Мақолалар

Касал бўлмасингдан олдин соғлигингни қадрла

Чоп этилди Iyul 4, 2019 Касал бўлмасингдан олдин соғлигингни қадрлаda fikr bildirishni o'chirish

Инсон комилликка эришмоғи учун ўз эҳтиёжла­ри­­­ни қон­ди­риб боришга алоҳида эътибор қаратмоғи ло­зим. Ҳар томонлама мукаммаллик эса тансиҳатликка бе­восита боғлиқ. Сало­матлик кўплаб бойликдан аф­­зал­дир. Халқимизнинг: “Тансиҳатлик – туман бойлик” де­ган ҳикматли сўзи бунинг исботидир. Касалликни да­во­лаш ва шифо топиш эвазига киши ҳар қанча бойлик­дан воз кечиб юборишга тайёр эканига кундалик ҳаёти­миз­дан кўплаб мисоллар келтири­шимиз мумкин. Чунки инсон саломат бўлмаса, унга дунёнинг барча бой­лик­лари ва лаззатларини муҳайё қи­либ қўйсангиз ҳам, ҳеч бири татимайди. Бундан таш­қари, одам касаллик ҳо­ла­тига қараб соғлом вақтида қиладиган ибодатлари ёки маиший ишларининг баъзисини ёки ҳаммасини қи­лишдан тўсилиб қоли­ши мумкин. Шунинг учун Пайғам­ба­римиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу васиятла­рида “касалликдан олдин соғлиғинг­ни ғанимат бил”, дея бу ҳолатга ало­ҳида урғу бермоқдалар.

Инсонга етадиган касалликлар фақат жисмоний эмас, балки қалбий ҳам бўлиши мумкин. Куфр, ширк, ни­фоқ, нафсоний шаҳ­ватларга ҳирс қўйиш ҳамда ҳа­сад, гина-кудурат, адоват кабилар қалб хасталик­лари жумласига киради. Уларнинг давоси битта, у ҳам бўлса, Аллоҳни таниб, Унинг илоҳий таълимотларига чин ихлос билан амал қилмоқдир. Мана шундагина қалб мараздан холи бўлади ва ижобий самарасини вужу­ди­миз аъзо­ларида акс эттиради. Пайғамбаримиз (соллал­лоҳу алай­ҳи ва саллам) ҳадисларининг бирида бунга ишо­ра қилиб: “Танада бир аъзо бор, у соғлом экан, барча аъзолар соғлом бўлади, агар у касалликка чалинса, қол­ган аъзолар ҳам касал бўлади. Билиб қўйинглар, у қалб­дир”, деганлар. Қалб саломатлиги бош­қа аъзоларнинг соғ­лом бўлишида му­ҳим ўрин тутаркан, де­мак, амал­лар­нинг солиҳ бўлиши ҳам қалб соғломлигига боғлиқ. Қуръ­они каримда Иброҳим (алайҳиссалом)­нинг тилидан бун­дай дейилган:

«…“Қайта тириладиган кунда (қиёматда) мени шар­манда қилмагин!” У кунда на мол-дунё ва на фар­зандлар фойда бермас, фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)» (Шуаро, 87–89).

Бу ояти каримада на мол-дунё ва на фарзанд ёрдам бера олмайдиган қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳузурида фақатгина соғ­лом қалб эгалари учун фойда борлиги айтиляпти.

Жисмоний касалликлар ҳар хил бўлиб, уларнинг са­баблари ҳам турличадир. Динимиз инсонларнинг соғ­лиғига, уларда юзага келиши мумкин бўлган касаллик­ларнинг олдини олишга жиддий эътибор бериш билан бирга, бадан соғлиғини тиклаш, уни қувватлантиришга ҳам катта аҳамият қаратади. Касалликни даволашдан кўра унинг олдини олиш муҳимроқ ва осон­роқ эканлиги тиббиёт амалиётида қадимдан исботини топиб ке­лаётган оддий ҳақиқатдир.

Мўмин киши Аллоҳ таоло раво кўрган тақдирга ишончи мукаммал бўлгани ҳолда касалликлардан да­во­ланиш учун чора-тадбирлар кўриши ва буни бир сабаб, деб эътиқод қилиши ҳам лозим. Саҳобалардан бири: “Ё Расулуллоҳ! Бизлар дорилар билан давола­намиз, ни­ма дейсиз, бу ишимиз Аллоҳнинг тақдиридан бирор нарсани ўзгартира оладими?” деб сўради. Шунда Расу­лул­лоҳ (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам): “Даволаниш ҳам Аллоҳнинг тақди­ри­дан­дир”, деб жавоб бердилар.

Инсон саломатлиги энг улуғ неъмат экани барчага маълум бўлгани ҳолда, унинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш ҳар доим муҳим масалалардан бўлиб келган. Соғлом одам оламни тиниқ мушоҳада қилади ва аниқ фикр­лайди. Аждодларимиз: “Соғлом танда соғ ақл”, деб бежиз айтишмаган. Зеро, дунё ободлиги, юрт тинчлиги, халқ фаровонлигига эришишда сиҳат-саломатлик асосий ўрин тутади. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бизнинг танамиз ва ундаги ҳар бир аъзо Аллоҳ таоло бизга ато қилган омонатдир. Соғломлигимизда уларни ғани­мат билиб, Яратган Зот рози бўладиган ишларга хизмат қилдиришимиз, агар хасталанса, парваришлаб, муолажа этишимиз даркор. Аллоҳ таоло ҳаммамизга сиҳат-саломатликда умргузаронлик қилишни насиб этсин.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм