Мақолалар

Фақирлик етмасдан олдин бойликни қадрла

Чоп этилди Iyul 4, 2019 Фақирлик етмасдан олдин бойликни қадрлаda fikr bildirishni o'chirish

Ҳадиси шарифнинг ушбу қисми ёшликни ва саломатликни ғанимат билиш ҳақидаги олдинги икки насиҳатдан кам бўлмаган даражада муҳимдир. Чунки ёшлик ва саломатлик абадий давом этмагани каби, бойлик ҳам доимий қолишига бирор кафолат йўқ. Ҳаё­ти­мизда қанчалар бой-бадавлат одамлар бўлиб, ке­йин­чалик баъзилари кунлик эҳтиёжига етадиган озу­қа­ни ҳам зўрға топиб еганларининг гувоҳи бўлганмиз. Шу билан бирга камбағаллиги сабабли бир кунлик эҳ­ти­ёжини қондиролмай, қийналиб юрган кишилар­нинг Аллоҳ иродаси билан мўл-кўл мол-дунёга эга бўлиб кет­ганларини ҳам кўриб юрибмиз. Бойлик ўзи қўлдан-қўлга ўтиб юрадиган неъмат. Шунинг учун у кимнинг их­тиёрида бўлса, ғанимат билиб, наф­сининг хурсандчилиги йўлида олди-ортига қарамасдан, исрофдан чў­чимасдан ишлатавериш ўрнига, закотини ўз вақти­да адо этиш билан Ислом арконларининг тўртинчисини бажариб, етимлар, йўқсиллар, мискин, фақирларга эҳсон ва са­да­қа қилиб, охирати йўлида ундан фой­да­ла­ниб қоли­ши зарур. Шунинг учун ҳадиси шариф­да бой­ликни ғанимат билиш керак­лиги таъкидланди. Қуръо­ни каримда бундай марҳамат қилинади:

“Мол (бойлик)ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошко­ра эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузу­ри­да (махсус) мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охи­рат­да) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (Бақа­ра, 274).

“Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (саво­бининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқ­ни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон Зотдир. Молларини Аллоҳ йўлида сарфлаб, кейинчалик берган нарсалари кетидан миннат ва озор етказмайдиган кишилар учун Парвар­ди­горларидан мукофот бордир. Улар­га хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (Бақа­ра, 261–262).

Инсон ҳаёти машаққат, роҳат, бойлик ва фақирлик каби тўлқинлардан иборат. Бойлик Ал­лоҳ таолонинг бандасига берган инъомидир. Унинг шук­рини ҳар бир инсон адо этиши керак. Бу эса берилган неъматни ҳа­лол ва пок ўринларга сарфлаш, закотини бериш, исрофга йўл қўймай, тежаб фой­даланиш билан бўлади. Ин­сон қиёмат куни бошқа амалла­ри­дан сўрал­гани каби, бойлигидан қандай фойдалан­гани ҳа­қи­да ҳам ҳисоб-ки­тоб қилинади. Шу боис ҳадиси шарифда айтил­ганидек, мол-мулк қаердан ва қандай касб қилиниши, қаерлар­га сарфланиши­га огоҳ бўлишимиз даркор.

Қўлида давлати бор мўмин-мусулмон уни ғанимат билиб, ўт­кин­чи лаззатлар учун эмас, балки дунё ва охиратига манфаатли ўринларга сарфлайди. Фақат молу мулк қадрига етмаганларгина уни бефарқ ва ўрин­сиз иш­­ла­тади. Оқибати эса ҳасрат-надомат билан якун­ла­нади ва банда савоб қозонишга кечиккан бўлади. Умуман, афсуслар бўл­син, инсон ҳадиси шарифда кел­ти­рил­ган бешта нарса қадрини кўпинча қўлидан кет­га­нидан кейингина тушуниб етади.

Аллоҳ таоло молу мулкини Унинг йўлида инфоқ қилган мў­мин банда­ларни мақтаб бундай дейди:

“Бас, кимки (закот ва садақотларни) берса ва (Ал­лоҳдан) қўрқса, ҳамда гўзал (нарса)ни тасдиқ этса, бас, унга осонликни муяссар қилурмиз” (Лайл, 5–7).

Ушбу оятларда қўлидаги сармояни ҳаром жойларга сарфлашдан сақланиб, Парвардигори олам розили­ги йўлида, У буюрган ўринларгагина ишлатган киши­ларга Аллоҳ жаннатга элтувчи ҳи­доят йўлини осон қилишининг башорати бор. Шунингдек, кишининг тур­ли яхшиликлари зикри билан бир қаторда биринчи бўлиб молиявий ибодат ҳам келтирилган. Мўмин-мусулмон мол-мулкни Аллоҳ таоло кўрсатмаси асо­си­да сарфла­ши молиявий ибодат, яъни садақа ҳисоб­ла­нади. “Сада­қа” луғатда сидқ, яъни рост, шунинг­дек, тас­диқлаш маъносини анг­латади.

Одатда, инсонлар имонли эканларини тилда даъ­во қилиб, амал­да баъзи жисмоний ибодатларни қила­верадилар. Аммо имон тасдиғи молу дунёни сарф­лашга келганида билинади. Мол-мул­кини нафсининг хоҳишига қарши, Аллоҳ кўрсатган ўринларга сарф­лайдиган кишилар мустаҳкам имон эгаларидир.

Тақво барча ибодатларда шарт қилингани каби, мо­лиявий ибодатларда ҳам шартдир. Усиз қилинган мо­лия­вий ибодат нотўғри бўлади. Бун­дай ибодатга риё, миннат каби зарарли иллатлар ара­лашиб қолиши мумкин.

Лайл сурасининг охирги оятларида Аллоҳ таоло бун­дай дейди:

“Тақволи киши эса ундан (дўзахдан) узоқлаш­ти­рилур. Қай­сики, у мол-давлатини (яхшилик йўлида) сарф қиладиган бўлса. Унинг (сарф қилув­чи­нинг) ҳу­зурида (зиммасида) бирор кимсага қайтари­­лади­ган неъмат йўқдир. У фақат энг олий зот бўл­миш Пар­вардигорининг “юзи”ни истаб (эҳсон қилур). (У) яқинда (қиёмат куни ато этилажак мукофотдан) ро­зи бўлур”.

Ушбу оятларда фоний дунёда мол-мулкини Аллоҳ тао­ло йўлида сарфлаганлар, куфр, ширк, нифоқ, маъсият ва ёмонликлардан йироқ бўлганлар дўзахдан узоқлаштирилиши ва охиратда Аллоҳ таоло берган мукофотлардан рози бўлиши айтилган.

Кўпчилик муфассир уламолар фикрига қараганда, бу оятлар Умаййа ибн Халаф ва Абу Бакр Сиддиқ (рози­яллоҳу анҳу) ҳақида нозил бўлган. Ривоят қилини­ши­ча, Умаййа ибн Халаф Ислом динини қабул қилгани учун Билол ибн Рабоҳ (розиял­лоҳу анҳу) исмли қулини қат­тиқ азоблай бошлайди. Ҳар куни ҳаво жуда қизига­нида, уни ташқарига олиб чиқиб, кўкрагига харсангтош бос­ти­риб қўяр ва “Муҳаммад келтирган динни инкор қи­ла­сан, акс ҳолда, ўлгунингча шундай қийнайман”, дер эди. Бир куни Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу ан­ҳу) улар олдидан ўтаётиб, Умаййага: “Аллоҳдан қўрқ­майсан­ми? Бу бечорани қачонгача қийнайсан?” дейдилар. “Буни ўзинг буздинг, агар раҳм қилсанг, уни бу азоб­дан қутқар”, деб жавоб қилади у. Шунда Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) Билол ибн Рабоҳ (розиял­лоҳу анҳу)ни Умаййадан у сўраган маблағ эвазига со­тиб олиб, озод қиладилар. Бундай зотлар мол-мулкла­ри­ни Аллоҳ розилиги йўлида яхши амалларга сарфлашда аямаганлар, қизғанмаганлар.

