са ёш­га етганда Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан покиза зурри­ёт тилаб:

«Раббим, менга (ҳам) Ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Дарҳақиқат, Сен дуони эшитувчидирсан» (Оли Имрон, 38), деб айтган дуосини ижобат қилди.

«(Аллоҳ айтди):Эй Закариё! Биз сенга бир фарзанд хуш­хабарини берурмиз, унинг исми Яҳё бўлиб, илгари унга бирор кимсани ҳамном қилган эмасмиз» (Марям, 7).

Аллоҳ таоло Закариё (алайҳиссалом)га кутганидан ҳам ор­тиқ­роқ ўғилни берди. Раббисига тақво қиладиган, ота-онасига меҳ­рибон, гапини икки қилмайдиган итоаткор, жисмонан ва маънан покиза бўлган зурриёт берди. Ҳатто унга Аллоҳнинг ўзи ол­дин ҳеч кимга қўйилмаган Яҳё деган исмни қўйиб берди. Ярат­ган­нинг суюкли бандаси улуғ марҳаматларга сазовор бўлган Яҳё (алай­ҳис­салом)га кичиклигидаёқ илоҳий ваҳий келди:

«(Биз унга):Эй Яҳё! Китоб (яъни Тавротни) жиддийлик билан қўлга ол!” (дедик) ва унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат (ва илм) ато этдик» (Марям, 12).

Яҳё (алайҳиссалом) ҳам отаси Закариё (алайҳиссалом) каби Бани Исроилга пайғамбар қилинди ва уларни ҳидоятга чақира бошлади, уларга диний таълим, ҳалол-ҳаром, тўғри-нотўғри амалларни баён қилди.

Ҳадиси шарифда айтилганидек, у киши Исо (алайҳиссалом) билан замондош бўлган (бир ривоятда Исодан икки ёш катта бўл­гани айтилади). Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, солиҳ уч пай­ғамбар бир вақтда яшаб ўтган ва Бани Исроил қавмини Аллоҳ таолодан қўрқишга, ёлғиз Унгагина ибодат қилишга даъват этган:

«(Эй Муҳаммад!) Биз сиздан илгари Биз юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: Мендан ўзга илоҳ йўқ, бас, Менга ибодат қилинг! деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё, 25).

Шундай даъватларидан бири ҳақида сарвари коинот Пай­ғамбаримиз (алайҳиссалом) бизларга хабар бердилар. Яҳё (алай­ҳиссалом) Бани Исроил қавмини беш нарсага қаттиқ амал қилиш­га чақирди. Энг биринчиси тавҳидга: Аллоҳни якка-ягона деб ишо­ниш, Унга ибодат қилиш, Унга ҳеч нарсани шерик қилмас­ликка даъват этди. Чиндан ҳам барча анбиёлар ва илоҳий китобларнинг бош ғояси тавҳидга қаратилган.

Шунинг учун мусулмонлар Раббисини якка деб ишонганидан, Унга бандалик даъво қилганидан кейин ҳақиқий маънодаги обид бўлмоғи ва имону ишончини амал ва Унга қуллик қилиш билан ис­ботламоғи лозим!

Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

«Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қи­лишлари учунгина яратдим» (Зориёт, 56).

Бу ояти карима Аллоҳнинг бандаларини яратишдан мақсади не эканини аниқ баён қилди. Демак, бу дунёга келган ҳар бир ин­соннинг вазифаси, бандалик бурчи ягона Раббисига сиғинишдир. Араб тилида “абд” ва “ибодат” сўзлари ўзакдош бўлиб, “ибодат қи­лиш” маъносини англатади. Шундан келиб чиқиб, банда бу Яра­тувчисига ибодат қилиши керак ва лозимдир. Яратилишдан асо­сий мақсад ҳам шу. Инсон ибодат қилиш орқали хотиржам бўла­ди, қалби таскин топади.

Яна Нисо сурасида бундай дейилади:

«Фақат Аллоҳга ибодат қилинг ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманг» (Нисо, 36).

Яъни, Аллоҳ таоло бандаларини Унга ҳеч нарсани шерик қил­май, ёлғиз Ўзигагина ибодат қилиш учунгина яратиши бизга ёки ибодатимизга муҳтожлигидан эмас, балки ким ибодат қилса, ўзи учун қилади.

«Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни амр этди» (Исро, 23).

Қуръони каримда Аллоҳ таоло кўрсатиб қўйган йўл билан Унинг Ўзигагина ибодат қилиш ва Ундан бошқани илоҳ деб билмаслик керак. Зеро, ҳидоят ва ибодат учун энг тўғри йўл унинг йўлидир. Шунинг учун ҳам мўмин киши ҳар кунги намозларида 32 марта Аллоҳдан тўғри йўлни сўрайди. Буни ҳам Аллоҳнинг Ўзи банда­ларига кўрсатиб берган:

«Бизни тўғри йўлга йўллагин» (Фотиҳа, 5).

«(Исо айтди):Албатта, Аллоҳ Раббим ва Раббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинг! Мана шу тўғри йўлдир”» (Марям, 36).

Бундан бошқа ҳар қандай йўл залолат ва гумроҳликдир.

«(У) осмонлар, Ер ва уларнинг орасидаги бор нарсалар­нинг мураббийсидир. Бас, унга ибодат қилинг ва ибодатига то­қатли бўлинг! Унга тенг бирор зотни билурмисиз?!» (Мар­ям, 65)

Аллоҳ таоло осмонлар ва Ернинг Раббисидир. Осмонлар ва Ер орасидаги нарсаларнинг Раббисидир. Аллоҳ таоло билмайдиган ёки Унинг илмидан четда қоладиган бирор нарса йўқдир. У ҳар нарсага қодирдир. Шундай экан, фақатгина Унга ибодат қилиши­миз керак.

Исломда ибодат фақат баъзи бир шахсий руҳий уринишлар, зикр, тиловат, намоз, рўза, закот ва ҳаж каби амаллар билан чекла­ниб қолмайди. Балки инсоннинг бутун ҳаёти, турмуш тарзи ва ҳа­ракати, юриш-туриши, нияти, тирикчилиги – буларнинг барчаси ибодат ҳисобланади. Аллоҳга ибодат қилиш эса, инсоннинг ҳаёти Аллоҳнинг кўрсатмаларига мувофиқ кечиши йўлидаги урини­шидир.

Бу ҳаракатлар, албатта, осон кечмайди. Ҳар бир каттаю кичик амалларни Аллоҳнинг хоҳишига муносиб тарзда адо этиш учун куч-ғайрат ва саъй-ҳаракат лозим. Бу нарсаларни йўлга қўйиб олгандан кейин доимий амалга ошириш талаб этилади.

Бир ҳадиси шарифда: “Оз бўлса-да, доимий қилинадиган амал­лар Аллоҳга севимлидир”, дейилади.

Пайғамбар (алайҳиссалом) айтдилар: «Аллоҳ таоло бундай мар­ҳамат қилади: “Эй одам боласи! Ҳар хил ишларингни ташла, хо­тиржам менга ибодат қил. (Шунда) мен кўнглингни тўқ, қал­бинг­ни бой қилиб, фақирлигингни кетказурман, шундай қилмасанг, кўнглингни турли хил ғаму ташвишлар билан тўлдириб, фақир­ликка ташлайман”» (Имом Аҳмад, Имом Термизий ва Ибн Можа ри­вояти).

Дунёда энг улкан хазина, бахт келтирадиган бойлик нима? Бу, кишининг бутун ички вужуди билан доим хотиржам ҳолда кўнг­ли тўқлигидир. Одам фарзанди бундай хазинага тоат-ибодат отига миниб етади, акс ҳолда, ибодатсиз ички ҳаловатни бой беради, молу дунёси бўлса-да тўймайди, кўнгли оч, бой бўла туриб, кўзига фақирлик кўринаверади. Натижада, ундан қочишга уринаверади, ибодат қилишга вақти бўлмайди, фақирликдан қочиб, умр неъма­тини ҳам қочириб юборади, оқибатда бой бўлади, бироқ бой бўл­са-да, маънан ва руҳан қашшоқ қолган бўлади.

Оч қолган руҳининг озуқаси тоат-ибодат, эзгу амаллар, би­ров­ларга қилинадиган хайрли ишлардан иборат.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” (1-жилд) китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 34000 сўм