Аллоҳ таоло Ўзи ато этган бойликни қандай ҳолатда бош­қалар билан баҳам кўришни таълим бериб, бундай дейди:

“Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жу­да яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона бер­сангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гу­ноҳ­ларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир” (Бақара, 271).

Оят зоҳирига кўра, садақанинг барча турларини ошкора ёки махфий бериш мумкинлиги, аммо пинҳона са­дақа афзал­лиги аниқ. Бу маънодаги бошқа оят ва шар­ъ­ий ҳукмларни инобатга олган уламолар фарз ёки вожиб садақалар, яъни за­кот, хирож, ушр, фитр садақаси ва каффоратларни ошкора бер­ган яхши, дейишади. Чунки бу ҳолда Аллоҳ таолога бўйсуниш ошкора бўлади, сада­қа уни олишга ҳақли кишилар қўлига етиб бориши таъминланади ва одамларда молига закот бер­май­ди, деган шубҳалар туғилишининг олди олинади. Их­тиё­рий (нафл) садақалар эса пинҳона берилгани афзал. Ле­кин баъзи ўрин­лар­да бошқалар кўриб ўрнак олсин, де­ган ният билан ош­кора бе­рил­са, бу ҳам яхши саналади.

Албатта, инсон умри давомида қўлга киритган бойлиги­нинг бир қисмини ихтиёрий равишда бошқаларга садақа қилиши мушкул масала. Бундай қийинчилик­ни бўйнига олиб, риё ва бахиллик сингари разил сифат­лардан қочиб, ҳақдорлар ҳақи­ни гўзал тарзда ет­казган кишилар мақомини Аллоҳ нафақат охиратда, балки бу дунёда ҳам юксак қилган. Бойликнинг муҳим мо­ҳиятини Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифдан билиб оламиз. Унда Расу­лул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бойлик молнинг кўплиги эмас, балки (чин) бойлик нафснинг бойлигидир”, деганлар (Имом Бухорий).

Демак, нафснинг бойлиги дейилганида топган мол-мулки­га қаноат қилиш билан бирга, унинг баракали, дунё ва охиратда манфаатли бўлишини Аллоҳ таолодан сўраш ҳамда одамлар қўлидаги бойликка тама қи­лишдан тийилиш тушунилади.

Афсус, бугунги кунда бойлик сабабли ота-бола, она-қиз, қуда-андалар ораларида нохушликлар ҳам йўқ эмас. Оилалар, айниқса, ёш оилаларнинг бузилиши кўп кузатилади. Бу­нинг сабаби эса, кўпинча бойликка бориб тақалади. Келин тараф камбағал эмиш, куёв тарафнинг ҳеч вақоси йўқ эмиш каби қоп-қоп гаплар… Сўзим­нинг исботи сифатида биргина мисол келтириш билан кифоя­ланаман. Тўйлари яқинда бўладиган икки ёшнинг ажрашганини эшитиб, сабаби тўғрисида сўраганимда, арзимас нар­са бўлиб чиқди. У ҳам бўлса, келин томондагилар куёвтўрага Тошкентда ишлаб чи­қа­рилган чойшаб олиб келгани экан. Буни кўрган куёвнинг онаси: “Ўғлимнинг қадр-қиммати шу экан-да, у ривожланган давлатларда чиқарилган чойшаб­да ётади, унинг ўзимизда ишлаб чиқарилган чойшабда ётиши биз учун ор”, деб келтирил­ган барча сарполарни қайтарибди. Келин тарафдагилар эса: “Тошкентда ишлаб чиқарилган чойшабда ётишга ор қиладиганларга беради­ган қизимиз йўқ”, деб қайтиб кетишибди.

Бугунги кунда кўпчилик инсоннинг қадр-қиммати бойлигига боғлиқ деб тушунади. Камбағалларни одам ўрнида кўргилари келмайди. Аллоҳ берган бу омонатни давомли, туганмас деб ўйла­ша­ди ва ҳаром-хариш ўрин­ларга сарфлашдан тап тортишмайди. Бой­ликка ҳаддан ташқари муҳаббат қўйганларда хотиржамлик бўлмайди, ундан айрилганларида, ўзларини қўярга жой топишолмайди, ҳатто оғир аҳволга тушиб қолишади.

Шундайларга қарата хитоб қилгинг келади: “Эй инсон! Вафот этишингдан олдин қўлингдаги мол-мулкдан фойдалан, ўлимингдан кейин у сенга ҳеч қандай наф келтирмайди. Сендан олдин ўтганлар тарихига ибрат назари билан боқ. Улар ўзлари билан кафандан бошқа нимани олиб кетишди? Ўша кафан ҳам насиб этмаса-чи? Шунинг учун тирик экансан, мол-мулкингдан унумли фойдалан, Аллоҳ таоло буюрган жойларга сарфла, етим-есирларга бер, қарз­дорлар нажот топиши учун ёрдам кўрсат, мусофир ва илм талабида юрганларга илин. Ана шундан сенга фойда бор. Агар молингни ишлат­май сақласанг, ўлганингдан сўнг у бошқа бировнинг мулкига айланади. Сен уни ўша одам учун сақлаган бўла­сан. У тўғри йўлларга сарфласа, яхши. Сенга ҳам савоби етиб туриши мумкин. Бордию, нотўғри ўринларга сарф­ласа-чи? Оқибати нима бўлишини биласанми? Сен унга хато йўлга қадам босишига захира тўплаб кўмак берга­нинг учун гуноҳига ҳам шерик бўласан. Молни тақиқ­ланган ўринларга сарфлашнинг оқибати эса вой бўлади”.

Аллоҳ таоло бандасини яхши кўрганидан бой ёки ёмон кўр­ганидан камбағал қилгани йўқ. Балки, бу ўт­кинчи дунёда синаш учун бою камбағал ва бошқа турли тоифадаги инсонлар қилди. Мол-мулк, бойликнинг Аллоҳ наздида ҳеч қандай қадр-қиммати йўқ. Агар Пар­вар­дигори олам ҳузурида қадр-қимма­ти бўлганида эди, уни ҳеч қачон Ўзининг душмани бўлган кофирлар ва мушрик­ларга бермасди. Баъзилар қанча кўп ҳа­ра­­кат қилса-да, ўзи кўзлаган бойликка эришолмайди, шукр қилиш ўрнига куфр келтиришгача боради. Азизлар! Аллоҳ ҳар бир инсон ҳолатини жуда яхши билади. Кимнидир камбағал қилган бўлса, бойликни кўтаролмаслиги, яна кимнидир бой қилган бўлса, камба­ғалликка тоқат қилолмаслиги учундир. Шуларнинг тадаббурини қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Чунки бойликни кўтаролмайдиган камбағалга кўп мол-­дунё берилса, кимлигини унутади, бошқаларни мен­­­си­май қўяди, босар-тусарини билмай қолади. Нати­жада, Аллоҳ асрасин, бора-бора барча бойликни ато этган Раб­бисига куфр келтиришгача бориб етади. Кам­бағал­лик­ка чидай олмайдиган бой эса, Аллоҳ уни кам­ба­ғал қил­га­нидан нолиши оқибатида куфрона ҳаёт кечи­ради. Расул­лул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кам­бағал киши қандай йўл тути­ши­ни таълим бературиб, бун­дай деганлар:

“Икки нарсада ҳасад (ҳавас) қилинади: биринчиси, Аллоҳ мол-дунё берган киши уни У зот буюрган жойларга сарф қилса, ик­кинчиси, Аллоҳ илм берган киши у билан ҳукм қилса ва уни таълим берса” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Демак, ҳадиси шарифда оми одам Аллоҳ таоло менга ҳам олимликни раво кўрса, илмимга риоя этиб, бошқаларга таълим берардим, деб ҳавас қилгани каби, имкони йўқлар ҳам Аллоҳ таоло фалончи кишига бойлик берга­нидек, мени ҳам бой қилса, бойлигимни ­дун­ёю охиратимни обод этиш учун Аллоҳ йўлида сарфлар эдим, деб ҳавас қилиш мумкинлиги айтилган.

Аллоҳ таоло:

“Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилма­гу­ни­­­­нг­из­гача си­ра яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Нимани эҳ­сон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”, деган (Оли Имрон, 92).

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонлар суйган нарсаларидан са­дақа қилиш орқалигина жаннатга эришишлари мумкинли­ги­ни уқ­тир­моқда. Ҳа, яхши нарсадан ўзи фойдаланиб, айблиси­ни бошқа кишига ўтказиш майли, инсон табиатида бор нарса. Бу, ҳатто, эҳсон қи­лиш­да ҳам кузатилади. Мисол учун, закот­га киши кичик­роқ ёки озғинроқ ёхуд касал қўйни бергиси келади ва ҳоказо. Ҳол­буки, шариатимизда ўртачасини бериш бел­гиланган. Қурбонликка ҳам яхши, соғлом жон­лиқ­ни сўйиш амр этилган. Бундай мисоллар жуда кўп.

Ояти каримада айтилгани каби, инсон яхши кўрган нарсаларини инфоқ қилиши орқали жаннатга эришади, шунингдек, ўткинчи дунёдаги мол-мулк муҳаббати қалбини эгаллаб оли­ши натижасида унга ҳирс қўйиб, нафсига қул бўлиб қолиши­нинг олдини олади.

Улуғ аждодларимиз Аллоҳ йўлида эҳсон қилиш мақ­садида энг суйган нарсаларини нафақа қилиб, юксак даражаларга кўта­рилганлари ривоят қилинади. Жум­ладан, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (раҳимаҳуллоҳ) Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қи­либ, қуйидагиларни айтганлар:

«Абу Талҳа Мадина ансорийлари орасидаги энг бой одам саналарди. Масжид тўғрисида жойлашган “Ҳаа” қудуғи унинг учун мол-мулки ичидаги энг маҳбуб нарса эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қудуққа бориб, унинг ширин сувидан ичиб турар­ди­лар. Юқоридаги оят нозил бўлгач, Абу Талҳа: “Эй Аллоҳ­нинг Расули, бу қудуқ мол-мулким ичида мен учун энг маҳбубидир. У Аллоҳ йўлида садақадир, У зот кўрсат­ган жойга ишлатинг”, дея ўзи учун энг азиз саналган мул­кини садақа қилиб юборди». Бу биз мўмин-мусулмонларга намуна бўлиши керак.

Аллоҳ таоло ҳалолдан ато этган бойликда роҳат ва фа­роғат бор. Лекин кўпчилик бу неъмат қадрига етавермайди. Халқимизда “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” деган мақол бежиз айтилмаган. Чунки инсон камбағал бўлганида ўзи ва аҳли оиласи фаровон ҳаёт кечириши учун бор жидду жаҳди билан молу мулк тўплашга интилади. Бу йўлда оила­даги ҳузур-ҳало­ва­ти, хотиржамлигини йўқотиб, кўп вақти ва ку­чини сарфлайди. Камбағал киши истаган пайтда роҳатлан­гиси, орзу қилган жойларга саёҳат қилгиси, кўнгли ту­са­ган неъматлар­дан ҳузурланиб, турли кўн­гил­хуш­лик­лар қилгиси келади. Аммо бунинг иложи йўқ. Чунки бу­ларни амалга ошириш имконига, яъни керакли маб­лағга эга эмас. Шу боис Аллоҳ бизга ато қилган неъ­мат­лар қатори бойлик неъматининг қадрига етайлик, ундан унумли фойдаланайлик, шукрини адо этайлик. Ана ўшанда икки дунё саодатига эришамиз, иншоаллоҳ.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм